Таълимнинг кучи кимда ва нимада ўзи?!
Шу йилнинг 29 август куни Ректорлар коллегиясида иштирок этдим. Коллегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони лойиҳасининг муҳокамасига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари иштирок этишди.
Кун тартибига каминанинг таълимнинг сифати ва самарасини таъминлашда педагогнинг коммуникатив компетенцияси ва бошқарув механизмида мулоқот маданияти ва нотиқлик санъатининг ўрни тўғрисидаги маърузаси ҳам киритилган эди.
Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Жумладан, коррупцияга қарши кураш, унинг илдизини қуритиш учун қандай йўл тутиш хусусида ҳам сўз борди.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазири Иномжон Мажидов модераторлик қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясидан тажрибали олим, истеъдодли раҳбар Одил Абдураҳмонов ва Ректорлар кенгаши раиси Баҳодир Ҳодиевлар ҳам ўз таклиф ва тавсияларини билдириб туришди.
Бугунги кунда республикамизда 111 та олий таълим муассасаси мавжуд, улардан 91 таси маҳаллий ҳамда 20 таси хорижий олий таълим муассасаси ва уларнинг филиалларидир.
Сўнгги 3 йилда янги 5 та олий таълим муассасаси, 16 та филиал ва 13 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди. Бу ҳаракатларнинг барчаси Президентимизнинг талаб ва истаклари, мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаш эҳтиёжи билан изоҳланади.
Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтиш керакки, таълим тизимини ривожлантириш концепциясининг муҳокамаси бобида аксарият ректорларда фаоллик етишмади. Ўз фикрларини дадиллик билан айтиб таклифларини ўртага ташлашларини интиқлик билан кутдим. Мулоҳаза ва таклифларини кескин ва баралла айтишга истиҳола қилишдими, билмадим-у, лекин камина кутгандек натижа бўлмади.
Тўғри, айрим олий таълим муассасалари ректорлари таклифларини ёзма тарзда йўллашган. Вазиримиз буларни эътироф этиб ўтдилар. Сўнгра коллегия ниҳоясида ўз мавзуим бўйича таклиф ва тавсияларимни сўрашди.
Мен шуларни қайд этдим:
Таълимнинг сифати, самараси ва натижаси нимага боғлиқ деган саволга, одатда, биз педагогнинг замонавий талабларга жавоб бериши, ахборот технологияларини ўзлаштириши, ўз фанини чуқур билиши, кенг қамровли билимга эга бўлиши, ўз ишига масъулият билан қараши дея жавоб берамиз. Тўғри, буни инкор этмаймиз. Лекин фақат шуларгина сифат ва самаранинг мезони бўла олармикан? Дўппини ерга қўйиб бир ўйлаб кўрайлик.
Шу ўринда таълим-тарбиянинг таъсирчанлиги масаласи муҳим муаммо эканини ёддан чиқазиш ярамайди. Бугун кўтарилган масалаларнинг илдизи, таъбир жоиз бўлса, калити ўз-ўзидан педагогнинг коммуникатив компетенциясига бориб боғланади.
Яқинда 23 август куни Президентнинг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқида маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқаргани ҳақида сўз юритиб, ўқитувчилар ойлигини ошириш ва рағбат ҳақида гапирди.
Янги давр педагогларини тарбиялаш деганларида ўқитувчиларнинг замонавий билимларни эгаллашлари ва уларнинг педагогик маҳорати, коммуникатив компетенциясига, эргаштирувчилик қобилиятига ишора қилинганини англаб олиш қийин эмас.
Педагог сўзининг луғавий маъноси «бола етакловчи» демакдир. Хўш, ким етаклай олади, ким изидан эргаштира олади? Педагогик қобилиятга, нутқий маҳоратга, мулоқот маданиятига эга бўлган педагоггина бунинг уддасидан чиқа олади. Биз шу пайтгача эргашиб келганмиз, эндиликда эса эргаштира олишимиз керак. Ахир, илм-фан, санъат ва маданиятнинг тамал тошини қўйганлар ҳам бизнинг аждодларимиз эмасми? Эргашишда ижрочилик, эргаштиришда ижодкорлик туйғуси устунлик қилади. Ижодкорлик бу янгиликка интилиш, инновацион ихтиролар, инвестицион фаолият сари талпиниш, бошқача айтганда, тараққиёт демакдир. Бу эса тафаккур тантанасидир.
Хўш, педагогнинг эргаштириши ниманинг бадалига бўлади? Бу фанга, мавзуга қизиқтириши бадалига бўлади. Қизиқтира олиш қобилияти эса нотиқлик маҳоратига, педагогнинг лингвистик, нутқий компетенциясига боғлиқлиги ойнадек равшан.
