9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Саҳнавий нутқ ва нотиқ нутқи таъсирчанлиги ҳамда поэтик хусусиятларининг намоён бўлишида инновацион технологияларнинг моҳияти

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Саҳнавий нутқ ва нотиқ нутқи таъсирчанлиги ҳамда поэтик хусусиятларининг намоён бўлишида инновацион технологияларнинг моҳияти

Саҳнавий нутқ ва нотиқ нутқи таъсирчанлиги ҳамда поэтик хусусиятларининг намоён бўлишида инновацион технологияларнинг моҳияти

(The essence of innovation technologies in appearing poetic features and the influence of orator speech, scene speech.)

 

Раҳимбой Жуманиёзов.

Филология фанлари номзоди, “Саҳна нутқи” кафедраси доценти

 

Аннотация

 

Инновация, педагогик технология, интерактив методлар, коммуникация каби сўз ва сўз бирикмалари таълимнинг деярлик барча йўналишларига кириб борганлиги қувонарлидир. Булардан кўзланган мақсад замон билан ҳамқадамлик ва янгиликларни, илмий-назарий маълумотларни таъсирчан, тез ва осон етказиш муаммоларини ҳал этишдир. Таълим-тарбия таъсирчанлиги тараққиётнинг талабигина бўлиб қолмай, балки билим олиш, интеллектуал салоҳиятни ошириш, ўзлаштириш даражасининг юксалиши билан ҳам белгиланади. Ушбу мақолада саҳнавий нутқ ва нотиқлик санъатининг ўзига хослиги, актёрлик маҳоратини шакллантиришда инновацион технологияларнинг ўрни масаласига муносабат билдирилади.

 

 

На современном этапе в систему образования вплотнуювошлитакие понятия как инновация, педагогическая технология, интерактивные методы,коммуникация эти понятия дают возможность жить и работать в ногусовременем, получать научно-теоретическую информацию быстро и легко решать проблемные ситуации. В статье особое внимание уделяться особенностям искусству речи технология речи на сцене и роли инновационных технологий в развитии актёрского мастерства.

 

 

Nawadays conceptions such as innovation, pedagogical technology, interactive methods, communication are become part of education system. They give the opportunity to be up-to-date, to get scientific-theorotical information, to solve problems quickly and easily. This article focuses on the peculiarities of scene speech( speech technologies of scene ), features oratory and the role of innovation technologies in the developing of acting technique.

 

 

Тараққиётнинг талаби замонавийлик ва янгиликка интилиш билан экани маълум. Барча жабҳаларда бўлгани сингари маданият ва санъатнинг равнақи ҳам ана шу мезонларга таянади. Ҳозирги кунда инновация, педагогик технология, интерактив методлар, коммуникация каби сўз ва сўз бирикмалари таълимнинг деярлик барча йўналишларига тўла кириб борганлиги қувонарли ҳолдир. Булардан кўзланган мақсад замон билан ҳамқадамлик ва янгиликларни, илмий-назарий маълумотларни таъсирчан, тез ва осон етказиш муаммоларини ҳал этишдир. Таълим-тарбия таъсирчанлиги тараққиётнинг талабигина бўлиб қолмай, балки билим олиш, интеллектуал салоҳиятни ошириш, ўзлаштириш даражасининг юксалиши билан ҳам белгиланади. Президентимиз И. А. Каримов таъкидлаганларидек, “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва  модернизация қилишнинг энг муҳим шартидир.” 1

Шубҳасизки, барқарор тараққиёт ва модернизациянинг туб моҳияти ҳам таълим-тарбия таъсирчанлигига бориб боғланади. Бу эса новаторликни яъни, янгиликка интилишни, интерфаол усул ва услубларни истифода этишни, турли инновацион ва ахборот компьютер технологиялардан фойдаланган ҳолда таълим таъсирчанлиги, самарадорлиги ва сифатини оширишга эришишни тақозо этади.

“Жаҳондаги  энг  илғор  маърифий  услублардан  биттаси  “педагогик  технология”дир”  деб ёзади  Бўри  Зиёмуҳаммадов “Комилликка  элтувчи  китоб”  асарида.2 Демак, педагогик  технологиянинг  мазмунини  билиш,  дарсларнинг янги  лойиҳаларини  тузиб  чиқиш  учун  таълим-тарбия  соҳасидаги  янгиликлар  ва  уларнинг  ташкилий  масалаларини  тўлалигича  англаб  етиш,  ҳар  қандай  педагогнинг фаолиятида  педагогик  технология  услублари  марказий  ўринда  туриши зарурлигини бугунги таълим жараёни талаб этмоқда.

