Яхши гап
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла ака Орипов анча тетик ва соғлом бўлиб қайтибдилар. Америкадаги муолажалар ўзининг самарали натижасини бергани аниқ. Мен кўришиб роса шод бўлдим. Халқимиз бахтига ҳар доим омон бўлсинлар. Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги тизимида фаолият юритувчи педагоглар билан “Маънавият ва ҳаёт” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Даволаниш баҳонасида хорижликларнинг юриш-туриши, нарса-ҳодисаларга муносабати ва муомала маданиятини кузата туриб халқимизнинг инсонпарварлиги, маънавияти ниҳоятда юксак эканлигига яна бир бор амин бўлганлигини айтдилар. Кечагина ёзилган, оҳори тўкилмаган “Яхши гап” номли шеърини ўқидилар. Кўпчилигимизга маъқул келганлиги учун рухсатлари билан ўша шеърларини сўраб олдим. Ана шу шеърнинг ёзма ва аудио нусхаси эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Яхши гап
Орзу-ҳавасларим йўқ эди ҳали,
Парвосиз кезардим майса ўтларда.
Ёшим ўсмирликка етган маҳали
Учгим келди ногоҳ самолётларда.
Йиллар ўтиб кетди гоҳ худ, гоҳ бехуд,
Айрилиқ, ҳижронлар енгдилар мени.
Энди барчасидан узгандим умид,
Кўргим келиб қолди дафъатан сени.
Кечди-ку ҳаётим ёвузлар аро,
Бахтсизлик сўзига кўникдим беун.
Дердим, меҳмондирман дунёда, аммо
Бахтли бўлгим келди ажойиб бир кун.
Ишонмай қўйгандим дўсту ёрга ҳам,
Бирдан юрагимда уйғонди ишонч.
Қайгадир йўқолди, ғойиб бўлди ғам,
Қайтди унутилган шодлик ва қувонч.
Ажиб ҳол юз берди умримда гўё,
Кўнглимни тоғ этди қандайин сабаб?
Жимиб қолгандилар ғанимлар ҳатто,
Чунки эшитгандим мен ҳам яхши гап.
Кўринмас иплар орқали бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган, лекин ҳар қандай жамиятнинг таянчи бўладиган учта тушунча бор. Булар маънавият, маданият, маърифатдир. Ака-укалардек ўзаро оқибатли бу тушнчалар бирлашгандагина енгилмас кучга айланиши муқаррардир. Маънавият англашдан, маданият тинглаш, маърифат билиш булоғидан яралади. Абдулла ака Орипов билан суҳбат халқимиз тийнатидаги ана шу уч бирликка муносабат фонида кечди.
“Бугунги кунга қадар етиб келиш жараёни осон бўлмаган, — деб сўз бошлади шоир, — курашлар, тўқнашувлар билан довонлар забт этилади. Оқилона ва одилона иш тутувчи раҳбарнинг борлиги доимо халқнинг бойлиги ва истиқболининг мезони. Бизга бу Аллоҳдан берилган, назар қилинган неъмат аслида. Маънавиятнинг енгилмас қудратини аввало, Навоийнинг билиш, чуқурроқ англаш эҳтиёжи ҳам маънавий заруратдир. Маънавиятнинг отаси у табаррук зот. Мутафаккирларнинг мутафаккири, авлиёларнинг авлиёси, шоирларнинг султони — дея бежиз эътироф этилмаган. Тил масаласида икки тилликни ёқлаб чиқувчи, уни конституцияга киритиш борасидаги тортишувларни айтмайсизми? Конституция мустақил давлатимиз қомуси, ор-номуси бўлиши кераклигини уқтиришга ҳожат йўқ. Бу айрим давлатларда шариат деб юритилса, бизнинг конституциямиз яшаш, илм олиш, меҳнат қилиш сингари ҳуқуқий бурчларимизнинг тарзидир. Байроқ масаласида ҳам турли фикр ва қарашлар бўлди. Ҳатто қип-қизил қонга ботирилгандек байроқ рангини ҳам айтганлар бўлди. Тортишувлар натижасида кўзингизни қувнатиб, қалбингизга ғурур бахш этадиган ҳозирги байроғимиз тасдиқланди. Бу ҳам катта ғалабаларимиздан бири эди. Яна шулардан бири мадҳиямиз бўлди. Мадҳиянинг ҳам турли вариантлари бор эди. Ҳаммаси эшиттирила бошланди. Ҳозирги мадҳиямиз янграганда, 800 та депутат ўрнидан туриб қарсаклар билан олқишлашганди. Мен буни улуғ воқеа деб биламан. Бунинг замирида маънавият турибди. Маънавият атом бомбасидан ҳам кучлироқ эканлигини ҳис этиш бошланди. Агар шу бўлмаганда, дунёда урушлар кўпайиб кетган бўларди. Маънавият қуруқ сўз эмас у моддиятни йўналтириши керак. “Оч баччағардан қоч баччағар” деган гапга ўхшаб қолмаслиги керак. Адолат, инсоф, виждон тушунчаларига бой ҳам камбағал ҳам бир хил тушуниб, бир хил амал қилсагина маънавият янада юксалади. Тангри таъбирида биринчи душман бу кибрдир. Манманликни истаган, худоман деб даъво қилган Фиръавн ҳукмдорларининг тақдири нима бўлди?
