BAHODIR O’ZI — BEBAHODIR SO’ZI
Микрофон ва видеокамера билан тиллашиш ва диллашишнинг ҳам ўзига яраша сир-асрори, тилсими бўлади. Аниқроғи, микрофонни «ака», видеокамерани «ука» сингари ўзига яқин тутиш у орқали сўз айта олиш завқ -шавқи бор бўлган инсонлар бу илмни, бу тилсимни теранроқ ҳис этишади.
Улар шунчаки техник восита эмас, халқнинг кўзи билан қулоғини бошқача айтганда, тингловчининг ўзига қарата оладиган истеъдод соҳибларидир. Видеокамерага ҳамма ҳам қараши, микрофонга ҳамма ҳам сўзлаши мумкин, лекин гап унга қараб жўяли сўзлай олиш, фикр етказишдадир.
Бундай истеъдодлар қаторига Баҳодир Мағдиевни қўшиш мумкин. “Орият доно” (FM 106.5) радиосининг “Халфана”, “Ғалвир” каби эшиттиришларнинг моҳир бошловчиси, зукко муаллифи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Саҳна нутқи” кафедраси ўқитувчиси Баҳодир Мағдиевдир. У авваломбор, сўзнинг маъноси ва оҳангидан маст бўладиган ва маст қила оладиган истеъдод соҳиби. У радио орқали жонли эфирда сўзни топа олиш ва қўллаш маҳорати билан суҳбатдошларининг ҳам, муҳлисларининг аллақачон меҳрини қозонган.
Талабалик пайтида ҳам устозларининг йўл-йўриғи, маслаҳатларидан тўғри хулоса чиқазиб сўз, фикр, мантиқ уйғунлигида тингловчи қалбига йўл топа олиш сирларини ўрганди, бу борада тинимсиз изланди, интилди. Натижада маҳорат матонат билан, журъат жасорат билан унинг табиатида уйғунлашди.
Уни илк бор пойтахтдаги тўйхоналарнинг бирида учратганман. У ўз яқинларидан бирининг тўйида бошловчилик қиларди. Биз ҳам бир гуруҳ педагоглар меҳмонга чақирилгандик. У меҳмон ва мезбонлар орасида сўзнинг кучидан фойдаланиб назмий битиклар орқали бошловчилик эмас, аниқроғи, боғловчилик қилар эди. Унинг қобилиятига, ўзига хос “кўприк” бўлишига киприк қоқмасдан ҳайрат билан қараб ўтирганларнинг гувоҳи бўлганман. У даврани табиий, жонли ва самимий тарзда ўтказардики, тўй қатнашчиларнинг бир зумда меҳр ва эътиборини торта олди. У бошлаш осон, боғлаш қийин, тинглаш мумкин, англаш мушкуллигини биладиган ва амал қиладиганлардан эканига шубҳа йўқ. Биз бир гуруҳ касбдошлар куёв томондан борганлигимиз учун сиз жамоа номидан гапиринг, дея менга сўз беришларини тайинлашди. Тўй авжига, мавжига етганида Баҳодир сўз навбатини бериш мақсадида мен томонга ҳам назар, ҳам қадам ташлаб кела бошлади. “Мен ҳозир сўз бермоқчи бўлган инсон — устозимиз “Ҳарфлар тилга кирганда” деган бир китоб яратганлар. Бутун халқимизга мустақиллигимизнинг бошларида ойинаи жаҳон орқали араб алифбоси асосидаги эски ўзбек ёзувини ўргатган инсоннинг ўша китобида шундай мисралар бор, тингланг-а!
Ватанимиз алифбо, Бағридамиз жо бажо,
Ўттиз икки аскармиз, Бирлашсак сўз, лашкармиз,
Қўшинимиз икки хил, Мунфасил-у муттасил
Бизни яхши билсангиз, Ҳурмат бажо қилсангиз,
Бўлурсиз ҳаққа восил, Илмдан мурод хосил.
Англаб аждод қадрини, Ҳам авлодлар дардини,
Боболар кайфиятин, Момолар руҳиятин,
Сизга жамлаб берамиз, Маржон каби терамиз.”
Бизга яқинлашиб келгунларига қадар шу ергача ёддан айтди. “Камоли эҳтиром ила устозни даврага таклиф этамиз, марҳамат, Раҳимбой оға Жуманиёзов.”- дедилар ниҳоят.