9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ЭЛИ ЭЪЗОЗЛАГАН БАХШИ (2004 йил)

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > ЭЛИ ЭЪЗОЗЛАГАН БАХШИ (2004 йил)

ЭЛИ ЭЪЗОЗЛАГАН БАХШИ (2004 йил)

 

 

 

 

         С Ў З   А В В А Л И  

                           

Халқ терма ва достонларига умр бахш этатуриб, ўз умрини ҳам асрларга татигулик қила олиш чинакам истеъдодларга насиб бўлади.

Маълумки, кўп асрлик ўзбек халқ оғзаки ижодиётининг катта қисмини достонлар ташкил этади. Тилдан тилга, оғиздан-оғизга ўтиб яшаб келган достонларнинг “умри” одатда ана шу бахшиларнинг қувваи ҳофизаси ва санъаткорлик иқтидорига боғлиқ.

Озарбайжонларда “ошиғ”, қозоқларда “оқин”, қорақалпоқларда “жиров”, ўзбекларда “бахши” ва ҳоказо. Қайси тилда қандай айтилмасин, моҳияти бир хил, аммо ижро тарзи ва усули, созлари билан фарқланувчи бахшичилик санъатига хос хусусиятлар айрим бахшиларнинг ҳаётий ва ижодий фаолиятида ўз аксини топади.

Шундай бахшилар борки, улар ўзлари куйлаган достонларнинг қаҳрамонлари рамзига айланиб, улар руҳидан қувват олиб, оммага ҳам шу қувватни бахш этиб юради. Бу ишни шараф, умрининг мазмуни деб билади. Кўча-куйда кўриб қолишса, исмингизни ёддан чиқазиб, ошиқ Ғариб, Гўрўғли ёки Бозиргон оға деб чақиришса, ҳар қандай бахши руҳланади, фахрланади. Тингловчи қалбига достон қаҳрамонлари бўлиб кириб боришда ҳикмату  хизмат, ҳиммату ҳурмат бор.

Ана шундай бахт соҳиби Рўзимбек оға Муродов ҳақида ёзиш, ҳамкасблари ва шогирдларининг мулоҳазаларини сизга етказиш истаги қўлимизга қалам тутқазди.  Ҳуқуқ ва экология фанининг йирик билимдони, юридик фанлари доктори, профессор Муҳаммади Усмонов санъатсевар, айни пайтда Рўзимбек Муродовнинг ихлосманд дўсти ушбу хайрли ишга бош қўшди. Оқибатда қўлингиздаги китобча дунё юзини кўрди.

Ушбу рисола халқ оғзаки ижодиёти, бахшичилик санъати, хусусан Рўзимбек Муродов ижоди билан қизиқувчи барча достонсевар мухлислар кўнглини шод этса, муродимиз ҳосил. Боқийликка йўғрилган бахшичилик санъатига меҳр қўйган ҳар бир китобхон дўстимизнинг умрини  яратганнинг ўзи боқий қилсин. Рисолани варақланг, серқирра истеъдод эгаси Рўзимбек оғанинг кўнгил мулкига саёҳат қилинг.

    Камоли эҳтиром ила муаллиф

 

                              АСЛИ НАСЛИДА

Табиатда ҳам, жамиятда ҳам ҳеч бир нарса-ҳодиса ўз-ўзидан рўёбга келмас. Унинг учун муҳит, таъсир, туртки бўлиши муқаррар. Тўғри, ўзи улуғ,  сўзи қутлуғ бўлиб эл эъзозига тушган, машҳуру манзур бўлганларга болаликдан таъсир ўтказган, уни эзгу мақсадлар сари йўлловчи, ҳар дамда, ҳар қадамда қўлловчи инсонлари бўлади.  Булар аввало, ота-она ва устозларидир. Ҳар қандай киши умри давомида   улар олдидаги фарзни, қарзни ҳис этиб яшайди.  Етмиш беш ёшни қаршилаётган шу ёшга хос донолик ва ўйчанлик, айни пайтда ички бир куч, шижоат сезилиб турган нуроний аста одимлаб кетмоқда. Бир қўлида тор, бир қўлида тугун. Бироз уринган тор ғилофи ва тугун ичидаги хоразмча чўгирма ва тўн, уни  мухлислари  билан навбатдаги учрашувга бораётганини билдириб турарди. Авваломбор, бу ёшга кириш қийин, кирганда ҳам обрў билан, эътибор билан бу муборак ёшни ҳақлашнинг, оқлашнинг ўзи бўлмайди. Умр мобайнида кимгадир ёқасиз, кимгадир ёқмайсиз. Аслида, шундай бўлгани ҳам дуруст. Акс ҳолда, инсоннинг ўзлиги қаерда қоларди.  Яхшига ҳам, ёмонга ҳам бир хил ёқадиган одамдан худо сақласин, у хавфлидир,- дейди аҳли донишлар. Эл ичида тилга тушиш, ҳурмат билан эътироф этилишнинг  ўзи осон эмас. Тўғри, ҳаётда кимлар билан ким, нималар билан нима бўлиб ўтадиганлар, бировнинг сояси бўлиб умргузаронлик этадиганлар йўқ эмас. Ўзи йиқилиб, ўзи туриб бировнинг ёрдамига, миннатига зориқмасдан ўрин тутиш асл истеъдодларга енгил кечмаган. Кимнинг кимлиги кимга ва нимага қандай муносабатига боғлиқ. Ўзида бор бўлган туғма истеъдоднинг ялт этган учқуни бўлса, бас. У эрта- индин алангага айланади. Бунинг учун вақт, тинимсиз изланиш, ҳаракат ва машаққат керак.

Шулар  Рўзимбек оғани ҳам четлаб ўтган эмас. Кимдир кексаликни сабаб қилиб, ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўй-ташвишлардан четга чиққиси келади. Кимдир эса севган касбига садоқатини, меҳрини оллоҳ берган умри поёнигача тўхтатмайди, изланади шогирдлар орттиради. Шогирд устознинг иккинчи умри эканини яхши тушунади.

Ҳозирда ҳам Абдула Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтининг Халқ бадиий ижодиёти факультети талабаларига Хоразм достончилик сирлари ва ижро йўлларини ўргатишдан чарчамаган Рўзимбек оғага кишининг ҳаваси келади. “Сўз, соз ва овоз бирлиги санъаткорнинг борлиги, бойлиги ва бахтиёрлигидан нишондир,- дейди у- бизни бу дунёга боғлаб қўймаган, ҳозир кўзимиз очиқлигида, куч-қудратимиз борлигида шогирдларга нимадир ўргатсак, хизматларимизнинг самарасини уларда кўрсак, бахтимиз шу эмасми? Деҳқон сочган уруғининг ҳосилини йиғиштириб завқланса, биз шогирдларга берган таълимимизнинг самарасидан завқланамиз. Шогирдига ҳар томонлама ибрат ва сабоқ мактаби бўлолмаган устод ҳаракати пуч ёнғоқ кабидир.”

ўзимбек оға аста-аста одимламоқда…  Ҳозирда ҳам у куйлаган достонларига талабгорлар борлиги, мухлисларининг камаймагани бахшини ич-ичидан қувонтиради. Кимгадир зарур, керак бўлиб яшашнинг ўзи бахт эканини у яхши ҳис этади. Шу тобда унинг болалик йиллари, етимликда кечирган дамлари тасвир тасмаси сингари бир-бир кўз  ўнгидан ўта бошлади…

Наврўз арафасида туғилган фарзандни кўриб отаси Мурод бахши, онаси Сафаргул опанинг хурсандчилиги чексиз. Таваллуди улуғ айёмга тўғри келганидан отаси Мурод бахши айниқса, шод. Наврўз ўз ризқ-рўзини, неъматини табиатга ҳам, бизнинг оилага ҳам сочди деб, яратганга шукроналар билдирди. Улуғ кунларда туғилганлар хосиятли бўлади деган гаплар ҳуда-беҳуда айтилмаганини Мурод бахши яхши тушунади. Надоматлар бўлсинки, фарзандини ўзи куйлаган достонлардаги қаҳрамонлардек бўлишини орзу қилган Мурод бахшига ўғлининг истиқболини кўриш ўзига ҳам, аёлига ҳам насиб этмади. Ўн ёшида онасидан, кўп ўтмай отасидан жудо бўлиш ёш Рўзимбекни руҳан чўктирди. Етимликнинг изтиробли дамлари, ғам-аламларига чидам бериш, ота-онасининг “болагинам, қўзичоғим”,- деб бошларини сийпалашларига, эркалатишларига илҳақ бўлган Рўзимбек оғанинг ачинарли аҳволини англаш қийин эмас.  Бобомерос бахшичиликка ихлос ва созга, сўзга меҳр болалик дамларидаёқ, унинг мурғак қалбига ўринлашишга улгурган эди.

Унинг бобоси Амин бахши ва отаси Мурод бахши Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистонда машҳур ва манзур бўлганди. “Ҳурилиқо ва Ҳамро”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Ошиқ Элванд”, “Бозиргон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” каби ўттиздан зиёд достонлар уларнинг ижросида айрича жаранглагани ҳақ. Амин бахши шогирди Мурод бахшидаги достонларга завқ-шавқни кўриб, “мендан кейин достонларга умр бахш этувчи издошимни топдим деб суюнган. Ҳатто, шогирдига ўз қизи Сафаргулни бериб куёв ҳам қилган. Ота ҳам она томондан бахшичилик наслий мерос бўлиб ўтган  Рўзимбек оға дилида оталари руҳини шод этиш, улар куйлаган достонларни ёд этиш муҳим ва муқим ўрин тутди. Ўтмишни эслай туриб Рўзимбек оға шундай дейди: “Куй ва қўшиқларни илк бор отамдан ўргандим. Ота-онам вафотидан сўнг Шоббоз, Хўжайли, Қўнғирот болалар уйида тарбия кўрдим. Ўрта мактабда ҳаваскорлик тўгаракларида дутор, ғижжак ва мандалина чалишга ҳавас чексиз эди. Менинг иқболимни 1948 йил аниқлади. Тошкентда мактаб ўқувчилари олимпиадасига қатнашиб, соврин эгаси бўлдим. Талабчан ҳакамлар ҳайъати ва тенгдошларимга навқирон санъатим манзур бўлганидан бениҳоя бахтиёр эдим. Мусиқа санъати унинг одамларга қувонч келтириш қудрати бутун вужудимни қамраб олди. Келажакда ҳақиқий санъаткор бўлиб, қўшиқ ва куйларим билан меҳнаткаш халқимга хизмат қила олсам деган орзу қалбимда туғён урарди. Ижрочилик маҳорати сирларини, мураккаб мусиқа жанрларини ўзлаштириш иштиёқи мени Ҳамза номидаги Тошкент музика билим юртига етаклади. Бу ерда истеъдодли курсдошларим орасида бўлажак машҳур санъаткорлар Фозил Харратов, Сайфи Жалил кабилар бор эди. Менга машҳур ғижжакчи С.Н. Габриэлянц ижрочилик маҳорати бўйича устозлик қилган бўлса, музиқа назариясини қунт билан ўзлаштиришда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ҳамроев кўмак берди. Чолғушуносликка доир билимларни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Собир Бобоев раҳбарлигида атрофлича ўргандим. Билимларимни янада мукаммаллаштириш ва чуқурлаштириш истаги менга тинчлик бермади.  Тошкент Давлат консерваториясининг Халқ чолғулари факультетига ўқишга кирдим. Бу ерда профессорлар А. Петросянц, Ф. Назаров, Б. Гянко, Г. Собитов, доцент И.П. Благовешческий ва М. Асиловларнинг эътиборига тушдим.  Талабалик йилларимданоқ, М. Қориёқубов номидаги Ўзбекистон давлат филармонияси Халқ чолғу асбоблари оркестрида ғижжакчи-созанда сифатида хизмат қилдим. Кейинчалик эса бир неча йиллар давомида Ўзбекистон радиоси ва телевидениеси халқ чолғу асбоблари оркестрига дирижёрлик қилдим. Ўзбекистон бастакорлари яратган қатор куй ва қўшиқларни магнит ленталарига ёздирдим, ойнаи жаҳон орқали ўзбек куй ва қўшиқларини бастакорлар ижодини етказишда ҳамкорлик қилдим.”

Халқ достонларида эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси муқаррарлиги куйланади. Бахшига ҳорғин дамларида, тушкунлик пайтларида ана шу ҳиссиёт ҳамроҳ бўлди. Ҳар бир нарса- ҳодисанинг моҳиятида, замирида улуғ ҳақиқат бўлади. Бу аждод ва авлодларни боғловчи кўринмас ҳалқадир. Шажара суянган, куйлаб қувонган достонлар ота-боболарига қандай шодлик бахш этган бўлса, Рўзимбек оғанинг ҳам умрига зийнат, ҳаётига безак бўлди. Аслида, наслида ва умр фаслида  эзгуликка ҳамроҳ бўлиш ёзилган экан ундай инсонлардан ёмонлик чиқмаслиги ҳақ. Тажрибали мураббий, фидойи инсон Шукуржон опадек умр йўлдошига эга, турли соҳаларда хизмат қилаётган тўртта фарзанди-учта ўғил ва бир қизи ҳамда неваралари билан фахрланиб юрган Рўзимбек оға чин бахт улар билан эканини  яхши ҳис этади.

Айниқса, 25 йилдан бери мусиқа назариясидан, фортопианадан ёшларга сабоқ бериб келаётган, ота касбини тутган қизи Дилоромдан мамнун.

 

                УЙҚУДАН КЕЧИБ

Эсини танибдики, отаси айтган достонлар унинг фикри зикрида. Кун ботгач, турли жойлардан келган меҳмонлар, достонсеварлар Мурод бахшининг достонларини завқ-шавқ билан тинглашга жамланишарди. Деярлик ҳар оқшом такрорланадиган бу ҳолатдан  бахши ҳеч зерикмасди. Ҳатто, толиққан, касалга чалинган пайтларида ҳам узоқ – ёвуқдан келган меҳмонларнинг раъйини қайтармасди. Баъзан тонг отгунча достон айтиб чарчамасди. Бу Мурод бахшига завқ-шавқ берибгина қолмай, балки куч ва илҳом ҳам бахш этарди.

Ана шундай оқшомларда ёш Рўзимбекнинг ҳам ухламасдан, достон  тинглаб тонг оттиришини анча пайтларгача на отаси, на онаси сезганди. Сафаргул опа “Ухла, болам, эрта ётиб, эрта туришни одат қил. Ҳали сенинг достон эшитишингга  вақт бор” — деб ўғлининг устига кўрпани тортиб уни ухлатиб қўйган бўларди. У ўзини ухлаганга солиб, бутун вужуди қулоққа айланиб отасининг достон айтишини мароқ билан тинглар, ўзи ҳам отасига тақлид қилиб лаблари пичирлаб чиқарди. Отасининг дам паст, дам баланд оҳангда айтишлари, достон қаҳрамонларининг вужудига кириб кета олиши, санъаткорлик маҳорати, ўткир нафас, ўктам овози йиғилганларни дам йиғлатар, дам кулдирарди. Рўзимбек кўрпани бошига тортганча достон қаҳрамонлари билан хаёлан сўзлашар, улар билан “бир жон, бир тан” бўларди. Уларнинг баъзиларига ачинса, баъзиларининг қилмишидан куюнар, нафратланарди. Дунёда бир-бирига қарши икки кучнинг яхши-ёмон ва оқ-қоранинг мавжудлиги, кураши абадий экани ҳақидаги илк таассуротлар ҳам ана шу пайтлардаёқ, унинг шуурига жо бўлганди. Ҳали ўқиш-ёзишни пухта билмаган Рўзимбек достонларнинг шеърларини эшитиш асносида аллақачон ёд олганди. Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёш Алишер Навоий ёд олиб, қушлар олами билан сирлашгани сингари, Рўзимбек ҳам отаси ижро этадиган аксарият достонларнинг матнини ёдлаб олганди. Кейинчалик, бахши учун қувваи ҳофиза ниҳоятда зарур эканини, ёшликда олинган билим тошга ўйилган ёзув каби ўчмас эканини у англаб етган эди.

Бир оқшом достонсеварларнинг илтимосига биноан Мурод бахши “Бозиргон” достонини ижро этишга тутинди. Одатдагидек, Сафаргул опа ёш Рўзимбекни жойига ётқизиб ухлатишга чоғланди. Рўзимбек ўзини ухлаганга солиб, бошига кўрпани тортди. Қур солиб ўтирганлар достонни диққат билан тинглашарди. Воқеалар, қаҳрамонлар уларнинг кўз ўнгидан бир-бир ўтарди. Бахшининг сўз ва созни боғлаб, усталик билан тингловчиларни достон ичига олиб кириш маҳорати шу ерда ҳам ўз самарасини берди. Бироздан сўнг қимир этмасдан жим тинглаётганлардаги ҳаяжон ачиниш, куюниш, суюниш ҳолати “эҳ, оҳ, вой-бў, эссиз” каби ҳиссий ифодалар билан алмашинди. Рўзимбек достонни тинглар, достон эшитувчиларнинг муносабатини ҳам жим ётиб кузатарди.

Шу пайт бахши Мастон кампирнинг Гўрўғли билан Бозиргон орасига нифоқ солиш учун қилган ҳаракатларини айта бошлаганди. Гўрўғли айёр кампирнинг сўзига кириб, алданиб Бозиргонга ўқ узади. Бозиргон “оҳ” тортиб йиқилади. Шу пайт Бозиргон жон талвасасида “Гўрўғлибек оғам бордир, Ойсултондек синглим қолди” мазмунидаги ғазални айтиб бўзлай бошлайди. Гўрўғлибек душман сўзига кириб алданганини билиб, афсус-надоматлар чекади. Бахши шу  ерга келганида, кимдир бошини қуйи қилганча букчайиб ўтирар, кимдир енги билан кўз ёшларини артарди. Кўрпа тагида ётган Рўзимбек олдинига бурнини тортиб пиқ-пиқ йиғлади. Бу ҳолат йиғилганларнинг диққатини тортди. Кўрпани чегириб қарашса, Рўзимбекнинг кўзлари жиққа ёш “уни нега ўлдиришди?”- дея баттар йиғлай бошлади. Мурод бахши достон айтишдан тўхтади.  Ҳамма бир зум анграйиб қолди. Бахши ўшанда илк бор ўз фарзандининг изидан боришига тўла ишонган, бахши бўлишига башорат  билдирганди.

Мурод бахши бир куни ўғлини чақириб деди: “Рўзимбек, ўша кунги ҳолатинг мени кўп таъсирлантирди. Сени бахшиликка ихлосинг бўлмаса керак, деб ўйлардим. Санъатдан таъсирланган одамнинг қаҳридан кўра меҳри кўп бўлади. Бугундан бошлаб сенга достон сўзларини ўргатаман.” Итоатгўй фарзанд “майли” дегандай бошини қимирлатиб, отаси ёнига келиб, тизза букиб ўтирди.

— “Ғариб-Шоҳсанам”дан бошлаймизми? — сўради отаси.

—  Сиз нима десангиз шу,- деди Рўзимбек.

Аввал шеърларини ёдлаймиз, чунки, бахшининг хотираси кучли бўлиши керак, уқдингми?

Сиз нима десангиз шу? — деди Рўзимбек яна.

Каттанинг сўзини эшитишинг дуруст. Янада ақлли бола бўлиб қолибсанми? Бир донишманддан қандай қилиб доно бўлдингиз дейишса, “Тинглаб, тинглаб ва яна тинглаб”-деб жавоб берган экан. Кам гапириб, кўп тинглаш одамга шараф ва яхшилик келтиради. Шунинг учун ҳам одамзотга кам сўзлаб, кўп эшитсин деган маънода битта оғиз, иккита қулоқ берган, парвардигорим.

Мурод бахши достондаги илк шеърни биринчи байтини энди айтишга улгурган эди, ёш Рўзимбек давом эттириб, тўрт бандни бир зумда айтиб қўйди. Бахши олдинига ҳайрон бўлди. Достоннинг қайси жойидаги шеърни биринчи мисрасини бошлаб берса, ўғли давом эттириб кетарди. Баъзи сўзларнинг ўрнига бошқа сўз қўшиб қўярди, холос.  Мурод бахши сеҳрлангандек, ўғлига бир зум тикилиб қолди. Ҳеч нима демади. Бироздан сўнг кўзларида ёш қалқди. Бу ҳайрат ва севинч ёшлари эди.

Ўз фарзанди уйқудан кечиб, бедор тунларни ўтказмаса, ҳар оқшом достон тингламаса, шеърларни ёдлаши амри маҳол эканлигини бахши биларди. Достонга ихлос, бедорлик бахшиликка қўйган илк қадам эканини фаҳмлаган Мурод бахши фарзандига айрича эътибор билан қарай бошлади. Тор, дутор  ва доира чалишни ҳам ўргатишга киришди.

 

                             ҒАРАЗ ВА АРАЗ

Мурод бахши “менга достон ўргатинг, соз ўргатинг”- деб шогирдлик илинжида келувчиларга худди ўз фарзандига қарагандек меҳр билан қарарди. Қўлидан келган ёрдамини аямас, беминнат маслаҳатлар берарди.

Дунёда кимдир ҳавас билан, кимдир ҳасад билан умргузаронлик этади. Ҳаётда ҳар кимнинг ўз йўл-йўриғи, яшаши, қараши, кураши бор. Қисқа қилиб айтганда, “яшаш фалсафаси” бор. Ким нимага баҳо берса, ўз “қалб қаричи” билан ўлчайди, шу аснода ўзини баҳолайди. Бировда тасдиқ кўзи, яна бировда инкор кўзи бор. Биров яхшилик ахтарса, биров ёмонлик. Кимдир ҳамма нарсадан айб излашни, кимдир эса эзгулик излашни хуш кўради. Нарса-ҳодисага қандай кўз билан қараш муҳим. Кишида ижобий фазилатни кўра олмаган одамда на тасдиқ кўзи, на меҳр кўзи бўлади. У фақат инкор кўзи билан яшаб ўтиб кетади.

Шоир айтганидек,

Инкор кўзи-ла қараган кишига

Юсуфнинг юзи ҳам хунук кўринар.

Агар муҳаббат-ла қараса девга,

Дев ҳам фариштадек сулув кўринар.

Биров дилига озор етказиш, айбситиш катта гуноҳ эканини билган Мурод бахши ҳаёти силлиқ кечмаган. Унга яхшилиги эвазига ёмонлик ҳам қайтган. Шунда ҳам ўкинмаган, барини оллоҳга солдим дея иш тутган. Юрса ҳам, турса ҳам шиори яхшилик бўлган. У бир шоирнинг ушбу тўртлигини доим такрорлашни хуш кўрган.

Яхшилик қил, замон яхшилик олсин,

Яхшилик бошига яхшилик солсин,

Мол-дунё сендан ҳам, ундан ҳам ўтар.

Яхшиси, дунёда яхшилик қолсин.

“Отам бировга бирон нарса ўргатадиган бўлсалар, жон дили билан киришар эдилар, — дейди Рўзимбек Муродов отаси ҳақида сўзлай туриб, — муҳими, бировдан тамаъ қилмас, савоб, хайрли ишни катта бойлик деб билар, “мулк эгаси бўлма, кўнгуллар эгаси бўл”, дея кўп такрорлагувчи эдилар.”

Отаси унга ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, ижрода ҳам ибрат бўлгани рост. Отасининг илми амали бир умр бахшининг йўлида маёқ бўлди десак, муболаға бўлмас..

Тўхтамурод, Олтивой, Қадамбой, Қуронбой, Шарифбой, Болтавой, Рўзмат…..  Бу қаторни анча давом эттириш мумкин. Булар Мурод бахшидан таълим олган шогирдлар эди. Кўриниши, характери, лаёқати билан ҳар бир шогирд ўзига хос олам. Улар билан муомала қилиш, бахшичиликнинг паст-баланд сўқмоқларини тушунтиришнинг ўзи бўлмайди. Шогирдларининг айримлари манфаатталаб бўлса, баъзилари шуҳратталаб, айримлари эса меҳрталаб эди. Бахшичиликни ҳар хил мақсад билан эгаллашни ният қилган бўлғуси бахшиларни бир жойга жамлаб, аввалига ниятларини тўғрилаш осон кечмаслиги аниқ.

Мурод бахши “ҳақиқий илм ва чинакам санъат халқнинг бойлиги, сиз шунга сабабчи бўлсангиз элнинг  фахри, ғурурисиз”-деб шогирдларига кўп бор айтган. Шогирдлари орасида беҳафсала, соз машқига қўли келишмаган, лекин машҳур бўлишни ният қилган, шу йўсинда бойлик орттиришни истаган бир шогирд борлигини сезиб юрган Мурод бахши уни ёнига чақиради ва дейди:

-Сенга эшитган ривоятларимдан бирини айтаман, ўзинг хулоса чиқазарсан.

“Кўп ҳаётий тажрибага эга бўлган, умрини илм-фанга, санъатга  бағишлаган, шу орқали урилган, сурилган, нимагадир эришган, пешонаси тиришган, юзлари буришган, адойи тамом бўлган, ҳаётининг сўнгги дамларидагина рўшноликка чиққан, обрўлик аллома ёнига унинг қўлида  бир пайтлари таълим олган шогирдларидан бири келиб  дейди:

-Устоз, мен сизнинг йўлингизни танламоқчиман. Сиз сингари иззат — ҳурматли, обрўли бўлсам, армоним йўқ. Сизга ҳавас қиламан. Мени ўз йўлингизга бошласангиз, илм-фан ва санъат кетидан бормоқчиман.

-Менинг йўлим хатарли йўл, бўтам. Яхшиси, бу машаққатни ўзингга раво кўрмаганинг  бўлсин,- деди устоз.

-Мен ҳарна мушкуллик бўлса тайёрман, фақат сизнинг йўлингизни ихтиёр айласам, бас.

-Ўғлим, сен менинг бу ҳолимга қарама. Ичим дардга тўла. Кўп нарса билсанг, яшашинг қийинлашиб бораркан. Бу йўлнинг ёзилганидан кўра, ёзилмаган қонунлари кўп. Обдон ўйлаб кўр. Бу тариқатнинг тўртта босқичи бор. Чидаминг, ироданг, сабр-тоқатинг  етишармикин?

-Айтинг, устоз,-дебди шогирд.

-Биринчиси-шайдойилик. Ўз касбингни ниҳоятда севишинг, ардоқлашинг лозим.

— Севаман, тайёрман!!!

-Иккинчиси-фидойилик. Илмингга, санъатга, элингга жонингни ҳам қурбон этишга тайёр бўлмоғинг зарур.

-Бунга ҳам тайёрман!

-Шошма, учинчиси бор. Бу-адойилик.

-Майли, бунга ҳам рози бўларман.

-Бўтам, ошиқма. Сўнггисини ҳам эшит. Тўртинчиси-гадойиликдир. Бунга ҳам тайёрмисан?

Шогирд тараддудланди, бир зум ўйланиб турди-да, деди:

— Устоз, маъзур тутасиз, бошқа пайт бир келарман,-деб эшикка томон йўналди. Шогирдининг мақсадини англаган аллома унга деди:

-Болам, нима қилиб бойисанг бойигин. Лекин илмни, санъатни сабаб қила кўрма! Навоий ҳазратлари не демишлар, тингла!

Илмниким воситаи жоҳ этар,

Ўзини-ю халқини гумроҳ этар. (“Жоҳ” мансаб, бойлик демакдир.)

Шогирд устознинг сўнгги сўзларини эшитгиси ҳам келмасдан кетиб қолган экан. Уқдингми?”

Шу-шу бўлдию, Мурод бахши маслаҳатларини эшитган шогирд қорасини кўрсатмасдан кетиб қолибди. Ақлсиз дўстдан кўра, ақлли душман яхши деб бежиз айтмаганлар. Ноқобил шогирд ҳам устодга иснод келтиради. Шогирднинг кетиши бир жиҳатдан Мурод бахшини хурсанд ҳам этди.

Мурод бахши шогирдлари ичида яна бирини хуш кўрмаса ҳам, каттароқ бир кишининг юзидан ўтолмасдан, унга ҳам меҳрини бериб сабоқ ўргатарди. Унинг ҳаракатларида тенгдошларига ҳасад борлигини сезар, уларни ғийбат қилишини биларди. Бир неча бор танбеҳ берса ҳам шу одатни канда қилмас эди. Лекин унинг соз машқини бошқа шогирдларига қараганда, зиёда эгаллаганига Мурод бахши тан берарди. Фақат унинг табиатидаги нуқсондан дили ранжирди, холос. Бир куни ўзини ёлғиз чақириб, “Болам, араз ва ғараз, ҳасад ва ғийбат кишини ўстирмайди. Булар одамни беобрў қилади, оёғига тушов бўлади. Ғийбатчи ғийбат қилиб семиради, ҳасадгўй ич-этини кемиради”- дея кўп бор насиҳат қилган.

Шогирд дилидаги ғараз, манманлик эндиликда таълим берган устозига қаратилган эди.  Узоқ жойлардан келиб тўй-ҳашамларга, сайил ва байрамларга устозини олиб кетишларидан ғижинарди. Устози биладиган достонларни эгаллаган шогирд тўй-ҳашамларда шерик бўлишни истарди. Унинг хатти-ҳаракатларидан дили ранжиган Мурод бахши бошқа шогирдларини ҳамроҳ қилар, унга асло, ”юргин”, демасди. Устозини кўролмаслик, ғаразгўйлик иллати шогирд дилида тобора илдиз отиб борарди. Устозининг ўзбек, туркман ва қорақалпоқлар орасидаги иззат-обрўсига раҳна солишнинг иложи бўлмаса-да, унинг ўткир нафаси, ўктам овози юрагига ғулғула соларди. Ноқобил шогирд уларни кутиб, мижжа қоқмасдан ўтирар, ҳар хил ўй-хаёллар миясини пармаларди. Бир куни тўйдан толиқиб келган Мурод бахши ўша шогирдига чой келтириб беришни илтимос қилди. Шогирд зум ўтмай устозига чой тутди. Устоз шод бўлиб, “умринг зиёда бўлсин, сувдек сероб бўлгин”,- деб дуо қилди.

Эртасига туманда бўладиган катта бир тадбирда устоз достонхонликни бошлаб берадиган, шогирдлар эса давом эттирадиган эди. Улар ана шу ният билан эртароқ туришди. Бу масъулиятли тадбир Мурод бахшининг юзи-кўзи бўлган шогирдларнинг чиқиши билан республика миқёсидаги тадбирга тайёргарлик ҳам эди. Ҳамма бу сайилни интизорлик билан кутарди. Тумонат одам йиғилган. Ҳатто, марказдан, Маданият вазирлигидан ҳам меҳмонлар бор эди.

Мурод бахши бошидаги чўгирмасини тўғрилаган бўлиб, жамоага таъзим қилиб, қарсаклар садоси остида ўз ўрнини эгаллади. Шогирдлари ҳам гармон, доира, буламон ва дутор билан унга жўр бўлиш учун ёнларидан жой олишди. “Хончиқар” куйи тарала бошлади. Ҳамманинг  юз-кўзида завқ-шавқ ифодаси. Мурод бахши аста достонга ўтди. “Қадим ўтган замонда, элу юрти омонда, Диёрбакир деган томонда Шоҳаббос деган хон ўтган экан. Унинг бир садоқатли Ҳасан отли вазири бор экан. Иккаласининг аёли ҳомиладор экан. Иккаламиз ўғил ва қиз кўрсак, қуда бўламиз, деб аҳду паймон қилишибди…..”

Мурод бахши достонни куйлашда давом этаркан, олдинги шижоати йўқдай эди. Қўшиқ авжларида лоҳаслик сезар, овоз пардаларида қалтираш, панд беришни ҳис этарди. Бўғиқ хўрозга ўхшаш овоз қўшилиб кетарди. Аввалига бу чарчаганимдан бўлса керак, -деб ўйлади.  Кейин пешонасигача тер босди. Тумонат одам олдида шу ноқулайликни енгиш учун ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам эплаш қийин бўлди, шекилли, уни ҳар дамда тушунадиган, жўровоз бўлиб қўшиладиган шогирдига иложсиз, илтижоли кўзлар билан боқди. Тезфаҳм шогирд қўшиқ айтиладиган жойларни ўзи ижро этар, боғловчи сўзларни эса устоз айтарди. Устоз шогирд достонни бир амаллаб ниҳоясига етказишди. Гулдурос қарсаклар янграса ҳам, Мурод бахшининг кўнгли жойига тушмасди. Бу қарсаклар гўёки, уни сўнгги йўлга кузатаётган оломоннинг уввос солиб йиғлаб, чапак чалаётганини эслатгандек бўларди. Шогирдлари хушчақчақ устознинг ҳеч қачон бундай мунгли қиёфада унсиз йиғлаганини кўришмаганди. Бу ҳолат Мурод бахшини анча чўктирди. Уч кун туз тотмасдан ётди. Юрагининг бир парчаси узилгандек эди. Манғитдан номдор табибни келтиришди. Шогирдлари атрофида гирди капалак, ҳаммасини ваҳм босганди. Табиб ҳар хил гиёҳлардан тайёрланган шарбатларни ичириб кўрди. У ёғ, бу ёғини кўриб муолажа қилган бўлди. Қандайдир бир дори бериб, терлаб ухлаши зарурлигини айтди. Шогирдлардан бири “шамоллабдиларми?”-деб сўради. Табиб: “йўқ”,- деб қўя қолди. Нарсаларни йиғиштира туриб, “эртага натижага қараб, жавоб айтаман, ҳеч ким безовта қилмасин, дам олишлари керак”- деди. Ҳамма мижжа қоқмасдан, тонг отишини сабрсизлик билан кутди.

Ниҳоят, кутилган «залворли» тонг ҳам отди. Табиб оғизни очиб, томоқ ва танглайни текшириб нимадир ичирди-да, қайт қилишга мажбур қилди. Сўнгра, “энди яхшиси, достон айтмаганингиз маъқул”-деди юмшоқ оҳангда. Шогирдлар савол назари билан табибга қарашди. Табиб бошини чайқаб деди: “Минг афсус, устозларингизга сурма берилган.” Мурод бахши ўзи гумон қилган ноқобил шогирдига ҳорғин кўзларини тикди ва оғир хўрсинди. Шогирд эса қилган ишидан, қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Мурод бахши эса унга ҳеч нарса демади.