“Назария қуруқдир дўстим, аммо яшнар ҳаёт дарахти”.  Бу ибора Й. В. Ҳётенинг “Фауст” трагедиясидаги Мефистофель тилидан келтирилади. Ушбу фраза илдизига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар қандай назария амалиёт билан уйғунлашмас экан, ҳаёт моҳиятини англаш ва англатиш, тушуниш ва тушунтиришдан маъно йўқ деганидир.

Юқоридаги мулоҳазалар “Саҳна нутқи” фанини ўқитишдаги, инновацион технологияларни қўллашдаги таълимий жараён билан чамбарчас боғлиқ. Назарий маълумотнинг кучи унинг амалий машғулотлар билан уйғунлигидадир. Ўз фанини назарий жиҳатдан чуқур билиб, уни амалиётда қўллай олмаслик ҳолати мантиқсизликдир. Афсуски, баъзи таълим муассасаларида бу ҳолатнинг мавжудлигини инкор этиш қийин. Шунинг учун ҳам, ҳар иккаласига ажратиладиган соатлар тақсимотида ана шу меъёр ва мувозанатни сақлаш фойдадан холи эмас.

————————————-

  1. И.Каримов. Халқаро симпозиум материаллари. 2012 й. 16-17 февраль.
  2. Б.Зиёмухаммадов. “Комилликка элтувчи китоб”, “Турон икбол” нашриёти, 2006 йил, 39-бет.

 

 

Практиклар ибораси билан айтганда, “автомобилни уйида сақлаб, ҳар кун атрофини бир неча бор айланиб қўйиш эмас, ундан мақсад узоқни яқин қилиш учун уни ҳайдаш, бошқариш”зарурдир.

Аудиторияда назарий маълумотларни умумий тарзда ўтиш мумкин, лекин амалиёт жараёнини якка ҳолда ўтказиш, индивидуал шаклда олиб бориш фойдадан холи эмас. Чунки, маълумотни ўзлаштириш ва уни амалда қўллаш ҳар кимда ҳар хил тарзда кечади. Таъбир жоиз бўлса, “башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама”, деган нақлни келтириш ўринлидир. Сабаби ҳар бир ўқувчи ўз нутқи устида ишлаши, уни назорат қилиши учун ўзини кузатиши, сўзини тинглаши зарур. Бу эса сўзи, ўзи ва юзидаги ифодаларни кўриши, хатти-ҳаракат ва ҳолатларнинг уларга мувофиқлигини англабгина қолмай, балки уни назорат қилиши ҳам муҳимлигини билдиради.

Бунда аудио ва видео воситаларидан фойдаланган ҳолда иш тутиш мақсадга

мувофиқдир. Муайян матнни ифодали ўқиш ва уни қайта ижодий ҳикоялаш маҳоратини кузатиш, баҳолаш орқали нутқ техникаси текширилади. Муайян адабий тил нормаларига амал қилган ҳолда талаффуз қоидаларига амал қилиниши назорат қилинади. Ҳар бир талаба ўзи кўрган, эшитган ва билган нарсасини айтиб бериш жараёнида бир қатор қийинчиликларга дуч келиши табиий. Бу усулда унинг нутқидан ташқари фикрлаш қобилияти ва мантиқий мушоҳада юрита олиш истеъдоди ҳам назардан ўтказилади. Нутқ ва фикр ишқипечак гулдек бир-бирига чирмашиб келади. Бу эса ўйлов ва сўйловнинг уйғунлигини англатади. Нотиқликда бир мунча эркинлик бўлади. Сўз танлаш уни айтиш оҳангида ўзига хослик бўлиши табиий. Йирик мунаққид В.Г.Белинский, матн мазмуни ва мантиқийлиги борасида фикр юрита туриб, гап нимада деган саволга шундай жавоб беради: “Гап сўздаям эмас, фикрдаям эмас, балки гап оҳангдадир.” Чунки, оҳангда муносабат, мурожаат тарзи, антипатия ва синпатия шундоққина сезилиб туради. Саҳна нутқи фанида биринчи ўринга ижро чиқса, нотиқликда эса ижод туради. Саҳнавий нутқ матн мазмунидан чеккага чиқмаслик, ҳарф, товуш, сўз ва гапларни деярлик ўзгартирмасдан меъёрий қоидалари бўйича талаффуз қилишни талаб этади. Нотиқлик санъатида эса бир мунча эркинлик, матннинг ўзидан кўра унга бўлган муносабат ва матн асосида туғилган мулоҳазаларни таъсирчан ифода этишга мойиллик кучли бўлади. Ҳар иккаласида ҳам тасаввур, таассурот ва тафаккур етакчилик қилиши тайин. Актёр шунчаки ижрочи эмас, балки ўз ролини руҳан идрок этиши, ўзининг қалб призмасидан ўтказиши ва таҳлил эта билиши билан характерланиб туради. Саҳнавий нутқ ва нотиқ нутқи ижро этиладиган жойи билан ҳам ажралиб туради. Актёр муайян саҳнавий декорациялар билан безанган жойда турли хил персонажлар билан муносабатга киришади. Нотиқ эса минбар олдида жамоа билан юзма-юз туриб нутқ ирод қилади.

