Муқаллидлик санъати
Санъат турлари ва шаклларининг ривожи диалектик жараён бўлиб, улар даврлар ўтиши билан ўзига хослик касб этиб, ривожланиб боради. Ўзбек миллий санъати тарихида ҳам хилма-хил жанрлар бўлганлиги маълум. Улардан баъзилари унутилиб кетган, айримлари давр ҳамда ижтимоий шароит тақозосига кўра, ўз ривожини тўхтатган ёхуд тор доирада сақланиб қолган. Бунга оммавий қўшиқчилик, бир пайтлар машҳур ва мақбул бўлган қиссахонлик, қиссагўйлик санъатларининг тарихий тақдирини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Мавзуимизга асос бўлаётган – муқаллидлик ҳам ана шундай санъат турларидан бири бўлиб, у ўзига хос тарихга ва анъанага эга. “Фарҳанги забони тожик” (М.1969, 793- бет) китобида ёзилишича, “муқаллид” арабча сўз бўлиб, кишиларнинг қилиқ ва сўзларига тақлид ва пайрав қилувчи демакдир. Ушбу санъатнинг моҳияти ҳам сўз замиридаги ана шу маънода акс этади.
Муқаллидлик, даставвал, кишининг ўз хатти-ҳаракати ва имо ишораларини табиат ва жамиятдаги нарса-ҳодисаларга ўхшатишдан, мослаштиришдан бошланган. Кейинчалик бу ҳунарнинг устомонлари чиқиб, уни том маънода санъат даражасига кўтаришган. Шу тариқа у томоша санъатларидан бири сифатида халқ орасига кенг ёйилган ва санъатнинг бошқа турларининг шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Бу фикрда ҳеч қандай муболаға йўқ, зотан ҳар қандай санъатнинг ибтидосида, тарихий замирида табиатга тақлид ётади. Хусусан, театр санъатини, қўғирчоқ театри санъатини бусиз тасаввур этиш мушкул.
Демак, муқаллидлик узоқ асрлар мобайнида халқ орасида яшаб, унинг маънавиятидан озиқланган. Машҳур муаррих, тазкиранавис Зайниддин Восифийнинг “Бадое ул-вақое” асарида қизиқ ҳикоя келтирилади. У Алишер Навоий билан ҳамсуҳбат бўлган кишиларнинг хислат-фазилатлари, жамиятда тутган мавқеи ва касб-ҳунарлари ҳақида тўхталиб, шундай ҳикоя қилади: Эрталаб боғ ўртасидаги чортоқда дам олаётган Навоий ҳузурига ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдор деган бир киши кириб келади. Навоий ундан кимлигини сўраганида, у ўзининг ҳофиз, қиссахон, толиби илм, таббох (ошпаз) эканлигини айта туриб, шундай қўшимча қилади: “Яна муқаллиддурман! Ҳамма билади, бу ишда менга тенг келадигани йўқ”. Шундан сўнг Навоий мулозимларини чақириб ҳофиз Гиёсиддиндан ўз ҳунарини намойиш қилишини сўрайди. Восифий унинг муқаллидлигини шундай тасвирлайди: “Боғбон билан унинг ғуломи шу ерда туришган эди. Уларнинг тақлидини қилиб ҳаммани кулдирди, баъзиларга шундай таъсир қилдики, кулавериб юмалаб қолдилар…”. Демак, бундан шу нарса равшан бўлаяптики, муқаллидлик 15-17-асрлардаёқ, ўзига хос санъат сифатида халқ орасида яшаган. Кейинчалик, масхарабозлик ва қўғирчоқбозлик каби санъатларга сингиб кетган дейиш мумкин. Айрим тарихий манбаларда ўша даврда ҳофиз Деҳдордан ташқари Ғиёсиддин Муҳаммад, Абдулла Девона каби муқаллидлар ҳам ўтганлиги қайд этилади.
Ҳайвонлар товушига ўхшатиш, қуш бўлиб сайраш, чигиртка ва қурбақалар овозини бериш, улар ҳаракатига хос қилиқларни айнан такрорлаш кабилар инсоннинг бой тажрибаси, табиат ва жамият ҳодисаларини синчиклаб кузатиши асосида юзага келган. Ўтмишда бу санъатнинг ғоявий-эстетик функциясидан кўра, моддий зарурият ва эҳтиёж томони анча устунлик қилган. Чунки ибтидоий одамлар ҳар хил ҳайвонларни овлаш мақсадида улар ҳаракати ва товушига мувофиқ ишларни қилиши зарур бўлган. Айрим чолғувчилар скрипка, най, сато орқали турли парранда ва даррандаларнинг товушига мос ҳолатни ҳам қўллашадики, бу ҳам муқаллидликнинг бир кўриниши дейишимиз мумкин.