Орадан йиллар ўтди. Устозда олдингидай шижоат, ғайрат сезилмасди. Илтимос бўлган давралардагина достондан парчалар айтарди. Шоир ҳақли эътироф этган: Яхшига қилсанг яхшилик, ҳам айтадир, ҳам қайтадир, Ёмонга қилсанг яхшилик на айтадур, на қайтадур” Қайтади, лекин ёмонлик бўлиб. Шуниси ачинарлида!

Мурод бахши дунёдан ўтганда, ёстиғи тагидан бир парча қоғозга ёзилган араб ёзувидаги ушбу битик чиқди.

Устоз қиларди ҳасрат,

Насиҳат ҳам маслаҳат.

Уч хил шогирдни кўрдим,

Келар бири қошимга,

Бири етар ёшимга,

Ноқобил чиқиб бири,

Шерик бўлиб ошимга,

Ахийри, етди бошимга.

Шогирдлардан биронта

Эга чиқарми лошимга?!

Гина-кудрат қилмадим,

Қаранг, сабр, бардошимга.

Отага хос бағрикенглик, меҳридарёлик Рўзимбек оғани ҳам эл-юрт орасида машҳур қилган бўлса ажаб эмас.

 

                             ЭМАС ОСОН…

Ота-онадан етим қолган фарзанд бир оғиз ширин сўзга илҳақ бўлади. Бошқа болаларнинг отам, онам деб талпиниши етимнинг  юрак-бағрини эзади, дилини ўкситади. Рўзимбек оға шундай эслайди: “Яхши одамлар ҳамма замонларда ҳам бўлишган. Ўшаларнинг кўмагида аввал, Хўжайли, кейин Шоббоз ва Қўнғиротдаги болалар уйида тарбияландим. У пайтлари ўқимишли бўлиш кўп нарсани белгиларди. Агар бошқа бир касб изидан кетсам, юқори курсиларга ўтиришим ҳам мумкин эди. Лекин отамнинг насиҳатлари бир умр қулоғимдан кетмайди. Бахшилар халқ дилидагини куйлайдилар. Бундай одамлар ҳеч замонда ҳам хор бўлишмайди. Халқ кўнглидагини айтган одам ҳар доим ардоқда, ҳурматда. Бахшиликни қадрла ўғлим, кўзимнинг оқу қораси ўзинг.”

Ота ўгити унга илҳом бахш этди. Ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, элга танилишни ният қилди. Мақсадига етди.

Болалар уйида тарбияланаётганнинг аксарияти безори болалар эди. Бир бурда нон учун ҳар хил номақбул ишларни қилишга тайёр эдилар. Улар ёш Рўзимбекни ҳам аврашга, ўғрилик қилишга, наша чекишга, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга ундашарди. Унга дўқ-пўписа қилишар, қўлидаги нонини тортиб олишар, ҳеч тинч юришларига қўйишмасди. У безори болаларнинг ситамларига чидар, уларнинг қилмишларини тарбиячиларга айтишни чақимчилик деб биларди. Бир-икки кун оч қолса ҳам тишини тишига қўйиб очиққан ҳолда жим юрарди. Уни бошқаларга, хусусан тарбиячиларга ёмон кўрсатиш учун ўғирланган нарсаларни Рўзимбекнинг ёстиғи остига қўйиб қўйишарди. У безори болаларнинг  бундай таъна-дашномларига, хўрлашларига бардош берди. Отасининг берган насиҳатлари доимо ёдида, унга берган ваъдасига хиёнат қилишни эп кўрмасди.

Рўзимбек оға ўша дамларни эслаб, дейди: “Безори болалар ўз домига тортиши ҳеч гап эмас эди. Мени соз, яъни скрипка, тор ва дутор чалишим улардан узоқлаштирди. Соз оҳангларида отамнинг нафасини ҳис этардим. Отам руҳи менга ҳамроҳ эди. Гўё унинг қўллари қўлимга, кўзлари кўзимга, овози овозимга, насиҳатлари юрагимга кўчган эди. Тарбиячилар мусиқий асбобларни яхши чалишимни билгач, улар менга алоҳида эътибор билан қараша бошлади. Тўгаракларда болаларга соз чалишни, қўшиқ айтишни ўргатишни менга юклашди. Шу аснода, улар мендан кўз-қулоқ бўлиб туришар ва меҳр билан қарашарди. Нимага эришган бўлсам, бало-қазолардан омон қолган бўлсам, барига соз орқали эришганман, у менинг бир умрлик овунчоғим, ҳамрозим десам муболаға бўлмас. Чунки, соз ушлаган кишининг нияти хайрлик, чунки касби нуқтаи назаридан у хурсандчилик кунингизда шерик бўлади.”

Ирода қатъийлиги, эътиқоддаги собитлик Рўзимбек оғани улуғ ва қутлуғ мақсадларга етакларди.

     

                          ЙИЛЛАР ВА ЙЎЛЛАР

1947 йил. Чоржўй – Қўнғирот темир йўлини қуриш ишлари жадаллик билан бормоқда. Барча куч шунга сафарбар қилинган. Юрагида ўти, билагида кучи бор деганларнинг аксарияти енг шимариб темир йўл қурилишида камарбаста эди. Ёш Рўзимбекка  уч-тўртта эчкини боқиш вазифаси юкланганди. У темир йўл қурилишидаги ишчилар тушликка чиққанларида, дам олиш пайтларида достонлардан парчалар куйлаб уларни хурсанд қиларди. Улар ҳордиқ чиқазиб ишга отланганда, у ҳам эчкиларни ўтлатишга олиб кетарди. У баъзан кенг ястаниб ётган чўл узра тортилган темир йўлларга соатлаб тикилиб ўтирарди. Йўллар манзилларни манзилларга боғлайди. Инсон умр йўлларида эса мураккабликлар мавжуд. Темир йўл узоқ манзилларга тортилган. Шаҳарларни бир-бирига туташтиради. Баъзида инсон қалбини бир-бирига боғлаш осон эмас. Уларнинг бир-бирини англамаслиги, аниқроғи, англашга интилмаслиги ажабтовур. Инсон ҳаёти давомида текис, равон йўллардан кўра, кўпроқ ўнқир-чўнқирлардан ўтиб,  сўқмоқлардан юришига тўғри келади. Инсон умрини довонлар оша илгариланма ҳаракатга қиёс қилган Рўзимбек оға кўпинча Фурқат Насруллонинг ушбу битикларини бот-бот ўқиб турарди.

Инсон ўтиб борар, узундир йўллар,

Гоҳида қоқилар, гоҳ тақдир қўллар.

Ортинга разм сол, фикр қил, инсон,

Сендан нима қолди, боғларми, чўллар?

Ана шундай ўй –хаёллар, отасидан эшитган достонлардаги қаҳрамонларнинг ҳаёти ҳақида мулоҳазаларга чорларди уни.

“Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан қаттиқ таъсирланган Рўзимбек бир куни ўзини Ғарибсифат ҳис этиб, чўлга чиқиб кетади. Сўнг ҳориб чарчаб, ёнтоқ тагида ухлаб қолади. Қум тўзонлари уни кўмиб ташлаган эди. Қазувчилар қум барханларидан ўтиб кетишаётганида, қум остидан чиқиб ётган тўннинг барига улардан бирининг кўзи тушади. “Ҳой, буёна галинглар, бировни гўмиб гетибдилар.”- дея чорлайди. Қум тагидан зўрға тортиб олишади. Қарашса, Рўзимбек юзлари қум аралаш музлаган куйи донг қотиб ётарди. Яхлаган юз–қўлларини уқалаб бир амаллаб ўзига келтиришади. Уйғотишганида алаҳсираб, “Ғариб-Шоҳсанамни топмадингизларми?” дермиш.  Ҳамма бирданига кулиб юборибди. Ҳазилкаш қазувчилардан бири эса, “Йўқ, ҳозирча Ғарибни топдик, Шоҳсанамни излаяпмиз”- деб ҳаммани яна кулдирибди.

Эти увушаётган Рўзимбекнинг лаблари пичирларди:

Мусофирман бўлдим Ғариб,

Мизғиб қолдим, чарчаб, ҳориб,

Қум остида қолиб кетдим,

Ғарибни ахтариб бориб.

Шу пайт бобоси кўп бор такрорлагувчи Қул хожа Аҳмад Яссавийнинг “Ғариблиғда Ғариб бўлган ғариблар, Ғариблар ҳолини билғон ғариблар- деган мисралари ёдига тушди.

Кейинчалик, бу ҳолатдан таъсирланган  маънавият фидойиси, шоир Сафо Очил бахшига шундай бағишлов қилганди.

Бепоён саҳрода, қумнинг остида,

Чопоннинг бир чети турар кўриниб,

Хўрсиниб-хўрсиниб, кимдир дафъатан,

Ётар ўзи билан ўзи уриниб.

 

Саҳро куйлар санам ишқида чеккан,

Бечора Ғарибнинг ночор дардини.

Кўк узра булутлар қовоғин уйган,

Намойиш қилгандай замон гардини.

 

Қум остида ётган ким бўлди, ким у,

Қандай куйга тушди инсон боласи?

Озор берар, уни эзғилаб қайғу,

Саксовулни ялар ўтли ноласи.

 

Қум остидан уни олишди шу тоб,

Тирик экан бул зот, қандайин яхши!

Шу-шу бўлди Ғариб, Санамни ёдлаб,

Куйлаб юрар бизнинг Рўзимбек бахши!

 

Йил ва йўл. Бу иккала тушунчанинг боғлиқлик нуқталари кўп.  Инсоннинг ҳар бир ёши, йили янги йўлга қадам демакдир. Йилнинг фасллари, ой ва кунлари бор. Иссиқ ва совуқ, булутли, ёмғирли, қорли…  Инсоннинг умр йўлида ҳам ана шундай “иқлим” ҳамроҳ. У бир кун шод, бир кун ғамгин. Бирига бардош беради, бирига сабр тоқати етмайди. Бир кун суюнади, бир кун куюнади ва ҳоказо. Рўзимбек оғага достондаги назм ва наср доимий қурол бўлди. У билан сўзлади, у билан бўзлади, билан давра тузди, у билан дўст орттирди, мухлис кўпайтирди. Шу аснода эл ишончининг қозонди.

Шоир Шуҳратнинг ушбу мисраларини шу ўринда илова қилгим келди.

Насру назм икки кўзим, Иккисига бир юрак,

Темир йўлдек қўша изим, Паровози мен ўзим.

Узоқ йиллар Хоразм достончилик мактабини тортиб юришга қудрати, ғайрати бор ҳали Рўзимбек оғанинг.

 

                            МИННАТДОРЛИК

Рўзимбек оға ҳамон одимламоқда… Хаёллар гирдобига шўнғийди. Ким эдику ким бўлдик? Ўз ишидан, умридан мамнун. Баъзан беғараз, беминнат ёрдам қўлини чўзган инсонлар олдидаги қарзини уза олмаганидан афсусланарди, холос. Қанийди, улар тирик бўлса, худди шу дамларда унга шерик бўлса…

— 1948 йили Тошкентга келишимга иккита сабаб бўлди. Бири санъатни ва санъаткорни қадрлайдиган иқтидорли шоир ва драматург Султон Акбарий бўлса, иккинчиси дутор ва мандалина чалишда Қорақалпоғистон бўйича эътиборли ўрин ва совринга эга бўлишим эди. Республика миқёсида ўтказиладиган мусиқий ижро бўйича  олимпиадага тайёргарлик жараёнлари кетаётган пайтлар эди. Ҳамма вилоятлардан, жумладан, мусиқа санъатига лаёқати кучли бўлган ёшларни пойтахтга жалб этиш бошланганди. Қорақалпоғистон ёшлари бўйича мутасаддилик қилган Султон Акбарий Нукус, Қўнғирот ва Хўжайли ёшлари орасида соз чалиш уқувига эга, муҳими, созни яхши кўрадигани шу экан деб мени самолётда Тошкентга олиб келган. Самолётдан тушганимда, менинг иситмам баланд эди. Болалар сени қолдиришлари мумкин, деб термометрни силкиб-силкиб  36 градусга келтириб қўйишарди. Қўлтиғимга тиққан заҳоти яна 39 градусга чиқиб кетарди. Ҳароратим баландлигидан хабар топишгач, мени Тахтапулдаги касалхонага олиб боришди. Дори-дармон бериб. укол қилишди. Уларни топишим керак деган ўй билан ўрнимдан туриб,, уларга сездирмасдан трамвайга чиқдим. Трамвай олдинги Туркман бозорига олиб борди. Тушиб бозор атрофини айландим. Яқин орадаги райкомсомол идорасига бошлаб боришди. Комсомол билетимни кўрсатиб мақсадимни англатгач,  улар Шаҳар пионерлар саройига кузатиб қўйишди. Етиб борсам, ҳамроҳ бўлиб келган болалар ҳаммаси ўша ерда экан. Бирдан иситмам ҳам тушиб кетди. Уларни топганимдан қувониб кетдим.

Султон Акбарий беминнат ёрдамлар кўрсатган, олижаноб фазилатларга эга инсон эдилар раҳматлик. У менга ўз фарзандларидек меҳр билан қарарди. (Уларнинг ягона  ўғиллари бўлиб ёшлигида қазо қилган экан.) Уларнинг уйида турганимда, аёллари ҳазиллашиб мени “Хўрозвой”-деб чақирардилар.  Уй юмушларига ёрдам бериб юрардим, бўш қолдим деганча, соз машқини қилардим. Тошкент шевасига, айрим сўзларга олдинига тушунмасдан қийналдим. Кулгили ҳолатларга ҳам тушганман. Улардан бири шундай. Кўпроқ хоразмча шевада гаплашганимиз учун адабий тилни ҳам унчалик билмаслигимни сездим. Султон аканинг аёллари мени  чорлаб пул бердиғда, -Хўрозвой,  памилдори олиб келгин, деди. Мен, хўп, дедимда кўчага отландим. Олдинига памилдори нима экан деб таажжубга тушдим. Ҳойнаҳой қандайдир дори бўлса керак деб ўйладим-да, дорихонага йўналдим. Оқ халатда турган бир жувондан сўрадим.

-Сизда памилдори борми?

-Тушунмадим, қанақа дори дединг?

-Памилдори, дедим таажжубланиб.

-Унақаси бу ерда бўлмайди, мен билан ҳазиллашаяпсан, шекилли?

-Ҳазиллашаётганим йўқ, памилдорингиз бўлса барингда, нишатасиз мани қийнаб, дедим чўрт кесиб.

У шевамдан шаҳарлик эмаслигимни билди-да, жилмайган куйи юмшоқ оҳангда “Памилдори бу помидор дегани, ука. Уни бозордан, озиқ-овқат дўконларидан сотиб оласан”, деди ётиғи билан тушунтириб. Мен қизариб кетдим. Озиқ-овқат деган ёзувли дўконни излай бошладим.

Бир пайт не кўз билан кўрайки, бир дўкон пештоғига “Озиқ-овқат моллари” деб ёзиб қўйилган экан. Хоразмда мол деганда, сигир тушунилади. Мен яна қовун тушириб қўймай дегандай хавотир билан магазин деразасидан ичкарига назар ташладим. Ҳеч қандай сигирга кўзим тушмагач, хотиржам бўлиб ичкарига кирдим ва помидор харид қилиб уйга қайтдим. Бўлган гапни айтиб берсам, Султон ака ва аёли роса мириқиб кулишди.

Султон ака уйига келганларида негадир хомуш бўлиб қолардилар. Дардини ҳаммага достон этишни хуш кўрмайдиган, ҳамма нарсани ичига ютиб юрадиган одатлари бор эди. Бир куни ҳазин бир куйни чалишимни сўраб, хонамга кирдилар. Ранглари синиққан, юзлари оқарган, ҳорғин кайфиятда эди. Куйни кўзларини юмганча, берилиб тинглардилар. Қошларининг чимирилиши, онда сонда қошлари орасидаги ажинларнинг қуюқлашиб кетиши кўпроқ дардманд одамни эслатарди. Куй ниҳоясига етгач, лаблари пичирлади:

Ҳаёт бу аслида борлиқ, тириклик,

Ғам ҳамда шодликка бўлган шериклик.

Ёрингнинг дардига малҳам бўлмасанг,

Айтиларми, бундай ҳаёт кераклик?

У хўрсинди, бир “уҳ” тортиб қўйди. Унинг хўрсинишида негадир иложсизлик ҳолати сезилиб турарди. Унга монанд тарзда мен ҳам ушбу мисраларни хиргойи қилган бўлдим. “Ҳаёт бир дарёдур, тўлқини бордур, Унга бардош, сабру тоқат даркордур”.

У кўзини очди ва деди: Дарё тўлқиники, доимий мавжкор…

Унга шу онда ҳамроз бўлдимми, юрагини оча бошлади. Суқрот  деган ўтган Юнон томонда, эшитганмисан? – сўради мендан.

-Ҳа, донишманд, файласуф бўлган,- дедим унга саволомиз боқиб…   У давом этди.

-Ўша шундай ёзганлар. “Аёлинг яхши бўлса, сенга куф-суф, Ёмон бўлса, бўларсан файласуф”.

Мен ҳам қўшилдим, уни Хоразмда бошқачаси бор.

-Хўш, хўш, деди қизиқсиниб. Хотининг яхши бўлса худой бергани, ёмон бўлса худой ургани. У мириқиб кулди, сўнг давом этди. -Аёли Ксантиппанинг “ғиди-биди”ларидан безор бўлган Суқрот бир куни дили хуфтон бўлиб, жанжалдан безиб, хомуш ҳолда уйидан чиқиб кетаётса, иттифоқо, бирон айби сабаб дарахтга белидан боғлаб қўйилган аёлнинг жасадига кўзи тушиб шундай деган: «Эй тангрим, қанийди, ҳамма дарахтлар ҳам шундай ҳосил берса?!»

Кулишдик. Яна давом этди. -Шарқда ҳам бир донишмандга шу масалада осон бўлмаган экан. У шундай ёзган:

Одам   дар беҳишт ёфт нуқсон  аз зан,

Вайрон шўдани тахти Сулаймон аз зан,

Юсуф  дар балойи чоҳи зиндон  аз зан,

Симурғки, дар Кўҳиқоф   нолон  аз зан.

Англадингми, ўтмишда учта пайғамбарнинг фалокату ҳалокатига  аёл сабабчи бўлган экан. Одам алайҳиссаломга Ҳовва онамиз, Сулаймон пайғамбарга Билқис, Юсуф пайғамбарга Зулайҳо.

-Нега эслаяпсиз, уларни, -дедим. Султон ака шунчаки, айтдим, қўйдим-да, -деб қўя қолди. Кейин билсам, Султон ака Ўзбекистон мадҳиясини ёзишга киришган, унга “Салламно” деб ном қўйган, лекин афсус у тасдиқдан ўтмаган экан.

Султон ака менга ижодий имкониятлар яратиб берган, оғир дамларда қўллаган, йўллаган бебаҳо инсон эдилар. Руҳлари шод бўлсин.

Тошкентга келиб иккинчи бир учратган олижаноб инсон, ёзувчи, шоир Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек эди.

Улуғ кишининг ўзи ҳам, сўзи ҳам қутлуғ бўлади, деганлари рост. Атоқли ёзувчи Ойбек билан учрашувим, қўшни  бўлиб турганим, ҳикматомиз суҳбатларидан баҳраманд бўлганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ойбек умрининг охирги пайтларида қаттиқ касалликка чалинган бўлиб, дудуқланиб гапирарди. Жуда қисқа, декин донишмандона сўзларди. Айрим сўзларни англаш қийин бўлиб қолса, аёллари Зарифа опа нима деяётганларини лаб қимирлашлариданоқ англаб, айтиб берардилар.  Айниқса, Зарифа опанинг Ойбекка бўлган меҳрлари зиёда эди. Кўнгли тусаган нарсани муҳайё қилар, ёнларида андармон бўлардилар. Бир куни Ойбек “Созчи йигитни чақиринг”,- деб Зарифа опа орқали мени йўқлатибдилар. Борсам, достон куйларидан чалиб беришимни айтдилар. Мен достонлар сўзи ва куйларидан ижро қилдим.  Сўнг яна бир илтимосим бор, деди. Мен қулоқ тутган бўлдим.

— Ўғлимга скрипка чалишни ўргатинг, деди синиққан овозда.  Мен “жоним билан”- дедим. Ойбекнинг кўзларида ёш қалқди.  Касаллик тўшакка боғлаб қўймаганида, у кўп хайрли ишларни амалга оширишини, ушалмаган орзу-армонлари борлигини нигоҳларидан англаб олиш қийин эмас эди. Ана шундай ҳолда ҳам Зарифа опанинг кўмагида қанчадан қанча роман ва шеърий асарлар битдики, ақл лол қолади. Муболағасиз айтишим мумкинки, у кишидаги ирода, сабот ва матонатни мен ҳеч кимда кўрмаганман. Ойбек ва Зарифа опага қараб туриб, бир-бирларига боғланган иккала инсоннинг меҳри, муруввати ҳақида асарлар яратилса экан дердим. Баъзан бахши бўлиб достон яратмаганимга афсусланаман.

Ҳар бир инсонда истеъдод учқунлари бор. Уни ўзи сезмайди, сезса ҳам вазиятни баҳона қилиб алангалатмайди, ёндирмайди деган донишмандлардан бири. Ойбек ака бетоб бўлишига қарамасдан, ёзувчи сифатида нимадир қолдириш кераклигини  англаб тинимсиз меҳнат қилар, заҳмат чекарди. Ёзувчининг ёзиши, ёниши, санъаткорнинг хониши билан уйғун бўлишини хуш кўрардилар. Достон куйлари ва қўшиқларини тинглаш жони дили эди. Ойбек ёзув-чизувдан чарчаса, ёки меҳмонлар, ёру биродарлари келадиган бўлса, албатта мени чақиртириб меҳмонларга скрипкада куй чалиб беришимни илтимос қиларди. Скрипканинг ғилофи оддий панердан ясалган ва қизил рангга бўялган эди. Ҳозиргидек дермантен қоплатиш қаёқда дейсиз.  Трамвайда ҳам, кўча куйда ҳам уни қўлтиқлаганча юрардим, ишга бориб келардим. Деярлик кунора Ойбекнинг уйига бориб туришимни, ёзувчига қўшни яшашимни билган ҳамқишлоқларим “Ойбекнинг ўғлига айланибди, куёви бўлибди” деган миш-мишлар ҳам тарқалибди. Қишлоққа борганимда шундан хабар топдим.

Бир куни Ойбекнинг ўзи мен билан боғлиқ бир воқеани айтиб берди. Ойбек ўсмоқчилаб гап бошлади. “Келиннинг насл-насабини, куёвнинг касб-корини сўраш улар балоғатга етгандан кейин бошланарди. Сени куёв қилмоқчи бўлганлар чиқаяпти. Ўтган куни яхши йигитми деб сен билан қизиқсиниб кетишди. Мен бахши йигит, йигитларнинг нақши йигит, демак, албатта яхши йигитда, дедим. Яхши билан, бахши билан юрсанг етарсан муродга, деб мақтаб юбордим. У ёқ, бу ёғингга қараб юр, мухлисларинг харидорингга айланди, тағин мени уялтириб қўйма” деди ҳазиломуз оҳангда. Мен Ойбек сингари улуғ ёзувчи билан суҳбатлашганимдан, у кишининг эътиборига тушганимдан ҳануз фахрланиб юраман.

                              МАЛҲАМ

Бахши ҳақида китобчани тайёрлашга киришарканман, бу хайрли ишга туртки бўлган яна бир воқеа ҳақида гапирмасам бўлмас, кўнглим ҳам тўлмас.

Бувим-Розияжон Машариф қизининг кўзлари нобино эди. Улар туғма кўзи ожиз эмас эдилар. Бунинг тарихи узоқ. Улар урушга кетган боласини умрининг энг сўнгги дамларигача кутиб яшади. “Балоғат ёшига етмаган боламни ёшини катта қилиб кўрсатиб ўзларининг болаларини ўрнига урушга жўнатишди. Арзимни кимга айтай”, деб нолаи зор қилардилар. Йиғидан, кўз ёшининг йўқолишидан шундай ҳолга келган дейишганмиш шифокорлар. Улардан нолиниб, бир кўзим кўрар эди, уни даволаш учун буни ҳам операция қилишимиз керак, деб иккала кўзимни ҳам нобино қилиб қўйдилар, деганларини кўп бор эшитганман.

Умид умрни узайтиради деган гап беҳуда айтилмаган экан. Тўқсон ёшларида, дунёдан кўз юмаётганда ҳам, ўғлини эслаб “Нуридийдам, болам Холмурод келмадими?”- дея жон берганлари ҳамон ёдимда. Ўғлининг бедарак йўқолгани ҳақидаги шумхабар уни умри мобайнида қийноққа солиб келди. Қирқ беш йил ёруғ дунёни кўрмаслик, ўзи яшаган уй, боғу роғларни, фарзанд ва неваралар, қариндош-уруғлари дийдорини яна бир кўрармиканман, деган илинж билан яшаш машаққатини ҳис этиш мумкин, холос. Баъзан бу изтиробларга тоғу тошларгина бардош беролади- деб ўйлайман бувимнинг кўзларидаги ёшларини кўриб. Йиғлай-йиғлай кўзлари ожиз бўлиб, тамомила кўрмай қолган бувимга осон бўлмаганини билганлар билади. Дардни чеккан табиб, ондин давосини сўранг. Бежиз айтилмаган бу гап. Унинг ғамига малҳам бўладиган иккала қизидан бошқа фарзанди йўқ эди. Бувим бир куни менга деди: Машарифнинг умри узоқ бўлгай, дизи охтиқ севгай кўп хайрли ишларга бош-қош бўлиб юради. Машариф ака колхоз радиоузелида ишлар, ҳаммани симёғочга ўрнатилган радиокарнай орқали тараладиган дил тортар наволар билан уйғотарди. Субҳидам Рўзимбек Муродов ижросидаги “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонини қўярди. Достоннинг таъсирли ижроси ҳар бир радиотингловчини ўзига ром этмасдан қўймасди. Мен ҳам бувим билан биргаликда эрта уйғонардим. Достон воқеалари, қаҳрамонлари барчаси кўз ўнгимдан бир-бир ўтарди. Бувим эса достоннинг айрим жойларини кўз ёши қилиб эшитарди. Эна, йиғлаяпсизми, десам, -юрагим бардош бермайди болам, деб қўярди. Аслида достондаги Ғарибнинг онаси билан унинг қисмати орасида уйқашлик бор эди. Боласидан айро тушган онанинг аянчли тақдирини тасаввур этиш қийин эмасди. Она-боланинг дийдорлашув жараёнларидаги суҳбатлари унга малҳам бўларди. Худди ўзлари ҳам узоқ муддатли айролиқдан сўнг ўз фарзандини бағрига босгандек бўларди. Мактабдан қайтганимда бувимга сездирмасдан, уйга кириб келардим. Бундай ҳолда улар одатда ухлаётган бўлардилар. Ёнларига яқинлашсам, кимдир келганини сезгандай қулоқ тутиб турардилар. Сўнг бошларини ёстиққа қўйган кези пинакка кетардилар. Баъзи пайтларда эса Ғарибнинг онаси тилидан айтиладиган қўшиқларни хиргойи қилаётганларини кўп кузатганман. Ҳатто, ушбу қўшиқ менга ҳам ёд бўлиб кетганди.

Узоқ элдан келган азиз, меҳмоним,

Ўғлимга ўхшайди овозинг сенинг,

Тез хабарин бергил чиқмасдан бурун,

Боламга ўхшайди овозинг сенинг.

 

Бир болам кетибдур, ҳолим кетибдур,

Давлатим кетибдур,борим кетибдур.

Ғарибжоним менинг ўғлим кетибдур,

Ўғлимга ўхшайди овозинг сенинг.

 

Бувимнинг хотираси ниҳоятда кучли эканига ўшанда амин бўлганман. Достончининг таъсирида у аллақачон Ғарибнинг онаси қиёфасига айлангандилар. Гўё Ғариб ва Шоҳсанамни “муроду мақсадига етказган” бахши унинг ўғли ҳақида ҳам хушхабар берадигандек эди. Ёши тўқсонларга яқинлашган бувимнинг мунгли, киртайган кўзларига тикиламан. Унда саботни, умидни, ўғлига талпинган қалбнинг энтикишини туяман. Улар кўпинча, ушбу мисраларни хиргойи қилганча, уйқуга кетардилар. “Кўзим йўқ юзинг кўрмакка,  Мажолим йўқдур юрмакка, Қарорим бўлмас сўрмоққа, Нолишинг ўғлима мангзар, Келишинг болама мангзар…” “Ё жаббор, ё саттор, сизда каромат дилдор, Бандаларингиз кўзи уйқуга кетганда, келган балони қайтар. Куф-суф. Ётгаймиз имон билан, тургаймиз азон билан”.

Ҳанузгача ушбу достонни тингласам, бувим кўз олдимга келаверади. У менга “бедарак кетган болам келса, ёнимга олиб бор, кутаяпман”, дегандек бўлаверади.

Ўзига хос ижро услуби, маҳорати билан достонни маромига етказиб ижро этган бахшининг қудратига ич-ичдан тан бераман. “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” деган ҳадиси шариф ҳуда-беҳуда айтилмаганлигига амин бўласиз.

Бувим сингари фарзанди фироқида изтироблар тортган юзлаб оналарнинг фарёди қулоғим остида жаранглагандек бўлади. Ўз сози ва сўзи билан эзилган дилларга таскин, қалбларга малҳам бўлган Рўзимбек оғага меҳримиз ошиб, оналарнинг жигарбандлари билан ораларига айролиқ солган уруш ва қирғинбарот ҳаракатларга нафрат ва қаҳримиз кучаяди.

 

                   ДОСТОНЛАРИМ-БЎСТОНЛАРИМ…

 

Яратган ҳар кимга нимадандир ризқ-рўз беради. Ҳар кимнинг касби, ҳунари уни ундиради. Шунинг учун ҳам “касбингдан камол топ”- дейишади. Кимдир топарман, кимдир тутарман бўлиб яшайди ҳаётда. Тирикчиликни боис қилиб касб-ҳунарини бошқа бир мойлироғига алмаштирадиганлар қанча. Эътиқодда собит, ўз касбига садоқатлилар ҳар қандай шароитда ҳам ўз севган машғулотини тарк этмайдилар. Бошқа юмуш қўлидан келган тақдирда ҳам уни ўзига эп кўрмайдилар. Халқ достонларини кўнгил бўстони дея билган Рўзимбек оғанинг завқ-шавқи, умр мазмуни бахшичилик билан боғланган. Бунинг боиси нимада экан деган саволга жавоб бор. Жавоб у куйлаган достонларда. Унинг ижодий барномасидаги турли мавзудаги достонлар таҳлилига бир назар ташласангиз, ана шунга амин бўласиз.

         БЎЛМАСА ИШҚ ИККИ ЖАҲОН БЎЛМАСУН…

Кундалик ҳаётимизда севги, муҳаббат, ишқ тушунчаларига кўп бор қўллаймиз. Назаримизда, бу тушунчаларнинг қадри пасайиб кетаётгандек. Энди “унинг қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас”, деса шоир фикрига қўшилгингиз келади.

Ўтмиш битикларда куйланган Зариадр ва Одатида, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Ромео ва Жульетта, Отабек ва Кумушлар севгиси афсонага айланган ҳақиқат эканини биламиз.

Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанамларнинг севгиси қанчадан-қанча авлодларга ибрат бўлиб келгани ҳақ. Не-не йигитлар ўзини Ғарибга, қизлар эса Шоҳсанамга қиёс қилиб номалар битишган. Улар муҳаббатидек севгини ният қилишган. Даврлар алмашиниши билан бу тушунчалар ўзгача либосга бурканди.

Ошиқ Ғариб, Шоҳсанам,

Бўлди дилларга малҳам,

Уни куйлаб бахшилар,

Эл ичинда яхшилар,

Элни қилганлар хуррам,

Кетказиб қайғу алам.

“Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достони соф муҳаббатга, эзгуликка йўғрилган достондир. Ошиқона ҳиссиёт устувор унда.

Уни чин маънода ишқнома дейиш мумкин. Алишер Навоий ҳазратларининг “Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, икки жаҳон демаки жон бўлмасун”, деган фикрларида  инсонлараро севги- муҳаббат олий чўққиси — яратганга бўлган ишққа айланмаса, у ўткинчиликка юз тутади. Акс ҳолда, олам ва одамнинг моҳияти ҳам йўқ. Риёзат, машаққат чекмагунча ҳақиқат висолига етиб бўлмас. Соф муҳаббат манзили ҳам ҳақиқат манзилига яқин. Унга тирик етганлар ва ўлим билан етганлар ҳам бор.

Бу достон севишган икки қалбнинг изтироблари ҳосиласи, муродлари тантанаси. Ушбу достон сюжети сайёр характерга эга. У ўзбек халқи орасида қай даражада машҳур бўлган бўлса, туркман, қорақалпоқ ва озарбайжон халқлари ўртасида ҳам ана шундай қийматга эга. Табиийки, муайян бир достон қанча вариант ва версияларига эга бўлса, у мавзу, шакл жиҳатидан халқларни яқинлаштиради ёхуд уларнинг дунёқараши орасидаги муштаракликни билдиради. Халқлардан халқларга кўчиб ўз умрини қайси элда, қайси тилда бўлса-да, кечираётган экан, унда қандайдир ҳикмат бор.

“Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достони замирида икки қалбнинг бир-бирига бўлган оташин муҳабббати ётади. Улар орасидаги соф севгининг ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши, охир оқибатдаги ғалабаси тараннум этилади. Умидбахш, муродбахш халқ идеали бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас.

Достоннинг номланишидаёқ, асар сюжетига ишора бор. Ҳасан вазирнинг ўғли Ғариб деб номланади. Ғариб юқори табақали кишининг фарзанди. Лекин унинг айнан шундай дейилишига боис достонда у худди номи акс эттиргани каби воқеа-ҳодисотларни ғарибликда бошидан кечиради. Демак, исми жисмига монандлик маъноси халқ даҳосининг муҳим хусусиятларидан биридир. Отасининг ўлими унинг хор-зор бўлишига, бошини олиб ўзга юртларга кетишига сабаб бўлади. Ўз сўзи, ўз мартабасига эга бўлган Ҳасан вазирнинг ўлимидан сўнг унинг оиласига эътибор аввалгидек бўлмайди. Тириклигида соясига салом бериб юрганлар ўтгандан сўнг, унинг оиласидан хабар ҳам олишмайди, балки таъна-дашномлар қилишади. Бу билан халқ улуғ бир ҳақиқатни инсон учун ўткинчиликка юз тутадиган нарса бу амал ва бойлик эканини уқтирмоқчи бўлади. Дунё омонат, лекин унда ғанимат бўлгувчи нарсаларни эслатиш орқали одамзотнинг фоний ва боқий нарсаларни бир-биридан ажратолмаслиги ожизлиги экани айтилади.

