9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Эътиборга эътибор

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Эътиборга эътибор

Эътиборга эътибор

Инсон табиатан барчанинг диққат марказида бўлишни истайди. Юриш туришига, нутқи ва хулқига, кўринишу кийинишига ҳамма қараса, ҳавас қилса деб орзу қилади. Акс ҳолда, ўзини ёлғизланган ҳис этади. Бу иззатталаблик эмас. Балки доимий эътиборда бўлиш илинжидан. Эътиборга эътибор нечун деса, эътиборсиз қолганим учун деб жавоб беришгани бежиз эмас. Яратилган шароит, атроф-муҳит ва эътибор инсон камолотининг мезонларидан. Инсон иродасининг сустлиги, яратилган шароитлардан тўғри ва оқилона фойдалана олмаслиги уни ҳар хил кўйларга солиши, турли балоларга гирифтор қилиши мумкин.

Америкада электр курсисида ўлдиришга ҳукм қилинган айбдор одамдан охирги сўзи бор-йўқлигини сўрашади. У атрофидаги газетачиларга, расмчиларга, касалхона ходимларига қараб олгач, аччиқ, маҳзун овоз билан шундай дейди: Агар болалигимда менга шунчалик эътибор берилганда, бугун мана бу жазо стулида ўтирмаган бўлардим.

Таълим ва тарбия омихта берилмаган жамиятда бундай аччиқ кўз ёшларини кўп учратиш мумкин. Ёшларга эътибор келажакка эътибор экани давлат сиёсати даражасида муҳим ва долзарблик касб этиши истиқбол иморатига қўйилган пишиқ ғиштдир. Шундай экан, ўринли таъкидлаб ўтилганидек, жамиятимизнинг келажаги фарзандларимизга бугун қандай таълим ва тарбия берилишига боғлиқ. Бир-биримизга эътибор масаласи лоқайдлик илдизига болта уриш, бепарволик уруғини қуритишдир. Айни дамда эътибор масаласи диққатни қаратишгина эмас, балки юрт, ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ҳамдир. Эътибор эҳтиромга эшик, эъзоз ва эзгуликка бешикдир.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.