9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

НАЗАРИЯДАН КЎРА АМАЛИЁТ МУҲИМ

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > НАЗАРИЯДАН КЎРА АМАЛИЁТ МУҲИМ

НАЗАРИЯДАН КЎРА АМАЛИЁТ МУҲИМ

Биз ҳаммани тилшунос қилмоқчи эмасмиз. Она тилида эмин-еркин гапира олишни, мустақил фикрлашни шакллантира олсак, шунинг ўзи кифоя. Грамматик қоидаларни ёдлатиш, чуқурлаштириш ўқувчини фандан бездиради, узоқлаштиради. Она тилга меҳр уйғотишда бу йўлдан бориш ўзини оқламайди, назаримизда. Иқтидорли журналист Йигитали Маҳмудов айнан шу хусусда филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев билан суҳбатлашган. Диққат билан мутолаа этарсиз деган илинждамиз.

Бундай она тил таълими ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас!

Тилшунос олим Бахтиёр Менглиев билан суҳбат

Ижтимоий ҳаётдаги муаммоларнинг ечими олдимизга янги-янги муаммоларни қўяди. Аслида тараққиётнинг моҳияти ҳам, мантиғи ҳам мана шунда. Бу – жамият тараққиётида муҳим рол ўйнайдиган таълим соҳасига ҳам бирдай тегишли. Айниқса, миллийликнинг ифодаси бўлган она тили таълимида кўзга яққол ташланади. Бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимига доир фикрларини билиш мақсадида соҳанинг йирик мутахассиси, профессор Бахтиёр Менглиевни суҳбатга тортдик. Албатта, устознинг фикрларида баҳсталаб ўринлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун таклифларни Кун.уз ўқувчилари эътиборига ҳавола этишни маъқул топдик.

– Ҳозирги кунда она тили таълимидаги муаммолар нималарда кўринади?

– Ҳаммамиз мактабда физика, кимё, математика, биология предметларини ўқиганмиз. Улардан қойиллатиб беш баҳо олганмиз. Аммо кўп ҳолларда оддийгина электр чироғи патронини ўрнатишни ҳам, дарахтни пайванд қилишни ҳам, юлдузларга қараб вақтни аниқлашни ҳам, жароҳатга қандай малҳам қўйишни ҳам, бирор нарсанинг ҳажмини ҳисоблашни ҳам эплай олмаймиз. Ҳатто оддийгина иситиш тизимидаги сувнинг айланма ҳаракатини ҳам тушунмаймиз. Нега? Чунки биз олган таълим ҳаётдан узилиб қолган. Ҳамма ҳам физик, математик, биолог бўлавермайди-ку! Шунинг учун ўқувчида ҳаётий компетенсия биринчи ўринга чиқиши лозим эди.

Енди ўзимизнинг «Она тили»мизга келайлик. Она тили таълимининг аҳволи қандай? Боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан дарсликка ўтиш, синфдан синфга кўчиш билан ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлатамиз. Матннинг, берилган гапларнинг авра-астарини чиқариб, ипидан игнасигача таҳлил қилдирамиз. Бироқ бу «билим»лар оғзаки ва ёзма нутқимизга қай даражада таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Болаларимизнинг нутқи қандай? Тутилади, дудуқланади. «Анақа», «ҳалиги», «нима десамикин», «ўша-де» кабиларни ҳар икки сўз орасида гўё «боғлама» сифатида қўллайди ва бундан ҳижолат ҳам бўлмайди. Аризани қойиллатиб ёзиб, фикрини лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмайди. Давраларда микрофон тутқазиб қолишса қочиб, таъзияларда марҳумнинг яқинларига «бандалик» ифодасидан бошқа бирор сўзни ёлчитиб айтолмайди.

Биз, ўқитувчилар эса унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин тил орқа, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим шахснинг тилдан фойдаланиш малакасини қандай ва қанчалик таъминлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Она тили предмети тўла-тўкис тилшунослик фанига айланиб бўлди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам она тили таълими деганда тилшунослик қоидаларини ёдлаш ва уларга доир машқ ва топшириқларни бажаришдан бошқа нарсани тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолди. Биринчи планда туриши керак бўлган оғзаки ва ёзма нутқ бўйича саводхонлик, нутқ ва мулоқот маданияти, бой сўз захираси, нотиқлик энг охирги ўринларга тушиб кетди.