Демак, нутқнинг ва хатти-ҳаракатнинг мувофиқлигини текшириш учун аудиовизуал воситалар ўрнатилган бўлиши зарур. Тасаввур қилинг. Талаба келди, матндаги сўз ва жумлаларни ўқишга тутинди.

У олдин ўз овозини оҳанрабо тасмага, ёхуд магнитофонга ёзиб тингламаган бўлса, эшитгани ҳамоноқ, довдираб қолади. Чунки, у ўз овозини назорат қила олмайди. Сабаби унга эшитилаётган овоз бир мунча “нотаниш”дир. Ўз овозини эшитган заҳоти овозидан ижирғанмаган одам топилмаса керак. Қайта-қайта эшитаверганингиздан сўнг ўз овозингизга кўникиш ҳосил қиласиз. Сиз илк бор ўзингизни тинглаганингизда таажжубга тушганингизнинг боиси сўзлаганингизда овоз тўғрига йўналтирилади, натижада сизга эшитиладиган оғиз бўшлиғидан қулоқларга етиб борадигани “алдамчи” овоз бўлади. Демак, айтар овоз эмас, балки, қайтар овоз сизникидир. Талабалар эса овоз ёзиш ва эшитиш жараёнини кўп маротаба бажариши лозим. Токи, ўз овозини эшитиб, кўникиб, уни назорат қила оладиган бўлсин. Ана шу жараёндан кейингина орфоэпик артикуляцион машқларни тўла ва тўғри бажаришга ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Нутқнинг аниқлигига, талаффузнинг тиниқлигига эришиш, ютуқ ва камчиликларни англаш, уларни тузатиш учун тинимсиз машқий жараённи амалга ошириш керак. Даставвал, ҳар битта талабага берилган матнни қандай ўқиши текширилади. Назмий ёки насрий матнни ўқишида унинг ўз тушунчаси акс этади. Яъники, кимнинг қандай ўқиши унинг шундай тушунишидир. Навбатма-навбат бошқа талабаларга ўтишдан олдин матнни ифодали ўқиб, унинг мазмунини сўзлаб берган талабага хос бўлган нутқий ютуқ ва нутқий нуқсонларни аниқлаш жараёнини амалга ошириш талаб этилади. Ҳар бири ўз нуқтаи назарини кузатувлари асосида баён этишади. Шу йўсинда камчиликлар аниқланади. Чунки, аксарият талабалар турли вилоятлардан бўлиб улар нутқида маҳаллий шева унсурлари сезилиб туради. Адабий тил меъёрларига риоя этишлари учун машаққатли машқий жараёндан ўтишлари керак. Бу эса узлуксиз ва мунтазам равишдаги изланиш ва такрорий машқлар билан ҳал этилади. Талабаларнинг нуқсонлари билан ўқилган овозли матнлари сақлаб қўйилиши, имкони бўлса, ўзларига кўчириб берилгани маъқул. Токи, улар ўз камчиликларини билиб, тугатсинлари учун. Сўнг тақдим этилган шеърий ёки насрий матннинг таниқли ва тажрибали сухандон ёки актёрлар ижросида ўқилган овозли вариантини уларга қўйиб бериш ҳам бу борада анча самара бериши ҳақ. Тўғри, дид билан диллашиш мушкул. Ҳамманинг ўз қараши, диди ва баҳолаш мезони бор. Лекин шуни ёдда тутиш зарурки, матн мазмуни, сўз маъноси қандай ўқишни кўрсатувчи йўлланмадир.