Муқаллидликнинг асосида кулги-тақлид йўли билан кулдириш туради. Бу шунчаки кулги эмас, балки ўтмишда жамиятдаги турли мансаб вакилларининг хулқ атворлари, хатти-ҳаракатлари, дейиш мумкинки, кирдикорлари, устидан кулишдир. Шу маънода у тизимнинг ижтимоий асосларига муносабат ҳамдир. Бу эса ўтмишда муқаллидликнинг бошқа санъат турлари сингари маънавий ҳамда синфий кураш қуроли функциясини ўтаганлигини кўрсатади.
Муқаллидликнинг айрим излари истеъдодли адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида ҳам акс эттирилган. Асардаги халқ томошаси эпизодини эсланг. Қўғирчоқ театрининг типик намунаси сифатида унда Мусулмонқул Худоёрхоннинг қиёфаси ишланган қўғирчоқ макети халққа кўрсатилади. Парда орқасида уларнинг овозига тақлид қилишади. Шу йўл билан хон, унинг амалдорлари юргизаётган сиёсатдан, уларнинг қилмишларидан ўз норозиликларини ифодалашади. Шунингдек, асардаги ўша тасвир орқали халқнинг хонлик тузуми ва режимига бўлган кескин нафрати уфуриб туришини ҳис қиламиз.
Улардан ташқари, 19-асрнинг иккинчи ярмида Тўла масхара, Музроб масхара, Одил дўппиёза, Ризо буюк каби масхарабоз ва қизиқчилар муқаллид жанрида катта ютуқларга эришганлари маълум. Ўтган аср бошларида Хоразм масхаробозларидан Матчон Бақай, Бобосари, Ҳайитбой масхарабозлар бу жанрни муваффақият билан ривожлантиришган.
Аммо 30-йилларга келиб муқаллидлик санъати ўзининг ижтимоий функциясини йўқотган. У оммавий санъат тури бўлмасдан, тор доирада, зиёфат ва айрим йиғинлардагина сақланиб қолган.
Ижтимоий воқелигимиз муқаллидликнинг алоҳида бир санъат тури сифатида яшашга ҳақли эканлигини кўрсатмоқда. Фикримизнинг исботи учун ўтказиб туриладиган оилавий ҳамда фольклор-этнографик халқ ансамблларининг чиқишларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Мазкур санъатнинг тақлид объектига қараб ҳам хилма-хил турлари мавжудлигини кўрамиз. Булар табиат ҳодисаларига, инсонларга, ҳайвон ва паррандаларга тақлид турларидир. Шу ўринда “Оразибон” фольклор-этнографик халқ ансамблининг аъзоларидан бири Яхшим ота Ашуров ижрочилик фаолиятини эслаб ўтиш жоиздир. У ансамблда қўшиқ айтиш билан бирга муқаллид сифатида чақалоқнинг йиғиси, паровоз товушларига тақлид қилиб кўпчиликнингб олқишига сазовор бўлган.
Табиат ҳодисаларига тақлид турига, асосан, момақалдироқнинг гумбурлаши, ёмғир ёғиши, кучли шамолнинг эсиши натижасида чиқадиган шовқинга, бўрон, довулга тақлид қилишлар киради. Бошқа тақлид турлари эса, ўз навбатида, яна икки турга бўлинади. Биринчиси товушга тақлид, иккинчиси ҳолатга тақлид.
Инсон қиёфаси, хатти-ҳаракати, овозига тақлид эса муқаллидлик санъатининг энг юксаги ва масъулятлисидир.
Муқаллидлик санъатининг бу тури этик ва эстетик талаблар доирасида ижро этилиши лозим бўлиб, у айрим шартлардан ҳам мустасно эмас.
Биринчидан, бунда тақлид объектига олинган шахс кўпчиликка маълум ёхуд машҳур шахс бўлиши керак. Акс ҳолда, бу санъатнинг моҳияти ва мақсади рўёбга чиқмайди – муқаллиднинг, яъни тақлид қилувчининг ижроси кўнгилдагидек бўлмайди.
Иккинчидан, бу санъатнинг замирида тақлид обектидаги шахсни калака қилиш ёхуд масхаралаш эмас, балки ўзаро ҳурмат ва ўртоқларча ҳазил ётиши керак. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, ўтмишда ижтимоий шароит ва тарихий вазият талаби нуқтаи назаридан бу санъатнинг моҳияти бошқачароқ, кескин тус олганлиги бежиз эмас.
