Чор довон
Қадим ўтган замонда,
Хевақ деган томонда.
Бор эди пири муршид,
Ёнида қирқта мурид.
Устоз ёнидан жилмас,
Усиз дунёни билмас.
Чиқармасдан асло сас,
Пирнинг сўзин муқаддас
Билиб қилишар ҳавас.
Қирқтаси қирқ илм фан,
Гўёки тилсим, чилтан,
Пирнинг донғин эшитиб,
Унга кўп ҳавас этиб,
Қирқ биринчи мурид бўб,
Ёнида юрсам бўлар хўб,
Дебон келди бир йигит
Устоздан кутиб ўгит.
Билмоқ чун матлабини
Йигитнинг талабини,
Пир кўз қирин ташлади,
Йигит сўзин бошлади.
- Эл ичра манзур номингиз,
Мўътабар инъомингиз,
Обрў — эҳтиромингиз,
Сўзлаган каломингиз
Мени қилди сизга ром,
Боғланиб қолдим тамом.
Сиздек эъзозли бўлсам,
Бунинг сирини билсам.
Қолмас эди армоним,
Мансаб, обрў дармоним.
Пир йигитни тинглади,
Мақсадини англади.
- Ҳавас қилиш мумкиндир,
Мурид бўлиш мушкулдир.
Баланд унинг қояси,
Муқаддасдир ғояси,
Текисмас зинапояси
Иймон унинг мояси.
Бу йўлда чор довон бор,
Ошиб ўтсанг толе ёр.
- Тайёрман, қилинг баён
Дер у, қараб пир томон.
Шайдойиликдир илк шарт,
Сенда бўлса юқмас гард.
Ўз касбини севмаган,
Бўлмас асло, жавонмард.
- Бўлсам элда ҳурматли,
Сизнинг каби иззатли.
Тайёрман мен бу шартга,-
Деди ўйламай шартта.
- Шошма, иккинчиси бор,
Ундан ошганлар илғор
Сенга бўлсин бу билик
Иккинчиси фидойилик.
Жонбахш бўлмасанг фанга,
Руҳ ҳаром бу баданга,
Фидо бўл юрт, ватанга
Борлиғинг – жон ва танга.
- Бунга камина рози,
Айтинг қилмай норози.
- Эй йигит, асло шошма
Шошиб ҳаддингдан ошма
Учинчиси ҳам бордур,
Ундан ошган донгдордур.
Адойиликдир бу довон,
Ошмоқ эмасдур осон.
Куяр юрак ҳам бағир,
Елканг ҳам бўлар яғир.
Касаллик келар оғир,
Бўларсан ожиз, фақир.
Йигит бир зум ўйланди,
Сўз айтишга шайланди.
Товуш пасайди аста,
Бўлиб қолгандек хаста.
- Охиргисин айтинг қани,
Сиздек бўлсам бўлгани.
- Тўртинчиси ибтидо
Бу дунёга интиҳо.
Билмайсан асло лаззатни
Англамайсан иззатни.
Манзур ҳамда машҳурсан,
Йўқлик ила мағрурсан.
Энг сўнггиси гадойилик
Суяк бору йўқ илик.
Кўринмайди хазинанг,
Ганжинаю дафинанг.
Шукроналик – бойлигинг
Қаноат – чиройлигинг,
Ақча, оддий ойлигинг,
Шудир моддий бойлигинг.
Иморат ҳам қурмассан
Ва гердайиб юрмассан.
Уй жой, ҳашам бегона,
Сенга кулбайи вайрона.
Қараб қолдинг чақчайиб,
Нега бўлдинг ҳайрона?
Йигит талмовсираб қолди,
Кўп муддат ўйга толди.
Қарай олмасди пирга,
Назар қадалган ерга.
Кетишга етди фурсат,
Пирим берсангиз рухсат.
Қабул қилолмам бу йўлни
Сизга беролмам қўлни.
Игна билан қудуқ қазиш
Мен чун ақлдан озиш.
Билим пулим деб билибман,
Илм сароб деб келибман.
Шундай дея йўналди
Йўқлик бонгини чалди.
Пир ортидан чақирди,
Ғазабнок бўб бақирди.
Билимдонга ҳурмат бор
Навоийда бир ҳикмат бор.
Буни тингла ногоҳ, бил,
Бу ҳикматдан огоҳ бўл.
“Илмниким воситаи жоҳ этар
Ўзини ҳам халқини гумроҳ этар”.