9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Аннотация 

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Аннотация 

Аннотация 

 

Маҳмуд аз-Замахшарий нутқ ҳақида

     Абу-л Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий жаҳон фани ва маданияти тараққиётига ўзининг муносиб улушини қўшган буюк алломадир. Унинг лингвистика соҳасидаги хизматлари айниқса, беқиёсдир. Ушбу мақолада адибнинг тил, сўз, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатига бағишланган фикр- мулоҳазаларига муносабат билдирилган. Шу аснода мутафаккирнинг айрим асарлари, дунёқараши ва тафаккур олами тўғрисида маълумотлар келтирилган ва таҳлил этилган.

 

Таянч сўз ва иборалар:  балоғат, нотиқлик, фасоҳат, сўз, нутқ маданияти, нутқий ва хулқий маданият, нутқ маҳорати, воизлик, мантиқий мушоҳада, хатоба, нотиқ.

 

Maxmud Az-Zamaxshariy’s ideas about culture speech and oratory

                                              Annatation

Abu-l Qosim Makhmud az-Zamaxshariy was famous and well known ,he made a great contribution for the world science and development of  culture. Most of his works were for the linguistics. This article is about writer’s language, culture of speech and different opinions for oratory. Some works of outstanding people are  analysed ,their outlook and thoughts are given as an example.

 

        key words: narrator, word, speech, culture, critical thinking , public speaker.

 

Аннотация

Махмуд аз-Замахшарий внес бесценный вклад в развитие мировой культуры и науки в целом, лингвистики в частности. В настоящей статье речь идет об ораторском искусстве, языке, речи, митровоззрении и некоторых специфических особенностях литературных произведений великого мыслителя.

Ключевые слова: ораторство, красноречие, слово, культура речи, речевая и поведенческая культура, речевое мастерство, логическое мышление.

 

Ўрта асрлар шарқ мутафаккирларининг ҳаётий ва ижодий фаолиятига, қолдирган адабий меросига назар ташларкансиз, хаёлдан ушбу мулоҳазалар кечади. Серқирра истеъдод илоҳиётдан берилади. Уларнинг истеъдоди муайян замон ва макон билан белгиланмайди. Улуғ номи, ижодий инъоми асрлар оша абадиятга дахлдор бўлиб хизмат қилаверади. Уларни атрофлича ўрганиш узоқ тарихимизни англашдаги, ёрқин истиқбол йўлимизни белгилашдаги муҳим мезон ва маънавий маёқдир.

Худди шу маънода, Президент Ислом Каримовнинг “Бизнинг тарихимизда жаҳонга донг таратган улуғ мутафаккирлар ўтган экан, уларнинг қолдирган улкан илмий маънавий мероси, ибратли ҳаёти, таълимоти бугунги муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бу меросни ўрганмасликка, таърифламасликка, тарғиб этмасликка ҳақимиз йўқ” – деган фикрлари моҳият эътибори билан аҳамиятлидир.

Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ўтмиш бобокалонларимиз тийнатидаги истеъдод ва яратувчанлик қадим араб дунёсини жаҳолатдан чиқишига сабабчи бўлган. Гап Абул Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий ҳақида. Гарчи болалигиданоқ, тахта оёқ билан умргузаронлик этган бўлсада, унинг руҳоният олами чексиз эди. У тарқоқ ҳолда бўлган, муайян силсилага солинмаган араб тилини қоидалаштириш билан  унга тириклик бахш этди. Тилнинг грамматик меъёрларини илмий-назарий жиҳатдан асослади. Унинг қисматига ёзилган мажруҳлик ақлу тафаккурига эмас, балки оёғига битилганди. Ривоятларда келтирилишича, у ота-она қарғиши ўқдек бўлишини, балки кейин фаҳмлаб етгандир. Балки, онаизори қушга ачинганидан жаҳл устида айтгандир. “Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта “омин” деркан” мазмунидаги нақл бежиз эмас. Айтишларича, тенгқурлари билан бирга, қушларни овлаш уларнинг севимли ўйинларидан бўлган. Бир куни у чумчуқ ушлаб митти оёғига ип боғлаб уни учиради, чумчуқ эса жон ҳолатда девор ёриғига кириб олади. Ипни тортқилайди, чумчуқ чиқмагач, қаттиқроқ тортганида қушнинг бир оёғи узилиб ерга тушади. Бунга ачинган она: чумчуқнинг оёғидан айирдинг, сен ҳам оёғингдан айрилгин, деб қарғагандек бўлади. Бу қарғиш дилдан бўлмаса ҳам, фаришта омин деб қўйганмикан, у бир умр оқсоқ бўлиб ўтди. Бошқа ривоятларда оёғини совуқ ургани боис шундай ҳолатга келган ҳам дейишади. Қандай бўлса ҳам, арабларнинг “Агар шу кўса, чўлоқ бўлмаганида араблар ўз тилларини билмас эдилар!” деган фикри тарихий ҳақиқат.