Демак, аксарият муаммоларнинг ечими педагогик маҳорат билан, талабаларга мотивация бериш билан боғлиқ. Ўқувчи ва талабаларнинг кўпчилиги, дарсга қизиқмаслигидан, кўпгина педагоглар фанни, мавзуни қизиқарли тарзда эмас, балки ҳиссиз ва туссиз ўтишларидан нолиганларини кўп бор эшитганмиз. Шу боис Рим нотиғи Марк Туллий Цицерон «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир», деган. Буюк нотиқнинг фикрини давом эттириб айтиш мумкинки, иштаҳа билан ейилмаган таом ҳазм бўлмайдигина эмас, балки иллат ҳам қўзғатади.
Очиғини айтиш керакки, ўз фанини чуқур билган, бўйи баробар китоблар ёзган устозларни биламиз, ҳавас қиламиз. Лекин афсуски, уларнинг айримлари минбар, микрофон ва видеокамера орқали аудиторияга юзланса, қўрқув ва ҳаяжонга тушади, билганини ҳам айтолмай, фикри пойинтар-сойинтар йўсинда бўлади. На оғзаки нутқ маданиятини, на ёзма нутқ маданиятини тўла ўзлаштирган бўладилар. Ҳар иккаласида фикр етказа олиш маҳорати педагог фаолиятининг алифбоси эканини биламиз, лекин амал қилавермаймиз.
Қайси соҳада фаолият юритмайлик, қайси фандан дарс бермайлик, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Зероки, бу таълимнинг сифати ва самарасини белгиловчи муҳим омилдир.
Тасаввур қилинг, бозордан асл деҳқондан тоза етиштирилган ош масаллиқини олиб келиб ошпазга берсангиз, у таом тайёрлаш машқини олмаган бўлса, хом хатала қилиб ошни тайёрласа, сиз ея олармидингиз? Албатта, йўқ. Айбдор ким? Сиз, деҳқон, қозон ёки масаллиқ эмас, ошпаз айбдор.
Нотиқлик курси шунчаки дарс эмас, бу, аслида, муолажадир. Болаликдан онг остимизга гапирмаслик фазилат, одобнинг улуғи индамаслик деб уқтирилган, жойланган. Тумов бўлган кимса битта укол олса, эртасига йўталга қарши дори ичса индинга соғайиб, яхши бўлиб кетавермайди. Бунинг учун у тузалгунча муолажа олиши керак, акс ҳолда, тумовнинг асорати қолади. Нотиқлик санъатининг 36 соатлик назарий ва амалий машғулоти тўла ўтилиши керак. Шундагина натижа бўлиши мумкин.
Аслида, нотиқлик бир йиллик, ўн йиллик эмас, балки умрлик машғулотдир. Мен ҳозиргача ўргатиб туриб ўрганаман. Чунки бир карра таълим бериш, икки карра таълим олиш демакдир. Нотиқликнинг қояси кўриниб турибди, унга интиламиз мақсад ва ғоя бор, лекин тоҳануз вояга етмаганмиз. Бу тинимсиз машқ ва изланишларни талаб этади. Бу ҳақда аввал ҳам фикр юритган эдик.
Рағбат ва манфаат педагогни ҳаракатлантирувчи кучдир. Шуни инобатга олган ҳолда, 16 июль куни Тошкент Давлат Техника университетида ўтказган йиғилишларида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Энг яхши нотиқ-педагог» кўрик-танловини ўтказиш ва бунинг учун бир миллиард сўм ажратиш таклифини киритди. Бу эса Президентимизнинг таълим учун ҳеч қандай маблағни аямаслик кераклиги ҳақидаги фикрларига ҳамоҳанг бўлди. Бош вазир ўринбосарининг ушбу таклифлари таълим сифатини оширишга қаратилган йиғилишда ҳозир бўлган профессор-ўқитувчиларга бирдек маъқул келди.
Бунинг учун олий таълим муассасаларининг ўзида илк босқич, яъни профессор-ўқитувчилари ўртасида ички танловнинг ўтказилишини зарур деб ҳисоблаймиз. Тил тактикаси – тараққиёт сратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми эканини ёдда тутиш ўринлидир.
Шуларни инобатга олган ҳолда, вазирлик тизимидаги профессор-ўқитувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқ маданияти, адабий тил меъёрларига риоя этишларини, саводхонлик даражасини, нотиқлик маҳоратини, коммуникатив компетенциясини оширишга қаратилган ўқув курсини тизимли равишда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ушбу ўқув курси қуйидаги танлов босқичлари асосида ташкил этилиши ўринлидир.