Инсон овозига, хатти-ҳаракатига ва имо-ишорасига тақлид қилиш киши маънавиятининг ҳам белгисидир. Айрим тўй ва маъракаларда маълум шахсларнинг овози ёки қиёфасига тақлид қилишда баъзи бир нохушликларга йўл қўйиш каби ҳолатлар қулоққа чалиниб туради. Шунинг учун ҳам тақлид қилиш иқтидорига эга бўлган шахс, аввало, муқаллидлик санъатининг ўзига хос нозик жиҳатларини, этик ва эстетик нормаларини яхши билган бўлиши лозим. Бу санъатнинг ҳозирда кўп учрайдиган ҳаммага маълум ва мақбул бўлган тури таниқли, машҳур актёр ёки хонанда овозига тақлид қилишдир. Албатта, ҳамма санъаткорлар ҳам тақлид обекти бўлолмайди. Бунинг учун у ўз овози ва услубига, ижро маҳорати ва манерасига эга бўлган талантли санъаткор бўлиши лозим. Шундагина муқаллидлик бу тури тақлид обектидаги шахснинг қобилиятига, санъаткорлик истеъдодига тан бериш ифодаси бўла олади.
Овозидаги ўзига хослик, ажралиб турувчи жиҳатлари бор бўлган санъаткорларгагина тақлид қилишади. Шу маънода, айрим қизиқчилар машҳур санъаткорларимиздан Зикир Муҳаммаджонов, Ҳамза Умаров, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Аббос Бакиров, Шукур Бурҳонов, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Қодир Мақсумов, Мирзоҳид Раҳимов, Турғун Азизов, Эркин Комилов, Теша Мўминов каби истеъдод соҳибларигагина тақлид қила олишади.
Муқаллидлик санъатининг айрим кўринишларини, ҳаттоки, ёзма адабиётда ҳам учратиш мумкин. Бунда ҳам таниқли олим ёки танқидчиликнинг бадиий асарни таҳлил қилишдаги ўзига хос услубини чуқур ўзлаштириш орқали унинг таҳлил ва талқинига ўхшатиб ёзилади. Шу йўсинда енгил кайфият ва беозор кулги туғдирилади. Бир пайтлари “Шарқ юлдузи” журналининг айрим сонларида бериб туриладиган “ўртоқлик ҳазиллари” рубрикаси остидаги материаллар ҳам тақлид санъатининг бадиий ижод соҳасидаги бир кўринишидир. Ундан ташқари қизиқчиларнинг айримлари шоирларимизнинг шеър ўқиш услубига ўхшатиш орқали ҳам эътибор қозонишади. Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби машҳур ижодкорларнинг шеър ўқишига хос усул, қочиримларини эгаллаш ва муқаллидлик қилишнинг ҳамма ҳам уддасидан чиқавермайди.
Муқаллидлик санъатининг тақлид тушунчасини бадиий ижоддаги тақлид тушунчаси билан алмаштирмаслик керак. Иккаласи бошқа-бошқа нарсалардир. Бадиий адабиёт оламидаги таъсир тушунчаси унинг ривожини таъмин этса, тақлид тушунчаси чинакам маънодаги адабиёт ва санъатнинг тараққиёти йўлидаги ғовдир. Шунинг учун ҳам тақлид ва таъсир тушунчалари ўзаро муросасиздир.
Муқаллидликнинг инсонга тақлидини ўз моҳиятига кўра, қуйидаги турларга бўлиш мумкин: инсонинг хатти-ҳаракатига, қиёфатига, овозига, нутқига. Шу ўринда нутқнинг ўзига хослиги санъаткорнинг характерини очишда муҳим омилдир. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос сўз топиш ва танлаш усули бор бўлиб, нутқ шу маънода индивидуалдир. Тил эса умумийлик касб этади. Айтиш жоизки, ҳар бир санъаткорнинг ҳам ўзи хуш кўриб ишлатадиган сўзи, бошқача айтганда, таянч сўз ва иборалари бўлади. Нозик дидли, ўта кузатувчан муқаллидлар буни эътибордан соқит қилишмайди. Муқаллидлик ҳозиржавоблик, бамисоли нотиқлик санъатига ўхшаш вазиятга мосу хос сўзни топиб айта билиш санъати ҳамдир. Саҳна нутқи бу актёр нутқининг жилоланиши, аниқроқ айтадиган бўлсак, муайян қоидаларга амал қилиниши мажмуидир. Саҳна нутқи билан нотиқ нутқини фарқлаш зарур. Муқаллид эса актёр нутқий оҳангларини ўзлаштира олиш маҳоратидан келиб чиқади.