Адашмасам, ёзувчи Тоҳир Маликда ўқигандим шунга ўхшаш парчани. Менинг уйим, менинг мулким, менинг хазинам деманг, уларнинг ҳеч бири сизники эмас, сизга содиқ эмас. Уни орқалаб кетолмайсизку. Қўлинг очиқ келмиш, кетгунг шу ҳолат. Ҳатто, менинг қўлим, менинг кўзим, менинг бурним, менинг қулоғим, менинг оғзим, менинг оёғим дейишга ҳам ҳаққингиз йўқ. У ҳам сизники эмас. Унинг ҳақиқий эгалари лаҳад қуртларидир. Ундай бўлса биз нимага келдигу, нимага кетамиз? Бизга боғлиқ ҳеч нарса йўқ эканда?! Бор. Сизни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам асрайдиган нарса бор. Бу иймондир.

Ҳасан вазирнинг вафотидан сўнг, фарзандларига етим тамғаси босилади, юртдан ҳайдаб чиқарилади. Мусофирчилик, ғариблик асарнинг бош қаҳрамонларидан бирини не куйларга солмаганини достонни эшитиш ёки ўқиш орқали билиб оласиз.

Шоҳсанам исми эса аслзодалардан эканига ишорат бор. Лекин шоир тили билан айтганда, севги шундай кучки, у шоҳни ҳам гадо қилур деганларидек, Ғарибга руҳан боғланган. У Шоҳваладни рад этади. Вафо, садоқатнинг рамзига айланади. Иккала қаҳрамоннинг бир-бирига бўлган талпиниши орқали насл-насаб, чегара, макин-макон билмас муҳаббатнинг моҳиятини ифодалашга қаратилгани, халқ закосида соф севгини тараннум этилгани аниқ.

Достоннинг бош қаҳрамонлари доно халқнинг ўзлиги, орзу-умидлари, мақсад — интилишларининг ифодаси сифатида ҳаракатланади. Уни ўтга ҳам, чўғга ҳам, сувга ҳам солиб олади. Омон сақлайди. Муҳаббатга садоқат ҳақиқатга эришиш йўлидаги муҳим довон. Ишқий достонларда ана шу линия қизил ип бўлиб ўтади. Эзгуликни алқаб, ёвузликни қарғаб ўтувчи халқ достон қаҳрамонлари орқали ана шу тушунчаларга ўзининг муносабатини билдириб ўтади.

Ҳар қандай изтиробнинг орқасида роҳати борлигини, ҳаддан зиёд шодлик кетидан ғам келиши мумкинлигини эслатиш халқ донолигининг белгиси. “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” деган халқ нақлида ҳам ана шу мақсад ётибди. Бу орқали дунё мувозанатга қурилганини, ҳар нарса-ҳодиса ўз меъёри, ўлчовига эга экани ҳақидаги ҳақиқатни англаб олиш қийин эмас.

Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ушбу тўртлиги шу борадаги фикримизга ойдинлик киритса ажаб эмас.

Узлуксиз шодлик ҳам келтиради ғам,

Ҳаддан ортиқ базм мисоли мотам,

Ҳар нарса меъёрдан ошмаса яхши,

Ҳаддан ошса, ўтдан баттарроқ сув ҳам.

Англашилаяптики, кажрафтор фалакнинг ўйинларига бўйин бўлган инсон омонат дунёда ғанимат бўлгувчи нарсаларни билиши, шунга яраша амал қилиши таъкидланмоқда. Фалак чархи сизни ўз измига бўйсундириши ҳақ.

Ғариб ва Шоҳсанамнинг изтиробли ҳаётини достон ниҳоясида хурсандчилик билан алмашиниши ҳам шу фикрни тасдиқлайди.

Муҳаббатни тараннум этувчи достонлар кўп. Аслида, ҳар бир асарда ана шу туйғуни ё у шаклда, ё бу шаклда акс этишини сезиш мумкин. “Билсанг, дунёда яшайди шоир, оламда муҳаббат борлиги учун”-дейди шоир.  Ҳоди Тоқтош “Муҳабат ўзи эски нарса, лекин уни ҳар бир қалб янгилайди”-дейди. Ишқий достонларда ҳар хил усулда, ҳар хил шаклда, ҳар хил қаҳрамонлар қиёфасида боқийликка йўғрилган муҳаббатнинг тантанасини кўриш мумкин.

Достоннинг Рўзимбек бахши Муродов куйлаган варианти мисолида баъзи бир мулоҳазаларни билдириб ўтишни мақсадга мувофиқ кўрдик.

Достон анъанавий зачин билан бошланади. Замон, макон ва инсон таърифи билан давом этади. Достоннинг халқ китоби вариантларида сал бошқачароқ. Унда таъриф этиладиган жой ва хон ҳақида бир мунча кенгроқ тўхатилади. Достоннинг бахши вариантида эса аниқлик ва қисқалик бор. Бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки, оғзаки нутқ лўнда ва ихчамликка, тингловчини зериктирмасликка қаратилган бўлса, ёзма нутқ эса ўз моҳиятига кўра, бир мунча кенгроқ тафсилотларга, фикрни оборотли жумлалар изоҳлаш ва мумтоз адабиётга хос китобий жумла ва арабча, форсча сўз ва ибораларни қўллаш билан изоҳланади.

Бахши варианти икки ярим соат ижро этилади. Унда жами 35 та қўшиқ бор. Оғзаки вариантнинг оммага таъсири, албатта бахшининг ижроси, импровизацион иқтидори ва тингловчилар билан илиқ мулоқотига боғлиқ.

Достонда бир неча анъанавий мотивлар мавжуд. Унда халқ эртакларига хос тотем ҳайвонга дуч келиш, уни илоҳийлаштириш ва шу асосда ниятларни боғлаш, аҳди паймон қилиш каби мотивлар орқали воқеалар жонланади.

Подшоҳ ва вазирнинг овга чиқиши ва ҳар иккаласининг бўғоз кийикка дуч келиши, иккаласининг ҳам хотини ҳомиладор бўлгани боис уни отмаганлиги ният ва мақсадларнинг бирлигини англатади. Натижада Шоҳаббос бу ҳолатни тасодифий эмаслигини англаб Ҳасан вазирга шундай дейди: -Эй, Ҳасан вазир, иккаламиз тилакдош эканмиз. Менга ҳам шу кийик учраган эди. Мен ҳам отмадим, кел иккаламиз қуда бўлайлик, менинг қизим бўлса, сенинг ўғлинг бўлса, иккови жуфт бўлсинлар. Агар иккови ўғил ёки қиз бўлса, дўст бўлсинлар, деб шу ернинг ўзида аҳднома ёздирди”.

Аҳднома ишонч ва лафз демакдир. Одамзот лафзи билан аҳамиятли, аҳди борнинг бахти бор дейишади. Хотини сўзига кириб, лафзидан тонган, аҳдномани бузган Шоҳаббоснинг Ғарибга қилган адолатсизлиги халқ томонидан қораланади. Достон ниҳоясида адолатнинг қарор топиши эпизодларида худди шу ҳукмни сезиш мумкин. Эътиқоддаги собитлик ва ирода қатъийлигининг бузилиши икки севишган қалб бошига келтирган кулфатларга Шоҳаббос ва унинг хотини боис қилиб кўрсатилса-да, кажрав замонанинг адолатсизликларидан шикоят англашилиб туради. Инсонлараро муносабатдаги аҳд, лафз, васият, ишонч, ваъда, вафо каби тушунчаларнинг қадр-қиймати улуғланади. Уларнинг барқарорлиги адолат ва тинчлик тантаси экани уқтирилади.

Бадиий асар нуқтаи назаридан олганда эса аҳдноманинг бузилиши достондаги тугун сифатида зиддиятнинг пайдо бўлиши, кейинги воқеаларнинг ривожида муҳим ўрин тутади. Аҳдномадан тонгандан сўнг Шоҳсанамни мактабга юбормай қўйиши ва Ғарибнинг онасини синглиси билан ҳайдаб юбориши, саргардон кезишлар, онанинг нобино бўлиб қолиши каби эпизодлар бир-бирига боғланиб кетади. Достонда тасаввуфий мазмундаги ишққа ҳам ишора бор. Шоҳсанам келишган шартимизга биноан мендан бўсани ол деганида Ғариб унга шундай дейди: “Эй севдигим, аввало, бизнинг ишқимиз шундай юзаки эди. Энди ҳақиқий севгига айланди. Сени бу ерда ўпиш яхши эмас. Кейинроқ бир-биримиз билан муродимизга етсак, ҳамма бўсани жамъ қилиб олурман, деб унга тасали берди”. Эътибор қилган бўлсангиз, унда ишқи мажозий ва ишқи ҳақиқий ҳақида сўз кетаяпти. Одамлараро бўладиган севги-муҳаббат унинг оддий кўриниши, яъни у банданинг бандага муҳаббатидир. Бу мажозий ишқдир. Банданинг яратган бўлган ишқи эса ҳақиқий ишқдир. Мажозий ишқсиз ҳақиқий ишққа етиш мумкин эмас. Ҳақиқий ишқ дард-алам ва машаққатлар ила эришиладиган ишқдир. Бунга аксарият асарларда ўлим орқали эришилади. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун достонларида ана шу фикрнинг тасдиғини кўрамиз. Ишқи ҳақиқий асар қаҳрамонининг дашту саҳроларга чиқиб кетиши, ўз юртидан бош олиб кетиб саргардон кезиши, чўпонлик қилиши кабилар билан белгиланади. Ёр хаёли, висол дарди, ёр ёди ва дийдори ошиққа тинчлик бермайди. Уни қийноқли куйларга солади. Албатта, халқ достонларида тасаввуфий фалсафа тўла акс этган дейиш қийин. Сабаби, бахшилар уни куйлаш жараёнида тингловчилар оммасининг диққатига, кайфиятига қараб иш тутади, қисқартиради, кенгайтиради ва ҳоказо.

Достонда халққа ва ҳаққа даъват ишқий муносабатлар фонида акс этади. Севишганларнинг мурод — мақсадига етишувида  ҳақнинг хоҳиш — иродаси ва халқ талаби ва ҳукмининг ўрни алоҳида таъкидланади. Шоҳсанамга тинчлик бермагани учун подшоҳ ғазабига учраган Ғариб Шоҳаббос томонидан дорга осишга  амри фармон берилади. Ғариб дорнинг тагига олиб келганларида, Шоҳаббос томонга қараб шундай дейди.

Намак каби ҳар қозонда қайнадим,

Тушиб ишқнинг дарёсини бўйладим.

Шамор каби ганч устида ўйнадим,

Халқ мен билан бўлса, дор манга найлар.

Достон ушбу жумлалар билан ниҳоясига етади.

“Ғариб қўшиғини тугатиши билан халқ дорни ағдариб, ошиқ Ғарибни ўраб олди. Подшоҳга қараб Ғариб билан Санамнинг шунча тортган азоби етар, уларни бир-бирига қовуштир, деб талаб қилди. Шоҳаббос халқ ғазабидан қўрқиб, ноилож Шоҳсанамни Ғарибга беришга рози бўлди.” Шоирнинг “халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деган мисралари замирида ҳам ана шу ҳақиқат бор.

Эл ишқи, дил ишқи, юрт муҳаббати борлиқнинг, барқарорликнинг белгиси, таянчи экани уқтирилади.

Достон кўп асрлик тарихий тараққиётнинг ҳосиласи экани боис унда турли хил қарашлар, ғоялар акс этган.

Унда халқ эртакларига хос мотивлар ва деталлар борлигини кузатиш мумкин. Бу бир томондан, асарнинг достон сифатида шаклланувига қадар у эртак, ривоят шаклида халқ орасида тарқалганини англатса, иккинчи томондан, халқ ибтидоий қарашлари, фетишизм билан боғлиқ деган фикрга асос бўлади.

Бозиргонхўжа Шоҳсанамнинг канизи Оқчани яхши кўрарди. Шоҳсанам унга Оқча канизни беришни ваъда қилиб Ғарибни излаб топишини илтимос қилади. Бозиргонхўжа илтимосни қабул қилиб,  Ғарибни излаб Ҳалаб Ширвонга боради. Ғарибни топиш мақсадида катта тўй бошлаб юборади. Жамики созанда — гўяндаларни чорлайди. Бир пайт бурчакда хомуш ўтирган Ғарибга кўзи тушган Бозиргонхўжа унинг ёнига бориб дейди: Эй йигит тўйда кулиб, ўйнаб ўтириш керак. Сен эса хафасан. Кел, бўлмаса, гўшт тўғрашга ёрдамлаш. Сўнгра Ғарибга Шоҳсанам бериб юборган пичоқ билан рўмолни беради. Ғариб уни таниб ўзини билмасликка солиб ўтирди. Пиёлага узукни солиб, шароб қуйди ва деди: “Ким Шоҳсанамни севса, келиб шу шаробни ичсин!” Учинчи марта чақирганда Ғариб келиб, шаробни сипқорди. Узук Ғарибнинг оғзига келди. Ғариб узукни таниб, Шоҳсанам уни чорлаётганини фаҳмлайди.

Ана шу эпизодда пичоқ, рўмол ва узук рамзлари бор. Унинг халқ дунёқарашида ўзига хос талқини мавжуд.

Хоразм халқ қўшиқларида рўмол кўп бор такрорланади. У аслида оила рамзи бўлиб, унга муносабат оилага муносабат сифатида англашилади.

Рўмолим тушди ёпа, Олиб беринг жоним опа, Дод алимнан гетди рўмол” мисралари билан давом этувчи қўшиқда ҳам оиланинг бузилиши, орага тушган айролиқ ҳақида сўз кетаяпти. Рўмол рамзи кўплаб халқ терма ва достонларида ҳам оила муқаддаслигининг белгиси бўлиб келади.

Пичоқ эса йигитлик, ўткирлик тимсолида келади. Эр йигитнинг ёнида пичоғи, белида белбоғи бўлиши таъкидланади.

Узук ҳам бирлик, аҳиллик, боғлиқлик белгисидир.

Ана шу тимсолларнинг ушбу достонда келтирилиши, Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам ўртасидаги садоқат, аҳдга вафодорликни билдиради. Бозиргонхўжа келтирган, Шоҳсанам бериб юборган анжомлар Ғарибга шунчаки берилмасдан оила масъулиятига дахлдор мазмун юкланади унга. Рамзлар, тимсоллар асосан тилсимли эртак ва қўшиқларда учрасада, уларнинг достонда ҳам учраши достоннинг эртак варианти ҳам мавжудлигини англатади.

Рўзимбек бахши вариантида уларнинг жозибадор талқини бор. Достондан олинадиган завқ мутолаа этиш билан эмас, балки бахши ижросидаги талқинни кўриб, эшитиш биландир. Бахши достондаги образларнинг қиёфасига киради, уларнинг тилидан, дилидан сўзлайди, бўзлайди, шу аснода асарнинг таъсир кучини оширади.

Бахши ижроси ҳам аслида, амалий тадқиқот, таҳлил демакдир. Сиз достон воқеаларидан тортиб, токи қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатигача бўлган тасвирий ҳолатни бахши сўзи, кўзи билан кўрасиз. Хурсанд бўласиз, эзиласиз, қийналасиз, қаҳрамонлар олами билан бирга яшайсиз. Ҳар бир қаҳрамонга бўлган муносабатингиз бахши баҳосидан ўзгача бўлиши мушкул. Шу нуқтаи назардан олганда, Бахши Рўзимбек Муродов ўз олдига қўйган мақсадини амалга ошира олган.

Рўзимбек Муродов ошиқ туркумидаги достонларни куйлар экан, уларни маромига етказади. Достон ижросида қалб қўрини бахш этади. Шунинг учун ҳам бу ижро завқли-шавқли. Унинг репертуаридан ўрин олган қаҳрамонлик ва диний йўсиндаги достонлар ижросида ҳам шу хусусиятни сезиш мумкин.

 

                         МАРДЛИК МАДҲИДА

Жасоратни, қаҳрамонликни улуғлаш, жисмоний куч қудратга эга бўлган паҳлавонларни мадҳ этиш, ақлий қобилиятга эга  тенгсиз қаҳрамонларни шарафлаш доно халқнинг табиатига хосдир. Эзгулик ҳақидаги қарашларини алп паҳлавонлар ҳаёти билан боғлаш ва шу аснода яхшиликка даъват этиш, эл-юртга садоқат руҳида ватанпарварликка чорлаш унинг асл муддаоси бўлган. Ана шундай достонлардан бири “Гўрўғли ва Бозиргон” достонидир. Туркман ва қорақалпоқлар орасида машҳур бўлган ушбу достон бошдан охиригача қаҳрамонлик руҳи билан суғорилмаган бўлса-да, унда асар қаҳрамонлари куч-қудратда тенгсиз этиб тасвирланади. Улар орасида бўлиб ўтадиган англашилмовчиликлар боис тушган фалокат ва ҳалокатлар ҳақида сўз кетади. Асарда фисқу фасодга ишониб садоқатли дўстидан айрилган Гўрўғлининг, туҳмат ва бўҳтон қурбони бўлган Бозиргоннинг, ўз оғасидан айрилган Ойсултоннинг изтироблари тасвирланади.

Достон ёлғон сўз ва фирибнинг инсон ҳаётига солган қутқуси ҳақида. Душман сўзига кириб алданган инсоннинг йўл қўйган хатоси тузалмас дил оғриғига сабаб бўлади. Гўрўғли ва Бозиргон муносабатлари фонида ана шу масалага жавоб изланади.

Достонда сўз қудрати, унинг моҳияти инсонлараро муносабатлар мезонига дахлдорлиги уқтирилади. Сўз бузади, сўз тузади, ободлик ҳам сўз билан, барбодлик ҳам сўз билан, омонлик ҳам, ёмонлик ҳам сўздан, олқиш ҳам, қарғиш ҳам сўз билан. Айтилган сўзнинг ўз нишони, айтувчининг мақсади бор. У ҳар хил куйда, ҳар хил дамда, ҳар хил вазиятда айтилиши мумкин. Хунхоршоҳ томонидан ёлланган худди эртакларда таърифланганидек, жодугар кампир икки дўст орасига нифоқ солишга интилади. Бахши вариантида жодугар кампир “икки тиззаси қулоғига етган, бурни ерга теккан, оғзида тиши йўқ, яхшиликка ҳуши йўқ” деб таърифланади. Шу фикрнинг ўзидаёқ, алдов, сеҳр-жоду билан кун кечирувчи, кўпларга ажал шаробин ичирувчи ғараз мақсадли жодугарга нисбатан халқнинг ғазабнок қарашини сезиш қийин эмас.

Достон оддий маиший турмуш тасвиридан бошланади. Қирқта йигитини ёнига олиб, май ичиб ўзига ўзи таъриф бериб ғурурланиб ўтирган Гўрўғлининг оға Юнус паридан эшитган танбеҳи достон воқеаларига ривож беради. “Урдим, сурдим армоним қолмади деб ўтиргандан кўра, Бозиргон деган номдор паҳлавон билан куч синаш, дўст тутин, у неча йиллардан бери устингдан ўтиб бож тўламасдан ўтиб юрибди дейди. Бу гап Гўрўғлига таъсир қилади, Бозиргон билан учрашишга ошиқади.  Ўз кучига ишонган, мендан зўри бормикан деган мазмунда Гўрўғли Бозиргонннинг изидан кетади.

Бахши Бозиргонни муболағавий йўсинда таърифлайди. “Гўрўғли тоққа чиқиб қараса, Бозиргон бир оёғини  дарёнинг бир ёқасида, иккинчи оёғини дарёнинг иккинчи қирғоғига қўйганча туяларни юклари билан бирга ўтказаяпти”. Бу таърифнинг келтирилиши аслида, унга бас келадиган Гўрўғлини мадҳ этишдир.

Ҳийла билан ўзини Гўрўғлибекнинг отбоқари Равшанман деб таништирган Гўрўғли Бозиргоннинг куч-қудратини ёйини эгилтириш орқали синаб кўради. Жанг тасвири шундай берилади: “Қирқ йигити билан ҳар томондан йигирмадан иккига бўлиниб, Бозиргон устига ёпирилишди. Бозиргон ҳам дарғазаб бўлиб,туядан сакраб тушиб, уларнинг қўлларидан найзаларини олиб, синдириб ташлайверди. Кейин йигитларни бир четдан йиқитиб, Гўрўғлининг қаршисига келиб, қўнжидан ханжарини олиб, унга ёпишди. Гўрўғли пайт пойлаб, бор кучини йиғиб, Бозиргоннинг белидан олиб бир отдики, Бозиргон фил йиқилгандек саккиз юмалаб нарига тушди”.

Достоннинг туркманча вариантларида бошқача ҳолат кузатилади. Унда Гўрўғли эмас, Бозиргон зўр чиқади. Минглаб душманларнинг додини берган, юзлаб шоҳларни енгган Гўрўғли зўрдан зўр кўплигини англайди. Йиқилиб ётган жойида Бозиргон ханжарини суғуриб олиб энди ўлдираман деганида, у бир йиғлаб бир кулади. Бозиргон: ўлиминг олдидан ҳам кулганинг, ҳам йиғлаганинг сабабини айт, дейди. Гўрўғли: кулганимнинг боиси юрт сўрадим, неча-неча номдор паҳлавонларни ер тишлатдим, куч-ғайрат ўткинчилигини билиб, сендан йиқилганим учун кулаяпман. Йиғлаганимнинг сабаби эса ёлғизман, зурриётим йўқ, ўлиб кетсам, изимда қолар ҳеч кимим, аза очар кишим йўқлигидир.

Буни эшитган Бозиргоннинг қўлидан ханжари тушиб, кўнгли эриб, ўзи сингари ёлғизлигини англаб Гўрўғли билан қиёматлик дўст тутинишади.

Халқ ўз идеалидаги қаҳрамонларини ўтда ёнмас, сувда чўкмас қилиб тасвирлаши маълум. Лекин туркманча вариантда Гўрўғлини ҳийла билан енгувчи қилиб тасвирланишида ҳам ўзига яраша маъно бор. Замонлар замон билан, маконлар макон билан, инсонлар инсонлар билан алмашиниши ҳаёт ва тақдирнинг азалий қонуни эканини эслатиш бор унда. Бир замон Гўрўғлилар замони бўлса, иккинчиси Бозиргонларнинг замони. Шоирнинг “котиби даври рақам аввалгиларға ўхшамас” дейишида ҳам ана шунга ишора мавжуд.

Ҳадиси шарифда шундай мазмунда фикр бор: Умматлар уч нарсани тарк қила билмагайлар-юлдузлар билан фол очишни, ўликка дод-вой солиб йиғлашни, зоти насаби билан фахрланишни.

Маълумки, исломда сеҳр-жодуга ишониш, фолбинлик қилиш, киши тақдирини олдиндан айтиш оллоҳга ширк келтиришнинг бир кўринишидир. Фол кўпинча, одамлар орасига адоват уруғини сочиш, уларни бир-бирига қарши қўйиш учун восита бўлган. Бу эса исломга зид. Асарга ҳам ана шуни асос қилиб олиниши бежиз эмас. У қолаверса, достон конфликтининг намоён бўлиши учун ҳам замин ҳозирлаган.

Мастон кампирнинг фол очиб берайми, деган сўзига ишонган Гўрўғли кейинчалик, адашганини билиб, пушаймон қилиб, “Номард Гўрўғли мен бўлдим, Қонхўр Гўрўғли мен бўлдим”- деб  зорланади. Бозиргонни ўлдириб қўйгач, унга гумбазли мозор қурдириб, синглиси Ойсултонга ҳам оғалик қилади.  Бозиргоннинг васиятига биноан Ойсултоннинг душманларидан қасд олади, ўз севган йигитига турмушга чиқариб, тўйлар қилиб, ҳашаматли уйлар қуриб беради. Достон ана шу тўй тантаналари билан ниҳоясига етади.

Достонда бир неча образлар иштирок этади. Оға Юнус пари ёрига садоқатли аёл сифатида достонда гавдаланади. Ўзини мақтаган кишини ёқтирмайдиган асосли мақтов кишига шараф келтирилишини билади. Доимо Гўрўғлига маслаҳат бериб юради. Ўринсиз мақтаниш унинг ғашини келтиради. Ҳар қандай ютуқ ўша инсоннинг ўзига тегишли эканини, унинг учун мақтаниш зарур эмаслигини билади. Бу жиҳатдан у “Сабъаи сайёр” достонидаги Дилором образини эслатади. Баҳром бир ўқ билан кийикнинг ҳам туёғи ва бошини мўлжалга ола билганда, Дилоромнинг мақташини кутади. Дилором эса, унга бепарвогина Ҳаммаси машқнинг самараси деб қўя қолади. Шу ўринда шоирнинг ушбу тўртлиги ёдга келди. “Доно сўзин мақтар ақлли киши, Аҳмоқни мақтамас донишманд одам, Мақтов билан эчки қўйдек семирмас, Мақтов билан мумсик бўлмагай ҳотам”.

Бозиргон исмига монанд касбига эга. У бозор, тижорат ишлари билан машғул бўлган, софдил, куч-қудратда тенгсиз паҳлавон. Дўстига мурувватли, юртига муҳаббатли. Кучли, мард йигитларга доимо тан беради, ҳар қандай вазиятда ҳам тан олади. Адолат ва ҳақ қарор  топишини савдода ҳам, ғавғода ҳам истайди. Гўрўғли билан тезда дўст тутинишига боис қисматларидаги ўхшашлик, ёлғизлик ва бефарзандликдир. У жон берар ҳолатда ҳам Гўрўғлини чорлайди. Ўлим олдидан бўлган ишларга яратганнинг хоҳиш иродаси дея ёлғиз синглиси Ойсултонга ёрдам беришини ўтинади. Ушбу достоннинг туркманча вариантларида Бозиргон бош қаҳрамон сифатида гавдаланади. Достон номи ҳам унинг унинг исми билан боғланади. Гўрўғли эса иккинчи планда тасвирланади. Қайси ном билан аталишидан қатъий назар, достон бир-бирига боғланган иккала дўст орасидаги муносабатлар замирига қурилган. Дўст икки бадандаги бир жон дейилиши рост бўлса, бу Бозиргон ва Гўрўғлидир. Халқ идеалидаги қаҳрамонлик ва дўстлик тушунчаси ҳар иккаласининг қиёфатида намоён бўлибгина қолмай, балки улар бир-бирини тўлдиради, бойитади.

Бахшининг даврадаги тингловчилар билан илиқ муносабати, айниқса бир образ орқали рўёбга чиқади. Бу Сафар маҳрам образидир. У кўса деб ҳам юритилади. Сафар кўса Гўрўғлининг содиқ сафдоши ва навкари. Достонда ҳажв ва юмор қўзғатишда унинг ўрни бор. Жумладан, Бозиргонга кўзи тушиб ақлини йитириб қўйиши билан боғлиқ эпизодлар анча табиий ва жонли чиққан.

Ойсултон жасур соҳибжамол қиз образидир. Бахши таърифидан унинг Тўмарисларга хос ғайрат-шижоат эгаси эканини англаб оласиз. Ойсултон ҳам оғаси Бозиргон сингари ўзгани эмас, киши ўзини енга билиши мардлик эканини яхши тушунади. Шоир эътирофича, “Ўз нафсини мағлуб этолган марддир, Ғийбатлардан узоқ кета олган марддир, Номард тепиб ўтар йиқилганларни, Ожизлар қўлини тутолган марддир”. Ойсултон табиатида қаҳрдан кўра, меҳр устуворлигини кўриш мумкин. Ўлимга ўлим, зулмга зулм жавоб бўлмаслиги ҳақидаги ҳақиқат унга хос. Шунинг учун ҳам оғасининг хунини талаб этиб, Гўрўғлини ўлдиришга борганда, ғаним гапига кириб алданган Гўрўғлининг эзилишини кўриб, Бозиргон учун қурилган мақбарага назар ташлаб кўнгли юмшайди, Гўрўғлининг гуноҳидан ўтади.

Бахши достон воқеаларини тингловчиларнинг қалб призмасидан ўтказаркан, қаҳрамонлар тилидан айтиладиган ғазалларга мос куйларни усталик билан танлаб ижро этади. Қайғули онлардаги ҳазин куй ва сўз шодлик дамлардаги жўшқин ва кўтаринки, ўйноқи куйлар билан алмашиниб туради. Тингловчи зерикмасдан диққати бир маромда туради.

Рўзимбек бахши вариантидаги ушбу ўринларни мисол қилиб келтириш мумкин. “Бозиргон ўқларнинг зарби билан нордан йиқилиб тушди ва йигитларни чақириб, “тездан бориб Гўрўғли оғамни олиб келинг, мен унинг дийдорини яна бир кўриб ўлай” деди. Гўрўғли Бозиргоннинг бу сўзини эшитиб, душман сўзига алданганини билиб, ўзини отдан тик ташлаб, кўзини ёшлаб, Бозиргонннинг ёнига келиб йиғлайверди. Бозиргон қонга бўялиб ётган ерида жон аччиғида фалакдан шикоят қилиб бир ғазал айтди:

Бемаҳал келдинг ёнима, ҳар бир бошда ўлим бордир,

Бўядинг қизил қонима, ёлғиз бошда зулм бордир.

Юлдуз тоғда қувиб етган, ёқа бир ён чалиб тутган,

Дўғонлик ваъдасин этган, Гўрўғлибек оғам бордир.

Мард бўлиб майдонда ўлсанг, ғўч йигитнинг қадрин билсанг,

Ажал етиб чўлда қолсанг, йиғлаб келар кимим бордир.

Гўзаллар ичра ой бўлган, оти, асбоби шай бўлган,

Урушда мингга той бўлган, Ойсултондек синглим бордур.

Армонли ўлдинг Бозиргон, тўғри келсанг, ўтарман қон,

Душманларга охир замон, ўрта йўлда қазом бордур”

Ушбу ғазални ижро этаётган пайтда бахшининг кўзларида ёш қалқир, давом эттиришга қийналган пайтларини кўп бор кузатганман. Айниқса, куйлагининг узун ва кенг енглари билан кўз ёшларини артаётган, юраги эзилиб кетган оналарнинг икки тиззасига бошини қўйган кези ўтирган дамларини кўп бор шоҳиди бўлганман. Достончию достон қаҳармонлари билан бир жон, бир тан бўлиб кетиш тингловчига руҳий қудрат бахш этибгина қолмай, меҳр-оқибат ва шафқатни кучайтиради.

Ошпаз қозонга масаллиқларни солиб, қовуриб тотли таом тайёрлагани сингари бахши ижросида ҳам шунга монанд ҳолатни кузатиш мумкин эди. Бахши достон қозонида тингловчиларни бирга қайнатар, бирга қовурар, бирга куйдирар, бирга суйдирарди, ҳеч ким бу ҳиссиётдан четда қолмас эди. Ижро ҳам тобида бўларди. Ҳеч ким буни эртак ёки афсона деб ўйламас, ҳақиқат деб қабул қилар, қаҳрамонларни эса бахшининг яқинларидан бири деб ўйларди. Бахши ўз ижроси билан уларда ана шундай таассурот уйғота оларди.

Достондаги маҳзуний ҳолатлардан яна бири Ойсултон билан учрашиб Гўрўғлининг ака-сингил тутинишидир. Гўрўғли Бозиргон васиятини ёдга олиб Ойсултонга шу ғазални ўқийди.

Қурбонинг бўлайин синглим, Ойсултон,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

Манинг бу жонима солма кўп армон,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

Жайҳун дарё каби тошдим сув бўлдим,

Шум рақиб дастидан унга ғов бўлдиим.

Ўлим ҳақ буйруғи сабаб ман бўлдим,

Сан йиғлама санинг оғанг бўлурман.

Рақиб сўзи билан оғанг ўлдирдим,

Ўқ отиб ўз кўзим ёўа тўлдирдим,

Пушмон этиб олтин гумбаз солдирдим,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

Гўрўғли дер мен ҳам кечдим жонимдан,

Қилич урғил, ерлар тўйсин қонимдан,

Жонимни чиқарғил, нозик танимдан,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

Ушбу ғазал бахши ижросида ўз жозибасига эга бўлган. Достонлардаги анъанавий куйдан бошқачароқ куй яратиб ижро этган бахши қаҳрамонларнинг руҳияти ва ҳолатига мос мусиқани танлайдики, сиз унинг санъаткорлик иқтидорига тан берасиз.

Достонларнинг оптимистик руҳ билан тугаши сизга маълум. Қаҳрамонларнинг чеккан изтироблари роҳат-фароғат билан алмашинади. Мурод-мақсадларига етиши билан боғлиқ шодиёнали тасвирларда бахши шўх, ўйноқи куй ва сўзларни танлайди. Бу жиҳатдан Ойсултоннинг тўйи муносабати билан ботир Ҳамдамга унаштирилаётган пайтда айтиладиган ғазал эътиборли.

Ойсултоним, сургил даврон, тўйингиз муборак бўлсин,

Зарафшонли кўшки айвон уйингиз муборак бўлсин.

Душманларинг барбод этдим, Чамбил юртин обод этдим,

Ғамгин кўнглингни шод этдим, тўйингиз муборак бўлсин.

Ёринг бўлди ботир Ҳамдам, иқболингиз кулсин ҳардам,

Мудом йироқ бўлинг ғамдан, Тўйингиз муборак бўлсин.

Гўрўғли дер асли зотим, Ўлгунча йитмасин отим,

Бўлмади менинг зурриёдим, фарзанд сизга ато бўлсин!

Бу достондан ўрин олган энг сўнгги қўшиқ. Достон ана

шундай кўтаринки оҳангда якунига етади. Халқ қарашларидаги некбинлик, эртага умид кўзи билан боқиш ҳисси унинг ақлу иродаси, онгу шуури билан яратилган деярлик барча достонларида ўз ифодасини топган.