Талабаларда ҳар бир матнга, ҳаттоки, сўзга муносабатни, унга танқидий ва таҳлилий қарашни шакллантириш йўлларини излаш керак. Бунинг учун ахборот технологияларидан, интернетдан фойдалана олиш кўникмасини ҳосил қилишга эришиш лозим. Мавзуга дахлдор маълумотларни олиш ва уларни “Power pount” дастурига, айни пайтда матн ва тасвир билан биргаликда аудио ҳамда видеолавҳаларни жойлаштириш, керакли ўринда қўллашни билиш ҳам аҳамиятлидир. Маълум бир асарларнинг театр ва кино вариантларини ўзаро муқояса қилиш орқали фикр юрита олишлари ҳам муҳимдир. Телевидение ёки радио бошловчиларининг муаллифлигида эфирга узатилган айрим кўрсатув ёки эшиттиришларнинг мақсад-мазмунидан келиб чиққан ҳолда бошловчилар нутқини таҳлил қилиш тажриба алмашиш борасида кенг имкониятлар эшигини очади.

Нотиқликда сўз қўллаш маҳорати борасида сўз кетганда, нотиқ нутқида уч босқич амалга оширилади. Бу топиш, танлаш, ва қўллашдир. Топиш нотиқнинг сўз бойлигига дахлдор бўлса, танлаш диди, савиясига, қўллаш эса унинг маҳоратига тегишлидир. Топиш тил бойликларидан, синонимлардан қандай фойдалана олишингизга мезон бўлса, танлаш психологик, этик ва эстетик нормаларга амал қилиш заруратини билдиради. Қўллаш эса оғзаки ёки ёзма равишда бўлади. Сиз тингловчи ёки томошабин билан юзма-юз бўласиз. Айтилган сўз отилган ўқдек кета бошлайди. Зал ёхуд аудиторияда ўзингизни, сўзингизни, юзу кўзингизни жамоага рослайсиз, хослайсиз, мослайсиз. Акс ҳолда, фикр оммага етиб бормайди, мақсад тўғри йўналтирилмаган бўлади. Жамоага етказмоқчи бўлган фикрингиз, олий мақсадингиз стратегия бўлса, уни амалга ошириш билан боғлиқ усул ва йўллар эса тактикадир. Ҳар қандай тактик ҳаракат стратегик мақсад билан эканини ёдда тутиш моҳиятлидир. Вазиятга, омма кайфиятига қараб тактикани алмашиниб туришини эътибордан соқит қилиш ярамайди. Нутқнинг жонли, таъсирчан ва аниқ ифодалашга интилиш, яъни, ижро маҳоратига эришиш аҳамиятли.

Нотиқнинг нутқий жараёни уч босқичли бўлса, саҳна нутқида эса иккита босқич амалга оширилади. Бу ёдлаш ва айтиш. Матн турғунлиги актёрнинг эркин ҳаракат қилишига имкон бермайди. У таъбир жоиз бўса, жиловланган от кабидир. Тўғри, актёр матн мазмуни ва руҳидан келиб чиққан ҳолда, баъзан импровизацияга йўл қўйиши мумкин. Лекин, меъёрдан ошиб кетиши маъқул кўрилмайди. Актёр қувваи ҳофизаси ва сўзларни аниқ, жозибадор, таъсирли айта олиши билан нотиқларга ибрат бўлади дейиш мумкин. Чунки, уларда овоз, нафас машқлари, тил, тиш, бурун, лаб, жағ каби нутқ аъзоларининг маромли, меъёрий ҳаракатлари қайта-қайта ишланиб такомиллашган бўлади.

Нотиқ ҳам, актёр ҳам, бошловчилар ҳам ўзини кўзгуда кўриб пардоз-андозини жойига келтирувчи машшота сингари ўзини эшитиб, жамоа нигоҳи билан ўзини кўрмаса мақсади рўёбга чиқмаслиги тайин. Шубҳасизки, бу жараён аудио, видео техник воситаларисиз, аниқроғи, ахборот коммуникацион технологияларисиз тўла ва таъсирчан тарзда амалга ошмайди. Замонавий ахборот ва педагогик технологиялар компьютер техникаси, аудио ва видеотасмалар, мультимедия, тест саволлари ва тарқатма материаллардан фойдаланилгандагина таълимнинг мазмуни ва самарадорлиги ҳақида сўз бўлиши мумкин.

Саҳна  нутқи  фанини  ўқитишдаги  инновациялар модулининг муҳим вазифаси ҳам шу асосда саҳна нутқи модулини ўқитиш ҳамда амалий машғулотларни ўтказишни тўғри йўлга қўйишдир.