Нотиқликда сўз қўллаш маҳорати борасида сўз кетганда, нотиқ нутқида уч босқич амалга оширилади. Бу топиш, танлаш, ва қўллашдир. Топиш нотиқнинг сўз бойлигига дахлдор бўлса, танлаш диди, савиясига, қўллаш эса унинг маҳоратига тегишлидир. Топиш тил бойликларидан, синонимлардан қандай фойдалана олишингизга мезон бўлса, танлаш психологик, этик ва эстетик нормаларга амал қилиш заруратини билдиради. Қўллаш эса оғзаки ёки ёзма равишда бўлади. Сиз тингловчи ёки томошабин билан юзма-юз бўласиз. Айтилган сўз отилган ўқдек кета бошлайди. Зал ёхуд аудиторияда ўзингизни, сўзингизни, юзу кўзингизни жамоага рослайсиз, хослайсиз, мослайсиз. Акс ҳолда, фикр оммага етиб бормайди, мақсад тўғри йўналтирилмаган бўлади. Жамоага етказмоқчи бўлган фикрингиз, олий мақсадингиз стратегия бўлса, уни амалга ошириш билан боғлиқ усул ва йўллар эса тактикадир. Ҳар қандай тактик ҳаракат стратегик мақсад билан эканини ёдда тутиш моҳиятлидир. Вазиятга, омма кайфиятига қараб тактикани алмашиниб туришини эътибордан соқит қилиш ярамайди. Нутқнинг жонли, таъсирчан ва аниқ ифодалашга интилиш, яъни, ижро маҳоратига эришиш аҳамиятли.
Нотиқнинг нутқий жараёни уч босқичли бўлса, саҳна нутқида эса иккита босқич амалга оширилади. Бу ёдлаш ва айтиш. Матн турғунлиги актёрнинг эркин ҳаракат қилишига имкон бермайди. У таъбир жоиз бўса, жиловланган от кабидир. Тўғри, актёр матн мазмуни ва руҳидан келиб чиққан ҳолда, баъзан импровизацияга йўл қўйиши мумкин. Лекин, меъёрдан ошиб кетиши маъқул кўрилмайди. Актёр қувваи ҳофизаси ва сўзларни аниқ, жозибадор, таъсирли айта олиши билан нотиқларга ибрат бўлади дейиш мумкин. Чунки, уларда овоз, нафас машқлари, тил, тиш, бурун, лаб, жағ каби нутқ аъзоларининг маромли, меъёрий ҳаракатлари қайта-қайта ишланиб такомиллашган бўлади.
Нотиқ ҳам, актёр ҳам, бошловчилар ҳам ўзини кўзгуда кўриб пардоз-андозини жойига келтирувчи машшота сингари ўзини эшитиб, жамоа нигоҳи билан ўзини кўрмаса мақсади рўёбга чиқмаслиги тайин.
Нотиқ нутқи ва саҳна (актёр) нутқи тафовутлари борасида ҳар хил мунозаралар бор. Тўғри, нутқ таъсирчанлигини таъминлашда ҳар иккаласи бир-бирини тўлдиради, бойитади. Лекин бирида ижод, иккинчисида ижро муҳим роль ўйнашини ёдда тутиш керак. Автобус ва трамвайни кўз олдингизга келтиринг. Автобусни бошқаришда рулни ўнг-у сўлга буриб ҳаракатлантириш, қайрилиш мумкин. Трамвайни эса ётқизилган темир йўли ва устидаги электр симлари манбаисиз, унинг ҳаракатини тасаввур қилиш мушкул. Фақат ҳаракатнинг секин ва тезлигигина, унинг измида. Нотиқ нутқи автобус ҳайдовчисига, актёр нутқи эса трамвай бошқарувчисига ўхшайди.
Муқаллидлик санъатида ҳар иккаласига хос хусусиятларни ҳам идрок этиш талаб этилади. Акс ҳолда, муқаллидни муваффақият қаршиламайди.
Умуман айтганда, илдизлари қадим замонларга бориб тақалувчи муқаллидлик санъати кулги орқали киши дилига руҳий енгиллик бахш этувчи катта ижтимоий қимматга эга бўлган санъатгина эмас, балки у халқимиз табиати, диди ва дунёқарашининг кўзгусидир.
Биз муқаллидлик санъатининг тарихи, ўзига хослиги ва турлари борасида умумий йўсинда баъзи фикрларни ўртоқлашдик, холос. Бу санъатни атрофлича ўрганиш, қизиқчилик, аскиячилик, театршунослик каби санъат турларига муносабат масалаларини ёритиш санъатшунос ва фольклоршунослар олдида турган вазифалардандир.