Ушбу достонда айрим қаҳрамонлик достонлари каби уруш ва жангу жадаллар тасвири кенг ўрин тутмайди.  Қаҳрамонларнинг маҳобатли кураши манзаралари ва курашлари батафсил тасвирланмайди. Лекин ундаги мардлик мадҳи жисмоний куч билан эмас, балки қаҳрамон эътиқоди, бир-бировни ўзаро тушуниш, ақл-идрок билан намоён бўлади.                       

                               ФАРЗ ВА ҚАРЗ

Халқ закоси, дунёқараши шартли равишда иккита йўл билан тасниф этилган, изоҳланган, ўрганилган. Бири дунёвий йўналиш бўлса, иккинчиси динийдир. Аслида, бу тасниф нисбий характерга эга. Халқ оғзаки ижодиётида диний шахсларнинг, пайғамбарлар ва авлиёлар, саҳобалар ва чаҳорёрларнинг ҳаёти акс этиши билан уларни диний асарлар дейиш ножоиз. Улар шунчаки, бадиий восита бўлиб, улар тасвирида халқ миллий қаҳрамонларига хос хусусиятлар умумлашади, халқ ўзининг олам ва одам ҳақидаги қарашларини улар сиймосида гавдалантирган.

Рўзимбек бахши репертуаридан ўрин олган “Пайғамбар Иброҳим халилуллоҳ ҳақидаги достон” ҳам юқоридаги фикримизга асос бўлади. Бахши уни видеофильм шаклида ҳам тайёрланишида жонбозлик кўрсатди. Ушбу фильм дунё юзини кўрганга қадар Рўзимбек Муродов дам Ўзбекистонда, дам Ҳиндистонда сафарда бўлди. Фильмдаги қўшиқ матнлари асосан Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида тасвирга олинган бўлсада, унинг воқеабанд ўринлари  Агра ва Деҳлида, Тожмаҳал зиёратгоҳлари яқинида суратга олинган. Қўлига тор ушлаган бахшининг гоҳ Иброҳим, гоҳ Исмоил, гоҳ Охун бўлиб, мисли Жайҳун бўлиб Ҳиндистондаги муқаддас жойларда бўлиши  фильмнинг таъсир кучи ва моҳиятини янада оширган.

Достонда “Аллоҳнинг дўсти, ҳабиби” деган ном олган, яҳудийларда Абрам деб юритиладиган, милоддин олдинги 2180 йилда туғилиб, 2005 йилда 175 ёшида вафот этган Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзи ва фарзанди билан боғлиқ воқеалар акс этган. Иброҳим яҳудийча Ибром сўзининг арабча шаклидир.

Қомусий олим Абдулҳай Абдураҳмонов “Саодатга элтувчи билим” номли китобида  ёзишича, Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга кирганда, Худованди карим унга зоҳир бўлиб деди: “Мен сен бмлан аҳд қилиб, сени кўпдан кўп халқларнинг отаси қиламан. Сенинг исминг энди Ибром эмас, балки Аброҳом-Иброҳим бўлади, зеро, сени кўпдан–кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим”. (Иброҳимнинг маъноси–“халқлар отаси”) Иброҳим халилуллоҳга “Абул анбиё”, яъни “Пайғамбарлар отаси” деб ном берилган.

Яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар, яъни учала дин аҳллари пайғамбарлари нуқтаи назаридан, Иброҳим халилуллоҳ шажарасига бориб боғланади.

Иброҳим алайҳиссалом Бобил халқини Аллоҳнинг ягоналигига даъват қилган ҳола, бут-санамларни синдириб ташлайди. Унинг бу ҳаракатидан хабар топганларда катта норозилик бўлади. Бундан шоҳ Намрудни хабардор қилишади. Бир ой давомида тўпланган ўтин натижасида содир бўлувчи ёнғинга Иброҳим алайҳиссаломнинг қўл-оёқларини боғлаб ўтга ирғитишади. У яратганнинг шафоати, лутфу марҳамати билан омон қолади.

Иброҳим алайҳиссалом Ҳозарнинг қизи Сорага уйланади. Сора гўзал, сарвиқомат бўлиб, айби туғмас эди. Соранинг Ҳожар исмлик мисрлик чўриси бор эди. Иброҳим дунёдан бефарзанд ўтмасин дея, ўша чўрини Иброҳимга хотинликка олиб беради. Кўп ўтмай Ҳожарнинг ҳомиладор бўлганини сезиб Сора кундошлик ғазаби кучаяди. Улар жанжаллашиб, Иброҳимнинг ҳам таъбини тирриқ қилишади. Иброҳим иккаласининг ҳам кўнглини олишга ҳаракат қилади. Кундошлик низоси тинчимайди. Сора унга ҳомиладор Ҳожарни кимсасиз бир жойга ташлаб келишни талаб этади. Бир неча кундан кейин Иброҳим Ҳожарни  бир жойга олиб бориб, озиқ-овқат ва сув қўйиб ташлаб кетишга мажбур бўлади. Ҳожар ўғил туғади. Ҳожар сув излаб Сафо тоғи билан Марва тоғи ўртасида бир неча маротаба югуради. Бу ҳолат ҳозиргача ҳожилар учун суннат бўлиб келмоқда. Ҳожар парвардигордан сув сўраб нола қилади. Исмоил ўша онда оёқлари билан ер тепиниб ётарди. Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан Исмоил ётган жойни тешиб сув чиқаради. Муқаддас Замзам булоғи ўша булоқдир. Ҳожар  Аллоҳга: “Исмаъ, йа Илу” деб мурожаат қилган. Тангри эшитиб, сув чиқаргани учун ўғлининг отини Исмоил деб қўйган. Маъноси “тангри эшитгил” деганидир.

Аллоҳ таоло кашфу каромати билан Иброҳим 100 ёшга етганида, Сорага ҳам ўғил ато этади. Унинг номини Исҳоқ деб қўйишни буюради. Унинг маъноси эса “кулган” демакдир. Кимнинг қурбонлик қилиниши масаласида “Таврот” ва “Қуръон”да тафовут бор. Биринчисида Исҳоқ, иккинчисида Исмоил номи қайд этилган.  Шу ҳақда фикр юритатуриб, А. Абдураҳмонов шундай ёзади:”Яҳудийлар ва христианлар исҳоқ алайҳиссалом уруғидан бўлганликлари ва диний мартабаларини кўтариш учун улар шундай дейдилар. Баъзилар эса қурбонлик иккалови деб шаҳодат берадилар. Бизга маълумки, Муҳаммад пайғамбар Исмоил уруғидандир. Бир ҳадисда Расули акрам айтадилар: “Ана ибну забиҳайни”(яъни, “Икки бўғизланувчининг ўғлиман”) Икки бўғизланувчи қурбонлик-ҳазрати Исмоил алайцҳиссалом ва пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ бўлганликлари учун юқорида айтилган ҳадис келтирилгандир.” (Ўша китоб, 64-бет.)

Хуллас, тўрт илоҳий китоб нозил қилинган тўрт буюк ва суюк пайғамбар – Мусо, Довуд, Ийсо ва Муҳаммад алайҳиссаломларнинг шажаралари Иброҳим халилуллоҳга бориб боғланади.

Исмоил алайҳиссалом (2094-1957) Муҳаммад пайғамбарнинг бобокалонидир. У “Таврот”да Измаил тарзида зикр этилади.

Она-бола саҳрода ёлғиз қолганда, макка томондан Шом вилояти томон арабларнинг журҳум қабиласи катта карвон билан ўтаётган эди. Барчаси келишиб, тангрининг Исмоилга кўрсатган инояти бос пайдо бўлган сувдан қониб ичишади. Ҳожардан шу ерда қолишларига ижозат сўрашади. У розилик беради. Журҳумийларнинг аксарияти ўша ерда турғун бўлиб қолишади. Уйлар ва бозорлар вужудга келади. Журҳумийлар ҳар йили йилқи ва подадан ҳамда барча мол-мулкларидан ўндан бирини бу ўғлонга беришларини айтишди. Йил тугаганда, 200 қўй, 3000 туя ва 7000 бош сигир беришди. Ҳожар ва Исмоил бойиб кетишди.

Исмоил вояга етгач, 21 ёшида арабларнинг Журҳум қабиласидан Аммора бинти Саъд ибн Усома деган қизга уйланди ва янги қариндошлардан араб тилини ўрганди.

Исмоил улғайгач, овчи бўлди. Овга жуда ишқибоз эди. Бир куни иброҳим алайҳиссалом уни кўргани келди ва Сора Иброҳимга туядан тушмайсан деб онт ичиргани учун туядан тушмай келинидан Исмоилни сўради. Аммора Исмоилни овга кетганини айтди. Қачон келишини сўраганида, келини жуда кўп гапирар экансиз, деб уйга ҳам таклиф қилмай қўрс ва совуқ жавоб берди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом:  “Унга айтиб қўй, бир муйсафид сени кўргани келди ва салом айтди, уйингнинг остонаси ярамас экан, уни бошқасига алмаштир”, деди-да, қайтиб кетди.

Исмоил кирганида хотини унга ҳамма гапни айтиб берди. Исмоил айтди: “У киши отамдир, унинг ҳурматини ўрнига қўймабсан. Уйингнинг остонасини ўзгартиргин деганида, сени назарда тутган. Энди сенинг менга ҳожатинг йўқ”, деб талоқ берди. Бир йилдан кейин Исмоил бошқа бир Журҳумий-ҳарим қабиласининг бошлиғининг қизи Шомма бинти Муҳалҳилга уйланди.

Исмоил тез-тез овга чиқиб турар эди. У овга кетганида отаси уни яна кўргани келди ва келини Шоммадан уни сўради. Келини Иброҳимни танимасада, “Исмоил келгунича тушинг, уйга киринг, меҳмон бўлинг”, деди. Иброҳим алайҳиссалом: “Мени туядан тушмасликка онтим бор. Туядан туша олмайман”, деди. Келини дарров уйдан айрон олиб чиқиб, иброҳимга ичирди. Туядан тушмаган қайнотасининг икки оёғини ҳам ювди.

Иброҳим алайҳиссалом бу келинини кўп дуолар қилди ва айтди: “ Исмоил келса, айтгин, Иброҳим деган одам сенга кўп салом айтди. Энди бу уй остонасини маҳкам тутсин деб айтди дегин”, дедида қайтиб кетди.

Исмоил келганида, хотини Шомма ҳамма гапни эрига айтиб берди. Исмоил: “У киши менинг отамдир, у эшик деб сени айтган, деб хотинига чандон меҳр қўйди. Улар биргаликда кўп йиллар роҳат-фароғатда умр кўриб ўтишди.

Исмоил алайҳиссалом Ямандаги Амолика қавмига пайғамбар қилиб юборилди, қавмини эллик йил иймонга чақириб юрди. Қаерга борса, толеи баланд, зўр бўлди. Амолика ҳалқининг иймон келтирмаганларини турган ерларидан қувиб чиқарди.

Иброҳим алайҳиссалом Маккаи мукаррамага келиб, Исмоил алайҳиссалом билан дийдор кўришгач, унга оллоҳ таоло бир муҳим вазифа юклаганлигини у ҳам бўлса, мўмийнлар Аллоҳга ибодат қилишлари учун бир уй қуриш буюрилганини, бу бўлажак уй Байтуллоҳ эканини, унинг ўрни шу ердалигини айтди. Каъба ерида Одам Сафийуллоҳ Байтул-маъмурни бино қилган эди. Нуҳ тўфони вақтигача одамлар уни зиёрат қилиб турдилар. Тўфон бўлгач, азоб суви тегмасин деб, ҳазрати Жаброил уни ҳозирги Каъба қаршисига тўртинчи осмонга кўтариб қўйган эди. Ўша уй андозасида Байтул-маъмур ўрнида Байтуллоҳ уйини қуриш ҳақида Иброҳим халилуллоҳга ваҳий келди. Ота-бола Байтуллоҳ пойдеворини қуришга киришдилар ва одамлар учун нишона сифатида ҳазрати Жаброил амрига биноан, ўша ерда турган, осмондан тушган “Ҳажарул-асвад” тошини Каъба бурчагига ўрнатдилар. Каъба девори одам бўйидан юқори бўлгач, Иброҳим алайҳиссалом каттароқ бир тошни  оёғи остига қўйиб, девор қурилишини давом эттирди. Бу тошда Аллоҳнинг амри билан Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқларининг изи қолди. Бу тош Каъба ёнида турарди. Буюк халифа ҳазрати Умар ибни Абдулазиз даврида у Каъба деворидан сал берига суриб қўйилди. Ҳозирда бу тош “Мақоми Иброҳим” деб аталади. Исмоил алайҳиссалом 137 йил умр кўрган ва Фаластинда вафот этган. Араб тарихчиларининг фикрича, у Маккаи мукаррамада вафот этган ва онаси Ҳожар ёнига дафн қилинган. (Қаралсин. А. Абдураҳмонов. “Саодатга элтувчи билим” Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2002 й. 75,76-бетлар.)

Исмоил алайҳиссалом билан боғлиқ маълумотлар асосан шулардан иборат.

Рўзимбек бахши куйлаган достонга жо бўлган воқеалар асосида ҳам ушбу ривоятнинг маълум қисми акс этганлигини кўриш мумкин.

“Иброҳим алайҳиссалом туш кўрсалар, тушларида бир овоз келди: “Тур, қурбонлик қил”. Иброҳим алайҳиссалом тонгда туриб, юз қўйни қурбон қилди. Иккинчи кеча тушида яна шу сўзни эшитди, тонгда туриб юз туяни қурбон қилди. Учинчит кун яна шундай туш кўрдилар. Иброҳим алайҳиссалом (тушида): “Менинг қурбоним нима?”, дедилар. Нидо келди: “Биздан бошқа кимни кўпроқ севсанг, шуни менга қурбон қил”. Иброҳим алайҳиссалом билдики, биттаю битта ўғли Исмоилни қурбон қилиши керак. Иброҳим алайҳиссалом бу тушнинг илоҳий ваҳий эканлигини билар эди. Иброҳим алайҳиссалом туриб хотини Ҳожарнинг олдига келди ва деди: Исмоилни ювинтир, кийинтир, дўснинг олдига олиб бораман”. Биби Ҳожар Исмоил алайҳиссаломни ювинтирди, янги либосларини кийдирди ва кўнгли ғашланиб деди: Эй, парвардигоро, ўғлимни сенга омонат топширдим. Омонатга хиёнат қилма, ўзинг уни ўз даргоҳингда асра, ўз қудрати илоҳинг билан менга яна соғ-саломат қайтар”. Бу муножот Исмоил алайҳиссаломни тиғдан (пичоқдан) халос қилди. Аллоҳ омонатга хиёнат қилмади.

Ота-бола тангри таолонинг амрини бажариш учун бир жойга келдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг бўғзига тиғ тортди. Лекин пичоқ амри илоҳийга итоат этиб, Исмоил алайҳиссаломнинг бўйнини кесмади.

Шундай нидо келди: “Эй, Иброҳим! Фарзандингни сўйишдан тўхтат, сен синовдан ўтдинг. Ихлосли ва итоатли эканинг синалди. Фарзандинг эвазига ана у қўчқорни қурбон қилгин”. Яна осмондан овоз келди: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару”. Иброҳим алайҳиссалом тепага қараган эди ҳазрати Жаброил жаннатдан бир семиз қўчқор олиб келаяпти. Севинчидан: Ла илаҳа иллалоҳу Аллоҳу акбару” деди. Исмоил алайҳиссалом ҳам қўчқорни кўриб айтди: “Аллоҳу акбару ва лиллаҳи ал-ҳамду”. Иброҳим алайҳиссалом қўчқорни қурбон қилди.”

Ушбу ривоят достонга таъсирли тарзда кўчган, сайқалланган, бадиий йўсинда ишланган. Достонда ота–она ва боланинг ўзаро меҳри, фарзу қарзлари борасида ибратомуз лавҳалар бор. Шу маънода уни “Ибратнамо” дейиш мумкин. Унда жоҳилият давридан Ислом динига ўтиш пайтларидаги айрим урф-одатларнинг таъсири ҳам ўз ифодасини топган. Мусулмонлик қоидалари, шариат ва тариқат асослари бир оила фонида очиб берилади.

Яратганга муҳаббат олий даражадаги ишқ. Ҳаётдаги бошқа нарса-ҳодисаларга муҳаббатнинг пайдо бўлиши парвардигорга бўлган боқий ишқнинг бўлинишидир Достон бошидаёқ, ана шу фикрга ишора бор. Иброҳим пайғамбар кўз очиб кўрган фарзанди Исмоилни еру кўкка ишонмайди. Табиийки, бу ҳолат яратганга бўлган ишқни сўнишига замин яратади. Шунинг учун ҳам тушида унга қурбонлик қилиш топширилади. Кимни севсанг, ўшани қурбонлиқ қилишинг керак. Жаброил орқали етказилган бу хабар Исмоил билан боғлиқлиги ангалашилгач, Иброҳим пайғамбар изтироблар алангасида қовурилади. Севган фарзандидан айрилиш, бунинг устига уни ўз қўли билан сўйиш даҳшатига чидаш қийин.

Фарзандига бўлган хабарни айтолмаган отанинг қийналиши, Исмоилга сабоқ берган устози Охуннинг иложсизлиги, устози ва отасига телмуриб турган фарзанд орасидаги суҳбатлар анча жонли чиққан. Бахши улар орасидаги назмий суҳбатларни ишонарли тарзда жонли ижро этган.

Оқил фарзанднинг отасига, онасига ва устозига бўлган меҳру муҳаббати достон сюжетига жо бўлган.

Ана шу уч линия бир нуқтага қурбонлик масаласига бориб туташади. Инсонни қурбон қилиниши парвардигор томонидан рад этилиши ва кўкдан юборилган қўчқорнинг қурбонликка сўйилиши уларнинг хурсандлигига сабаб бўлади. Қадимги араб қабилаларида мавжуд бўлган одамнинг одам томонидан қурбон этилиши бекор қилинади.

Афсуски, жаҳонда хирадмандларнинг

Фарзандлари бору эмас хирадманд.

Отада одобу билим бўлса ҳам,

Ундан насибасиз қолибдур фарзанд, — дейди шоир.

Отанинг юзига тик қараш, уни ранжитиш оқил ва итоаткор фарзандга ёт. Бу ақида Исмоил сиймосида акс этади. Устози ва отасининг сўзини икки қилишни хаёлига ҳам келтирмаган Исмоил уларнинг ҳар бир сўзини амри вожиб деб билади.

Отанинг айтолмай қийналаётган қурбонлик ҳақидаги хабарини зийрак фарзанд тезда фаҳмлаб унга бўйин эгади.

Нечун бугун юзни ғамга соларсиз,

Бошинггизга не ташвишни оларсиз,

Нечун билмай мендан сирни сақларсиз,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

 

Исмоил дер, бугун ўн тўрт ёшимда,

Бўйним буриб таъзимдаман қошингда,

Парвонадек мен айланай бошингдан,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

 

Қобил фарзанднинг отага эътибори ва эҳтироми устозига бўлган меҳри билан уйғунлашади. Сабоқ берган устоз қадри баланд экани Исмоил тилидан кўп бор тилга олинади. Шу ўринда ушбу ривоятдаги мазмун моҳиятли.

Султон Салим Мисрни забт этиб келаётганди. Унинг ўнг томонида устози Шайхулислом, сўл қанотида амиру умаро, вазиру вузаролар, орқада эса кўп сонли лашкар саф тортиб келарди. Шу тобда қозонилган ғалаба шарафига мусиқа-довул чалинади. Устознинг оти ҳуркиб, Султон Салимнинг оппоқ либосига лой сачратади. Аъёнлар энди шоҳнинг жаҳли чиқади ҳаммамизни койийди деб саросимага тушиб қолишади. Улар кутганидан бошқача манзара рўй беради. Шоҳ лой сачраган оқ хилъатини эгнидан ечиб, отустига чиқиб ҳаммага қарата шундай дейди:

“Биродарлар, эгнимдаги шоҳлик либосимга лой сачради, буни лойи билан сақлаб қўйинг. Бу шунчаки лой эмас, менга сабоқ берган устозим отининг оёғи тагидан сачраган лойдир. Бу бизнинг шарафимиз ва охиратда васиқаи баротимиз бўлғувсидир”.

Бундан англашилиб турибдики, устоз отадек улуғ ва азиздир. Шунинг учун ҳам “отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган бўлса, устозим илм-таҳсил бериб, мени кўкка чиқишимга боис бўлди” дейилиш бежиз эмас.

Исмоил достонда отаси ва устозига бир хил назар билан қарайди. Шоирнинг ушбу битики ҳам ана шу фикрни тасдиқлайди.

Шоҳ бўлганин қутламоқ учун

Таъзим билан этмоққа эъзоз.

Искандарнинг олдига бир кун,

Қадам қўймиш ота ва устоз,

 

Икки зотни қаршиларкан шоҳ,

Вужудини босибди бир юк.

Кимни олдин қучайин эвоҳ,

Қай биридан қай бири буюк?

 

Шоҳ хаёлан ўйлабди отам,

Ҳаёт берди , бўйга етказди.

Хат ўргатиб, танитиб олам,

Ушбу тахтга устоз ўтқазди.

 

Мендаку шоҳ иштиёқи йўқ,

Қилмагайман шоҳликни ҳавас,

Мендан она халқим ва улуғ

Устозларим рози бўлса бас.

 

“Устоз отадек улуғ” деган ҳикмат улар муносабати фонида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Отасидан мудҳиш хабарни, аслида оллоҳ розилигинии эшитгач, устози ва дўсту ёронлари билан видолашиб шу сўзларни айтади.

 

Отамга тенг бўлган, азиз устозим,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам, 

Мададкориз бўлсин қодир худойим,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам. 

 

 Исмоил дер, кўзим очиб кўрганим,

Ўн тўрт ёшга қадар илм олганим,

Бирга таълим олган дўсту ёроним,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам. 

 

Ота – она изми ва хизматида бўлиш фарзанд қарзи ва фарзи.

Исмоил номи билан боғланган бошқа бир ривоят бор. Бир куни Исмоил исломнинг беш арконидан бири ҳаж зиёратини адо этиш мақсадида зиёрат сари юз тутади. Узоқ йўлларни босиб ўтиб Маккага яқинлашганда, бир масжидга кириб намоз ўқишга тутинади. Намоз тугагач, олдинда ўтирган бир чол унга ўгирилади. У салом беради. Чол алик ола туриб, дейди: Ўғлим, бу ерликка ўхшамайсан, асли қаердансан?

Бағдодданман, ҳаж зиёратини ихтиёр айлаганман, бобо, дейди у.

Ота-онанг борми?

Бор, худога шукур.

Менинг ота-оналарим болалик пайтимданоқ, дунёдан ўтиб кетишган. Ҳозир саксон беш ёшдаман, олтмиш йил ҳаж сафарини қилдим. Ўтинаман, болам, ортингга қайт, улар хизматига бор, олтмиш йиллик ҳаж савобини сенга бахш этдим, сен ота-онанг кўнгил шодлигини менга бахш эт!

Ушбу ривоят кейин яратилган  бўлса-да, асрларга татигулик мазмунни ўзига жо этган.

Онанг рози этолсанг, замон сеники,

Не замон, замину осмон сеники,

Агар отангни ҳам рози этолсанг.

Ўн саккиз минг олам жаҳон сеники.

Ҳа, шоир ҳақли эътироф этганидек, ота-онанинг дуоси мустажоб бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифга ишорат бор унда.

Ҳатто, Исмоил алайҳиссаломнинг бўғзига пичоқ ўтмай қолишига ҳам онанинг дуоси, илтижоси сабаб бўлади.

Ушбу достонда фарзанднинг ота, она ва устоз олдидаги фарзи, яратганга бўлган меҳру муҳаббати акс этган. Шу маънода у ибратнома дейилиши ҳам беҳуда эмас.

                  ЗАР ҚАДРИНИ ЗАРГАР БИЛАР   

Доно халқимизнинг шу ҳикматида маъно кўп. Ҳар қандай соҳанинг нозик томонларини, ўзига хос мураккабликларини яхши тушунадиган, ҳис этадиган, қадрлайдиган кишиларнинг фикри- зикри, баҳоси доимо қийматли ва асосли бўлиб келган. Шу сабабми ёки бошқами, билмадиму, Рўзимбек бахши мисолида бахшичилик санъати хусусан, достончиликнинг халқ оғзаки ижодиётидаги ўрни ҳақида мулоҳаза билдириш истагимиздан хабар топган кўплаб илм ва санъат аҳллари ушбу хайрли ишга бош қўшишди. Улардан кўп ва хўб миннатдормиз.

                      ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ

Таниқли санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 55 ёшлик таваллудларини боис қилиб қўлимга “таклифнома” тутқазди-да, “Маданият институтидаги домлаларни, ҳамкасбларни, ошна-оғайниларни бошлаб келсангиз, шод бўламан”- дедилар. Жумладан, Рўзимбек ака ҳам эшитиб хурсанд бўлдилар. Ўша куни ҳаммамиз ошга бордик. Ортиқ ака, одатдагидек, ҳазил-ҳузуллар билан меҳмоннавозлик қилиб ҳаммани кутиб олар ва кузатиб қоларди. Ошни еб чиққанимиз ҳамоноқ, Ортиқ ака Рўзимбек акани қучиб, самимий мулозимат билан эгниларига тўн ёпдилар-да, сўнгра “бахши бово, бир фотиҳа беринг”,-дедилар. Рўзимбек оға, “Илоҳим, парвардигор сиза Гўрўғлининг ёшини берсин”- деб дуо қилди. Тўйларда кўплаб тўнларни кийган Рўзимбек оға ўшанда болалардек суюниб кетди. Анчагача Ортиқ акани алқаб, мақтаб юрди. “Раҳимбой, мени Ортиқ ҳам яхши кўраркан-а”, деб фахрланди. “Сиз ўзингизни яхши кўрадиганларни ҳали кўпини билмайсиз,”- деб ҳазиллашган бўлдим. Инсонга меҳр ва  мурувватдан зиёда  нарса зарур эмаслигини ўшанда англадим. Баъзан шу бир оғизгина ширин сўзни ҳам бир-биримизга раво кўрмаслигимизга афсусландим.

Ортиқ ака бир куни менга қўнғироқ қилиб “Вақтингиз борми, Бахмалга тўйга бориб келамиз, даврабошилик қиласиз,-деди. Мен рози бўлдим. Йўлда кетаётганимзда, Рўзимбек бахши ҳақида бир китобча тайёрлаш ниятида эканимни айтдим.  У хурсанд бўлди. Бахшининг ўзбек халқ оғзаки ижоди, хусусан Хоразм халқ достонларининг  моҳир ижрочиси эканини айтиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, “Рўзимбек оға ҳақидаги ушбу фикрларни ҳам китобчага илова қиларсиз”- деб икки варақ қоғоз бердилар. Мана ўша мулоҳазалар.

— Санъатда “ундай қилдим, бундай қилдим”- деб юрган санъаткорнинг ёши бир зумда бир жойга бориб қолиши ҳеч гап эмас. Инсон у даврада айтган қўшиқларини, бу даврадаги чиқишини айтиб ғурурланиб юриши мумкин. Уларнинг ҳаммаси ўткинчиликка юз тутади. Энг муҳими, ўзидан кейин қоладиган фундаментал иш уни мангуликка муҳрлайди. Санъаткор учун икки омил унинг санъатдаги ўрнини белгилайди. Бири у ҳақда ёзилган ёки ўзи ёзган китоблар, айтган қўшиқларини аудио ва видео тасмалар, граммпластинкалар орқали чиқазиш бўлса, иккинчиси,   таълим бериб вояга етказган шогирдларидир. Ўзбекистон халқ артисти Рўзимбек Муродовда ҳар иккаласининг ҳам борлиги кишини хурсанд этади. Унинг йўлида достон ўрганиб бахши бўлганлар қанча. У айтган достонлардан парчаларни қўшиқ қилиб айтиб ўзича “машҳури замон” бўлганлар сони анча. Ҳозир ҳам достон қўшиқларини ўзиники қилиб, сўзини ўзгартириб айтиб юрганларга нима дейсиз.

 Рўзимбек акадаги ҳаракат, тинимсиз фаолият мени ҳамон ҳайратлантиради. Касалликни баҳона қилиб ўтирмайди. Достон куйлаб достон бўлиш у кишига хос. У кишининг энг катта хизматлари Хоразм халқ достонларининг энг сара вариантларини куйлаб граммпластинкага ёздирганидир.

Адашмасам, ўрта мактабни эндигина тугатиш ёшларида эдик.  “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достони чиққанда,  қўлма-қўл бўлиб кетганди. Дўконлардан уни тополмай сўраб-суриштириб юрганлар сони зиёда эди. Кўпчилик ўша достоннинг граммпластинкасини эшитамиз деб, граммофон сотиб олганларидан ҳам хабардорман. Қанчадан-қанча сотувчилар граммпластинкани пуллаш орқали бойиганини ўзлари айтиб юрган. Ашаддий мухлисларидан бири достон граммпластинкасини битта “Запорожец” автомобилига алиштирганлигини, чакана нархи йигирма беш минг сўмга чиқиб кетганини ҳам эшитганмиз. Ўша пайтларда бутун бир достоннни овоз билан тушиш, граммпластинка сифатида чиқазиш гапиришга осон. Унинг орқасида анча машаққат, қанчадан-қанча бедор тунлар ётишини шу ишга уннаган одам билади, холос. Яхшиямки, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли ва Бозиргон”, “Нажаб ўғлон” сингари достонлар Рўзимбек оғанинг меҳнати, чеккан заҳмати самараси сифатида граммпластинка ҳолатида эл аро тарқалди. Достончиликдан ташқари, у бастакор сифатида ҳам талайгина шогирдлар етиштирган. Қадимдан синашта бўлиб келаётган достон куйларига янгича йўналиш ва сайқал берган.

Биз баъзан бир ашула тайёрлайдиган бўлсак, қанча тер тўкамиз. Сўзига мос куйни топиш, танлашда қийналамиз. Рўзимбек оғанинг достонларидаги қаҳрамонлар руҳига, феъл-атворига мослаб қўшиқларни айта олиш иқтидорига тан берамиз. Бир достонни ижроси давомида ўзликни сақлаш асносида ўттизга яқин қаҳрамоннинг қиёфати ва ҳолатига тушишнинг ўзи бўлмайди. Тор ҳам у кишининг қўлида айрича ўйнайди. Хоразмда “бир неча куйлакни олдин тўздирган одамни ўзингга устоз бил” деган гап юради. Биздан олдин тор ушлаган, қўшиқ айтган Рўзимбек Муродовнинг болалик пайтларимизданоқ, эътиборимизни тортиб келганини тан олмаслик инсофдан эмас. Рўзимбек оғада куч-ғайрат, халқ достонларига бўлган илҳомбахш завқ ниҳоятда кучли. У ҳали ҳам ижоддан тўхтаган эмас. Айни замонда достон эшитувчилар сонининг камайиши унга бўлган эътиборни, ўзбек фольклорини тарғиб ва ташвиқ этишдаги хизматларини пасайтирмайди. Тириклигидаёқ, ўзига ҳайкал қўя олган бахши оғага ҳамиша олқиш ва таҳсинлар бахшида бўлаверсин.

***

Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров билан концерт дастурларида, тўй-ҳашамларда неча бор учрашган бўлсамда, санъаткор ва санъат ҳақидаги фикрларидан хабардор эмаслигимни англадим. Эҳтимол, ўзларининг қаламларига мансуб асарида ҳам кўп қарашларини билдира олмагандир. Рўзимбек бахши ҳақида тайёрлаб қўйган уч-тўрт варақ мулоҳазалари сабаб анча фикрлашдик.

— Рус ёзувчиларидан бирининг сўз санъатининг бошланиши фольклордадир, деган фикри бежиз эмас, деб сўз бошладилар Фахриддин ака, ўйчан ҳолатда. -Халқ оғзаки ижодини билмаган, достон қўшиқларидан завқланмаган санъаткор чин санъаткор эмас. Тонг отгунча достон айтиб чарчамаган бахшининг  қудратига қойил қолмасдан бўладими, Ҳамманинг қўлидан келмайди бу санъат. Хоразм бахшиларидан Қурбонназир Абдуллаев, Болта бахши, Жумавой бахши, Қаландар бахшиларнинг санъатини эл-юрт билганидек, Сурхондарё-Қашқадарё достончилик мактабининг етук намояндаларидан Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ҳазратқул бахши, Қодир бахши, Шоберди бахшиларнинг ҳам ўзбек достончилигининг тарғибида ўрни беқиёс. Айниқса, яхши билганимиз, таниганимиз Рўзимбек оғанинг Хоразм достонларини умрбоқийликка муҳрлашдаги хизматларини таъкидламасдан ўтиб бўлмайди. Бу борада у инсоннинг чеккан заҳматлари кўп.

Катта авлод санъаткорларнинг ибратли жиҳатлари кўп экан. Балки, мен улар билан яқиндан ижодий мулоқотда бўлганим учунми, билмадим. Ҳойнаҳой, сўз ва соз устида тинимсиз тер тўкиш бор эди уларда. Баъзан айрим хонандаларнинг номини айтишга тил бормайди, ижросини, қўшиқлар матнини бузиб айтишларини эшитиб таажжубдан ёқа ушлайсан, киши.

Санъаткорнинг саводсизлиги, ўзи ижро этаётган қўшиқларнинг матнини, сўзларини тушунмасдан куйлайдиган хонандаларнинг сони кўпайиб кетаётганидан чўчийман, мулло Раҳимбой, — дедилар мулоҳазакорлик билан Фахриддин ака. -Бу ҳолда ўзбек мусиқа санъатининг равнақи қай томонга бўлади. Балки, ўзимиз шунга йўл қўяётгандирмиз. Халқнинг дидсизланишига сабаб бўлувчи “санъаткордан” шунга эргашиб қарсак чалаётган бир гуруҳ тингловчилардан ачиниб кетаман.