Жаҳолатга юз тутганлар ана шундай йўл тутадилар. Қуллик деган тушунча оғир ва оғриқли муаммо. Тарихимизга назар ташласак, 850 йил мобайнида қуллик қисматимизга ёзилган экан. Олдин юнон, эрон, араб, мўғул яқин даврларда руслар исканжасида бўлганимиз тарихдан аён. Маърифатпарвар адибларимизнинг аксарияти ўтган аср бошларидаги миллий озодлик ҳаракатлари сабаб ўлига ҳукм этилган. Кимки Абдулла Қодирий, Чўлпонни ўқиса 25 йилга қамалиб кетган. Қуръонни ўқиганлар отилган. Қул бўлиб яшаш инсонни юкиниб яшашга ўргатади. Қул биринчи навбатда сотқин, бахил, чақимчи бўлади. Унинг ғурури бўлмайди, унда ватан туйғуси, юрт қайғуси ҳам бўлмайди. Хўжайини нима деса, шуни қилади. Унинг қорни тўқ ва эгни бут бўлса бўлди.Таъбир жоиз бўлса айтиш жоизки, қорни тўйса қурбон ҳайит. Уларнинг ақидаси шу.
Мардикор деган тушунча, кунлик меҳнат билан ўз кучини, қобилиятини пуллайди. Бир пайтлари “Мардикор” деган шеър ёзгандим. Мардикорни ватан ҳимоясига жўнатиб бўладими? Йўқ. Ўғлини ўқишга киритмоқчи бўлса мардикор ёлласа, қизига тўй қилмоқчи бўлса, от-обрў билан ўз жойидан чиқиб кетса бўлди деб, мардикор-куёв ёлласа, бундай инсонларда маънавиятнинг “М” ҳарфи ҳам йўқ. Бир пайтлари энг маданиятли халқ деб немислар, маданиятсиз деб мўғуллар топилган. Лекин маданиятли дейилган халқдан ҳам манфур Гитлер чиққан. Инсоннинг ўзига инсоф бермаса қийин масала бу. Ота-онани ёддан чиқазиб амалдорнинг оёғини ўпса ундай инсонга маънавият тушунчаси ёт. Ўзимизнинг асрий, миллий урф-одатларимиз йўқолиб кетса буниси даҳшат. Ҳатто Ғафур Ғулом вафот этганда, “поминка” қилинган. Йиғилганларга ароқ узатилган. Шароф ака буни эшитиб бекор қилгандилар. Булар урфга айланмасин, ишқилиб. Шу пайтгача мени давлат раҳбарлари оғир вазиятларда қолганимда доим қўллаб келишган. Бундан шод ва миннатдорман. АҚШда даволанишимга тўғри келди. Бозорида ҳамма нарса бор. Ўзига кераклисини олади, ортиқчасини нима қиламан” — дейди, картошка олса иккита учтасини олади. Бизга ўхшаб килолаб олишни ўйламайди. Халқи яхши, кўзи тўқ, лекин бир-бирига меҳри йўқ. Қўни-қўшничилик, борди-келди биздагидек эмас, ҳатто қўшнисини танимайди ҳам. Аза бўлса, биздагидек ғамини бўлиб оладиганлар йўқ. Қизиқ бир воқеа. Ҳамюртларимиздан бири ош тайёрлаган экан, бир лаганда қўшнига ҳам илинибди. Эшигини тақиллатиб, ошдан баҳраманд бўлинглар, — деганида бақириб кетибди. “Нима, сен бизни тиланчи, оч деб ўйлаяпсанми, ичида балки заҳари бордир, мени ким деб ўйлаяпсан” — деб ўшқира бошлабди. Қараса, бу ҳолат катта тўполонга, ёзув-чизувга айланиб кетишига сал қолибди. Югур-югур қилиб зўр базўр тинчитибди. Америка фуқароси тўйга фақат айтилган келади, ёнида шерик бошлаб келмайди. Бахт виждоннинг тинчлигидир. Уларнинг қалбида қандайдир илоҳий нур йўқ. Ибодатлари сохта, хўжа кўрсинга иш қиладигандек таассурот қолдиради кишида. Муҳими, фарзандларимизда ота-боболаримизга хос фазилатлар йўқолмасин, ўзликни сақлай билишимиз керак. “Европа” деган шеъримда худди шунга монанд фикрларни айтгандим. Севги ва