Замахшарий сўз, тил, нутқ ва мантиқ масалаларига жуда эътиборли бўлган эканлиги сезиш қийин эмас. Унинг нутқ борасидаги айрим мулоҳазаларини келтирамиз.

Замахшарийнинг нотиқлик санъати ҳақида махсус асари бўлмаса-да, луғатшунослик, грамматика, аруз, адабиёт ва мантиқ ҳақидаги мулоҳазаларига асосланган ҳолда унинг нотиқ, нутқ, мантиқ масалаларига ўз диққатини қаратганини илғаш қийин эмас. Шу хусусда унинг иккита асари айниқса, моҳиятлидир. Булардан бири “Навобиғ ул — калим” (Нозик иборалар), иккинчиси “Асос ул — балоға” (Балоғат (фасоҳат) асослари) асаридир.

“Нозик иборалар” асари Замахшарий Маккада яшаганда ёзилган, унинг қўлёзмаларидан биттаси Бағдодда Ироқ Миллий музейида (563-рақамда), ундан ташқари Берлинда (8676), Лейденда(891 ва 92 рақамларда) ҳам сақланади. Насрий сажъ услубида ёзилган бу асар асосан ҳикматлар, насиҳат ва ўгитлар мажмуаси бўлиб, хилма-хил мавзуларни қамраб олган. Таниқли, арабшунос олим Убайдулла Уватовнинг келтиришларича, бу асар араб мамлакатларида бир неча марта нашр қилинган. Асарнинг 1914 ва 1927 йиллардаги Қоҳира нашри, 1306 ҳижрий йили Байрутда Муҳаммад ал-Кистий ал-Байрутий томонидан бажарилган нашри унинг дастлабки нашрларидан ҳисобланади. Бундан ташқари профессор Баҳийжа Боқир ал-Ҳусний тадқиқ қилган танқидий нашри эса 1971 йилда “ал-Араб” мажалласида босилиб чиқди. Голландиялик олим Генрих Алберт Шултейн 1772 йилда аз-Замахшарий асарини лотинчага ўгирди. 1876 йилда эса франциялик шарқшунос  Барбиер Мейнрад томонидан бажарилган тадқиқот асарнинг французча таржимаси билан чоп этилди.

“Навобиғ ал-калим” га бир қанча шарҳлар ҳам битилган бўлиб, улардан Самарқандда, Амир Темур саройида хизматда бўлган йирик аллома Саъдуддин ат-Тафтазонийнинг “Ан-Ниъам ас-савобиғ фи шарҳ ин-навобиғ” эътиборига моликдир. Мазкур шарҳ 1286-ҳижрий йилда Қоҳирада чоп этилган.

Хоразмлик олим Абу-л-Ҳасан ибн Абдулваҳоб ал-Хивақий ёзган шарҳдан бир қўлёзма нусха Берлинда сақланади.

“Асос ул — балоға” ҳақида Ҳожи Халифанинг “Кашф уз-зунун” номли библиографик китобида шундай мулоҳазалар бор: у ҳажми катта, мазмунан бой, адаб фанининг мустаҳкам асоси бўлиб, уна луғавий мажозлар бор адабий ўзига хос хусусиятлар ва фасоҳатли иборалар моддаларига қараб тартиб билан берилган асардир”.

Машҳур адиб Журжи Зайдон бу асарга шундай баҳо беради: “ўз услуби билан араб тилининг беқиёс муҳим муъжамидир (тўлиқ қомусидир), чунончи у ибораларнинг қўлланилиши ва уларнинг якка ўзи ҳамда матнда келганда жумлалардаги ўрни хусусида баҳс юритади. Агар бирор моддани (бандни) шарҳлаш керак бўлса унинг қўлланиладиган ўринларини аниқ кўрсатади. Шу сабабдан ҳам бу асар ғоятда фойдалидир”.