Ҳозир бир “анъана” пайдо бўлаяпти. Енгил-елпи, мазмунан саёз сўзлар йиғимидан иборат бўлган “шеър”ни санъаткор амал-тақал қилиб айтади, кимдир унга сайқал берган бўлади. Шу билан тўй-ҳашамларга йўл олади. Ёмон нарсага ҳам қулоқ ўрганса, кишининг ўзи унга меҳр қўйишини баъзан сезмай қолади. Тайёр чет эл мусиқаларига миллий чолғу созларини қўшиб янги куй яратгандек бўлади. Шунга сўз тушириб беришни ўзини оламда якто деб юрган “шоирвачча”дан илтимос қилади. Қарабсизки, “ўлдим, ёрим, куйдим, жоним” қабилидаги қўшиқ тўйдан тўйга ўтиб қанот ёзиб юрибди. Унга сакраб-сакраб ўйинга тушаётганлар қанча. Устоз  санъаткорлардан бири “Ҳали кўрасан, бу боришда сўзнинг қадри йўқолиб, ҳамма жойда оҳанг, ритм етакчилик қилади. Ким қандай сўз қўйиб, қандай қўшиқ айтади, ҳеч кимнинг иши йўқ. Сакраб ўйнашга мос куй, оҳанг эшитилиб турса, бас”-дегандилар. Шу фикр ифодасини айрим тўйларда кўраяпмиз, энди.

Бир пайтлари сўз учун соз, куй танланарди. Ҳозир эса аксини кўраяпмиз. Куйга мосланган, маза-матрасиз сўз қўйиб айтадиганлар, бунинг устига уялмай-нетмай ўзини муаллиф атайдиганларга нима дейсиз. Ижрочиси, бастакори, шеър муаллифи ҳам ўзи. Охир-оқибат тингловчиси ҳам ўзи бўлиб қолса ажаб эмас. Давр синовларидан ўта оладиган қўшиқларниннг камлиги ҳам шундан. Мавсумийлик табиатга, ҳосилга ярашади, қўшиққа эмас. Ўзларига мос бўлмаган қилиқлар билан қўшиқлар айтадиганлар санъаткор санъат халқ  минбари эканини унутмаса бўларди.

Хоразмда кўп бўлганман. Нозиктабъ шоир Болта Давлатов(Бодил), дутор машқини обдон эгаллаган Нурмуҳаммад ака, Шерозий, Ҳожихон Болтаевлар менга қадрдон, дилкаш инсонлар эди. Хоразмликлар унча-мунча санъаткорни ҳам, қўшиқни ҳам тан олмайдилар. Авж пардаларига чиқиб ижро этолмаган санъаткорлар у ерда обрў олиши қийин. Ўзига хос тўй маданияти ҳам бор уларда. Бир тўйга айтилган санъаткор устига бошқасининг, яъни Тошкентдагидек “бирров”чиларнинг келиши ўта ҳурматсизлик ҳисобланади. Ҳозирги тўйларимизда баъзан “машҳур бир санъаткорни тўёна қилиб келтирдим”, деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Инсонни тўёна қилиш мумкинми? Тўйга тўёна қилинган нарса, шу хонадонда қолиши керак. У қўй эмаски, тўёна қилиб келтирилса. Уч-тўрт сўм ишлаш илинжида келган хонандага бунинг аҳамияти йўқ, гарчи ҳамиятига тегса ҳам. Тўёна қилиб келтирган одамнинг қўлига қараб келгани аниқ, ёки бошқа бир ишни битказиш илинжида. “Бирровчи”лар тўйнинг файзли, мазмунли ўтишига, “композицияси”га путур етказади. Тўй баҳона давомли хизматга келган, бошқача айтганда “дежурный” бўлиб турган санъаткорлар гуруҳи очилиб-сочилиб хизмат қилмайди. Улар ҳам иложини қилиб, бошқа бир тўйга бирровга бориб келиш ҳаракатига тушишади. Бунда қандай мантиқ бор? Аксарият тўйларда сўзга ҳам, созга ҳам эътибор сусайиб кетган. Ким нима ҳақда гапираяпти, қизиқиш йўқ. Онда-сонда ўйинга чорловчи бир ўйноқи мусиқа эшитилса, бас, чиқиб ўйнаш учун.

Хоразмда собиқ вилоят раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳмонов маданий-маърифий тадбирларга бош-қош, ташкилотчи, ташаббускор инсон эдилар. Улар пойтахтдаги машҳур санъаткорларни чорлаб турар, бу эса меҳнаткашларнинг маънавий ҳордиқ чиқазиши кўп жиҳатдан иш унумдорлигига, кўтаринки кайфиятига ижобий таъсир кўрсатишини яхши билардилар.

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Раҳимовалар (руҳлари шод бўлсин) билан биргаликда концертлар уюштирардик. Хоразмнинг деярлик барча туманларида меҳнаткаш аҳоли орасида концерт берганмиз. Улар бизни алоҳида қаршилашар, баъзи қўшиқларни қайта-қайта айтишимизни илтимос қилишарди. Уларнинг олқиши биз учун катта синов ва унвон эди. Эл рағбати унинг даъвати ҳамдир. Халқ дили ва дидига яқин қўшиқларни тайёрлаш, уларга муносиб туҳфа билан юзлашишга ошиқиш, янги дастурлар устида завқ-шавқ билан ишлаш бизга катта қувонч ва куч бағишларди.

Қўшиқчиликка “компьютер”нинг қўшилиши ўзида истеъдод учқуни бўлмаганлар учун ҳам қўл келди. Соз ва овознинг турли хил маромга буриш осон бўлиб қолди.”

Шу тобда Фахриддин аканинг фикрини исботи ўрнида Қаландар Норматовнинг бир гапини келтирдим. Мириқиб кулдилар. “Хоразмдан чарчаб келган Қаландар акага шу куни овоз ёзиш студияси бўш экани, ёзиб олиш мумкинлигини айтишибди. Ҳориган бўлсам ҳам майли имкониятдан фойдаланайлик, деб оҳанрабо тасмага тушибди. Шунда у овоз операторига бир жойидан кўнгли хижил бўлганини, маромига етказа олмаганини айтибди. Эртасига келиб авжини қайта ёзишларини сўрабди. Овоз оператори эса мийиғида кулимсираб хавотир олманг деган мазмунда қараб қўйибди. Қаландар акага кеча айтган қўшиғини қўйиб беришибди. У таажжубда қолибди. “Бу не мўъжиза? Кеча авж нуқтасига чиқолмаганим аниқ эдику, дебди соддалик билан. Овоз ёзувчи эса “Қаландар оға, сиқилманг, компьютер деган нарса бор. Ҳаммасини жойига қўя олади, дебди.

Шунда таажжубдан ёқа ушлаган Қаландар ака, -Ёпирай, энди овози бўлмасада, маймунни ҳам қўшиқчи қилса бўладиган замон келибди, дермиш.

Фахриддин ака билан кулишдик. Сўнг у бир пас тин олди-да, сўзларида давом этди.

— Шулар ҳақда ўйласам, кекса санъаткорларнинг қўшиқ устидаги меҳнатлари ёдимга келади. Сўзимизга боис бўлаётган Рўзимбек Муродов ҳам алоҳида меҳрга сазовор санъаткорлардан. Уларнинг яхши ибораси бор: “Яхши қўшиқ тайёрлаш, тингловчига мақбул қилдириш минг ўлиб, минг тирилишдир”.

— Баъзи санъаткорларга ҳайрон қоламан. Бир қўшиғи билан дарров элга танилишни, машҳур бўлишни ният қилади. Санъат йўли равон эмаслигини, ўзига хос довонлари  борлигини билишса ёмон бўлмайди.

Умр давомида кўпдир довонлар,

Ундан устун келар марду майдонлар,

Ҳали кўпдир ушамағон армонлар,

Бардош ила енгар оқил инсонлар, — дейиши билан

шоир ҳақли. Довонлардан мардонавор ошиб келган Рўзимбек Муродовга ҳавасимиз келади.

Мен Рўзимбек Муродовни узоқ йиллардан бери биламан. У достончилик санъатида ўзига хос мактаб яратган санъаткордир. Р. Муродов билан Ўзбек Давлат филармониясида биргаликда ишлаш жараёнида бир неча вилоят ва шаҳарларда биргаликда концерт қўйганмиз.

Шу вақтларда Р. Муродовнинг овозини эшитиш ва маҳоратини кўришга мушарраф бўлганман. У ўзи ижро этган достонларни, шунчалик маҳорат билан ижро этардики, ҳар бир достоннинг мазмунини тингловчига етказишда ўзига яраша бадиий ва бетакрор сўзлар билан томошабинлар дилини ром этарди. Масалан, “Гўрўғли ва Бозиргон” достонига алоҳида, “Ғариб ва Шоҳсанам” достонига алоҳида, шунингдек бошқа достонларга ҳам ўзига мос ёқимли мусиқа жўрлигида ва бетакрор овоз билан эстетик жилолар берарди. Шу ноёб санъати билан халқ олқишига сазовор бўлиб, қайта-қайта саҳналарга таклиф қилинарди. Яна бир яхши хислати борки, ўз ҳамкасбларига меҳрибон, тингловчиларига с адоқатли, бир неча шогирдларига устоз, оилада доно бошлиқ ва ажойиб созандадир. Санъаткорни халқ севсагина, у яхшидир. Р. Муродовни халқ севди ва ўз фарзандидек бағрига олди. Шу боисдан давлатимиз уни ҳурматлаб, мураккаб достончилик санъатининг моҳир ижрочиси эканини назарда тутиб, унга “Ўзбекистон халқ артисти” деган буюк унвон берди. Бу унвонга Р. Муродов муносиб ва лойиқдир.

Р. Муродов ҳозир ҳам ўз санъатини ёшларга ўргатиш мақсадида бир неча йиллардан бери Тошкент Давлат маданият институтида ўқитувчи-доцент лавозимида ишламоқда. Мен Р. Муродовга мустаҳкам соғлиқ ва узоқ йиллар халқ назарида бўлишларини тилайман, деб қўйдилар.

Фахриддин акага миннатдорчилик билдириб хайрлашдим.

***

Достонлар ижросини синчиклаб кузатаркан, бахши ва бахшичиликнинг илдизларига илмий танқидий назар билан боқатуриб, мусиқа санъатининг йирик билимдони, назариётшунос ва амалиётчи олим, йирик тадқиқотчи Ўзбекистон Республикаси Бастакорлар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори Рустам Абдуллаевнинг мулоҳазалари алоҳида аҳамият касб этади.

Устоз бахши Рўзимбек Муродов билан 1965 йилларнинг бошларида Тошкентдаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида танишганман. У киши билан суҳбатлашганимдаёқ, Хоразм достончилик санъатининг улкан намояндаларидан бири эканини англаганман. Рўзимбек Муродов достончилик санъатига нафақат ихлосманд, балки бу йўналишдаги ижро йўлларини маромига етказиб, айтадиган устоз санъаткорлардан деб биламан. Бахшининг қуроли сози ва унинг овозидир. Бахшининг ижросидаги достонларни тинглаган ҳар бир шинаванда унинг санъатига юқори баҳо беради. Мен устоз бахши ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр юқоридаги фикрлар хаёлимдан ўтди. Бу бежиз эмас. Опера санъати деганда, жаҳоннинг Италия опера санъати кўз олдимизга келади. Опера сингари ўзбек достончилик санъатининг негизи ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалади. Унда опера санъатига хос бўлган барча ижро хусусиятлари мавжуд. Кириш қисми қаҳрамонларнинг ҳолатини, ички дунёсини очиб берадиган речитативлар, монологлар ва ареяларга хос хусусиятларни достонда ҳам кузатамиз. Бахши достонларни куйлаётганда, операга ўхшаш санъат турининг ўзимизда ҳам мавжудлигидан фахрланаман. 

Рўзимбек Муродов ижодининг яна бир ёрқин қирраси мураббийлик иқтидоридир. У достончилик ижодини ёш авлодга ўргатишда ташаббускорлик кўрсатиб келмоқда. Зикр этилган мулоҳазалар Хорамз достончилик тарихида Рўзимбек Муродовнинг мустақил ўрнини камситмайди. Алоҳида олинганда, Рўзимбек Муродов шубҳасиз, достончилик санъатининг йирик устаси. Устоз Рўзимбек Муродовга устозлик гаштини суриб юришида мустаҳкам соғлик тилайман.

***

Орадан кўп ўтмай, халқаро конкурс лауреати, Ўзбекистон Давлат консерваториясининг доценти Қаҳрамон Назировдан бахши ҳақидаги мулоҳазалари битилган номани олдим. Мана у.

         — Ўзбекистон энциклопедиясини варақлаб ўтирардим. Санъаткор бўлганим учунми, шу соҳага дахлдор устоз ва ҳамкасбларнинг номлари ўрин тутган саҳифалар мени бефарқ қолдирмайди, ғурурлантиради. Улар орасида бахши-бастакор, хонанда, созанда, меҳрибон устоз, дирижёр Ўзбекистон халқ артисти Рўзимбек Муродовни алоҳида ўрни бор. Қадимдан халқимиз мусиқа санъатининг фидойи намояндаларини қадрлаб келган. Ана шундай эъзозга сазовор бўлган Рўзимбек Муродов ҳақида тўлқинланмасдан сўзлаб бўлмайди. Унинг серқирра ижодига назар соларканмиз, бир неча ўнлаб халқ достонларининг маҳоратли ижрочиси, Хоразм мақомларининг билимдони, юзлаб шогирдларнинг устози, мусиқа санъатининг профессионал педагог-дирижёри эканлигининг гувоҳи бўламиз. Рўзимбек Муродов Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номидаги Тошкент Давлат мусиқа билим юртидаги меҳнат фаолияти даврида ва шунингдек, Ўзбекистон телерадиоси қошидаги Ўзбек халқ чолғулари оркестрида (ҳозирги кунда Дони Зокиров номи билан аталади) дирижёр бўлиб хизмат қилган даврларида ўзининг юқорида қайд этилдган серқирра ижодини намоён қилди. Мусиқа билим юртида ғижжак синфи бўйича дарс бериш билан бир қаторда жирижёрлик, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун чолғулаштириш ва Ўзбек халқ чолғулари ансамбли фанларидан ёшларга ҳормай-толмай сабоқ берди. Айниқса, халқ оғзаки ижодига мансуб ўзбек фольклор мусиқа санъатидаги ноёб жанр бўлган  достончилик борасида кенг кўламда изланишлар олиб борди, катта муваффақиятларга эришди ва ҳозирги кунгача Ўзбекистонда достончилик санъатининг пешқадам вакилларидан бўлиб келмоқда.

         Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бахшилик санъати ҳам бошқа санъат турлари каби ўта мураккаб, машаққатли ижодкордан тинимсиз меҳнат талаб қиладиган касб. Ижрочи саҳнада ҳам созанда, ҳам хонанда, ҳам шоир, қолаверса ҳам актёрлик маҳоратини намоён этиши керак. Бахши достонни ижро этаётганида авваломбор, воқеликни ҳикоя қилади. Демак, у сўз бойлигига эга бўлиши зарур. Достон персонажларининг сўзини куй орқали оҳангга созлаб ижро этиши керак. Мусиқа усулларининг ҳиссаларига ва оҳангларига бўйсунмайдиган сўзларни кези келганда, маъно ва моҳиятини бузмайдиган бошқа маънодош сўзларга алмаштира билиш салоҳиятига ҳам эга бўлиши лозим. Шу билан бирга асар қаҳрамонларининг характерини, руҳиятини кўрсата билиши зарур. Ижрочининг шундай хусусиятлари мужассамланганлиги сабабли пировардида, ижро этилаётган достонни тинглаб баҳраманд бўламиз. Устоз санъаткор Рўзимбек Муродов шу тарзда бир неча достонларни ёд олди, кўпларига куйлар басталади, баъзиларини қайта ишлаб, уларга сайқпал бериб янгича тусда халққа инъом этиб келмоқда. Унинг ижросидаги “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли ва Бозиргон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Иброҳим Халиллулоҳ” каби машҳур достонларни санъатсевар халқимиз яхши билади ва кўп мартаба мириқиб тинглаш бахтига муяссар бўлган. Камина Рўзимбек Муродовнинг юзлаб шогирдларидан бири сифатида устознинг кўрсатмаларига таяниб “Гўрўғли ва Бозиргон” достонидан лирик қўшиқ куйини ғижжакда ижро этишга эришдим. У куйни, ҳаттоки, фортепиано жўрлиги партиясини ҳам мусиқа санъатининг серқирра илмига  эга бўлганлиги боис устознинг ўзи ижро этди. Мазкур куй кўп маротаба танловларда, концертларда ижро этилди.

         Ҳозирги кунда нафақат, лирик қўшиқ, балки, устознинг бошқа куйлари ҳам ғижжакчилар дастуридан муносиб ўрин олиб келмоқда. Эл севган санъаткор, устоз Рўзимбек Муродовнинг ўзбек мусиқа санъати равнақи йўлида қилаётган тинимсиз ижодий ишларига  барака тилаб қоламиз”.

Қаҳрамон аканинг қисқа аммо, самимий  мулоҳазалари битилган хатда ҳамкасбнинг ҳамкасбга бўлган меҳрини туйиш мумкин эди.

***

Навбатдаги суҳбатдошимиз Халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг Дони Зокиров номидаги халқ чолғу оркестрининг  созандаси Саиджон Кадабоев. Даставвал, улар ҳамкасби, шогирди Шарофиддиндан таҳрир учун берган “Эъзоз” номли шеърларини олдилар-да, сўнгра ўқишга тутиндилар. Мана ўша шеър.

Кўнгулларнинг сарафрози, неча дилга ҳамроздурсиз,

Санъат қадрин баланд тутган юракларда эъзоздурсиз.

Чаман булбулларини лол айлаган хушовоздурсиз,

Олам узра таралган куй, қўшиқлари мумтоздурсиз.

Номи элда бахши, достон бўлган азиз устоздурсиз.

 

Меҳнат қилиб сидқидилдан маърифатни ўйладингиз,

Ҳар ҳолатда мағрур туриб адолатга бўйладингиз,

Мухлисларга Бозиргону Гўрўғлидан сўйладингиз,

Ошиқ Ғариб-Шоҳсанамниннг муҳаббатин куйладингиз,

Хонишлари оташзабон бўлган азиз устоздурсиз.

 

Кўҳна, мумтоз меросларни дунёларга таратдингиз,

Жаранглатиб торингизни, булбул каби сайратдингиз,

Бу гулшанда достончилик мактабини яратдингиз.

Шогирдингиз Саййидийни зиёларга қаратдингиз,

Кўксим ичра ўтли туғён бўлган азиз устоздурсиз.

 

         Саиджон ака шеърни қироат билан ўқиб бўлгач, оҳиста гап бошладилар — Кечагидек ёдимда, мен 1955-59 йиллар давомида Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида устоз Рўзимбек Муродов синфида ғижжак ижроси бўлимида таҳсил олган эдим. Шу йиллар давомида устоз менга бор билимларини бериб санъатсирларини ўргатдилар. Домла касбий таълимлардан ташқари биз ўқувчиларга оталарча муносабатда бўлиб, одоб-ахлоқ намуналарини ҳам кўрсатар эдилар.

         1957-60 йиллар давомида устозимиз Ўзбекистон телерадиоси қошидаги Дони Зокиров номидаги халқ чолғу оркестрида ҳам мураббий, ҳам дирижёр сифатида халқ ичида машҳур, лекин нотадан сабоғи бўлмаган кўплаб санъаткорларга мусиқий нотадан дарс бердилар. Мусиқа сирларини эгаллаш дунёда ҳам қийин, ҳам қувончли. Ҳар иккаласига ҳам ошни бўлган собитқадам инсон Рўзимбек Муродовдан доим шодмиз, -деб сўзини якунладилар Саиджон ака.

***

— Рўзимбек Муродовнинг шогирдлари, у ҳақда тўлқинланиб, соатлаб гапирадиган дўстлари кўп, дегандим, Ўзбекистон Давлат консерваториясининг доценти Файзулло Ибрагимов сўзни илиб кетди.

         -Мусиқага бўлган иштиёқим, ўрта мактабда ўқиб юрган кезларимда уйғонганди. Мактаб мусиқа тўгарагига қатнашиб юриб, доира ижрочилик сирларини ўргана бошладим. Орзуларим мени 1956 йили Ҳамза номидаги Мусиқа билим юртига етаклади. Ғижжак мўъжизакор кучга эга. Бу сеҳрли созда овоз чиқариш, камон билан сирли товушларни ижро этиш санъатини ўрганишда биринчи устозим Рўзимбек Муродов эдилар. Талабчан, қатъиятли ва шу билан бир қаторда очиқкўнгилли устозим нафақат Оврупо, рус, қардош халқлари композиторлари асарларини  ижро этишни ўргатибгина қолмай, мумтоз ўзбек халқ куйларини , шашмақом қисмларини ҳам мукаммал ўргатиб келдилар.

Белгиланган асар устида ишлашда техник жиҳатдан етук ижро этиш, учрайдиган барча мусиқий ҳолатларни тўла амалга ошириш учун синчковлик ва билим билан дарс олиб борардилар. Домла Рўзимбек Муродов ўз педагогик фаолияти мобайнида кўплаб шогирдларни тайёрлаб чиқардилар. Улар ҳозирда ўқув муассасаларида, оркестр жамоаларида, ансамблларда, санъат ва мусиқа коллежи, лицейларида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар”.

Шогирд устозидан таълимий меҳрни қанчалик қабул қилиб шод бўлса, Файзулло аканинг мулоҳазаларини тингларканман,  у киши ҳам Рўзимбек акадан шу қадар миннатдорлигини туйдим.

***

Аҳли донишларга хос босиқлик, ўйчанлик ва мулоҳазакорлик билан фикр айтадиган хокисор инсон, тажрибали санъаткор, малакали мураббий, Раҳматжон акани бир неча йиллардан бери биламан. Ҳозирда Абдулла Қодирий номидаги тошкент Давлат Маданият институтининг “Халқ ашула ва рақс ансамблига раҳбарлик” кафедрасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган профессор Раҳматжон Турсунов ҳузурларига борганимда, одатдагидек, “сиз аруз вазнидаги ғазалларни кўпроқ ўқинг, биринчидан тушуниб ўқийсиз, арабий-форсий сўзларнинг маъносини биласиз, иккинчидан, танбур оҳангига овозингиз тушади”  дейдиган гапларини кутгандим. Бу гал ундай демадилар.

-Хайрли ишга бош қўшиб юрганингиздан хабардорман. Хоразм бахшичилик санъатининг тимсолига айланган Рўзимбек оға ҳақида ёзиш, у ижро этган достонларни таҳлил этиш фольклоршунос сифатида сизга ярашади ҳам дедиларда, қўлимга икки саҳифалик мақолани тутдилар. Ҳеч қандай таҳрирсиз, тузатишларсиз ўзингизга ҳавола қилишни  мақбул кўрдим.

Хоразм достончилик ижодиёти жанр ранг-баранглиги, яратилиши жиҳатидан қадимийлиги, ғоявий-бадиий юксаклиги, дунё халқлари адабий меросига муносиб ҳисса бўлиб қўшилувчи гўзал асарларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Қадимий аждодларимиз томонидан яратилган бу бебаҳо оғзаки, бадиий мерос, мумтоз адабиёт, мусиқа санъати каби бебаҳо ва ардоқлидир.

Хоразм достончилиги хазинасида ғоявий-бадиий жиҳатдан хилма-хил бўлган услуб ва жанрига кўра, ҳам турли хил достонларни кўриш мумкин.

Хоразмда достон айтувчиларни “гўянда”, улар ижро қиладиган йўллар ”нома” деб юритилади. Хоразм достон номалари йирик ҳажми, куй йўналиши, парда лад ва авжлари ўзига хос ёрқин услуби билан ажралиб туради.

Хоразм достончилик мактабида иккита йирик услуб мавжуд. Улар бахшиларнинг ифодаси билан Ширвоний ва Эроний Хоразм услублари деб юритилади.

Мана шу икки услубни мукаммал эгаллаган, Хоразм достончиларнинг улкан намояндаларидан бири  Рўзимбек Муродов ўзининг ғоят юксак ижрочилик маҳорати билан ажралиб туради.

У достончилик санъатини дастлаб отасидан ўрганган. Хоразм достончилик мактабининг йирик намоёндаси Бола бахшидан, ижрочилик сир-асрорларини пухта ўрганади.

Рўзимбек Муродов “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” ““Гўрўғли ва Бозиргон” “Нажаб ўғлон”, “Хирмондали” каби достонларни ёддан очиқ овоз услубида маҳорат билан ижро қилиб, ҳозиргача шинавандалар кўнглини тўлқинлантириб келмоқда.

Хоразм достончилик ижро санъатидасўз устаси, қўшиқ куйловчиси ва кичик созандалар ансамбли бирлашган бўлади. Рўзимбек Муродов достонларининг насрий қисмларини маҳорат билан ёддан сўзлаб, ҳикоя этса, шеърий бўлакларини қўшиқ шаклида жозибали куйлайди ва бундан тор созидан маҳорат билан фойдаланади. У ўзбек достончилик мактабида ягона олий маълумотли мутахассис достончи ҳисобланади.

Рўзимбек Муродов профессор Мухтор Ашрафий тавсияси  билан 1957 йилгача Ўзбекистон давдат радиоси қошидаги халқ, чолғулари оркестрида дирижёр ва нота саводидан ўқитувчи бўлиб ишлади. 1952 йилдан 1992 йилгача Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлади. 2000 йилдан то ҳозирги кунга қадар А. Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институти “Халқ ижодиёти” кафедраси доценти лавозимида ишлаб келмоқда. У тарбиячи педагог сифатида Ҳамза номидаги мусиқа коллежи ва Маданият институтида ишлаш жараёнида малакали кадрларни тайёрлаб етиштирди.

Биз Ўзбекистон халқ артисти машҳур достончи, бахши Рўзимбек Муродов ижодига назар соларканмиз, кўз ўнгимизда ўтмиш Хоразм достончилик анъаналарининг  давомчисини кўрамиз. Унинг эллик йил оралиғида ижро этган достонлари шунингдек, самарали мураббийлик фаолияти учун давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У узоқ йиллар устозлик гаштини суриб юришига орзумандмиз. 

***

Шогирдлари билан фахрланиб, уларга берилган унвонлардан ғурурланиб юрувчи камтарин инсон, Хоразм мақомларининг етук билимдони, иқтидорли ҳофиз, Тошкент Давлат маданият институтининг Ашула ва рақс ансамблига раҳбарлик кафедраси доценти Матназар Худойназаров ҳамкасб дўст сифатида самимий истакларини билдириб, Хоразм бахшичилик йўллари ҳақидаги мақоласини тақдим этдилар.

— Мумтоз меросга ихлоси баланд бўлган, ҳам амалиётчи, ҳам назариётчи сифатида Хоразм фольклори бўйича ибратли ишларни амалга оширган Рўзимбек Муродов мисолида бахшичилик йўллари ва достончилик мактаблари борасида анча мулоҳазалар билдиришга имкон туғилади. Унинг ижодида ишқий, қаҳрамонлик ва диний йўсиндаги достонлар ҳам борки, ҳаммасида ўзига хос услуб, ижро йўли танланган.

Санъаткорнинг санъатга кириб келиши, ижро усули ва йўли ҳар хил бўлганидек, уларнинг санъатга муносабати ҳам турлича. Баъзилар санъатни тирикчилик воситаси деб билса, иккинчи бировлар унга масъулият ҳисси билан қарайдилар. Енгил — елпи, сўзи ўзбекча, куйи бошқа халқ мусиқаларидан олиб ясалган тижоратбоп қўшиқларни айтиб халқнинг дидсизланишига йўл қўймайдилар, бу ишни ўзига эп ҳам кўрмайдилар. Санъат тараққиётига хизмат қилишни, сержило, бой анъаналарига эга бўлган мумтоз мусиқий мероснинг равнақига ҳисса қўшишни шараф ва виждон амри деб биладилар.

Ҳаёт рубоб ҳамма чолғувчи,

Ҳар ким ўз куйини чалади.

Кимнинг куйи бир лаҳзаликдир,

Кимнинг куйи мангу қолади.

Ҳа, шоир ҳақли эътироф этганидек, бугун бор бўлиб, эрта-индин изсиз йўқолувчи санъаткорнинг мангуликка дахлдор бўлган қўшиқ намуналарини яратишига ишониш қийин.

Яна бир тоифа санъаткорлар борки, устоз санъаткорларнинг қўшиқларига, мумтоз меросга ихлос билан қараб, унга умр бахш этишни афзал кўрадилар.  Шу аснода ўзлари ҳам янги қўшиқлар яратишади. Оҳанглари билан кишини ўзига ром этувчи мумтоз ашулаларни айтишга интилиш хайрли. Лекин ҳамма ҳам унинг уддасидан чиқавермайди.

Рўзимбек оға “сўзга соз боғланса, кейин иккаласи жону жасаддек бир бутун бўлса, у ҳаёт бўлади, барҳаёт бўлади, достондаги назму наср қолипларини шунга ўхшатаман”- дейдилар. Достон ижроси бўйича тинимсиз равишда изланади. Тайёр куйга мос сўз ёздириб ўзини ва ўзгани алдаётган ҳамкасблари билан чиқиша олмайди. Дард билан дона-дона қилиб айтилган қўшиқнинг умри зиёда бўлишини, заҳмат чекиб, ишониб, англаб, билиб айтган санъаткорнинг қадри бўлишини у яхши тушунади. Шунинг учун ҳам, у классик шоирларимизнинг ғазал ва мухаммасларига мурожаат қиладиган бўлса, ёнида,  албатта, луғат китоблари борлигини кўрасиз. У ҳар бир сўзнинг матндаги ўрни ва маъноларини синчиклаб ўрганиб ёки мутахассислардан сўраб билиб олгач, унга мос куй танлашга киришади. Бу борада у луғат китобларини титкилашдан асло чарчамайди. У ўзига, сўзига, созига, овозига катта масъулият билан қарайди. Сўз, соз, овоз уйғунлиги, яъни “уч бирлик” қонунияти санъаткорни бор қилишини ҳам, хор қилишини ҳам яхши тушунади, шогирдларига ҳам шу ақидани бот-бот эслатиб туради.

Ҳатто, ҳақиқат бобида катта — кичикни ҳам аяб ўтирмас экан. Махтумқулининг шеърлар тўпламини ўзбекчага ўгириб китобхонларга тақдим қилган таниқли ёзувчи ва адабиётшунос, таржимон Жуманиёз Шарипов билан учрашиб қолади ва таржимада хатолик содир бўлганини айтади.

-Кўпчилик санъаткорлар сизнинг таржимангиз асосида “Кунларим” шеърини нотўғри айтишаяпти, деб ўша жойини ўқиб берибди.

Юз ёшга етарман, оларлар жонинг,

Узатиб қўярлар, бичарлар тўнинг,

Махтумқули, ҳамроҳ бўлсин иймонинг,

Жон-жасаддан айри тушган кунларим.

-Туркманчада ўша жойи “юзга етирмани оларлар жонинг” деб ёзилган. Бу “юз ёшга етказмасдан” деганидир, деб Рўзимбек оға тузатиш қилибдилар.

Жуманиёз ака эса таржимадаги нуқсонни сезгандай, ҳеч нима демасдан, мийиғида кулимсираб қўйибдилар.

Шу тобда Афлотун билан унинг ҳақгўй шогирди ҳақидаги ривоят ёдга келди. Болалигидан оқни оқ, қорани қора деб айтиш ўргатилган шогирд умри давомида шу ақидага бўйсуниб яшабди. Шунинг учун ҳам унинг ҳаёти силлиқ кечмаган, урилиш-сурилиш, асоссиз қасосга учраш, беайб майиб бўлиш унинг қисматига кўп ёзилганмиш. Бир масала тўғрисида фикр айтиш зарур бўлса, истиҳола қилмасдан бор ҳақиқатни айтар ва дакки-дашномга қоларкан. “Дунё ёлғончи бўлса, мен ҳақгўйман” дейишни канда қилмас экан. Шоир айтганидек, “яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон” унинг ҳаёт тарзига айланган. Ҳатто, бу борада таълим берган устозини аяб ўтирмас экан. Буни кўрган халойиқ, бир кун тўпланиб, унга маслаҳат берган бўлишибди.

-Устозингнинг дилини ранжитиш яхши эмас. Сенинг катта олим бўлишингда унинг хизматлари йўқми?

У шундай жавоб берибди: “Тўғри, устозим ва унинг илми бўлмаганда, мен бу даражага етмаган бўлардим. Устозим меҳнати ва чекка заҳматини унутиш кўрликдир.  Устозим буюк ва эл аро суюк инсон. Лекин, не қилайки, ҳақиқат ундан ҳам буюк. Ҳақ гапни шу дамда айтмасам, кейин айтишнинг нима зарурати бор. У кўзбўямачилик, ўзни оқлаш-ку. Ўз вақтида айтилмаган ҳақ сўз катта иллат ва жиноят учун имкониятдир”.

Рўзимбек аканинг Хоразм достончилиги тараққиётига аъло даражада хизмати сингган. Ўзи билан  бирга шу соҳада унга ҳамроз ва ҳамкор бўлувчи сафдошлар ҳақиқий санъаткорга қанот бағишлайди. Шу маънода Рўзимбек ака ўзидан ёши улуғ бахшиларга эътибор ва эҳтиром билан қараб келади, уларнинг шажараси ва хизматини қадрлайди.  

“Бахши” сўзи форсча “бағишламоқ” сўзидан келиб чиқиб, бағишлов деган маънони билдиради. Чунки, бахши вазиятга қараб ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда термалар тўқийди. Ушбу сўз ўзбек ва туркманларда бахши, қорақалпоқларда жиров, қозоқ ва қирғизларда оқин, озарбайжон билан эронда ошиқ деб юритилади. Бахши, албатта қўлида соз билан ижро этади. Сурхондарё, Қашқадарё ва Помирда яшовчи тожиклар, қозоқ ҳамда қирғизлар шу билан бирга Олтой томонлардаги халқлар ҳам дўмбира ёрдамида терма айтадилар. Озарбайжон ва Эрон эса, соз билан куйлайдилар. Туркман бахшилари ўз санъатларини дуторда намойиш этадилар. Қорақалпоқистонда иккита оқим мавжуд бўлиб, биринчиси жировлар деб аталади. У ёпиқ овозда қўбиз куйланади. Иккинчи оқим овозда дутор, ғижжак ва буламон жўрлигида ижро этилади ва Хоразм услубига ўхшаш жойлари кўпдир. Иккинчи оқим очиқ овозда дутор, ғижжак ва буламон  жўрлигида ижро қилади.