садоқатнинг рамзига айланган “Ромео ва Жульетта”ларингиз, бир рўмол учун рашк туйғуси сабаб ўз ёрини бўғиб ўлдирган “Отелло”ларингиз қани? Биз эса миллат боласи бўлиб қолайлик, башараси эмас, қалби ўхшасин. Қорни тўқ бўлиб меҳнат қилиш шарофатли. Оч қолсак ҳам майли иморат қуриш керак. Иморатлар 5 минг йил туради. Кейин овқатланамиз дейиш ҳам жоиз эмас. Маънавият миллатнинг қалбу қиёфатини сақлаб қолишдир. Шундай тоифадаги боболар бор, неварасига қарата “Ана ундан сўрачи, “Ўзбекистон қаҳрамони”нинг қанча пули бор экан, менинг ярим бойлигимга етармикан топган тутгани”, -дейдиганлар ҳам бор. Аллоҳ диспетчерга, таржимонга муҳтож эмас. Менинг шеърларимда ғамгинлик, маҳзунлик ва исёнкорлик бор. Ўша даврларни алам билан эслайман. Менинг 45 йиллик ижодим, умрим ўша давр билан боғланган. Ўқитувчимга бахшида бир шеъримда “Нега мени бу расво жамиятни мақтаб ўргатдингиз” — деб ёзганим бор.
Муқаддас сўзларни кўп такрорлаш ҳам ўринли эмас. Ҳар дамда, ҳар қадамда мустақиллигимизни тошириб гапириш, ўринсиз қўллайвериш ўринли эмас. Ариққа сув тўлса ҳам, ёмғир шаррос қуйиб берса ҳам уни мустақиллик шарофати дейиш кулгилидир. Адабиёт фани бўйича дарсликларни тўғрилаш керак. Таниш-билишлик билан дуч келган ёзувчи ва шоирларни қаланғи қасанғи асарлари билан тўлдириб болаларни дидсизлантирмаслик керак. Ўн яшар иккита болакайнинг суҳбатига эътибор беринг. “Мен мактабни битказиб олий ўқув юртларни Оксфордда ўқийман, Калифорния ва Индиана штатларида таҳсилни давом эттираман”, — дея ғурурланади улардан бири. Иккинчиси эса шундай дейди: “Тўғри, сен албатта, ўша шаҳарларга бориб ўқийсан, чунки сенинг отангнинг улкан дўкони бор”, — дея хўрсинади. Бу фожиа эмасми? 10 яшар боланинг мурғак дилида умидсизлик уйғотиш, эртанги кунга ишончсизлик билан қараши бу аламлидир. Демак, пули борларнинг, бойларнинг болалаларигина ундай улкан шаҳарларда бориб ўқиши мумкин деган умидсизликнинг унинг қалбида армонга айланишига чидаб бўладими? Биз имкон даражада уларга ёрдам қилиб қўллаб-қувватлашимиз керак. Тўғри, ҳукуматимиз миқёсида бундай ишларга эътибор давлат сиёсати даражасида қаралади. Лекин бой, ўзига тўқ кишиларнинг ҳам маънавиятга эътибори бўлиши зарур. Америкада муолажа олаётган пайтимда бир турк йигит Нобель мукофоти олди. Уни телеканалларда намойиш қилишди. У “мен ёшлигимдан етим-есир бўлиб ўсганман. Мақсад йўлида барча оғир юмушларни ҳам қилишимга тўғри келди, қийинчилик билан ўсдим, “- деди. Кейин билсам, у ўзига ўхшаган етим-есирлар, кам таъминланган ёшлар учун ўқув муассасалари ва ётоқхоналар қурган экан. Таълимга, маънавиятга эътибор истиқболнинг мезони эканлигини унутмаслик керак.”
Сўнгра Абдулла ака Хьюстон шаҳрида ёзган “Ўғрилар ҳақида баллада” ва “Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу” деган иккита шеърини тақдим қилдилар. Яна битта шеъри эса “Яхши гап” деб номланган бўлиб, у куни-кеча ёзилганди. Ҳар учаласининг ёзма ва аудио вариантини галма-гал эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Марҳамат.