Ўқувчиларнинг қўлида ўқув луғатларининг йўқлиги, ҳатто тузук-қуруқ имло луғатининг мавжуд эмаслиги, она тили дарсларида луғат дафтарлари юритилмаслиги – бунинг инкор қилиб бўлмайдиган далили. Ҳатто иншо ёзишни ўргатадиган технология ҳам, манба ҳам йўқ. Ҳар қандай ўқитувчи иншо мавзусини бериш, шаблон режа тузиш ва эпиграф танлашдан бошқа тавсия бера олмайди. Ўқувчиларда матн яратиш кўникма ва малакаси мутлақо шаклланмасдан қолаяпти. Айрим иқтидорли болалар ўқиган матнларига тақлид қилиб, мустақил равишда ёзма нутқларини такомиллаштирадилар, холос.

Бундай она тили таълимини болаларни, ўзимизни, жамиятни алдашдан бошқа нарса эмас! Уни тубдан ислоҳ қилмас эканмиз, бу алдов яна кўп йиллар давом этади.

– Бу борада ютуқлар ҳам борми? Балки, соҳага ижобий нигоҳ ҳам ташлаш керакдир?

– Албатта. Мустақиллик йилларида она тили таълими тизимида айрим жиҳатлардан катта ютуқларга эришилди. Фидойи устозларимиз, таълим жонкуярлари профессорлар Ҳамид Неъматов, Абдуҳамид Нурмонов, Низомиддин Маҳмудов, Раъно Сайфуллаева, Аскар Ғуломов, Муҳаммаджон Қодиров, Муҳаббат Абдураимова ва бошқаларнинг ватанпарварлик, миллатпарварлик ҳисси билан йўғрилган машаққатли меҳнатлари, миллий тил ривожи ва она тили таълими учун фидойиликлари натижасида:

– таълим олувчиларда миллий тафаккур ва дунёқарашни, мустақил мантиқий, ижодий тафаккур соҳибини тарбиялашга қаратилган таълим мақсади ишлаб чиқилди;

– миллий тилимизнинг ўзига хос қурилиши талқинини ўз ичига олган таълим мазмуни йўлга қўйилди;

– тафаккур салоҳиятини ривожлантиришнинг энг самарадор таълим усули жорий этилди.

Таълим мақсади янгиланди. Собиқ тузум даврида она тили таълимида таълим мақсади масаласи кун тартибига қўйилмаган. «Мустақил ва ижодий тафаккур соҳибини етиштириш, уларда фикр маҳсулини нутқ шароитига мос равишда оғзаки ва ёзма шаклларда тўғри, равон ва лўнда ифодалаш малакаларини шакллантириш» тарзида умумлаштирилган таълим мақсади бизнинг она тилимиз таълимидан бошқа миллий тиллар таълимида учрамайди, десак муболаға бўлмайди. Бу таълим олувчиларда миллий онг ва қадриятларни ривожлантиришда мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият касб этади. Таълим мақсади ўқув дастурлари ва у асосдаги замонавий она тили дарсликларида чорак аср давомида ўз ифодасини топиб келмоқда.

Таълим мазмуни тубдан ўзгарди. Умуман олганда, ўзбек тили ҳам, собиқ иттифоқ ҳудудидаги барча миллий тиллар талқинида бўлгани каби аксар ҳолларда, айниқса, унинг фонетик ва грамматик тизими рус тили қолиплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, агар талқинлар тегишли тиллардан келтирилган далиллардан халос қилинса, улар гўё рус тили талқинларининг ўзи бўлиб қолаверар эди. Мустақиллик шарофати билан ўзбек тилшунослари ўзбек тилининг соф туркона табиатини илмий тавсифлашда, тилимиз таълимида ҳам ушбу тамойилга таяниб иш кўрдилар. Натижада она тили таълими мазмуни қисқа муддат ичида ғайримиллий унсурлардан тўла-тўкис халос этилди. Истиқлолгача бу фақат орзу қилинадиган, ушалмас бир нарса эди.

Таълим усули ҳам янгиланди. «Лаббайгўй», «доим тайёр», ижрочи шахс репродуктив ва ретроскопик таълим усули билан етиштирилади. Бунинг зарарли оқибатларини илмий асослаб беришган мазкур таълим фидойилари мустақил мантиқий, ижодий ва образли тафаккур соҳибини тайёрлашнинг ягона усули бўлган когнитив-прагматик методни она тили таълими жараёнига татбиқ этишди.

Таъбир жоиз бўлса, таълим самарадорлигини тўла маънода таъминлаш омили бўлган бу уч ажралмас узвнинг яхлитликда она (ўзбек) тили таълимига жорий этилишини тўла маънода инқилобий ҳодиса, маънавий жасоратнинг ёрқин намунаси дейиш мумкин. Она тили ва таълим фидойиларининг бу хизматлари, шубҳасиз, юксак эҳтиромга лойиқ.

– Биз она тили таълимида сиз айтган аянчли аҳволга қандай келиб қолдик? Бунга нималар таъсир қилди?