Масалан: «илғор», «эшвой», «нолиш» куйларининг оҳанг ва усул жиҳати бир-бирига жуда ўхшайди. Хоразм бахшичилик услуби очиқ овозда куйланиши куйларнинг хилма-хиллиги ва ҳар бир куй муайян ўзининг услубига эгалиги билан ажралиб туради. Бизгача етиб келган қадимий ва машҳур достонлардан «Гўрўғли» туркумида йигирматача достон бўлган. Булардан кенг тарқалгани «Гўрўғли» ва «Хирмондали», «Гўрўғли ва Бозиргон» ва «Авазхон» достонларидир. Шу билан бирга «Ошиқ Ғариб Шоҳсанам», «Ошиқ Маҳмуд ва Нигорхон», «Сайётхон Ҳамро», «Тоҳир ва Зуҳра», «Қирққиз» достонлари ҳам халқчил достонлар сирасига киради.

Достонлар одамлар тинглаб зерикмасликлари учун тўй ҳашамларга мослаштирилиб, уч-тўрт соат мобайнида куйланади. Бахшининг имкониятига қараб достонларни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. ХХ аср бошларида Хоразм бахшиномалари тўқсон олтита бўлиб, бизгача уларнинг қирққа яқини етиб келган. Булар «Найларман», «Ширвони», «Илғор», «Нолиш» ва Раҳм айла”лардир. Булардан ташқари, XIX асрда яшаган Эшвой бахши номи билан боғлиқ куй мавжуд. Негаки, Хоразм бахшичилик санъати ҳам Хоразм мақомлари каби хонлик муҳофазасида бўлган. Муҳаммад Раҳимхон Феруз давридаги сарой бахшиларидан Сияв бахши, Иброҳим бахшиларни мисол сифатида айтишимиз мумкин. Бу пайтларда достонлар битта дутор, иккита буламон жўрлигида ижро қилинган. Хоразмда ҳозирги пайтда доира, тор, дутор, ғижжак, бўламон жўрлигида, кичик ансамбл шаклида ижро қилинади. Ҳамма соҳада бўлгани каби бу санъат ҳам инқилобдан кейин, айниқса ўттиз йиллардан кейин маълум даражада тазйиққа учраган. Яъни муносабатдаги сюжетлар ўзгартирилиб олиб ташланган. Бу нарса достонларнинг анъаналари тарбиявий мазмунига катта путур етказган. Достонларнинг моҳир ижрочилари ўтган асрлардаги Эшвой бахши, Иброҳим бахши, Бола бахшиҚурбонназар Абдуллаевларнинг издошлари ҳозирда фольклор-этнографик ансамбллар тузиб фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, Бола бахшининг достончилик бобидаги фаолияти болалигиданоқ бошланган. У беш ёшидан бошлаб термалар ижро қила бошлаган. Етти ёшида халқ ўртасида “Бола бахши номи билан машҳур бўлган. Ўн ёшига етганда, сарой базмларининг бирида юксак маҳорати учун, хон Ферузнинг махсус ёрлиғи ва совринига эга бўлган. Инқилобдан кейинги даврда у кишининг меҳнатлари қадрланиб 1928 йилда Ўзбекистон халқ достончиси унвони берилган. 1986 йилда Хивада вафот этди.  

Булардан Ўзбекистон халқ бахшиси ва Хива бола бахши достончилик мактаби асосчиси Норбек Абдуллаев, катта ўқитувчиси Матёқуб Абдуллаев, ўғиллари Етмишвой, шогирдлари Қаландар бахши Норматов, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубов, Хоразмда «Нурум» бахши номи билан машҳур бўлган Нурмамат бахшилар ҳам достончилик ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлар.

Халқимизнинг етук хонандалари Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Жуманазар Бекжонов, Раҳматжон Қурбоновлар Хоразм бахшичилик санъати асосида ўз ижодларини ривожлантирганлар. Истиқлолимиз шарофати билан юртимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу миллий санъатимизга катта эътибор кўрсатилиб, “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони қайта тикланди. Мактаблар ташкил қилиниб, бахшичилик санъати асарларидан ёш авлодга чуқур таълим берилмоқда. Шу билан биргаликда хорижий мамлакатлар санъат иҳлосмандлари бу санъатимиздан баҳраманд бўлмоқдалар. Яъни, 2000 йилда Матёқуб Абдуллаев бошчилигидаги Хива бола бахши достончилик мактаб ўқувчиларнинг Германияга қилган сафари, Хоразм “Достон ансамблининг Норбек бахши Абдуллаев раҳбарлигида Япония, Белгияга қилган сафари  фикримизга далилдир.    

Рўзимбек оғанинг Ҳиндистон ва Покистон бўйлаб сафари, “Иброҳим пайғамбар” ҳақидаги достонни видеотасмага тушириб келиши Хоразм достончилигининг келажаги порлоқ эканини билдиради. Хоразм достончилиги эндиликда катта ижодий кучга эга. Унинг бугуни, эртаси ишончли шогирдлар қўлида эканини ҳис этган Рўзимбек оға шод, ўз ишидан мамнун. Биз унутилаёзган достонларнинг видеофильмларини ҳам, Рўзимбек оғанинг ижросида кўришни истаймиз. 

***

Яхши инсон шарафланади, тарафланади. Ҳақ гап. Рўзимбек оға ҳақида кимдан фикр сўрасангиз, у Ғариб, Шоҳсанамдан, Гўрўғли ёки Бозиргондан сўз очади. Демак, халқ қалбига ўша достонларни жо этишда ҳиссаси катта бўлган Рўзимбек Муродов достонлар боис эларо ўзи ҳам достонга айлангани рост. Халқ оғзаки ижодиётининг теран тадқиқотчиларидан бири, фольклоршунос олим, Тошкент Давлат маданият институти доценти Нозим Қосимовнинг мулоҳазалари ҳам шу борадаги фикримизни қувватлайди.

Санъат инсонлар қалбига нур, сурур бағишлайди, чунки ҳақиқий санъаткор Оллоҳ назари тушган иқтидор эгаларидир. Бундай истеъдод соҳиблари табиатан нозик дидли, қалби пок, ўзгалар дарду ҳасратини ўзиникидай чуқур ҳис этувчи инсонлардир. Ўзининг онгли ҳаётини сеҳрбахш наволар яратиш, ана шу наволар билан одамлар юрагига эзгулик, меҳр-оқибат, Ватанга, башариятга муҳаббат уйғотиш иштиёқи билан тинмай изланишлар олиб бораётган севимли санъаткорларимиздан бири, Ўзбекистон халқ артисти Рўзимбек бахши Муродовдир.

Ҳар бир инсонга яратганнинг ўзи бир хислат ато этар экан. Кимгадир сўздан, кимгадир создан, кимгадир билакдан, кимгадир юракдан. Оллоҳ таоло берган ана шу хислат эса ўз соҳибининг қисматига айланади. Рузимбек бахшига эса жозибали овоздан берган. Шу боис у бутун умрини бахшичилик санъатига бахшида қилди. Унинг гоҳ шўх, гоҳ ҳазин, гоҳ сокин, гоҳ шиддаткор хонишлари тингловчи қалбига сурур солади, руҳини аллалайди ва бир умр жозибаси билан ўзига мафтун этади.

Француз адиби О. Бальзак айтганидек, «доимий меҳнат санъатнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам қонунидир». Рўзимбек оға бахшичилик ва чолғучилик санъатини мукаммал эгаллаб олгунча тиниб-тинчимади: қанча ранжу алам тортди, қанча заҳмату машаққат чекди. Мана шу ўтган даврларда у ҳозирги мустақил Давлатлар Ҳамдустлиги таркибига кирган қатор давлатларда гастрол сафарларида бўлиб, ўзбек санъатини тарғиб қилишда ўзининг самарали ҳиссасини қўшди. Ушбу даргоҳлардаги меҳнат фаолиятлари ҳам бесамар кетмади. Унинг ҳам бахшичилик, ҳам созандалик истеъдоди камол топди. Шунингдек, бахшичилик санъати борасида бир қатор истеъдодларни етиштирди.

-Дарҳақиқат, бахшичилик санъатининг энг қадимий, энг ибтидоий тури десам муболаға бўлмас,-дейди бахши. -Хомер ҳам ибтидоий дунёнинг бош достончиси эди. Ҳозирги турли-туман ашулачилик, қўшиқчилик, куйлаш тури борки, бари бахшичиликдан униб чиққан”.

У 20 дан ортиқ халқ достонларини қарийб эллик йилдирки, санъат ихлосмандлари орасида ва эфирда куйлаб келмоқда. Айниқса, нуроний отахонлар, табаррук онахонлар унинг овозини берилиб тинглайдилар. Халқимизнинг минг йиллар давомида бахшилар тилидан тушмай бизгача етиб келган бу маданий мероси Рузимбек бахшининг ижрочилик санъати эвазига узбек достончилиги ихлосмандларининг яна меҳрини қозонди, қалбини забт этди. Мухлислар ўшандай ҳаяжонли дамларда шундай санъатни, шундай санъаткорларни яратган ошёнига шукроналар айтишади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Рўзимбек бахши шоира Эътибор Охунова билан ҳамкорликда «Фидойилик» номли достон яратиб, унга ўзи куй басталаган. Шунингдек, ўтган даврдаги ижодий фаолияти давомида у бир қатор халқ достонларини магнит тасмаларига муҳрлашга муяссар бўлди.

 Рўзимбек Муродов ҳозир айни камолга етган паллада. У Хоразм ижрочилик мактаби асосида ансамбл тузиб, ёш ижрочиларга Хоразм қўшиқчилик санъати ва бахшичилик ижодидан сабоқ бериб келмоқда.

Санъаткор бўлиш, санъаткор сифатида танилиш, шогирдлар ва мухлислар томонидан эътироф этилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бундай бахт фақат санъатни ўзига қисмат деб билган кишиларгагина насиб этади.

Ўзининг етмиш беш баҳори арафасида турган залворли овоз соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Рўзимбек бахши Муродов санъаткорликни ўзига қисмат деб билган ана шундай инсонлардан. Биз мухлислар унинг санъатда топган бахти умрбоқий бўлишини ва у танлаган сермашаққат йул унга абадий шараф келтиришини Оллоҳдан сўраб қоламиз.

***

Рўзимбек Муродовнинг ашаддий мухлислари турли касб эгалари. Улар инженер, ишчи, боғбон, қурувчи, олим, шифокор ва ҳоказо. Бу қаторни истаганча давом эттириш мумкин. Уларнинг дил изҳорлари битилган мактублар орасидан биттасини танлаб олдим.

Тошкент шаҳар “Ҳуқуқ ҳимоячиси” адвокатлик фирмаси директори Неъмат Раҳматовнинг номаси экан.    Мана у.

“Ҳали мен ёш бола эдим. Биз яшаган Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Пойкент қишлоғида, дала шийпони олдида катта бир симёғоч бўлиб, унга катта карнай ўрнатилганди. Ўша  карнай эрталаб саҳардан ёшу қарини уйғотар, ундан таралаётган куй-қўшиқларнинг садоси узоқ-узоқларга эшитиларди.

1963 йилнинг ёз кунларидан бирида симёғочдаги карнайдан Рўзимбек Муродов ижросида биринчи маротаба “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонини тинглагандим. Шундан бери у кишининг мухлисиман. Йиллар ўтибдики, ҳамон ўша достон садоси қулоғим остида жаранглагандек бўлаверади.

Раҳматлик отам ҳам достонсевар кишилардан бири эди. Биз отам билан овга чиқардик. Доимо Рўзимбек бахшининг достонларини хиргойи қиларди. Ҳатто, қўлидаги хилачўпни соз қилиб, достонни мақомига етказиб чин дилдан куйлашга интиларди.  Отам менга Амударё бўйида яшаб, достончилик билан машҳур бўлган Амин бахши ва Мурод бахшилар тўғрисида кўп гапирар эдилар. Айниқса, Амин бахши бизнинг Пойкент қишлоғимизга кўп бор келиб тўйларда тонготаргача достон куйлаганини одамлар мижжа қоқмай, берилиб тинглашганларини айтиб берганлар.

Рўзимбек ака билан учрашиш менга 1972 йилда насиб қилди. Марҳум устозим адвокат Мурод ака Матёқубов уйига, тўйга таклиф қилди. Шу кишининг тўйида биринчи марта Рўзимбек ака билан учрашганман. Ота-боболаримнинг Рўзимбек аканинг ота-боболари билан борди-келдиси бўлганини уларга айтиб бердим. Рўзимбек ака роса хурсанд бўлдилар. Шу кундан бошлаб Рўзимбек бахши билан дўстлик ришталари боғланиб, ҳозирги кунга қадар ихлосманд сифатида бахшининг достонларини эшитиб келмоқдаман”.

***

Рўзимбек ака ижодига мухлис бўлганлар турли касб эгалари. Улардан бири санъаткор билан илк учрашув пайтларини  хотирлаб, қадимда  “амри фармонлар” битиладиган ўрама қоғозни тутқазди. Қарасам, у Адҳамжон Ҳасановнинг Рўзимбек оғага бўлган меҳр муҳри экан. Мана у:

 1965 йили 15 ёшимда Тошкентга келдим. Марказий универсал магазинида навбатга туриб устознинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонининг грампластинкасини сотиб олдим. Эшитдим. Яна эшитдим, яна… Унинг сеҳрли кучи менга таъсир қилдими билмайман. Ҳар оқшом эшитмасам уйқум келмасди.

Ўшандан бошлаб, менинг санъатга қизиқишим ва ўрганиш ҳисси қалбимда қўзғалди. Етим бўлганим учун мусиқа билим юртига кира олмадим. Ростини айтсам. Ўшанда менга менсимасдан қарашди. Радио, магнитафонлар қўйиб ўргандим. Ҳаваскорлик тўгарагида ўргандим. Болалар чалса, қараб эсда сақлаб қолиб, кейин машқ қилардим. Орадан йиллар ўтди. Ҳайдовчилик касбини эгаллаб, дастлаб автобусларда кейин енгил такси машиналарида таксист бўлиб ишладим. Учинчи автопаркда 1980 йилларда биринчи марта устоз Рўзимбек ака билан учрашдим. Менинг машинамга ўтирган эди. Олой бозоридан Юнусободга кетаётган экан. Олиб бордим. “Мени шогирдликка оласизми”, деб савобрдим. Кулиб, албатта, дедилар. Шундан кейин анча муддат устоз шогирд бўлиб юрдик. Мен устоздан тор чалиш сирларини ўргандим. Ҳозирги кунда устоздан достон йўлларидан ташқари, “Феруз-1”, “Феруз-2”,”Дилхирож”, “Дугоҳ” каби мумтоз қўшиқларни ҳам ўрганаяпман. Устоздаги куч-ғайрат, санъатга фидойилик, касбига эътиқод ёш санъаткорлар учун ибратлидир.

***

Санъатда бирлаштирувчилик кучи бор. Қандай касб, қандай ёшда бўлмасин, санъат инсон туйғуларини ўзаро  яқинлаштиради.

Рўзимбек Муродовдан ижод ва ижро маҳорати сирларини ўрганганлар орасида математиклар ҳам бор. Улардан бири бугунги кунда Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида талабаларга риёзиёт ва иқтисод фани борасида мукаммал билимлар бериб келаётган мураббий, физика-математика фанлари номзоди, доцент  Олимбой Раҳматуллаевдир.

Уларнинг устоз ҳақидаги дилгир сўзларидан баҳраманд бўлсангиз, фойдадан холи бўлмайди.

Талабалик пайтларимда, касбим мусиқа санъатига яқин бўлмасада, қўшиққа меҳр қўйиб анча-мунча куй ва ашулаларни ўргангандим.

1981-1982 йилларда кичик давраларда, сўнгра ҳатто, тўйларда ҳам унча-мунча қўшиқ айтадиган бўлиб қолдим. Унда албатта, 1979 йилдан бошлаб Рўзимбек бахши Муродов билан танишганимизнинг, у киши берган сабоқларнинг ҳам таъсири бор эди. У киши мега достонлардан, мумтоз санъатдан кўп нарсаларни ўргатиб юрардилар. Бир сўз билан айтганда, менга  устозлик қилганлар. Рўзимбек акадан ўрганган ашула ва куйлар билан одамлар эътиборини торта олар эдим, ўзимга яраша муҳлисларим ҳам кўпайиб борарди.

Ўзим математика илм текшириш институтида аспирант ва кичик илмий ходим бўлиб ишласамда шанба, якшанба кунларида турли давраларда қўшиқ айтиб турардим, ҳам дам олардим. Менинг қўшиқларим қариндош уруғларга ҳам маъқул келиб қолдди. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. 1982 йил кузида тоғам тўй қиладиган ва ёлғиз мен бориб унда хизмат қиладиган бўлиб қолдим. Тўй жуда чиройли ўтди, ҳамма хурсанд. Мумтоз қўшиқлар ҳам, шўх-шодон қўшиқлар ҳам айтилди. Хоразмдаги одат бўйича тўйдан сўнг яқин қариндошлар, ошна-оғайнилар (асосан эркаклар) уйга кириб қайтадан базм уюштирилади ва уни “уй базми” деб айтишади. Ўшанда мен билмайдиган бир холат мени ўнғайсизликка тушириб қўйди. Хоразмда санъаткорлар удумига кўра аввало битта куй (қўшиқсиз), масалан, “Алиқамбар”, “Пешрави дугоҳ” ёки шунга ўхшаш бирор наво ижро этилар экан. “Уй базми”да мендан ашила айтишимни сўрашди. Мне торни энди қўлимга олганимда кимдир “Алиқамбар”ни чалиб беришимни сўради. Афсуски, мен уни билмас эдим ва билмаслигимни айтдим. Шунда ҳалиги одамнинг ҳафсаласи пир бўлиб, жаҳли чиқиб, “Шу куйниям билмасанг, нима деб тор кўтариб ашулачи бўлиб юрибсан? Ундан кўра қўй торни”, деб қолди.

Мен ҳам бўш келмадим, ўзимни санъаткор ҳисобламаслигимни, мен математиклигимни, бўлғуси олимлигимни айтдим ва дарҳол торни ғилофига солиб қўйдим. Бироқ, даврадагилар қўярда қўймай, ҳар домла билганини ўқишини айтиб, мени ашула айтишга кўндиришди.

Аммо бўлиб ўтган воқеа менга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди ва Тошкентга қайтиб келган кунимнинг эртасига Рўзимбек аканинг олдига бордим ва воқеани айтдим. У киши менга бир ҳафта давомида эринмай “Алиқамбар”ни ўргатдилар. Кейинги йили Хоразмга борганимдабошқа бир даврада яна шу одам учраб қолди. Мен “Алиқамбар”ни бекамукўст ижро қилиб бердим ва ҳамма мени олқишлаб, “отангга раҳмат, устозингга раҳмат” деб лутф қилишди (чунки олдинги йилги воқеадан ҳабардор одамлар ҳам даврада бор эди).

Рўзимбек бахши Муродов ана шундай бағри кенг, беғараз устоз эканлигидан ва менга устозлик қилганидан фаҳрланаман. Илоҳим умрлари узоқ бўлсин, танлари сиҳат бўлсин.”

 

Рўзимбек Муродов таълим олган шогирдларининг рўйхати акс этган қоғозга кўз югуртирди. Ҳар бири ўзига хос олам эди улар. Ҳозирда уларнинг аксарияти эл-юртга таниқли санъаткорлар, санъатшунослар. Мана улар.

М. Азизов, Н. Алимахсумов, Х. Ахмедов, Т. Азимов, Б. Ботиров, Б.Бабанов, Ш. Бердиев, Ж. Расултоев, В. Ибрагимов, Ф. Ибрагимов, Т.Тимиров, М. Қарабеков, Т. Ҳасанов, Н. Раҳимжонов, М. Тешабоев, Қ. Назиров, Н. Холибоев, С. Кадабоев, З. Очилова, А. Эргашев, М. Эрматов, М. Мирсоатов, Х. Носиров, А. Ёдгоров, К. Комилов, О. Раҳматуллаев, М. Маҳкамова, С. Шавкатов, Ж. Шарипов, Д. Ражабов, Х. Самадов, К. Мирзаев, . Юсупов, Т. Собиров, О. Қурбонов, М. Турсунов, К. Нуруллаева, С. Худойбердиева, Ж. Эшматов, Э. Умаров, А. Камолов, А. Юнусов, К. Юнусов, С.Искандаров.

 

Рўзимбек оғанинг умрига, ҳаётий ва ижодий фаолиятига ўзлари бахшиёна услубда битган ушбу термаси мувофиқ келади.

 

Бугун бизда тўйу байрам,

Бўлди армоним қолмади.

Дўстлар билан давру даврон,

Сурдим армоним қолмади.

 

Ёшлигимда етим қолдим,

Яхшилардан таълим олдим.

Бахшилик йўлидан бордим,

Дилда армоним қолмади.

 

Севган достоним Шосанам,

Ғариб бўлиб юрдим манам,

Достон куйлаб ҳамин замон

Юрдим армоним қолмади.

 

Муҳаннаслар бўлди вайрон,

Бизга ҳам етишди даврон,

Қадрдонлар юксак унвон,

Олдим армоним қолмади.

 

Ойлар ўтди, йиллар ўтди,

Ёшим етмиш бешга етди.

Элу юртим табрик этди,

Энди армоним қолмади.

 

Рўзимбек, дунёга келдим,

Дунё ўтарини билдим,

Жафоу жабрини кўрдим,

Кўрдим армоним қолмади.

 

****

Рўзимбек бахши Муродов куйлаган достонларнинг айримларини ҳавола қиларканмиз, санъаткорнинг ушбу тўртлигини келтиришни жоиз деб билдик.

Устоз кетса шогирд қолур дунёда,

Умр, мартабаси бўлсин зиёда.

Ушбу достонларни ўқиб юрингда,

Дуо қилинглар Рўзимбек Мурода.

***

                   

                      “Н А Ж А Б    Ў Ғ Л О Н”

 

Эшитинг айтайин ажиб бир достон,

Кўнглингиз бўлсин ҳамиша гулистон.

         Ўтган замонда, Хоразм юртида Элбанд деган бир бахши бор эди. Султон Ҳасан подшонинг базми усиз ўтмас эди.  Шунинг учун у жуда бахил, ўзидан бошқа бахшиларни кўролмас эди.

         Бир куни Элбанд бахши туш кўрди. Тушида Сўна деган бир гўзал келинчакни кўриб, унга ғойибона ошиқ бўлиб қолди.

       Сўна Ганжа Қорабоғ заифаси бўлиб, қўлида Нажаб деган чақалоғи билан бева қолган эди. Баҳши Сўна ишқида йўлга отланиб, охири Сўна келинни топиб, унга уйланди. Ойдан-ой, йилдан-йил ўтиб, Нажаб 7 ёшга етди. У жуда шўх бўлиб, ўсди. Элбанд бахши Нажабга иш буюрса, у ўйиндан бош кўтармади. Бахшининг жаҳли чиқиб, менинг болам бўлсанг, қайсарлик қилмас эдинг — деб, уни савалаб кетди. Нажаб йиғлаб-йиғлаб онасининг олдига келди.

         — Эй она, шу менинг отамми? Отам бўлса, шунча мени хўрлайдими, — деди.

         Шунда онаси: -У сенинг отанг бўлганида хўрлармиди. Қўй хафа бўлма, ўйнайвер, деб уни кўчага йўллади.

         Созандаларнинг устози машҳур бахши Ошиқ Ойдинни ҳузурига юборди. Бўлган воқеани Ошиқ Ойдинга айтиб, бошпана сўради. Ошиқ Ойдин рози бўлиб унга жой бериб, ювинтириб, кийинтирди. Кейин уни гапга солиб билсаки, бола соз ва қўшиқ шайдоси экан. Буни пайқаган Ошиқ Ойдин Нажабжонга ўзи билган ҳамма санъат сирларини ўргата бошлади.

         Хушовоз Нажаб 7 йил деганда соз-ашула ўрганиб, яхшигина бахши бўлиб етишди. Бир куни Нажаб онасини жуда соғиниб, устозидан рухсат олиб кўрмоқчи бўлди. Ошиқ Ойдин Нажаб ўғлонга яхши бир қора дуторни бериб, сен зўр созанда бахши бўлиб етишдинг, аммо, зинҳор ўзингни катта олма, деб унга оқ йўл тилаб, беш калима сўз айтди:

 

         Сен борган сўнг шоҳ эслайди Элбандни

         Насиҳатим сенга такаббур бўлма.

         Такаббурлик мард йигитни хор этар,

         Насиҳатим сенга такаббур бўлма.

        

         Бундан борсанг Ҳасан шоҳнинг қошига,

         Олтин жиға санчар азиз бошингга,

         Ўзингдан каттага тенгу тўшингга,

         Насиҳатим сенга такаббур бўлма.

 

         Замона-замона, ажаб замона,

         Замона найласин, фасли ёмона,

         Ўзингдан ўзгага яхши-ёмона,

         Насиҳатим сенга такаббур бўлма.

 

         Ошиқ Ойдин айтар, маърифат шулдир,

         Маърифат-ҳақиқат бир тўғри йўлдир.

         Мендан сенга сўнгги насиҳат шулдир,

         Насиҳатим сенга такаббур бўлма.

 

         Ошиқ Ойдиндан оқ фотиҳа олган Нажаб ўғлон кўп йўл юриб, саҳар чоғида бир Боғи Эрамга етиб келди. Қараса бир ажойиб бир гулистон, мевалар пишган, тагига тушган, қумрилар суҳбат қуриб, булбуллар чақ-чақ уриб сайрамоқда.

         Нажаб ўғлон шу ерда бир роҳатланиб олай деб, ярми пишган, ярми хом кулчасини еб, сарҳовуз ёнида ёнбошлаб, ён атрофига назар ташласа, узоқдан ўтов кўринди. Ўша ўтовдан кўза кўтарган бир гўзал ҳовуз томон келаверди.  

         У сарҳовуз бўйига яқинлашганда кўзига кокили паранг йигитнинг сувдаги акси кўриниб, хуши бошидан учиб, кўзасини сувга тушириб юборди. Йигит уялиб юзини ўнгга бурган эди, гўзал уни чап ёноғидан ўпиб олди.

         Бундай ҳолни кўрмаган Нажабхон довдираб қолди ва қочмоқчи бўлди. Буни сезган гўзал унга ёпишди, лекин оёғи тойиб, иккови ҳам сувга йиқилдилар. Нажаб бир амаллаб сувдан чиқди-ю, нарироқ бориб «итдан қочган бузоқдек» безрайиб тураверди. Бир пасдан кейин усти боши лиққа ҳўл, гўзал ҳам сувдан чиқди. Нажабхон унинг бу аҳволига ҳазил қилиб кулган эди, гўзалнинг қаҳри келиб қувиб қолди.

         Шунда Нажаб: «Кел, устозим Ошиқ-Ойдин айтганидай такаббурлик қилмай, шу соҳибжамолнинг ҳам кўнглини овлай деб, созини қўлига олиб гўзални таърифлай кетди.

 

         Таърифинг десам ўзинга,

         Айтишга имкон кўринди.

         Манинг бу жаллод кўзима,

         Хумор кўзли ёр кўринди.

 

         Қалқона ўхшар қошлари,

         Писта бодомдур тишлари,

         Ўн саккиз ўрим сочлари,

         Сиёҳ зулфли ёр кўринди.

 

         Олмадим ёрнинг пандини,

         Сўрмадим лабинг қандини

         Очсам ёқангнинг бандини.

         Қўша-қўша нор кўринди.

 

         Гуллар шохасини эгди,

         Ошиқликнинг вақти келди.

         Ёр сийнанг сийнамга тегди,

         Кўнглинг менга бир бор кўринди.

 

         Нажаб бир достон боғлади,

         Кесиб жигарин доғлади,

         Зор чекиб, пинҳон йиғлади,

         Дунё кўза тор кўринди.

 

         Алқисса, гўзал Нажабхоннинг ғазалига меҳри қониб, жаҳлидан тушиб, уялганича кўзасига ҳам қарамай яқин орадаги ўтовга кириб ғойиб бўлди. Гўзал ҳўл кийимларини ўзгартириб, ўтовдан чиқиб қараса, бир тўп болалар тупроқ ўйнаб ўтиришибди. Шунда у: — шу ҳам ўйин бўлдими? Мен сизларга яхши ўйин топиб келдим боринглар, сарҳовузнинг бўйида бир созанда йигит турибди. Уни дарров бу ёққа олиб келинглар, мен нонушта, Чой-пой тайёрлаб турай»-деди.

         Ҳовуз томон келаётган болаларни кўрган Нажаб ўғлон «Буларни ҳалиги соҳибжамол юборган, мени мазах қилишмаса эди» деб, уларга пешвоз чиқиб салом бериб, қўл қовуштириб тураверди. Саломига алик олмай, уни қуршаб олиб кетдилар». Нажабнинг бир қўра қўйи бордек, эсон-омон қутулгайман деб, худо йўлига дамба-дам биттадан жонлиқ атаб бораяпти.

         Шу аҳволда уни ўтов ичига қизлар базмига олиб кирдилар.(Изи билан кетма-кет чорванинг дуркин келин-қизлари гурсиллашиб ичкари кириб саф тортдилар).

         Нажабхон қиз-жувонларга кўз югуртириб қараса, ҳалиги сувга йиқилган қиздан гўзали йўқ экан,-деб ўйланиб қолди. Кейин кел, шу ғазалимни шу гўзалга тегизиб кўрайчи деб, бир куй бошлади. Эшитайликчи, нима дер экан.

 

Сани кўриб мажлисингда тутилдим,

Сўзла нозли дилдор, кимнинг ёрисан,

Банд қилмоқчи бўлдинг, қочдим қутулдим,

Сўзла нозли дилдор, кимнинг ёрисан?

 

Томоша айладинг сен ўйинимга.

Одоб-икром билан келгил ёнима.

Зулфинг камар айлаб солғил бўйнима,

Сўзла нозли дилдор, кимнинг ёрисан?  

 

Кўзларинг жаллоддур, кипригинг ханжар,

Билмам шум насибам қаерга тортар,

Сани кўргач дардим кунба-кун ортар,

Сўзла нозли дилдор, кимнинг ёрисан?

 

Ман ҳам ошиқ бўлдим шу жаллод кўзга,

Кўзимга кўринмас шу кўздан ўзга.

Нажаб сен сўзласанг, ўз сўзинг сўзла.

Сўзла нозли дилдор, кимнинг ёрисан?

 

     Нажабхон сўзни тамом қилган эди, гўзал ўзича: Э худойим, ўзи яхши йигит экану маърака кўрмаган экан, бўлмаса маърака орасида кимнинг ёрисан, дермиди, деб ўзини панага олган эди, буни сезиб турган Нажаб яна тўлқинланиб, унга ўз ишқини изҳор этиб куйлаб кетди:

 

                            Сенга десам нозли дилбар,

                       Жоним олди жаллод кўзлар,

                       Кел, юзингдан бир бўса бер,

                       Жоним олди жаллод кўзлар.

 

                       Билмадим феъли ўйингни,

                       Қачон қилайин тўйингни,

                       Кўрсатгил чинор бўйингни,

                       Жоним олди жаллод кўзлар.

 

                       Санинг билан боққа кирсам,

                       Даста-даста гуллар терсам,

                       Қўл олишиб бирга юрсам,

                       Жоним олди жаллод кўзлар.

 

                       Биздан юзинг ўгирарсан,

                       Билмам кимни кулдирарсан,

                       Нажабхонни ёндирарсан,

                       Жоним олди жаллод кўзлар.

 

         Шу вақтнинг ўзида Султон Ҳасан подшо катта базм бошлади. Базмга ҳамма келиб, фақат Элбанд келолмади. Шунда подшо:

         -Элбанд бахши қариб қолди, яхшироқ, ёш бахши топинглар деб, ўз йигитларига буюрди. Подшо йигитлари эл кезиб, юрт кезиб чорва қишлоғида қизлар базми устидан чиқдилар. Улар ўтовга яқин бориб қарашса, келишган бир баҳодир йигит қизлар мажлисига ўт қалаб куйламоқда.

         Подшо йигитлари «узоқдаги ишимиз яқиндан битди»-дейишиб, Нажабхон ташқарига чиқиши билан уни отга ўнгариб, йўрғага қамчи босдилар.

         Шундай қилиб, эсдан оғаёзган Нажабхон хаёлини жойига қўйиб қараса, ўзини Султон Ҳасан подшо ҳузурида кўрди. Шу вақтда подшо ишораси билан Элбанд бахши чақирилди. Элбанд бахши келса, базм тўрида қўлида сози билан бир йигит ўтирибди. Ўйлаб-ўйлаб, ўтирган йигитни бир вақтлар ўзи қувиб юборган етим болага ўхшатди. Уни менсимай этигининг тумшуғи билан тепиб юборган эди, подшонинг қаҳри келиб; -Эй бедаво Элбанд, бизни паноҳ тортиб ўтирган бу йигитни нега тепасан! Кучинг етса, уни созда-сўзда енгиб кўр-деди.

         Кейин Элбанд созини созлаб, Нажабхон билан соз чалишиб, сўз айтишиб, базмда шарманда бўлиб енгилди.

         Подшо:

         -Эй, мулозимлар Нажаб ўғлоннинг бошига олтин жиға санчинглар, иккита зарбоф тўн кийгизинглар-деб буюрди. Мулозимлар бажо келтирдилар. Элбанднинг ҳам кўнгли ўксимасин деб, телпагига хўрознинг патини санчиб, эгнига пахтаси чиққан эски чопон кийгиздилар.

         Шунда Элбанд бахши қилмишига афсусланиб, ўғлидан узр сўраган бўлиб, тилёғламалик қилиб, кел жиғани алишайлик деб, сўз бошлади. Нажаб ўғлон ҳам унга мен жиғамни алишмасман деб, боблаб жавоб берди:

 

Элбанд:         -Сенинг жиғанг икки бошлиқ,

                      Кел, жиғангни алишайлик,

                     Мен бир фақир кўзи ёшлик

                    Кел жиғангни алишайлик.

 

Нажаб:         -Бу дунё ҳам икки бошдур,

                     Мен жиғамни алишмасман,

                     Кўздан оққан қонли ёшдур,

                    Мен жиғамни алишмасман.

 

Элбанд:         -Ўқ кимники, отганники,

                     Ёй кимники, тутганники,

                     Ўғил моли отаники,

                    Кел, жиғани алишайлик.

 

Нажаб:           -Мен бир тарсо монандиман,

                      Динга кирмаган бандаман,

                      Менки сенга ўғилмасман,

                      Мен жиғамни алишмасман.