- Муайян матнни (илмий-публицистик ёки бадиий) синчиклаб ўқиш ва уни хотирада сақлаш орқали қайта ижодий ҳикоялаш маҳорати;
- Овозли тасмадаги аудиоматнни тинглаш ва англаш орқали қайта сўзлаб бериш қобилияти;
- Тасвирга қараб сўзлаш орқали ижодий имкониятларини намойиш этиш лаёқати;
- Видеолавҳани кўриш ва унга фикрий муносабатни ёзма равишда қоғозга тушириш иқтидори;
- Овоз, нафас, дикция, оҳанг, тўхтам(пауза), суръат(темп), интонацияга риоя этиш даражаси;
(Эслатма: Булар овоз ёзиш ва тасвирга олиш орқали амалга оширилади.)
Ана шу йўсиндаги ички танловдан сўнгра сараланган профессор-ўқитувчилар «NOTIQLIK SAN’ATI AKADEMIYASI» таълим муассасасида таҳсил кўриб (36 соатлик ўқув дастури асосида) ўз малакаларини оширишлари мумкин.
Иккинчи босқич эса 3 йил муддатдан сўнг амалга оширилади. Унда маълум бир соҳага, таълим тизимига оид қонун ва қарорларни, фармон ва фармойишларнинг мазмун-моҳиятини етказа олиш, шарҳлаш, тушунтириш даражаси ва иш тажрибаси баҳоланади. Риторика, воизлик, яъни нотиқлик санъатининг турлари бўйича ихтисослашган назарий маълумот ва амалий машғулотлар ўтилади.
- Сиёсий-ижтимоий нотиқлик. (Давлат ва ҳукумат арбоблари учун)
- Академик нотиқлик. (Таълим муассассаларидаги профессор-ўқитувчилар учун)
- Суд нотиқлиги. (адлия, суд, прокуратура, божхона ходимлари учун)
- Ҳарбий нотиқлик. (Миллий гвардия, Қуролли кучлар, Мудофаа ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун)
- Диний-маърифий нотиқлик. (Имом-хатиб ва отинойилар учун)
- Ижтимоий-маиший нотиқлик. (Турли маросимлар, маърифий учрашувлар, тўй ва юбилей тантаналарида бошловчилик қилувчилар учун)
Буларнинг ҳар бирига хос бўлган нутқ кўринишлари қуйидагилардир:
- Сиёсий-ижтимоий ва сиёсий-иқтисодий мавзудаги маъруза (доклад)лар. Қурултой, конференция ва ҳоказолардаги ҳисоботлар. Сиёсий нутқ. Дипломатик нутқ. Сиёсий обзор.
- Ўқув юртлари маърузалари. Илмий маъруза. Курс иши ва диплом ҳимоялари. Илмий обзор. Илмий ахборот ёки информация. Илмий-оммабоп нутқ.
- Қораловчи (прокурор) нутқи. Жамоатчи – қораловчи нутқи. Оқловчи (адвокат) нутқи. Жамоатчи – оқловчи нутқи. Ўз-ўзини ҳимоя қилиш нутқи. (Жабрланувчи ва айбдор нутқи)
- Хутба. Ваъз (мавъиза).
- Жанговарлик нутқи, Чорлов ва даъваткорона нутқ. Ҳарбий ватанпарварлик нутқи. Митинг нутқи. Агитатор (тарғиботчи) нутқи. Ташвиқотчи нутқи.
- Мадҳия (юбилей ёки мақтов нутқлари, тўй тантаналарида). Табрик нутқи (Тост). Таъзия (мотам) нутқи.
Ректорлар коллегиясида ана шулар ҳақида сўз юритдим. Диққат ва эътибор билан қараб хайрихоҳлик билдирганлари ҳам, нописандлик билан қараганлари ҳам бўлди.
Надоматлар бўлсинки, кўпчилик таълим муассасалари раҳбарлари (шунингдек, аксарият ҳокимлар ҳам) нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги ва софлигига риоя этишдан, овоз, нафас, дикция, интонация, урғу, ритм каби нутқ техника воситаларига амал қила олишдан узоқ. Табиийки, шунинг учун ҳам улар бу машаққатли жараёнга рўйхушлик бераверишмайди.
Шунинг учун Президентнинг ректорларда савия йўқ дея дарғазаб бўлиши бежиз эмас. Чунки бу меҳнатни, машаққатли жараённи талаб этади. Президент ибораси билан айтганда, «ўзни қийнаш»ни, тинимсиз изланишни, ҳаракатни тақозо қилади. Дилида олови бўлмаганнинг қўлида қалови ҳам, ялови ҳам бўлмайди. Тизимдаги яловбардорлик ташаббускор, ташкилотчи, янгиликка ўч, фидойи лидерларга хос бўлади.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, филология фанлари номзоди