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, хулоса ўрнида шуларни қайд этиш мумкин. Инновацион технологияларни ўринли қўллаш қуйидаги қулайлик ва имкониятларни беради.

  • Кўриш ва эшитиш органлари орқали маълумот моҳиятини билиш, англаш ва идрок этиш;
  • Матннинг таъсирчанлиги ва мазмуни жиҳатдан самарадорлигига эришиш;
  • Кенг ва катта ҳажмли информацияни қисқа ва ихчам шаклда акслантириш;
  • Маълумотни турли чизмалар, матн, тасвир, овоз ва видеолавҳалар орқали томошабин кўз ўнгида жонлантириш;
  • Нотиқ ёки актёр ўз-ўзини кузатиши, тўғрилаши, назорат қилиши учун имкониятларнинг мавжудлиги;
  • Бўлажак нотиқ ёки актёрларни фаоллаштириш, ўз устида ишлаш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг диққат эътиборини кучайтириш ва қизиқишларини ошириш;
  • Маълумотларнинг узоқ муддат хотирада сақланишига эришиш ва интернет воситасида бошқа манзилга жўнатиш ёки қабул қилиш;
  • Саҳна нутқи, хусусан сўз санъати ижрочилигида ҳар томонлама мукаммал ижро маҳоратига эга бўлишга замин ҳозирлашни кўзда тутади.

 

Шу ўринда таълим-тарбия таъсирчанлиги тараққиёт талаби билан боғлиқлиги борасида баъзи мулоҳазаларни ўртоқлашиш ҳам саҳнавий нутқ ва нотиқ нутқининг характерли жиҳатларини ойдинлаштиришга хизмат қилиши аниқ. Қайси фан, қандай ўқув предмети бўлмасин, ўқитувчи олдида муҳим бир муаммо туради. Бу ўз мавзусини, фанини ўқувчига етказиш аниқроғи, унинг онгу шуурига сингдиришидир. Хоҳ табиий, хоҳ ижтимоий фан бўлсин, ўқитувчи ўз соҳасининг етук билимдони ва моҳир устаси бўлиши зарур. Фан ҳақидаги назарий маълумотларни қизиқарли йўсинда етказиш жараёнида бир қанча муаммолар борлигини инкор этиб бўлмайди. Тасаввур қилинг, педагог ўз мавзусини тўла ўзлаштирган билимли шахс, шу хусусда бир қанча китоблар муаллифи ҳам дейлик, лекин унда билимларини, фикрини оммага етказиш, тушунтириш борасида малака, тажриба, кўникма ҳосил қилинмаган бўлса, мақсад тўла амалга ошмайди. Шунинг учун ҳам ўқитувчидан бу борада тинимсиз меҳнат, машаққатли машқ ва изланиш, ташаббус ва ташкилотчилик талаб этилади. Замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам одимлаш маънавият тарғиботчисидан юксак масъулиятни ва мажбуриятни талаб этади. Бугунги кунда ёшлар катталарга нисбатан кенгроқ ахборотга эга бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ёшлар интернет сайтларига кириб ҳар хил маълумотларга эга бўла олишлари сир эмас. Кўплаб интернет тармоқлари, турли порталлар ва бошқа технологиялар орқали етиб келаётган информациялар ҳам муайян мақсадларга қаратилганини эътибордан соқит қилиш ярамайди. Шундай экан, қабул қилинаётган маълумотларнинг асосли ёки асосли эмаслигини билиш ва билдириш учун педагогларнинг ўзи интернет ва бошқа информацион воситалардан хабардор бўлиши зарур. Уни тўғри тушунтириб, тўғри таҳлил қилиб бера олиш зарур. Акс ҳолда, ёшлар ахборот хуружлари орқасида қандай ғаразли мақсадлар яширинганини идрок этмай, турли уйдирма маълумотларни бошқа тенгқурларига етказиб уларнинг фикрини чалғитиши ҳеч гап эмас. “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш” мумкинлиги таъкидланаркан, демак, тарғиботчининг ўзи маърифатга, етук билим ва дунёқарашга эга бўлиши зарур. Унинг билими, маънавияти эса маърифат маёғи, ҳимоя яроғидир. Миллий ғоя ҳимоячиси бўлиш, мустақиллик мафкурасини мустаҳкамлаш масъулияти шуни тақозо этади. Халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган, мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга бўлган айни замонда тарғиботчининг вазифаси ва огоҳлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Президентимизнинг “Эндиги вазифамиз шундан иборатки, миллий истиқлол ғояси тушунчалари асосида кенг жамоатчилик, зиёлиларимиз, илм — фан ва маданият намояндалари, аввало, маънавий — маърифий соҳа ходимлари миллий мафкурани такомиллаштириш ҳамда унинг асосий тамойилларини одамлар онги ва қалбига сингдиришга қаратилган ишларни янги босқичга кўтаришлари зарур” деган мулоҳазалари бежиз эмас.