 

Элбанд:          -Элбанд дер, созим чалмасман,

                     Ўғил, сен кетсанг қолмасман,

                     Норизо бўлсанг олмасман,

                     Рози бўлиб алишайлик.

 

Нажаб:         -Нажаб айтур, «хўп» сўзим бор.

                    Эл-юртда расм-русм бор,

                    Менинг ҳам ўз ҳавасим бор,

                    Мен жиғамни алишмасман.

        

         Шундай қилиб Элбанд бахши Нажаб ўғлондан енгилиб, тарвузи қўлтиғидан тушиб, уйига равона бўлди.

         Нажаб бўлса Султон Ҳасан подшонинг севимлм бахшиси деган номни олиб, кундузи шоҳона базмга ўт қалаб, кечалари ғариблар кўнглини овлаб юраверди.

         Нажабхон созига сайқал бериб юраверсин, энди сўзни Гулойимдан эшитинг.

         Нажабхонни сувга йиқитган гўзалнинг оти Гулойим бўлиб подшонинг Санжар деган вазирининг синглиси эди.

         Гулойим ўгай онаси билан алоҳида саройда яшар эди. У канизаклари билан Боғи Эрамга сайр қилишга чиққанда, Нажаб билан танишиб, унга ошиғ бўлган эди. Подшо йигитлари Нажабни қизлар базмидан олиб кетгандан кейин Гулойим кўп беором бўлиб саройга қайтди.

        Гулойим Нажабнинг саройида Элбандни енгиб, базмни гуллатаётганини эшитиб, Гулчаман деган канизини мактуб билан саройга йўллади. Гулчаман саройга айни базм қизиган бир пайтда кириб келиб, Нажабхонга “имо” қилаверди. Нажабхон бу “сир” ли имога тушунмай, ашуласидан янглишаверди. Нажабхон подшо рухсат олиб, ташқарига чиққан эди, қиз шундай бўлишини кутиб тургандай, Нажабнинг изидан чиқиб, Гулойимхон келсин, деди, деб, бу сўзни айтди:

  

Овозинг аршга улашди,

Гулойимхон келсин деди. 

Сени, излашди, сўрашди,         

Гулойимхон келсин деди.

 

Сенинг йўллингга боққандур,

Доғу хижронинг ёққандур

Кўздан қонли ёш оққандур,

Гулойимхон келсин деди. 

               

Овозанг тушди эллара,

Кўчибсан тилдан тиллара,

Бор чулғон хипча беллара  

Гулойимхон келсин деди.

 

Моҳитобондир юзлари,

Сиёҳдан қора кўзлари,

Болдан шириндур сўзлари,

Гулойимхон келсин деди.

 

Ошиқ йўлидан қолмайдур,

Дунёга икки келмайдур,

Севганлар гапга солмайдур,

Гулойимхон келсин деди.

 

Гулчаман сўзини тамомлаб Нажабга қараган эди, шунда Нажаб: Эй, ҳали “сирли имонинг сири шуми, қордан қутулиб, ёмғирга тутилибманда, бир хондан қутулолмай юрсам, яна бир хон чорлабди деб, ўзини четга олди, Шунда Гулчаман: -Эй, йигит тушунмай четга бурилма, менинг хон деганим Боғи Эрамда ўзинг кўрган қизларнинг хони гўзал Гулойим қиздур”-деди.

Гулойим номини эшитган Нажабхон севиниб, Гулойим қиз ҳузурига шом вақтида етиб борурман, деб базмга қайтиб, ўзини касалга солиб ётаверди. Бу ҳолни кўрган подшо, менинг бахшимга бир нима бўлди-деб тездан табиб чақиртирди. Лекин табиб унинг касалини билмади. Қишлоқ чеккасида 117 га кирган бир кампир бўлиб, у Нажабни обдон кўриб:

-Эй, шоҳим, бахшингиз ишқ дардига чалинибди, энди уни холи қўйинглар-деб ўз йўлига равона бўлди. Шунда подшо:

-Эй. Нажабхон, яна уч кунлик базмим қолди, шунга чидаб бер, оладиганинг пари бўлса ҳам олиб берай – деди.

Лекин Нажабдан овоз чиқмади.

Подшо:

-Эй, халойиқ, бахшининг атрофини бўшатинг деб, қаҳр билан базмдан чиқиб кетди. Бир пасдан кейин Нажаб кўзини очса, “совуқ урган сапчадек шўппайиб бир ўзи қолибди”. Ундан сўнг Нажаб Гулойим қизнинг саройи тамон йўл олди. Қайси бири Гулойимнинг саройи, қайси бири онасининг саройи эканини билолмай, созини қўлига олиб, Гулойимхон эшитиб чиқиб қолар деб, шу ғазални айтди.

 

                   Сени кўришга келмушман,

                   Кўрмагунча кетмасдурман,

                   Қип-қизил нор гулларингдан,

                   Термагунча кетмасдурман.

 

                   Ажам элиндан келмушман,

                   Қонли жигарим тилмушман,

                   Сенинг таърифинг билмушман.

 

                   Оч жонгинам, эшигинг оч,

                   Оқ юзингдан олайин бож,

                   Қилич бошимга ноилож,

                   Тушмагунча кетмасдурман.

 

                   Нозли ёр севгингга боқиб,

                   Қонли жигаримни ёқиб,

                   То ўлгунча сенга боқиб,

                   Юрмагунча кетмасдурман.

 

                   Мени солдинг ўйинингга,

                   Ҳамма уволим бўйнингга,

                   Ошиқ Нажаб дер кўйингда,

                   Юрмагунча кетмасдурман.

 

Алқисса, Нажаб ўғлон хеч кимдан дарак бўлмади деб, афсусланиб орқага қайтмоқчи бўлиб турганида, Гулчаман келиб “излаганинг шу ерда”-деб уни Гулойим ҳузурига олиб кирди. Гулойим Нажабни иззат-иқром билан кутиб олди. Тиззадан кўрпа тўшаб, дастурхон ёзиб, ҳурматини бажо келтирди.

Гулойим етти кеча-кундуз шароб қуйиб, меҳмондозлик қилди. Уйқудан қолган Нажабхон охири уйқуга кетди.

У уйқуга кетди-ю, Гулойим ўйлаб қолди:

-Мен ўзим нима қилаяпман; Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ҳали тўй бўлмай. Биров кўрса-эшитса, нима деган одам бўламан деб-кел, хеч бўлмаса уйғотай деб, қўлига созини олиб Гулчаманни ўйинга солиб, бир лапар бошлади:

 

                   Жоним Нажаб, болим Нажаб,

                   Саҳар бўлди турғил энди.

                   Бир бўлди кундузи-кечам

                   Саҳар бўлди, турғил энди.

 

                   Оғам билса у ўлдирар.

                   Куним қайғуга тўлдирар,

                   Сирим оламга билдирар.

                   Саҳар бўлди, турғил энди.

 

                   Тонг отганда қўшни ётмас,

                   Қўшни қўшнини унутмас,

                   Ўпишмоқдан бир иш битмас

                   Саҳар бўлди, турғил энди.

 

                   Бир оғам бор оти Санжар,

                   Белидадур, кумуш ханжар,

                   Сени сўйиб мани янчар,

                   Саҳар бўлди, турғил энди.

 

                   Гулойим дер, дардим кўпдир,

                   Дўстдан-душманларим кўпдир,

                   Сендан ўзга ёрим йўқдур,

                   Саҳар бўлди, турғул энди.

 

Алқисса. Нажабхон уйғониб қараса, Гулойим “саҳар бўлди, турғил энди” деб турибди. Кел, турсам турай, кетсам кетай деб, уйқу аралаш, боққа кириб сарҳовузнинг бўйида, гулларнинг орасида, бир тўнини ёстиқ қилиб, бир тўнини ёпиниб ётаверди.

Бу сайлгоҳ Гулойимнинг ўгай онасиники бўлиб, гоҳо-гоҳо кампир шу ерга чиқиб, ялпиз териб кетар эди. Бу гал ҳам у шу умидда чиққан эди, йигитни кўриб оғзи айтганини, қулоғи эшитмай, уйқуда ётган Нажабнинг бошида айюҳаннос солиб бақираверди.

Баланд кўшкдан буни кузатиб турган Гулойим кампирнинг мияси айниб, ёримни ҳалок қилиб қўймаса эди, деб онасига қараб бир сўз айтди:

 

                   Онажон арзим айтайин,

                   Ёримни ҳафа қилма.

                   Йиғлатиб қайғу билан,

                   Кўксини ёра қилма.

 

                   Кўнглим минг ғуссага тўлар,

                   Хазон уриб, рангим сўлар.

                   Билмасанг куёвинг бўлар,

                   Сен унга жафо қилма.

 

                   Келибдур мани ёр билиб,

                   Бир умр вафодор бўлиб,

                   Қувлама сен ағёр билиб

                   Ёрима жафо қилма.

 

                   Не савдо тушди бошима.

                   Оғу қўшмагил ошима

                   Жабр этма, азиз жонина.

                   Ёрима жафо қилма.

 

                   Гулойим дер меҳрибоним,

                   Ҳасратинда куйди жоним,

                   Эшитгил оҳу-фиғоним

                   Ёрима жафо қилма.

 

Шунда кампир, у “жафо қилма” деяпти буларнинг бир сири бор экан деб, Нажабни ўғри гумон қилиб, ўғли Санжарбекка хабар берди.

Вазир Санжарбек онасининг сўзига учиб, Нажабни миршабга топширди ва подшо номидан уни дарҳол дорга осишни буюрди. Миршаблар Нажабни дор тагига олиб бориб энди осмоқчи бўлиб турганларида узоқдан “Бу йигит ким?” деган сўроқ келди. Ҳамма овоз чиққан томонга қаради. Бу подшонинг яқин кишиларидан бири Аҳмадбек отлиқ саркарда эди. У кўп ақлли, шинааванда одам эди. Аҳмадбек бу воқеани кўриб, мен келгунча сабр қилинглар, деб саройга от чоптириб кетди. Аҳмадбек қора терга ботиб шоҳ ҳузурига кириб борди:

 -Эй, шоҳим, оламга машҳур бахшинг бор деб эшитиб, узоқ йўлдан юртингга келган эдим. Аммо ҳали овозини эшитмай, уни дор тагида кўрдим.

Шунда подшо: -Эй Аҳмадбек, қонимни сўрасанг берай, лекин унинг қонини сўрама, у ўлимга маҳкум эди.

Аҳмадбек бошқа бир тадбир ўйлаб топди: -Шоҳим, агар йўқ демасангиз, уч кун ўрнингизга шоҳ бўлай, кейин, майли нима қилсангиз розиман, деди.

Султон Ҳасан рози бўлди. Аҳмадбек шоҳона кийимлар кийиб, тахтга ўтирди. Уч кун тўйим бор, деб ҳамма ёққа жарчи юборди. Тўйга эшитган ҳам келди, эшитмаган ҳам. Ана базм бўлди, мана базм, чунки тўйнинг бахшиси Нажаб ўғлон эди.

Тўйнинг учинчи куни Гулойимхон ҳам етиб келди. Нажаб ёрининг келганини кўриб, ўлим бозори қурилган тўйимга сен ҳам келдингми? — деб нола қила бошлади.

 

                   Хуш келибсан ёрим, хабар олайин,

                   Кўзлари мастоним, тўя келдингми?

                   Севгилим, умрлик ёринг бўлайин,

                   Эй боғу бўстоним, тўя келдингми?

 

                   Сенсиз ёруғ куним менга эрур шом.

                   Бечора мискинман, дардлидир сийнам.

                   Эй боғу бўстоним, ганжи хазинам,

                   Гулим, гулистоним тўя келдингми?

 

                   Ақлимни олибдур мастон кўзларинг

                   Жоним олди ширин-шакар сўзларинг

                   Шабнам тушган қизил гулдек юзларинг

                   Зулфи зарафшоним тўя келдингми.

 

                   Ҳеч келмас дунёга сен каби ғунча,

                   Булбул фиғон айлар гул очилгунча.

                   Нажаб айтар, таърифингни ўлгунча.

                   Тахти сулаймоним тўйга келдингми?

 

Нажаб сўзини тамомлагандан кейин, Гулойим, кўп бетоқат бўлиб, “Эй халойиқ, қардошлар!” Мен шу ўғлона қурбон бўлмоққа келдим,- деб созини чалиб,  шу сўзни айтди:

 

                   Эй ёронлар, халойиқлар,

                   Нажабга қурбона келдим.

                   Арзим эшит, хонлар, беклар,

                   Нажабга қурбона келдим.

 

                   Тоғаларим-тоғаларим,

                   Қон-қариндош, боболарим,

                   Эшитинг, бек оғаларим,

                   Нажабга қурбона келдим.

 

                   Оҳуларим-оҳуларим

                   Сувда кезган моҳиларим.

                   Эшитинг, бек доҳиларим,

                   Нажабга қурбона келдим.

 

                   Саҳарнинг тонг юлдузиман,

                   Эсон вазирнинг қизиман,

                   Гулойимхоннинг ўзиман,

                   Нажабга қурбона келдим.

 

Гулойимнинг сўзидан ўтирган ҳалойиқ ҳайрон бўлиб қолди. Аҳмадбек ўрнидан туриб шоҳга юзланди. Шоҳим, сиз ўғри гумон қилганингиз, Санжар вазирингизнинг синглиси билан ошиқ-маъшуқ экан,- деди. Шунда подшо: -Икковини ҳам ўлдирарман,- деди. Аҳмадбек буларни халқ кўзи олдида ўлимга буюриш яхшилик келтирмайди, шоҳим. Агар рухсат берсангиз, уларни мен тинчитай деди. Шоҳ ноилож рози бўлди.

Аҳмадбек буларни ўз юртига олиб бориб, катта тўй-тамоша қилиб Гулойимни Нажаб ўғлонга никоҳлаб берди.

Уч кеча-кундуз давом этган тўйнинг кечаси соз-қўшиқ билан тонгга уланди.

Мен ҳам шу тўйга бориб, уларга бахт-саодат тилаб, шу ғазални айтдим:

        

     Қутлуғ бўлсин, дўстлар қилган тўйингиз,

         Ошиғлар, тўйингиз муборак бўлсин.

         Умр бўйи ғам кўрмасин кўнглингиз,

         Ёронлар, тўйингиз муборак бўлсин.

 

         Давраларда созандалар куйдирган,

         Майдонларда катта қозон қурдирган,

         Бу тўйга бош бўлиб, қўйлар сўйдирган.

         Аҳмадбек, тўйингиз муборак бўлсин.

 

         Бу ғазални бағишладим сизларга,

         Тўйда хизмат этган ўғил-қизларга.

         Кулгилар ярашар қизил юзларга

         Ёронлар, тўйингиз муборак бўлсин.

 

         Тўй борини билиб келдик пиёда,

         Ошиғлар умрингиз бўлсин зиёда.

         Ҳамма ҳам етишсин мақсад-мурода

         Ёронлар, тўйингиз муборак бўлсин!!!                 

                                             ***

 

                   «ГЎРЎҒЛИ ВА БОЗИРГОН»

 Қадим ўтган замонда, эли юрти омонда, туркман элида, Чамбилбелида Гўрўғлибек хон бўлиб, элга меҳрибон бўлиб, дўстдан пойини, душмандан қаҳрини олиб, даврини суриб ўтди. У кўп машаққатларда Кўҳиқофдан Жаҳон подшосининг қизи Оға Юнус парига уйланди. Ваянган шаҳридан Авазхонни олиб келиб ўзига ўғил қилиб олди.

Бир куни Гўрўғлибек қирқ йигити билан шикордан қайтиб, дамини олиб чой, шароб ичиб маст бўлиб, ман олганимни олдим, севганимни топдим, узоқларга сурдим, ёвларнинг додини бердим, энди армоним қолмади деб, қўлига созини олиб, йигитларга қараб бир сўз айтди:

 

              Ўн саккиз арчин от миндим,

              Миндим армоним қолмади.

              Мажлис қуриб, дўстлар кутдим,

              Кутдим армоним армоним қолмади.

 

              Сардор бўлиб йўл бошладим,

              Дарбанддан илғор ташладим,

              Чопдим бедов от ушладим,

              Миндим армоним қолмади.

 

              Ман сурдим ажиб давронлар,

              Дилда қолмади армонлар,

              Урушда қирмизи қонлар,

              Тўкдим армоним қолмади.

 

              От чопиб майдонга юрдим,

              Йигитлик мавсумин кўрдим,

              Гўрўғли дер, даврон сурдим,

              Сурдим армоним қолмади.

 

Гўрўғли ҳаммани таърифлади, лекин Юнус парини таърифлашни унутди. Буни паризод ҳам эшитиб турган экан, меҳмонхона ёнига келиб кўп нози қарашма билан  эшикни қарсиллатиб очиб;

Эй Гўрўғлибек, олдим, чопдим, сурдим деб, ўзингга ортиқча баҳо бериб юргандан кўра, Гуржистон юртининг ботир паҳлавони Бозиргондан хабар олсанг бўларди. У неча йилдан бери бож тўламай устингдан ўтиб юрибди. Сен мард бўладиган бўлсанг, шулардек мардлар билан куч синаш, иложи бўлса Бозиргон билан оға-ини тутин. У ҳам сенингдек ёлғиз йигитдир. У яқиндагина карвонга бош бўлиб ўтди,- деди.

Гўрўғли Юнус паридан бу гапни эшитиб, йигитларини олиб, ўқ-ёйларини очиб, отланиб Бозиргоннинг изидан кетди.

Гўрўғли бир тоққа чиқиб, қараса, Бозиргон дарёнинг ёқасида туриб, туяларни юклари билан бирма-бир ўтказаяпти.

Гўрўғли бу аҳволни кўриб ҳайрон бўлди. Йигитларини тоғнинг ғорида қолдириб, пиёда дарёнинг бўйидан ўтиб кетаётган киши бўлиб, Бозиргонниг ёнига келиб унга салом берди. Бозиргон ҳам саломига алик олиб:

Эй йигит, қаерга кетаяпсан, отинг ким? -деб сўради. 

Гўрўғли: -Отим Равшанбек, ўзим Гўрўғлининг отбоқариман, Гўрўғли оғамиз ўтган-кетганлардан бож-хирож олиб тур деб, тайинлаган, деди.

Санинг Гўрўғли оғанг мендан зўр чиқиб, бож ола билармикин? 

Эй Бозиргон, Гўрўғлининг қўлида ўйнайдиган қуроли бор, у сенда йўқ. Унинг ёш вақтида ишлатган бир ўқ ёйи бор, кучинг етса бир қайилтирчи деб, ёйни Бозиргонга берди. Бозиргон ёйни айлантириб икки учидан ушлаб икки буклаб, “бор, оғангга таъриф қилиб бер”,- деб, ёйни қайтиб бермай, қўлтиғига қисиб кетаверди. Гўрўғли Бозиргоннинг кучига қойил қолди ва унга қараб:

Эй Бозиргон, йигитнинг қуролини ўлдирмай олмаслар, мен Гўрўғли оғамга на дерман, ёйни бериб кетгил,- деди. Анда Бозиргон:

Эй Равшанбек, билгил ва огоҳ бўлгил, мен умримда  бировга бож берган эмасман деб, ёйни Гўрўғлига қайтиб берди. Гўрўғли синиқ ёйни қўлтиғига қисиб, йигитларнинг ёнига келиб, Бозиргонни таърифлай кетди:

             

             Оғалар, дарё бўйинда,

             Ман Бозиргона учрадим.

             Бемаҳал сафар ойинда,

             Зўр Бозиргона учрадим.

 

            Дарёдан кечди оёғи,

            Қалқона мангзар қулоғи,

            Девлара мангзар сиёғи,

            Шер Бозиргона учрадим.

 

            Бу дунёда даврон суриб,

            Яхши, ёмон барин кўриб,

            Зўр кўрмадим шунча юриб,

            Эр Бозиргона учрадим.

 

            Бир маслаҳат этган яхши,

            Обрў билан кетган яхши,

            Гўрўғли айтар, қайтган яхши,

            Зўр Бозиргона учрадим.

 

Алқисса, Гўрўғли сўзини тамом айлади. Йигитлар буни эшитиб ҳайрон бўлдилар. Уларнинг ичида Сафар кўса деган маҳрами бор эди. У Гўрўғлига қараб: — Эй оға, сен кўп ерларни олдинг, подшоларнинг додини бердинг? Энди келиб-келиб Бозиргон деган савдогардан қайтадиган бўлдингми? – деди.

Шунда Гўрўғли: — Эй кўса, менинг сўзимга ишонмасанг, отлан! Сенга Бозиргонни кўрсатиб қўяй деб, Сафар кўсани у томон йўллади. Гўрўғли ҳам йигитлари билан кейинроқда бораверди. Шу вақтда Бозиргон тўрт норнинг устида тахтиравон қуриб бораётган эди. Сафар кўса уни олдидан кўриб, қўрқиб тўхтаб қолди.

Гўрўғли буни сезиб унга киноя билан:-

Ҳа, Сафар оға, нега тўхтаб қолдинг? — деди. Унда Кўса:

Гўрўғли оға, Бозиргон айтганингдан ҳам баҳайбат зўр экан, қайтаверсак, яхши бўлар эди- деди.

Бу гапинг номардлик бўлар, чунки мен унга ҳийла ишлатиб ўзимни танитмай кетган эдим, энди қирқ йигит билан келиб ундан қўрқиб, қайтиб кетиш мард йигитга ярашмас, у келаси ўтганида туяларини шаҳарнинг ичидан суриб, қорнингдан бостириб ўтар деб, Гўрўғли Бозиргоннинг изидан етиб, “қайт Бозиргон, йўл бундадир”- деб унга сиёсат қилди:

 

Сабодан жўнадинг йўла,

Қайт Бозиргон, йўл бундадир.

От соларман соғу сўла,

Қайт Бозиргон, йўл бундадир.

 

Мен шоҳдурман, тожим бордур,

Етти йиллик божим бордур,

Санга етар кучим бордур,

Қайт Бозиргон, йўл бундадир.

 

Майдонда тўкилар қонинг,

Энди ўгиргил иймонинг,

Божин бергил Авазхоннинг

Қайт Бозиргон, йўл бундадир.

 

Гўрўғли юртда эркадур,

Йигитлар сони қирқтадур,

Юлдуз тоғнинг йўли беркдур,

Қайт Бозиргон, йўл бундадир.

 

Бозиргон Гўрўғлининг сўзларини назар-писанд қилмай, туяларини суриб кетаверди. Шунда Гўрўғли бунга ҳужум қилмасак, бўйин эгмайдиганга ўхшайди, деб қирқ йигити билан ҳар томондан йигирмадан иккига бўлиниб, Бозиргон устига ёпирилишди. Бозиргон ҳам дарғазаб бўлиб, туядан сакраб тушиб, уларнинг қўлларидан найзаларини олиб синдириб ташлай берди. Кейин йигитларни бир четдан йиқитиб, Гўрўғлининг қаршисига келиб, қўнжидан ханжарини олиб, унга ёпишди.  Гўрўғли пайт пойлаб, бор кучини йиғиб, Бозиргоннинг белидан олиб, бир отдики, Бозиргон фил йиқилгандек саккиз юмалаб нарига тушди. Сўнг қиличини чиқариб ғазаб билан Бозиргоннинг устига ҳамла қилди. Шу вақтда Бозиргон юзи қизариб, ранги ўчиб, Гўрўғлига қараб,

Эй Гўрўғли, сенинг шунчалик паҳлавон эканлигингни билмас эканман. Мен сенга ўз сиримни баён айлай. Хунхоршоҳ мени сенинг қасдингга юбормоқчи бўлди. Лекин сени ўзимдек ёлғиз йигит эканингни эшитиб, қасдингга чиқмаган эдим. Мен сайру саёҳат қилиб юришни мақсад қилиб олганман. Шунинг учун ҳам отимни Бозиргон дейдилар.  Иккимиз ҳам отадан ёлғизмиз, қиёматлик оға-ини бўлайлик,- деди.

                   Гўрўғли Бозиргоннинг бу сўзини эшитиб қаҳридан тушди. Оға Юнус парининг Бозиргон билан куч синашиб дўстлашиб қайт, деган гаплари эсига тушиб, майли, Бозиргон мен розиман деди. Шунда икки паҳлавон аҳдлашиб қиёматлик оға — ини тутиндилар. Гўрўғли Бозиргонга қараб: —

— Эй Бозиргон, ман сенга  оға бўлдим, бизникига тушиб меҳмон бўлиб кет, қўлдан келганча хизматингда бўлай, деди. Шунда Бозиргон:

Эй Гўрўғли оға, ман йўлга чиқдим, йўлимдан қолмайин, қайтишимда тушиб ўтарман, деди. Гўрўғли Бозиргон билан хайрлашиб, уни йўлга солиб, кўнгли жойига тушиб изига қайтди.

      Хунхор шоҳ Гўрўғли билан Бозиргон орасига раҳна солиш учун, бир жодугар кампирни Чамбилга юборган эди. Жодугар бу воқеадан хабардор бўлиб, Гўрўғлини келиш йўлини пойлаб ётган эди. Гўрўғли келаётганида олдидан икки тиззаси қулоғига етган, бурни ерга теккан, оғзида тиши йўқ, яхшиликка ҳуши йўқ, бу жодугар Гўрўғлини тўхтатиб: “Қаердан келаяпсан ўғлим, кел, бир фол очиб қўяй,- деди.

Шунда Гўрўғли:

Ке, очсанг оча қол, момо,- деди.

Жодугар фол очган бўлиб:

Эй ўғлим, хато қилибсан келиб-келиб катта душманинг Бозиргон билан дўст бўлибсан. У сени алдаб кетган. Паризодингни чўри қилиб Хунхоршоҳга олиб бориб берар,- деб, Гўрўғлини чалғитиб, оғзига келганини вайсаб, келса юртинг хароб айлар Бозиргон деб, унга насиҳат қилган бўлди:

                          

                                      Асли душман бўлса иқрори бўлмас,

                           Келса, юртинг хароб айлар Бозиргон.

                           Онинг ўз сўзида дурори бўлмас,

                           Келса, юртинг хароб айлар Бозиргон.

 

                           Бедовинг ўйнатиб изидан борғил,

                           Насиба тақдирин борган сўнг кўргил,

                           Ўзини ўлдириб молини олғил,

                           Келса, юртинг хароб айлар Бозиргон.

 

                          Чамбилбелга келса бўлар қиёмат,

                          Бошингга ёғдирар турли маломат,

                          Юбормоғил они соғу- саломат,

                          Келса, юртинг хароб айлар Бозиргон.

 

Гўрўғли кампирдан бу гапни эшитиб боши қотди. Паризодинг олар, юртинг хароб айлар, деган сўзлари Гўрўғлининг фикрини бўлди. Жодугар Гўрўғлининг иккиланиб турганини билиб: 

 — Ўғлим, сан кўп ўйлама, тез изидан бориб Бозиргоннинг адабини бер, деб, оғзи-оғзига тегмай, ияги бурнини ўпиб, қурбақага ўхшаб вақиллайвериб, Гўрўғлининг миясини қоқиб қўлига берди.

Гўрўғли кампирнинг гапига ишониб ғазаби қайнаб, ундай бўлса Бозиргоннинг додини берай,- деб, отланиб йигитларни олдига олиб, Бозиргоннинг йўлини пойлаб ётди.

Бозиргон  Гўрўғли билан оға-ини бўлдим, энди менга хавф-хатар йўқ,- деб, норнинг устида манглайини шамолга бериб келаётганди.

Шунда Гўрўғли ўқ — ёйини қўлига олиб Бозиргоннинг кўкрагини мўлжаллаб бирин-кетин уч ўқ отди. Ёйнинг ўқлари Бозиргоннинг сийнасидин кириб ёғирнисидан чиқди.

Бозиргон ўқларнинг зарби билан нордан йиқилиб тушди ва йигитларни чақириб:

Тездан бориб Гўрўғли оғамни чақириб келинг, Мен унинг дийдорини яна кўриб ўлайин,- деди. Гўрўғли Бозиргоннинг бу сўзини эшитиб , душман сўзига алданганини билиб, ўзини отдан тик ташлаб, кўзини ёшлаб Бозиргоннинг ёнига келиб йиғлайверди.

Бозиргон қонга бўялиб ётган ерида жон аччиғида фалакдан шикоят қилиб бир ғазал айтди:

                

                            Бемаҳал келдинг ёнима,

                            Ҳар бир бошда ўлим бордур.

                            Бўядинг қизил қонима,

                            Ёлғиз бошда зулм бордур.

 

                            Ажал етиб чўлда қолсанг.

                            Йиғлаб келар кимим бордур.

                            Урушда мингга той бўлган,

                            Ойсултондек синглим бордур.

 

                            Армонли ўлдинг Бозиргон,

                            Тўғри келсанг, ўтарман қон,

                            Душманларга охир замон,

                            Ўрта йўлда қазом бордур.

 

  Бозиргон сўзини тамом қилди ва ёнига биров келганини билиб, – Эй номард! Ўлмасимдан олдин ўзингни танит, манинг Гўрўғли деган қиёматли оғам бордур,  агар у мани ўлдирганингни билса терингга сомон тиқар,- деди. Шунда Гўрўғли бир териси куйгандек бўлиб, оҳ чекиб Бозиргонга қараб, номард Гўрўғли ман бўлдим,- деб бир сўз айтди:

                       

                       Бозиргон, эшит сўзимни,

                       Номард Гўрўғли ман бўлдим,

                       Хақ қора қилди юзимни,

                       Қонхўр Гўрўғли ман бўлдим.

 

                       Билмайин етдим ўлдирдим,

                       Кўзимни қона тўлдирдим,

                       Алданиб, жоним ёндирдим,

                       Номард Гўрўғли ман бўлдим.

 

                       Мард йигитлар суринг даврон,

                       Бу фоний дунё бепоён.

                       Ўлдирган сўнг чекдим афғон,

                       Номард Гўрўғли ман бўлдим.

 

                       Гўрўғли келдим ёнинга,

                       Ўт солдим келдим жонинга,

                       Бўядим қизил қонинга,

                       Номард Гўрўғли ман бўлдим.

 

         Гўрўғли сўзини тамом қилиб: Эй Бозиргон ука, ман душман сўзига кириб сани ноҳақ отдим, энди бу хатони тузатиб бўлмас.

Бир оз ҳаракат қилиб мани ўлдир, бирга ўлайлик,- деди. Шунда Бозиргон айтди:

Эй Гўрўғли оға , сан душман сўзи билан мани отибсан, ман санинг гуноҳингни кечдим, Энди сандан илтимос, манинг Ойсултон деган синглим бор. Ойсултон  урушда мингга тенг бўлиб юрган ботир қиз, манинг қонимни талаб қилиб келар, У билан уришмай, ака – сингил тутиниб қайтариб юбор. Энди охирги сўзим ман бу ерда азобда ётмайин, сан бу ўқларни чиқариб ол, ман оёғимни узатиб жон берай,- деди. Шунда Гўрўғли санинг васиятларингни ўлмасам, ўн ҳисса  қилиб бажарурман деб, ўқларни чиқариб олди. Бозиргон оҳ деб жон берди. Гўрўғли кўп хафа бўлиб, фарёд чекиб, фалакдан шикоят қилиб бир ғазал айтди.

                         

                            Ўткинчи дунёсан охиринг қани?

                                      Суди йўқ, ёлғончи фоний дунёсан.

                            Сан найладинг Одам билан Ҳавони?

                            Аламли, армонли фоний дунёсан.

 

                            Чамбилбелга келдинг минг армон билан,

                            Оға-ини бўлдик Бозиргон билан,

                            Кўриша билмади Ойсултон билан,

                            Дийдор қиёматга қўйган дунёсан.

 

                            Энди йиғлаб қишим ёзим мотамдур,

                            Бозиргон деб танимда ўт ёнгандур,

                            Ҳасратингда бағрим қонга тўлгандур,

                            Ҳар кимга бир алам солган дунёсан.

                                     

Гўрўғли кўп паришон бўлиб, Бозиргонни ўраб — чирмаб Чамбилбелга олиб борди. Юнус пари Бозиргоннинг ўлганини эшитиб, қаттиқ хафа бўлиб айтди. –Эй, Гўрўғли нега бундай қилдинг?-деди. Унда Гўрўғли душман сўзига  кириб хато қилдим, кўп армондаман деб, олтин-кумушдан катта бир гумбаз солдириб, Бозиргонни ўз қўли билан жойлади. Ҳар ким хоинлиқ қилса, жазоси шудир деб, жодугар кампирни катта бир йўлни ёнига чуқур қаздириб, белигача тикка кўмдирди. Ўтган ҳам, кетган ҳам бир тошдан отаверди. Жодугарнинг жони жаҳаннам бозорига фол очгани кетди. Гўрўғли Сафар кўсани йигитларга бош қилиб, Бозиргоннинг молларини Ойсултонга олиб бориб бергил деб Гуржистонга юборди. Ойсултон узоқдан карвон келаётганини кўриб, Бозиргондир деб олдидан чиқди. Қараса, Бозиргон оғасининг йигитлари бор, ўзи йўқ. Шунда Ойсултон йигитлардан Бозиргон оғасини сўраб бир сўз айтди:

                            Бирга кетган ғўч йигитлар,

Бозиргонни найладинглар.

Тортарам оҳу фиғонлар,

Ёлғиз оғам найладинглар.

 

Очилмай гули сўлдими?

Ё ажал етиб ўлдими?

Ё душман асир олдими?

Бозиргонни найладинглар.

 

Бунда бўш қолди қалъаси,

Кўзга сурмам хок пояси,

Отам дерга йўқ боласи,

Зурриётсизни найладинглар.

 

Тортарам оҳу фиғонни,

Кўзимдан оқизиб қонни,

Кўп йиғлатманг Ойсултонни,

Бозиргонни найладинглар.

        

Алқисса, Ойсултон сўзини тамом қилди. Сафар кўса Ойсултонга қараб, сен хафа бўлма, Бозиргон деган Чамбил вилоятига бориб, Гўрўғли билан оғайни бўлиб бир неча кун касал ётиб дунёдан ўтди, деди. Ойсултон бу сўзни эшитиб, беҳуш бўлиб йиқилди. Ойсултон сўзини тамомлаб, Сафар кўсани моллари билан эргаштириб, катта сийлов қилиб жўнатиб юборди.