– Маълумки, ХИХ асрнинг кейинги ярмида Европа ва Ғарбда саноатлашув даври бошланди. Саноқли кишилар ишлайдиган кичик сехлар, артеллар, устахоналар, дўкон-дастгоҳлар, кичик манифактуралар ўрнини катта-катта, замонавий завод ва фабрикалар эгаллай бошлади. Уларда мамлакатнинг турли бурчакларидан келган, ҳар хил шевада гапирадиган минг-минглаб ишчилар ишлашар, табиийки, уларнинг ўзаро мулоқотларида, замонавий техника билан «тиллаша» олишларида, албатта, муаммолар мавжуд эди. Меҳнат унумдорлигига эришиш учун ишчилар саводли бўлишлари, лойиҳаларни ўқий олишлари, дастгоҳларнинг техник йўриқномаларидан фойдалана билишлари, зарур ҳолларда техник таълим ола билишлари керак эди. Шу тариқа, саноат, ишлаб чиқаришнинг шиддатли юксалиши миллий тилларнинг адабий меъёрларини ишлаб чиқиш, ягона адабий тилни шакллантириш ва унинг таълимини ташкил этиш заруратини кун тартибига қўйди.

Бу ҳолат Ўзбекистонимиз учун ҳам бегона эмас эди. Ўтган асрнинг илк чорагида ҳали ҳозирги ўзбек адабий тили (аслида тили эмас, балки нутқи) шаклланмаган, меъёрлари ишлаб чиқилмаган, бусиз эса на таълимни, на иш юритишни йўлга қўйиб бўлар эди.

Адабий тил тараққиёт учун сув ва ҳаводек заруратга айланди. Маълумки, адабий тил умумхалқ тилининг меъёрлаштирилган кўриниши бўлиб, бу меъёрлар орфоепик (талаффуз), орфографик (имло) ва грамматик (гап қурилиши) ҳамда услубий (сўз танлаш ва қўллаш) турларни ўз ичига олади. Адабий тил илмий асосланган меъёрлардан иборат бўлади. Шунинг учун илк бошланғич синфлар ташкил этилиб, ўқувчиларга адабий тилнинг зарур қоидалари сингдирила бошлаган. Яъни, ҳарф ва товушлар, ундош товушнинг турлари ва ўзгариши, имлоси, бўғин ва урғу, сўз маънолари, сўз туркумлари, шакл ясовчи қўшимчалар ва уларнинг имлоси, гап бўлаклари, содда ва қўшма гап, тиниш белгилари, талаффуз ва имло қоидалари, тил бирликларининг услубий хусусиятлари кабилар. Адабий нутққа ўргатиш учун шунинг ўзи, унинг таълими учун бошланғич синф етарли эди. Бу билимлар тўла маънодаги ЗАРУР ВА ИШЛАЙДИГАН БИЛИМ эди.

Кейинчалик етти йиллик таълимга ўтилди. Ана шу вақтдан адабий тил таълимидаги заруратнинг анъанага айланиши юз бера бошлади. Юқори тўрт (4–7) синф учун янги талаб ва мақсад қўйилмасдан, ўзига хос таълим мазмуни ишлаб чиқилмасдан, бошланғич синфлар учун белгиланган зарурий билимлар нозарурлари билан чуқурлаштирилаверди. Таълимдаги миқдор ўзгаришлари натижасида сифат ўзгаришлари юз бера бошлади – адабий тил таълимида тилшуносликнинг назарий асослари кўпроқ ўрин эгаллай бошлади. Адабий нутқ таълими лингвистик билимлар соясида қола бошлади. Ўн, кейинчалик ўн бир, бора-бора ўн икки йиллик ўрта таълимга ўтилгач, она тили таълими ўзининг асл мақсадидан чекиниб, асосан тилшуносликка айланиб қолди.

– Она тили таълимида нималарни бой бердик, дарсликларимиз қай аҳволда?

– Таълимда ўқитувчи оғир тилшунослик билимларини, яъни тушунча ва қоидаларни ўқувчига етказишга, унинг билимига айлантиришга уринар экан, фақат мактаб таълими учун хос бўлган асосий вазифа – ўқувчида тўғри талаффуз, имло, услуб, сўз санъати (янги сўзларни ўзлаштириш, сўзларни танлаш, сўзларни тўғри қўллаш)га доир кўникма ва малакаларни шакллантириш, кўникмани малакага, малакани одатга айлантириш муаммосига ўз-ўзидан кейинги даражали масала сифатида қарайдиган бўлиб қолди. Жорий дарсликларимиз тубдан янгиланиши керак. Чунки:

биринчидан, энг аълочи ўқувчи ҳам шахснинг сўз бойлигини кўрсатувчи, ўзи ўқиётган, ҳатто мактаб дастурига киритилган бадиий асарлардаги жунбушга келмоқ, чапдаст, рутубат, жароҳат, яра, оҳанрабо, ҳабиб, ҳассос, қуралай, ғаввос, тунамоқ каби минглаб сўзларнинг маъноларини тушунмай ўтиб кетаверади. Чунки она тили таълими – сўз таълими бўлмай қолган;

иккинчидан, ўқувчиларнинг янги сўзларни эгаллаши, сўз бойлигини ошириб бориши зарурати шу даражада камайиб кетганки, ҳатто она тилидан луғат дафтари юритилмайди;

учинчидан, она тили машғулотларида луғатлар билан ишлашга йўналтирадиган машқ ва топшириқлар деярли йўқ;

тўртинчидан, ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига мос, ўзбек тилининг ҳар бир даврдаги хусусиятларини ўзида акс эттирадиган ва тасдиқланган ўқув луғатлари чоп этилмаган;

бешинчидан, мактаб дарсликларининг иловасида эгалланиши, ўзлаштирилиши лозим бўлган сўзларнинг эмас, балки лингвистик терминлар луғатларининг илова қилиб келинаётганлиги ҳам она тили машғулотларининг тилшунослик дарсларига айланиб қолганлигини кўрсатади.

Сўз, ибора, мақол, маталлар, уларнинг қўлланиши, имлоси каби масалалар мактаб она тили таълими мазмунининг асоси, ўзагини ташкил этиши лозим.

– Мавжуд муаммоларни ечиш учун қандай таклиф ва тавсияларингиз бор?

– Она тили таълими ўқувчини сўз салтанатига олиб кириши керак. Бунинг учун тил ва адабиёт фанлари интегратсияси масаласини мутлақо қайта кўриб чиқиш лозим.

Маълумки, 8-синф адабиёт дарсларида, асосан, мумтоз адибларимиз ижоди ўрганилади. Демак, шунга мувофиқ равишда, бу синфда она тили дарслари «Она тили. Мумтоз сўз» дея номланиб, ўқувчилар мумтоз матнлар мазмунини ўрганишлари, таҳлил қилишлари, сўзларнинг зоҳирий, ботиний, рамзий маъноларини ўрганишлари, луғатлар билан ишлашлари, маъно «мағиз»ларини чақишлари зарур. Бу қуйидаги жиҳатлари билан эътиборга молик бўлади:

биринчидан, ўқувчилар мумтоз адабиётга онгли равишда ошно бўладилар;

иккинчидан, уларнинг сўз захираси, демакки, нутқи муттасил бойиб боради;

учинчидан, ўқувчиларнинг саводхонлиги автоматик равишда ошиб боради;

тўртинчидан, мумтоз сўзлар маъносидаги маърифат, маънавият, қадриятларимиз авлодлар онгига сингиб боради;

бешинчидан, ўқувчиларимизда мантиқий, образли, ассотсиатив фикрлаш, тафаккур юксалиб боради.

Айтилганидек, 5-синфдан бошлаб ҳар бир синфда тўғри, равон ва бой нутқнинг асосий воситаси бўлган сўзнинг турли қирраларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, «Она тили. Сўз мулкига саёҳат» (5-синф), «Она тили. Сўз сеҳри» (6-синф), «Она тили. Фасоҳат» (7-синф), «Она тили. Маданий нутқ» (9-синф) каби.

Ўқув луғатлари зарурлиги ҳақида кўп гапириб ва ёзиб келинмоқда. Ўқув луғатлари яратилмас, ўқувчиларнинг столида она тилидан унинг ёшига мос кўплаб ўқув луғатлари турмас, бунинг учун ўқув лексикографияси назарий ва амалий соҳа сифатида тизимли йўлга қўйилмас экан, она тили таълими ўзининг ҳақиқий моҳиятидан бегоналигича қолаверади.

Мамлакатимизда ўқув луғатчилиги соҳаси энг оқсоқ соҳалардан. Унинг етарли даражада шаклланмаганлиги – луғатларни тайёрлаш ва нашр қилиш билан боғлиқ илмий ва молиялаштириш тизими яратилмаганлиги билан боғлиқ.

Она тили таълимидаги фарзандларимизнинг билимли, юксак маънавиятли, мустақил фикр, тафаккур соҳиблари бўлиб вояга етишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳақидаги бу фикр ва таклифларимизга уларнинг ечимига бевосита ёки билвосита дахлдор соҳа мутасаддилари, мутахассислари, умуман, таълим фидойилари бефарқ бўлишмайди ва ўзларининг холис

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.