Таълим ва тарбия инсон камолотида қўш қанот экан, унинг таъсирли бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир педагог юқоридаги фикрлардан тўғри хулоса чиқара олиши ва амалда тўғри қўллай билиши керак.

Хўш, таълим — тарбиянинг таъсирчанлиги фақат замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш, кўргазмалилик асосида иш олиб боришми? Бу восита, холос. Авваломбор, тарғиботчининг мулоқот жараёнидаги нутқи ва хулқи муҳим масаладир. Нутқ маданиятининг ҳар иккала шаклини, оғзаки ва ёзма нутқни тўла ва тўғри амалда қўллай олмаган тарғиботчининг мақсади саробдир. Нутқ маданиятининг ҳар иккала кўриниши, яъни оғзаки ва ёзма нутқ қоидаларини билиши ва амалда қўллай олиши зарур. Бу бир ойлик ёки бир йиллик эмас, доимий изланиш ва машқ қилиш орқали рўёбга чиқади.  Шунинг учун ҳам “шоир бўлиб туғиладилар, нотиқ бўлиб етишадилар” деган гап бежиз айтилмаган. Қандай ёш ва қандай касбда бўлишдан қатъий назар, ҳар биримиз кишилар билан нутқий мулоқотда бўламиз — сўзлаймиз, тинглаймиз, фикрлашамиз. Ҳар кимнинг ўз диди, савияси, дунёқараши, сажияси, феъл-атвори, кўриниши, кийиниши бўлганидек, унинг овози, сўзлашиш услуби, тил ва нутқий маданиятни эгаллаш даражаси ҳам ўзига хос. «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар»- деган нақл бор. Кишининг фаҳм-фаросати ва савияси икки оғиз сўзидаёқ намоён бўлади. Сўзлик инсоннинг ўзлиги учун кўзгудир. Киши фикрининг аниқ, самимий ва таъсирли етиб бориши сўзловчининг  тил ва унинг ҳаракатдаги ифодаси бўлган нутқ қоидаларини қанчалик билиши ва амал қилишига боғлиқ. Шундай экан, нутқнинг аниқлиги-тафаккурнинг тиниқлигига дахлдор бўлса, талаффузнинг аниқлиги-нутқнинг тиниқлигига боғлиқдир. Нотиқ нутқининг мантиқий қудрати, таъсир кучи, жозибаси ҳам, аслида шу билан. Нотиқ нутқи, воиз ваъзи ҳар бир даврларда, ҳар бир маконларда жоиз бўлгани ҳақ. Демак, нутқий маҳоратни эгаллашга интилиш нутқ одоби, аниқроғи, тил ва нутқ воситаларини пухта билишни, амал қилишни тақозо этади. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлашмас экан, бунга эришиш мушкул. Оғзаки ва ёзма нутқнинг ўзаро боғлиқлиги уларнинг шаклланиш жараёнидагина эмас, балки тараққий этишида, сайқал топишида муҳим ҳам муқимдир. Оғзаки нутқнинг қатор вазифавий кўринишлари мавжудки, улар кези келганда, ёзма нутққа жило беради. Унинг таъсирчанлигини оширади. Кундалик сўзлашув нутқи, лекторлар нутқи, радио ва телевидение нутқи, саҳна нутқи буларнинг ҳар бири алоҳида  тадқиқни талаб этади. Ҳар қандай сўзнинг хосияти нутқнинг моҳияти билан алоқадоргина эмас, балки мантиқий тафаккур мезони ҳамдир. Нутқ, нотиқ, мантиқ, нотиқлик атамаларининг бир ўзакдан ясалгани ҳам бу тил бирликларининг ўзаро узвий боғлиқликда намоён бўлишини англатади. Бири бирисиз рўёбга чиқмаслигини, бири иккинчисини тақозо этишини билдиради. Демак,  сўз хосиятли бўлганидек, нутқ ҳам моҳиятли бўлишини уни истифода этувчилар, хусусан, ўқитувчилар, нотиқ, диктор, ритор, диджей ва лекторлар доимо ёдда тутишлари, амалда ўринли қўллай билишлари зарур. Нутқий маҳоратнинг икки омили бор. Бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасини эгаллашдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, бойлиги, ифодавийлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, мақсадга мувофиқлилиги унинг хусусиятларини ташкил этса, оғзаки нутқдаги овоз, дикция, пауза, урғу, оҳанг, интонация, ёзма нутқдаги тиниш белгилари силсиласи нутқий техникадир. Фикрлаш техникангиз кучли, аммо овозингиз паст, таъсирсиз бўлса, ёки аксинча ўктам овоз, ўткир нафасга эга бўла туриб тафаккурингиз бўлмаса, бари беҳуда. Ҳар иккаласи омихта бўлиши мақсадга мувофиқ. Тингловчи эътиборини, даставвал, нотиқнинг кўриниши, сўнгра унинг овози тортади. Овоз ўқитувчининг ҳам, нотиқнинг ҳам биринчи қуроли. Шунинг учун ҳам итальян актёрларидан бири Томаззо Сальвинидан «Актёр учун нима бирламчи?»-деб сўраганларида, у «биринчидан овоз, иккинчидан овоз, учинчидан овоз, тўртинчидан бошқа нарсалар»- деб жавоб бергани бежиз эмас.