Бир неча кундан сўнг Гўрўғлининг изидан етиб ўлдургани жаҳон оламига овоза бўлиб кетди. Ойсултон бу хабарни эшиитиб, кўп бетоқат бўлиб, эркакча кийимларини кийиб Гўрўғлидан Бозиргон оғамнинг хунини олайин, йўқса мен ҳам унинг йўлди ўлайин -деб, Чамбил томон йўл олди. Эндиги сўзни Гўрўғлидан эшитинг. Гўрўғли ўзининг қадрдон дўстини ноҳақ ўлдирганига ғамгин бўлиб, қирқ кун кўксини ерга бериб ётди.

         Бир куни Сафар кўса Гўрўғлига қараб, -Эй Гўрўғли, сен бундай хафа бўлиб ётаверма. Бозиргон энди қайтиб келмас, тоғларга чиқиб, ов-овлаб кўнгилларни ёзиб келайлик,- деди.

Бу сўз Гўрўғлига маъқул келиб, йигитлари билан шикорга чиқиб ов-овлаб юрса, узоқдан бир отлиқ йигит келаётир. Устига совут кийган, ҳамма уруш асбоблари шай. Гўрўғли унинг олдига чиқиб саломлашиб, эй йигит, қайдан келаяпсан, деб сўради. Шунда у танимай Гўрўғлидан Гўрўғлини сўраб турибди.

 

                                Қаршим олиб турган йигит,

                                Гўрўғлини билармисан?

                                Манинг ҳолим сўрган йигит.

                                Шу золимни билармисан?

 

                                Ёнган чироғим ўчирган,

                                Ақлу ҳушимни қочирган,

                                Ёлғиз оғамни ўлдирган,

                                Гўрўғлини билармисан?

 

                                 Эшит, манинг арзу ҳолим,

                                 Ўлдирмай совумас жоним,

                                 Гўрўғлида бордур қоним,

                                 Қондоримни билармисан?

                                 Саваш майдонига кирсам,

                                 Душмандан ўчимни олсам,

                                 Ўлдирсам ё ўзим ўлсам,

                                 Гўрўғлини билармисан?

 

                                 Ойсултонни ҳайрон этган,

                                 Юрак бағрин вайрон этган,

                                 Икки кўзин гирён этган,

                                 Гўрўғлини билармисан?

 

Гўрўғли унинг Ойсултонлигини билиб отдан тушиб, ҳурмат билан кўришди. Эй йигит, билишимча, санинг Гўрўғлида қасдинг борга ўхшайди. Гўрўғли билан ёшликдан ўсиб катта бўлганмиз, бизлар кураш тутар эдик, бирда у, бирда мен йиқар эдим. Манинг билан  курашиб  кўр, агар мани йиқитсанг, Гўрўғлини ҳам йиқитарсан деди. Ойсултон Гўрўғли билан олишиб кетди, Гўрўғлининг ёқасидан тутиб, бир қанча олишгандан сўнг, кўтариб ерга урди. Гўрўғли, энди бўлди, бу Гўрўғлини енганингдир деди. Шунда Ойсултон:

Гўрўғлини танир экансиз, ўзингиз ким бўласиз,- деди. Ман шу ернинг ҳокими бўламан, отим Равшанбек, Гўрўғли Усмоналига кетган, яна 40 кунларда келиб қолар,- деди. Унда Ойсултон: — 40 кун эмас 40 йилда келса ҳам кутиб оғамнинг қонини олмай кетмасман,- деди. Ундай бўлса, бизникига бориб дамингни олиб тур, — деб, Гўрўғли Ойсултонни Бозиргоннинг мозори томон бошлади. Ойсултон узоқдан ялтираб турган гумбазни кўриб, бу кимнинг қабри деб, сўради. Бу Бозиргон оғангнинг мозоридур,- деди Гўрўғли.

Ойсултон гумбазнинг ичига кириб, сочларини ёйиб, қиз ҳолига келиб, оғасининг мозорини қучоқлаб, зор-зор йиғлаб кўнгилларни вайрон қилаверди:

                                            

                            Ёмон мусибатлар тушди бошима,

                    Оғам тупроқ бўлғон жоя етишдим.

                    Хазон ели эсди ғунча гулима.

                    Очилмайин сўлғон жоя етишдим.

                    

                    Сен кетгали кеча кундуз кулмадим,

                    Қизил қонга бўялганинг кўрмадим,

                    Бошингдан не жафо кечди билмадим,

                    Армон билан ўлган жоя етишдим.

 

                    Мусофир ерларда ғариб бўлдингми?

                    Очилган гулзорим шундай сўлдингми?

                    Ажал етиб ер билан тенг бўлдингми?

                    Очилмайин сўлган жоя етишдим.

                   

                            Ойсултон айтадур, бебақо дунё,

                     Қани машҳур бўлган Искандар Доро,

                     Бошим эгдим қабринг узра жон оға,

                     Оғам шаҳид ўлган жоя етишдим.

 

Ойсултоннинг нолишига Гўрўғли ҳам йигитлар ҳам кўз ёш қилдилар. Ойсултон Гўрўғлига қараб:

Эй оға, бу гумбазни ким ўрнатди?- деди. Гўрўғли ўрнатди,- деди Гўрўғли. Шунда Ойсултон: Гўрўғлининг мардлиги ҳам номардлиги ҳам бор экан, оғамнинг на гуноҳи бор экан, оғамнинг на гуноҳи бор эди, деди. Гўрўғли Ойсултонга Бозиргон билан бўлган воқеаларни гапириб, ўз-ўзига деди:

Сен Хунхоршонинг қўшинларини енгдинг, элингни талаган душманларнинг додини бердинг. Энди бир ночордан қўрқиб турасанми? — деб.

Эй Ойсултон, сен оғангнинг қонини олишга чиққансан, ноумид кетма, ма, мани ўлдир,- деб, қиличини Ойсултонга бериб, ман Гўрўғлиман,-деди. «Гўрўғлиман» деган сўзни эшитганда, Ойсултоннинг қиличи қўлидан тушиб, ҳайрон бўлиб,

Эй оға, бу юртда Гўрўғли бирми? Ё иккими? – деди. Шунда Гўрўғли:

Юрт эмас, дунё юзида битта деди. Шунда Ойсултон: Душман сўзи билан оғамни ўлдирибсиз, кейин шунча хурмат билан жойлабсиз, бу ишларингиз учун, бир эмас ўнта қоним бўлса ҳам кечдим, манинг ҳам қиёматлик оғам бўлинг,- деди.

Гўрўғли Бозиргоннинг ўлиш олдидаги васияти ҳам шу эди деб, Ойсултон билан қайта кўришиб у билан ака- сингил тутинди:

      

Қурбонинг бўлайин синглим, Ойсултон,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

Манинг бу жонима солма кўп армон,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

 

Жайҳун дарё каби тошдим сув бўлдим,

Шум рақиб дастидан унга ғов бўлдиим.

Ўлим ҳақ буйруғи сабаб ман бўлдим,

Сан йиғлама санинг оғанг бўлурман.

 

Рақиб сўзи билан оғанг ўлдирдим,

Ўқ отиб ўз кўзим ёша тўлдирдим,

Пушмон этиб олтин гумбаз солдирдим,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

 

Гўрўғли дер, мен ҳам кечдим жонимдан,

Қилич урғил, ерлар тўйсин қонимдан,

Жонимни чиқарғил, нозик танимдан,

Сан йиғлама, санинг оғанг бўлурман.

        

Ойсултон Гўрўғлига қараб: — Менга оға бўлганингиз яхши, манинг юртимга яқин жойда Қорахон тўра деган бир барзанги бор. У менга кўпдан бери ошиқ. Шу вақтгача Бозиргон оғамдан дакки еб кетган эди. Агар оғамнинг ўлганини эшитса, мани тинч қўймас деди. Шунда Гўрўғли: Эй Ойсултон синглим, сен бундан ғам ема, танимда жоним борича, сенинг ёвинг билан курашарман, сени ёлғиз қўймасман,-деди. Гўрўғли Ойсултонни уйига олиб бориб, бир неча кун дам берди. Юнус пари ҳам Ойсултонга кўнгиллик бериб, унинг кўнглини кўтарди. Гўрўғли Бозиргон юрти Гуржистонга кетиш олдидан Оға Юнус пари, ёру дўстлари билан хайрлашиб, оға — ини дўст-ёронлар, хўш энди, деб бир сўз айтди:

        

Боқчаси олтиндан кўшки айвонли,

Қамар юзли нотавоним, хўш энди.

Хазинаси тўла тилло эҳсонли,

Шакар сўзли меҳрибоним, хўш энди.

 

Мен бундан кетарман оҳ ила войда,

Сан бунда қоларсан тилло саройда.

Соғ бўлсам келарман яна уч ойда,

Муҳаббатли гулистоним, хўш энди.

 

Сансиз қоронғудир ёруғ жаҳоним,

Фироқингда ёнар танимда жоним,

Тириклигим сенсан руҳи равоним,

Оға Юнус паризодим, хўш энди.

 

Ўлди деб эшитсанг фарёд айла,

Дуо қилиб арвоҳимни шод айла,

Тенгу тўшим билан мени ёд айла,

Оқ сут берган онажоним, хўш энди.

 

Жудолик дардидан бағрим эзилди,

Умидим риштаси жондин узилди,

Биза бугун шундай буйруқ ёзилди,

Гўрўғли айтар, оға-ини, хўш энди.

 

         Алқисса, Гўрўғли қирқ йигити билан Ойсултонни ёнига олиб, унинг юртига равона бўлдилар. Бир неча манзил йўл юриб, Ойсултоннинг қалъасига етиб келдилар. Ойсултоннинг келганини Қорахон эшитиб, йиғин тортиб, шаҳарни қамал қилиб, Ойсултондан уруш талаб қилди. Ойсултон бу хабарни эшитиб:

-Эй Гўрўғли оға, сиз бунга не жавоб берасиз? -деди.

-Сен бундан ғам ема, Қорахон кириб келса, томошани биздан кўрсин, — деди Гўрўғли.

Ундан сўнг Ойсултон бир меҳмонхонани яхши безаб, тоза либосларинии кийиб, ясаниб бепарво ўтираверди. Қорахон Ойсултондан жавоб бўлмагандан сўнг, қирқ йигитини олиб  Ойсултон саройига келди. Унинг ясаниб ўтирганини кўриб, “Менда кўнгли бор экан, деб –Эй Ойсултон мен етти марта келдим, еттисида ҳам босқи бериб юбординг. Энди не дерсан, деди. Шунда Ойсултон, — Етти келиб омон кетибсан, энди омон кетишингга гумоним бор, -деди. Қорахоннинг қаҳри келиб,

-Энди кимга суянасан, туш олдимга, деб Ойсултоннинг устига бостириб кириб, уни ўзига тортаверди. Буларни кўриб турган Гўрўғли сабри чидамай, меҳмонхонага кириб, ночор кишига зўрлигингни кўрсатгунча, менга кўрсат деб, Қорахон билан олишиб кетди. Уни кўтариб ерга уриб, бошини танидан жудо қилди. Ғанимнинг йигитларини ҳам бир-бир қиличдан ўтказиб, хумордан чиқди. Ойсултон ҳам эркакча кийиниб, қурол-яроғларини осиб, Гўрўғли билан икки бўлиб, қирқ йигитни олиб қирқ икки бўлиб, Қорахоннинг лашкари устига  ҳужумга отландилар. Уч кун жангдан кейин душманнинг тирик қолган аскарлари тумтарақай қочиб қолишди. Гўрўғли қирқ йигити, Ойсултон билан душманни даф қилиб, Ойсултон шаҳрига ўзларидан ҳоким қўйиб, Чамбилбел қайдасан? -деб йўл олдилар. Гўрўғлининг Қорахонни ўлдириб, Ойсултонни ҳам олиб келаётганини бир чопар келиб Юнус парига хабар берди. Юнус пари бу хабарни эшитиб, элу юрт бир неча келин қизлар билан  уларни кутиб олишга чиқдилар. Гўрўғли буларни узоқдан кўриб, Оға Юнус парини таниб, Сафар кўсани ўйинга солиб, ялла қилиб келаверди. 

Қаршимиздан келган қизлар,

Бир моҳи тобона мангзар.

Сайрона чиққан гўзаллар,

Бириси султона мангзар.

 

Бари қарчиғай боқишли,

Хуршид юзли, ҳилол қошли,

Ғоз юришли, сўна бошли,

Бири Юнусхона мангзар.

 

Сан омон бўлсанг жаҳонда,

Зарра армон қолмас манда,

Лабларинг писта даҳанда,

Бир гули хандона мангзар.

 

Гўрўғлибек хуш замона,

Қирғин солдим Қорахона,

Зулфларин ташлаб ҳар ёна,

Келган Юнусхона мангзар.

 

         Алқисса, Оға Юнус пари билан чиққан ҳамма катта-кичик Гўрўғли билан Ойсултонни, қирқ йигитларни шоду хуррамлик билан кутиб олдилар. Гўрўғли “Чаманзор” деган боғини Ойсултонга бағишлади. Уни ёнига чақириб, Эй синглим, энди сенинг бундай юришинг яхши эмас, йигитлардан бирини танла, -деди. Ойсултонинг кўз тагига олиб юрган Ҳамдам ботир деган йигити бор эди. Ҳамдам ботир ҳам Ойсултонни севар эди. Бундан Юнус пари билан Гўрўғли ҳам хабардор эди.

             -Эй оға, мен Ҳамдам ботирни хоҳларман,- деди.

Гўрўғли кўп шод бўлиб, уч кечаю кундуз тўй қилиб, Ойсултонни Ҳамдам ботирга бериб, уларнинг тўйларини муборакбод этди.

 

Ойсултоним, сургил даврон,

Тўйингиз муборак бўлсин,

Зарафшонли кўшки айвон

Уйингиз муборак бўлсин.

 

Душманларинг барбод этдим,

Чамбил юртин обод этдим,

Ғамгин кўнглингни шод этдим,

Тўйингиз муборак бўлсин.

 

Ёринг бўлди ботир Ҳамдам,

Иқболингиз кулсин ҳардам,

Мудом йироқ бўлинг ғамдан,

Тўйингиз муборак бўлсин.

 

Гўрўғли дер, асли зотим,

Ўлгунча йитмасин отим,

Бўлмади менинг зурриёдим,

Фарзанд сизга ато бўлсин!

                             ****

                       

      ИБРОҲИМ ХАЛИЛУЛЛОҲ ҲАҚИДА ДОСТОН

 

                  БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ

 

Бу достон пайғамбар Иброҳим Халилуллоҳнинг ибрат дунёсидан бир бўлагидир:

Иброҳим Халилга Аллоҳ томонидан уч фазилат инъом этилди. Биринчидан — соҳибжамоллик, иккинчидан — пайғамбарлик ва учинчиси — бойлик. Қурбон ойининг тўққизинчи кунида Иброҳим халил туш кўрди. Тушида Жаброилнинг овози келди. Айтдики, -Эй Иброҳим сенинг қисматингда қурбонлик қилиш ёзилмишдир. Уни бажармоқ вақти етди. Иброҳим тангридан келган иноятни лаббай деб бўйнига олди. Қурбон ойининг ўнинчи куни бутун ғариб бечораларнинг етим-есирларнинг қорнини тўйғазди Уч кун қурбонлик қилди. Аммо, тўртинчи куни Жаброил алайҳиссалом келиб айтди. Эй Иброҳим, сенинг бу қилғон қурбонлигингни Аллоҳ қабул қилмади.  Сен бу дунёда кимни севсанг, ўшани қурбонлик қилишинг даркор. Иброҳим Халил, фикр этди. Бу дунёда азиз кўрганим ким экан? Аёлим Биби ҳожармикан, ёки ўғлим Исмоилмикин? Исмоилмикин,- деганда, ҳа деб ғойиб бўлди. Иброҳим Халил бу сўзни эшитиб, қуввати қочиб, иссиғи ошди.

Аёлининг ёнига бориб: Эй, Бибиҳожар, худонинг амри билан Исмоилни қурбонлик қилурмиз, сен не дерсан, деди. Бибиҳожар айтдики, -Эй пайғамбарим, худодан ваҳий бўлса бир ўғил экан, юз ўғил бўлса ҳам қурбонликка берурмиз, деди. Шундан сўнг Иброҳим халилнинг кўнгли таскин топди. Исмоилжон ўн тўрт ёшида эди. У етти йилдан бери муллода ўқур эди. Иброҳим Халил Исмоилни олиб келиш учун кетди. Исмоилни ўқитаётган охунд пайғамбар Иброҳим халил келаётганини кўриб, унга пешвоз чиқиб, саломлашиб, соғлик омонликдан сўнг Охун назар солса, Иброҳим Халилнинг кўзларида дард, юзларида ғам.

Шу ерда Охун: Эй пайғамбарим, сизга не бўлди?, деб сўради. Шунда Иброҳим Халил Исмоилни ўқитаётган Охунга қараб бир сўз айтди:

Ёлғиз фарзандимнинг азиз устози,

Исмоилни қурбон тилар худойим,

Менда қолур анинг доғи фироғи,

Исмоилни қурбон тилар худойим.

 

Исмоилжон қурбон учун келадир,

Бу ишларга ақлим ҳайрон бўладур,

Бу дунёда ким ҳам ўлмай қоладур,

Исмоилни қурбон тилар худойим.

 

Тингланг, энди Иброҳимнинг сўзини,

Яратгандан айро тутмас ўзини,

Ҳақ ёнида қаро қилманг юзини,

Исмоилни  қурбон тилар худойим.

 

Бу сўзлардан охун кўзини юмди.  Гўё, кўзининг ўнгида Исмоилнинг томоғи чалинаётгандек бўлди. Охири яна ўзини ушлаб:- Эй пайғамбарим, сиз худонинг яратган бандаси, оллонинг энг азиз кўрган одами, худонинг қилган ишидан рози бўлинг, норози бўлманг, деб Охун пайғамбарга кўнгиллик бериб бир сўз айтди:

Худонинг расули Иброҳим халил,

Ҳақ амрига ризо бўлинг, азизим,

Ҳар банда қисмати олллодан эрур,

Ҳақ амрига ризо бўлинг, азизим.

 

Дилимизда доим ҳамду санодур,

Пайғамбаримиз умматларга панодур,

Бу ишлар бизларга амри хуудодур,

Ҳақ амрига ризо бўлинг, азизим.

 

Охун айтар букун арилиқ куни,

Омонат дунёда одамнинг жони,

Ризодурман бугун сўйсалар мени,

Ҳақ амрига ризо бўлинг, азизим.

 

Шундан сўнг Иброҳим Халил майли, охуним Исмоилжонни чақиринг, деди. Охун болалар ўқийдиган ҳужрага кириб Исмоилнинг чеҳрасини кўриб, унга меҳри тобланиб, ҳеч нарса айтолмай, у ёққа юриб, бу ёққа юриб, ахийри Исмоилнинг тўғрисига келиб, эй  болам, сени ташқарида отанг чорламоқда, деб беш калима сўз айтди:

 

Оламнинг безаги жаҳон чироғи,

Исмоилжон, отанг чорлайди сени.

Юзи ойдек бўлган жаннатнинг нури,

Исмоилжон, отанг чорлайди сени.

 

Тез бўл, ўғлим, отанг гирён бўлмасин,

Гул юзингни ҳижрон ўтга чаймасин,

Бу ишларни кўриб шайтон кулмасин,

Исмоилжон, отанг чорлайди сени.

 

Охун айтар, хазон тегди гулимга,

Билим бердим қувонибон бўйингга,

Худо жаннат гулин сочсин йўлингга,

Исмоилжон, отанг чорлайди сени.

 

Охун сўзини тамом қилди. Шунда Исмоил бир сир борлигини сезди. Лекин, ҳеч нарса билмагандек бўлиб, домласига таъзим қилиб, ташқарига чиқиб қараса, отасининг бели букилган, юзлари сўлган. Шунда Исмоилнинг бадани титраб кетди. Лекин ҳеч нарса сездирмай қўлини кўксига қўйиб, отасига салом бериб бир сўз айтди:

Ассалому алайкум, азиз падарим,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

Мақсадга еткурган жаннатим, нурим,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

 

Нечун бугун юзни ғамга соларсиз,

Бошинггизга не ташвишни оларсиз,

Нечун билмай мендан сирни сақларсиз,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

 

Исмоил дер, бугун ўн тўрт ёшимда,

Бўйним буриб таъзимдаман қошингда,

Парвонадек мен айланай бошингдан,

Ман сизни хуш кўрдим бутун, жон отам.

 

Алқисса, бу сўздан сўнг Иброҳим Халил ўғлини қучоқлаб бағрига босди. Лекин сени қурбонлиққа сўяман деб айтолмади, не дейишини билмай, юр болам, уйга борайлик, деб Иброҳим Халил ўғли Исмоилга қараб бир сўз айтди:

 

Бу оламда кўрар кўзим фарзандим,

Исмоилжон, менинг билан юр энди.

Жигарим, суянчим, жаннатим, нурим,

Исмоилжон, менинг билан юр энди.

 

Воқиф бўлғил, отанг этган ишина,

Раҳм айлагил, кўздан оққан ёшина,

Чархи фалак тўрин қурмиш бошима,

Исмоилжон, менинг билан юр энди.

 

Кимса кўрар бу дунёнинг жафосин,

Охирингда топар меҳри вафосин,

Иншолло, кўрарсан завқи сафосин,

Исмоилжон, менинг билан юр энди.

 

Иброҳим дер, кеча кундуз дод этар,

Ул худонинг саносини ёд этар,

Оллоҳнинг амрига не илож этар,

Исмоилжон, менинг билан юр энди.

 

Бу сўздан сўнг Исмоил ҳеч нарса сезмагандек юр отам, жоним отам деб, отасининг қўлидан ушлаб йўлга тушдилар. Ўн-ўн беш қадам юриб, Исмоилжон қараса, етти йил ўқитган домласи кўзидан ёшини оқизиб, турибди. Ёнида етти йил ўқиган дўст-ёронлари ҳеч нарса демай ҳайрон бўлиб турибдилар. Шу ерда Исмоилжолн отасини қучоқлаб, эй отам, жоним отам, бир замон сабр қилинг, мен Охуним билан хайрлашай деб, югуриб бориб, устозининг бўйнидан осилди. Охуни ҳам Исмоилжонни қучоқлаб, кўтариб оёғини ерга тегизмай сўнгра ерга туширди. Исмоилжон қараса, Охуннинг кўзидан оққан ёш Исмоилнинг юзига томиб турибди Шу ерда Исмоил -Эй, азиз устозим, етти йил қўлингиздан таълим олдим, балки ёшлик қилиб кўнглингизни оғритгандирман, агар мен қайтиб келмасам, мендан рози бўлинг, деб Исмоил Охунга қараб, хайрлашиб беш калима сўз айтди:

 

Отамга тенг бўлган, азиз устозим,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам, 

Мададкориз бўлсин қодир худойим,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам. 

 

Билмам отам нечун обкетар мени,

Ерга боқиб хира, ғамгин юзини,

Билмам не ташвишга солар ўзини,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам. 

 

Исмоил дер, кўзим очиб кўрганим,

Ўн тўрт ёшга қадар илм олганим,

Бирга таълим олган дўсту ёроним,

Рози бўлинг мендан қайтиб келмасам. 

 

Шундан сўнг Охун Исмоилнинг юзига қаради, яна бағрига босди. –Эй болам, биз сендан минг марта розимиз. Сен ҳам биздан рози бўл, деб кўз ёшини оқизиб турган муллоси Исмоилга қараб бир сўз айтди:

Бизга қисматдир азалдан,

Яратганнинг фармони бу.

Ҳеч бир чора келмас қўлдан,

Яратганнинг фармони бу.

 

Чархи фалак чархин чалган,

Кимлар қолган, кимлар ўлган,

Сени биздан айро солган,

Яратганнинг фармони бу.

 

Кимса келиб, қадам отган,

Кимса тўйган, кимса тотган,

Сени биздан олиб кетган,

Яратганнинг фармони бу.

 

Охун айтар, жонга ҳамдам,

Минг розиман болам, сендан,

Сен ҳам рози бўлғил мендан,

Яратганнинг фармони бу.

 

Устози Охун бу сўзини тамом қилиб Исмоилжон билан розилашиб, хайрлашди. Исмоилжон отасининг ёнига келиб, йўлга тушдилар. Шу вақтда ота-бола олдинма-кейин кетаётганларида, Иблис шайтони малъун уларни Оллоҳ юборган йўлдан қайтаришга  уриниб, кўнгилларига васваса солмоқчи бўлди. Лекин мақсадига эриша олмади. Улар тош отиб шайтонни қувладилар. Ҳажга борган мусулмонларнинг шайтонга уч карра тош отишлари ҳазрати Иброҳимдан суннат бўлиб қолди.

Йўл бўйи Иброҳим Халил нима қилишини билмай, айтсаммикан, сени қурбонлиққа сўяйми, деб айтайми?- деб охири бўлмади. Иброҳим Халил йўлнинг ўртасида тўхтади.

Эй болам, сен менинг қаёққа олиб бораётганимни биласанми, деди. Шунда Исмоил, эй отам, жоним отам, айтинг бошингизга не савдо тушди ёки онамга бир гап бўлдими, деди. Шунда Иброҳим Халил нима учун олиб бораётганини ўғли Исмоилга билдириб сўз айтди.

Бу ишлар бизларга бўлди худодан,

Қурбонлиққа олиб борурман болам.

Икки дунё рози бўлғил сен мендан,

Қурбонлиққа олиб борурман болам.

 

На деярсан отанг этган ишина,

Раҳм айлагил, кўздан оққан ёшина,

Чархи фалак тўрин қурмиш бошина,

Қурбонлиққа олиб борурман болам.

 

Иброҳим дер, сенсан кўнглимнинг ҳуши,

Энди ўн тўртина етганда ёши,

Сан бўлурсан ҳуриларни йўлдоши,

Қурбонлиққа олиб борурман болам.

 

Отасидан бу сўзни эшитган Исмоил кўзлари ёшланиб, табассум қилиб, эй отам, жоним отам, эрталабдан бери ғамгин бўлиб юрганингиз шунданмиди? Эй отам, бунга хафа бўлманг, худо бизни сийлабди-худо йўлида қурбон бўлсам, не армон деб, Исмоилжон отасига қараб бир сўз деди:

 

Будир бизга ҳақнинг берган сийлови,

Ҳақ йўлинда қурбон бўлсам, не армон.

Қабул бўлсин ҳамма қулнинг тилаги,

Ҳақ йўлинда қурбон бўлсам, не армон.

 

Қурбонлиқ бўлайин ғунча чоғимда,

Ором олиб туринг менинг ёнимда,

Худо жаннат гшулин сочсин йўлингда,

Ҳақ йўлинда қурбон бўлсам, не армон.

 

Исмоил дер, ҳақдан бўлингиз ризо,

Жаннат йўлин сўраб беринг фотиҳа,

Ўғлим йўқ деб отам бўлмангиз гумро,

Ҳақ йўлинда қурбон бўлсам, не армон.

 

Исмоилдан бу сўзни эшитган Иброҳим Халил ҳайрон бўлиб, Эҳ-ҳа.. менинг бундай пок, садоқатли болам бор экан деб, ўғлини бағрига босди. Эй болам, менинг гуноҳимни ўтгил, пайғамбарлик мол қаро билан бўлиб, сени билмабман, мени кечиргил, уйга боргунча менинг олдимга тушиб юргил, сенинг қадди қоматингни, бўйингни кўриб меҳрингга тўяйин деб исмоилга ёлбориб, илтижо билан Иброҳим Халил бир сўз айтди:

 

Ҳақ амрига ризо бўлгин, фарзандим,

Олдинда юр, бўйинг кўрайин, болам.

Тасаддуғинг бўлсин жону жаҳоним,

Олдинда юр, бўйинг кўрайин болам.

Қадду қоматингга тўяйин, болам.

 

Бу дунёда кимлар қолар, ким кўчар,

Сендан қолиб менинг ҳолим не кечар,

Қўлимдаги ёнган чироғим ўчар,

Олдинда юр, бўйинг кўрайин болам.

Қадду қоматингга тўяйин, болам.

 

Иброҳим дер, бу ишлар қодир оллодан,

Бизларга қисматдир азал худодан,

Жаброилдир хабар берган оллодан,

Олдинда юр, бўйинг кўрайин болам.

Қадду қоматингга тўяйин, болам.

 

Алқисса, Исмоилжон умрида биринчи бор маротаба йиғлади. Кўз ёш қилди. Отасини қучоқлаб, эй отам, жоним отам, бу ишни буюрманг, олдинда юр деманг, мен сиздан олдинда юрсам, халқ кулар, шайтон кулар, шайтонни кулдирмайлик деди, шунда Иброҳим Халил — майли, болам, деб ўғлини чап томонидан, гоҳ ўнг томонидан ўтиб, пешонасидан чсилаб йўлга тушдилар. Аммо Иброҳим Халил ўғлини худо йўлига қурбонлик қилармиш деган хабар олам жаҳонга тарқалди. Бу хабарни эшитган халойиқ тоққа яқин майдонга тўпландилар. Иброҳим Халилуллоҳ ўғли Исмоил билан келди. Халойиқ буни кўриб, кўз ёши қилиб турди. Исмоилжон қўлини кўксига қўйиб халойиқ билан видолашди. Онаси Биби Ҳожар ёнига бориб, чўкка тушиб, -Онажон, мен ёшлик қилиб сизни ранжитган бўлсам, мендан рози бўлинг деб, онасининг бағрига отилди. Онаси чидолмай, ўғлини қучоқлаб, пешонасидан ўпиб, шашқатор ёшини тўкиб –розиаман, болам, деб видолашиб худога нолиш қилиб беш калима сўз айтди:

 

Барчани яратган қудратли худо,

Исмоил боламни топширдим сенга.

Мени фироқингда айладинг гадо,

Сарви равонимни топширдим сенга.

 

Қудрат билан халқ айладинг оламни,

Эшит, бугун фиғон ила ноламни,

Тар очилган ғунча каби лоламни,

Боғу бўстонимни топширдим сенга.

 

Ўзинг карам айлаб берган меҳмоним,

Ёлғиз фарзандимдур жону жаҳоним,

Умрим хушвақтлиги, шоду шодмоним,

Қўзи-қўчқоримни топширдим сенга.

 

Исмоил отасининг ёнига югуриб бориб: -Эй отажон, мени қурбонлиққа чалар бўлсангиз, мардона туринг, кўнглингизга қўрқув келтирманг, шайтон кулар, шайтоннинг бағрини доғлангиз деб, Исмоилжон отасига қараб бир сўз деди:

 

Жоним отам, қурбон қилар бўлсангиз,

Бу ишларнинг барин бажо айлангиз,

Шайтон кулар дилга қўрқув келтирса,

Келтирмангиз, анинг бағрин доғлангиз.

 

Ғамгин юзиз ҳеч бир шикаст топмасин,

Шами чироғингиз тўзон тутмасин,

Бардам бўлинг фалак ўйнаб ютмасин,

Қўл-оёғим маҳкам қилиб боғлангиз.

 

Раво бўлди ўсмир чоғда келишим,

Шундай ёзилгандир менинг ўлишим,

Оллоҳ учун зарур экан ўлишим,  

Юзу кўзим кўрмас қилиб боғлангиз.

 

Исмоил дер, менга нур имон тиланг,

Ҳақ йўлинда азиз жисмим хок айланг,

Ҳанжар билан юрак-бағрим чок айланг,

Пичоқ ўткир бўлсин, яхши қайрангиз.

 

Исмоилжон сўзини тамом қилиб, тақдирга тан бериб, худони ёд этиб, бўйин эгиб ётди. Иброҳим Халил Исмоилнинг оёқ-қўлларини маҳкам боғлади. Исмоилнинг орқа томонидан чўкка тушиб, ўткир оқ дастали пичоқни қўлига олиб, Исмоилнинг бошини сал чапга буриб, Иброҳим Халил “бисмиллоҳу акбар” деб Исмоилнинг томоғига пичоқ тортди.

Пичоқ гўё музнинг устидан тойиб кетгандек қайтди. Иброҳим ҳали иккинчи маротаба пичоқ тортди. Унда ҳам пичоқ кесмади. Шу ерда Иброҳим Халил, ҳайратда қолиб, пичоқни харсанг тошга урган эди, пичоқ тошни бир юмшоқ бағир кесгандек иккига бўлди. Шу вақт осмондан ваҳий келди: Эй, Иброҳим ҳали, сенинг қурбонлиқингни оллоҳ қабул қилди. Сен ўғлингни кесма. У ёқдан бораётганни кес деб, осмондан садо келди. Шу вақтда Оллонинг каромати билан жаннатдан бир қўчқор юборилди. Иброҳим Халил бу не ҳикмат бўлди деб қараса, юқоридан шохлари бурам-бурам бир қора қўчқор Исмоилнинг ёнига келиб тушди. Иброҳим Халил тезда бориб қўчқорни қурбонлиққа сўйди. Яна тезда бориб ўзини Исмоилнинг устига ташлаб кўзидан севинч ёшини оқизиб, турғил болам, Оллоҳ озод айлади деб, ўғли Исмоилга қараб беш калима сўз айтди:

Ҳақ амрига ризо бўлган фарзандим,

Турғил болам, Оллоҳ озод айлади.

Сенсан нуридийдам, орзу армоним,

Турғил болам, Оллоҳ озод айлади.

 

Қурбон бўлмоқ учун майдонга келдинг,

Яратган хизматин бўйнингга олдинг,

Ҳамма мусулмоннинг дуосин олдинг,

Турғил болам, Оллоҳ озод айлади.

 

Иблис шайтон бизни олдижак бўлди,

Оздира билмади, армонда қолди,

Худонинг сайлови бизга бурилди,

Турғил болам, Оллоҳ озод айлади.

 

Иброҳим дер, болам розиман сендан,

Менинг учун кечдинг ширин жонингдан,

Худо айирмасин, нур иймонингдан,

Турғил болам, Оллоҳ озод айлади.

Алдқисса, майдонга йиғилган халойиқ худонинг бу кароматига қойил қолиб, таҳсин ўқидилар. Иброҳим Халилни, Исмоилни, Биби Ҳожарни, Охунни табрикладилар.

Шу кундан бошлаб қурбонлиққа ўғилни эмас, бир жонлик сўйиш одат бўлди. 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.