Маълумки, тарғиботчи ва омма орасидаги мулоқот муайян мавзу бўйича маълумот алмашиш, билим беришдир. Мулоқотнинг воситалари иккита бўлиб, улар нутқий, яъни вербал  ва нутқий бўлмаган, яъни новербалдир. Ҳар иккаласидан ўринли фойдаланиш тарғиботчига кенг имкониятлар эшигини очади. Улар орасига хитой девори қўйиш ўринлимас, улар бир-бирини бойитади, тўлдиради, асослайди ва изоҳлайди. Оддий суҳбат жараёнида, олимларнинг эътироф этишларича, маълумотнинг 35% дан кам қисми нутқий мулоқот, 65% дан зиёд қисми новербал, бошқача айтганда, паралингвистик ҳодисалар орқали етказиларкан. Таниқли руҳиятшунос олим, профессор Эркин Сатторов “Омадга эришиш психологияси” номли китобида шу хусусда фикр юрита туриб, “нутқий канал орқали ахборот узатилади, новербал канал бўйича эса мулоқот шеригига бўлган муносабат узатилади” деган фикрни келтирадилар. Бир жиҳатдан қараганда, эътироз йўқдек, лекин улар ўзаро боғлиқ ҳодиса бўлиб, новербал канал фикрни, маълумотни етказишдаги тасдиқ, “йўлловчи ва қўлловчи” восита эканлигини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Педагог мулоқот жараёнида тингловчи ҳолатини, даражасини ҳис этиш асносида йўл тутиши муҳим. Маълумотни ўзлаштириш ва қабул қилиш ҳар бир кишида ҳар хил кечишини яхши биламиз. Тасаввур қилинг, дарс жараёнида ўқитувчи эътиборсизроқ ўқувчи ёнига бориб қўл ҳаракати билан унинг бошини силаб ўтиб кетса, ўқувчига қанчалик таъсир этиши ва мулоқотнинг самимий бўлишини сезиш қийин эмас. Ўқитувчининг ўқувчини тушуниши ва ҳис этиши, фанда идентификация ва эмпатия терминлари билан юритилади. Булар одамнинг ўзини ўзгага кўчириши орқали ўша вазиятда унинг ўзи қандай йўл тутиши мумкинлигини ўйлаши ва уни ҳис этиши жараёнларини англатади. Дил — қулф, тил — калит. Дуч келган эшикка тўғри келган калит тушавермагани сингари ҳар бир тингловчининг ўқиш ва ўзлаштириш даражаси борлигини инкор этиб бўлмайди. Вербал ва новербал воситаларни тарғиботчи ва тингловчи билан бошқача айтганда, икки қирғоқни боғловчи, борди-келдини таъминлайдиган “кўприк” деб тушуниш ўринлидир. Кўприк мустаҳкамлиги эса ҳар иккала томоннинг бир-бирини яхши тушуниши ва ҳис этишига боғлиқ. Тингловчига мавзунинг баёни ва мазмуни юз фоиз етиб бормаслиги аниқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тингловчи мавзуга қанчалик диққат қилмасин, маълумотнинг етиб боришида жузъий йўқотишлар бўлиши табиий. Юқорида қайд этилган китобда унинг тингловчига етиб боришидаги ҳолат қуйидагича изоҳланади. “Фикр ўйланилди, нутқий шаклга эга бўлди (100%), айтилди (80%), эшитилди (70%), тушунилди (60%), хотирада қолди (24%).”

Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам мавзуни тўла етиб бориши мушкул экан. Лекин мавзуни ўқувчи онгу шуурида тўла ўзлаштириши ва хотирада мустаҳкамлаши учун турли интерфаол метод ва замонавий педтехнологиялардан фойдаланиш заруратини ёддан чиқазиш ярамайди. Бунда тингловчи фаоллиги, қизиқувчанлиги, ижодкорлигига кўпроқ эътиборни қаратиш фойдадан холи эмас. Педагог сўзининг луғавий маъноси “бола етакловчи” демакдир. Нутқий жараёнда ҳам шунга монанд ҳолат кузатилади. Яъни, тарғиботчи етакловчи ва тингловчи етакланувчи. Бу жараёнда етакловчи билим, тажриба, кўникма ва малакага, интеллектуал кучга эга бўлмас экан, мурод ҳосил бўлмаслиги аён. Педагог тингловчининг ақлу туйғусига таъсир этиб унинг диққатини тортмаса таълим таъсирчанлиги ҳақида сўз ҳам бўлмайди. Тингловчи эътибори тарғиботчининг эътиборида бўлмас экан, таълим ўз самарасини бермайди. Диққат-эътибор масаласи ҳамиша муҳим. Нимагадир чалғиган тингловчининг ўзлаштириш даражаси суст ва паст бўлиши ойнадек равшан. Шунинг учун ҳам машҳур адиб Данте “Диққатдир – суҳбатнинг асл асоси” дейиши билан ҳақли эди. Тингловчи диққат-эътиборини тортмасдан айтилаётган сўз бамисоли нишонга олмасдан ўқ узаётган овчининнг ҳолатини эслатади.

Педагогнинг таълим-тарбиянинг таъсирчанлигига тегишли талабларни билиши тингловчиларнинг мавзуга бўлган қизиқишини тобора ортишига сабаб бўлади.

Ҳиссиз калом айтиш бамисоли тузсиз таом тортгандек гап. Бу эса замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол методларни ўринли қўллаш ва нотиқлик санъатини чуқур эгаллаш заруратини тақозо этади.

Нотиқлик санъати ва саҳна нутқи фанларини ўқитишдаги инновациялар таълимнинг тизимлилиги, ўқув жараёнининг истиқболли ва натижали бўлишига замин ҳозирлайди. Таълим олувчи ва таълим берувчи ўртасида  ахборотни  тақдим  қилишнинг  замонавий  воситалари  ва  усулларини кенг истифода этиш, “ФСМУ”, “БББ”, “Венн диаграммаси”, “Зинама зина”, “Кластер”, “Синквейн” каби турли ўйин ва интерфаол услублардан фойдаланиш, диалектик  мушоҳадани  шакллантириш  ва  ривожлантириш йўсинида мустақил  ижодий  фаолиятни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб масалалардандир. Президентимиз И. А. Каримовнинг “Таълим-тарбия  тизимидаги  ислоҳотлар  бошланган  дастлабки  йилларда  мен  жаҳон  тажрибаси  ва  ҳаётда  ўзини  кўп  бор  оқлаган  ҳақиқатдан  келиб  чиқиб,  агар  бу  мақсадларимизни  муваффақиятли  равишда  амалга ошира олсак, тез орада ҳаётимизда ижобий маънодаги “портлаш  эффекти”га,  яъни,  янги  таълим  моделининг  кучли  самарасига  эришамиз”  деган  фикрларининг бежиз бўлмаганлигини бугунги давр, таълим жараёни тўла тасдиқламоқда.

 

    Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

  1. Каримов И.А. Юксак маънавият енгилмас куч-Т Маънавият, 2008
  2. Ишмуҳаммедов Р., АбдуқодировА., Пардаев А.Таълимда инновацион технологиялар. – Тошкент, 2008.
  3. A.Nosirova. “Sahna nutqi” “Tafakkur bo‘stoni”, T – 2013.
  4. Xodjimatova M. “Sahna nutqi” XrestomatiY. T. 2011.
  5. Jumanov I. Sahna nutqi. –T., 2007.
  6. Станиславкий К.С. Работа актёра над собой часть-2.-M.: Исскуство.
  7. Иномхўжев С.Бадиий ўқиш асослари. –Т.: Ўқитувчи, 1973.

 

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.