“Асос ул-балоға”нинг бир нодир нусхаси ЎзФАнинг Шарқшунослик институтида сақланади. Замахшарий ўз асарининг манбалари ҳақида гапириб, арабларнинг фасоҳатли луғатидан, турли туман насрий ва назмий манбаларидан йиғган ажойиб ибораларга шунингдек, бозорларда, масжиду жомелардаги сўзга чечан хатиблардан эшитганларига асосланиб ёзгани ҳақида зикр қилади. Шу хусусда серунум тадқиқот ишлари олиб борган шарқшунос олим Убайдулла Уватов асар таркибини қуйидагича эътироф этадилар: Қуръони Карим, Ҳадиси шариф, Умар, Али каби халифалар, саҳобалар ва бошқа фасоҳатли нотиқларнинг калимаю сўзлари, жоҳилия, исломдан аввалги ва ислом шоирларининг шеърлари, масаллар, араблар насрий асарларида қўлланилган иборалар.

Юқорида қайд этилган ҳар иккала асар Замахшарий закоси, нотиқлик фасоҳати, нутқ маданияти ва маҳорати борасида етарлича маълумотлар бера олишига шубҳа йўқ.

Қолаверса, дунё таниган ва тан олган аллома ҳақидаги ушбу таърифлар ҳам бежиз эмас. Алломани чуқур ҳурмат ва алоҳида меҳр билан “Устоз ад-дуня” (“Бутун дунёнинг устози”), “Устоз ал-араб ва-л-ажам”, “Жоруллоҳ”, “Фахру Хваразм” каби бирорта ҳам алломага насиб этмаган ўта шарафли лақаблар билан атаганлар. Машҳур олимлар, шоирлар ва адиблар даврасида у доимо пешволардан бири бўларди. Қизғин илмий баҳс ва мунозараларда унинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган. Мана шу зайлдаги беқиёс улкан обрў-эътибор ва буюк даҳо эҳтимол, унга ўз асарларидан бирида “Ва инний фи Хваразм Каъбат ал-адаб” (“Чиндан ҳам мен Хоразмда адиблар учун бир Каъбадекдурман”) деб ёзишига асос бўлган бўлса, ажаб эмас.

Фикрни чиройли ибора ва сўзларда ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат, балоғат илмларидан яхши хабардор бўлиши керак. Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш ҳам керак бўлган. Замахшарийнинг юқорида эслатилган асарларида асосан адабиётнинг асосий қисмлари фразеологик сўз бирикмалари, уларни амалда тадбиқ этиш йўллари чуқур таҳлил этилган. Аллома одамзод фаолиятида мулоқот жараёнида асосан оғзаки ва ёзма нутқ маданиятидан фойдаланишини эътиборга олган ҳолда унинг ҳар иккаласига тегишли бўлган масалаларига муносабат билдириб ўтади. Шу асосда муомала қуроли, муносабат ва мурожаат манбаи бўлган нутқнинг қоидаларига, нотиқлик фойдаларига эътибор қилади. У сўз бобида таъсирчан ва ҳикмат даражадаги сўзларни топиб айтиш муҳимлигини таъкидлайди. Бу эса айтувчи ва эшитувчига малол келмаслигини инобатга олади ва айни дамда суҳбат қовушишига замин ҳозирлайди. У шундай иборалар келтирадики, улар ташбеҳий ифодалар билан хотирангизга муҳрланади. Мисол тариқасида “Нозик иборалар”даги ушбу фикрларга эътибор қилинг. “Ўз биродарингни янчилган мушкдан кўра ҳам хушбўй сўзлар билан ёд эт, гарчанд у сендан узоқ шаҳарда бўлса ҳам” ёки “аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек”.

Сўз айтувчининг ўйнаб гапирса ҳам, ўйлаб гапириши мақсадга мувофиқлигини эътироф этяпти адиб. Ҳар қандай ўхшатиш, сифатлаш каби санъатлар бир жиҳатдан таъсирчанликни кучайтирса, иккинчи жиҳатдан киши диққатини ўзига тортади. Инсоннинг сўзида унинг ўзлиги ётиши, сўзлик ўзлик учун кўзгу эканлигини таъкидлаш Замахшарий қарашларида ўз ифодасини топган. Ҳар бир инсон сўзига қараб унинг онгу тафаккури, маънавиятини билиб олиши мумкинлигини эътироф этаётгандек бўлади. Мана унинг фикрларидан бири: “кўпчилик одамлар ҳақиқатдан йироқдир, уларнинг талаб ва даволари ёлғону бўҳтондир, айтган сўзларию-ишлари ўзларига боғлиқдир”. Инсоннинг хулқий маданияти, нутқий маданияти билан уйғун бўлишини булар бир-бири билан боғлиқлигини таъкидлаш ҳам Замахшарий дунёқарашига зийнат бахш этади. Жумладан, у ёзади: “ақлли, ғофил кишининг сукут сақлаб жим туриш ҳолати жоҳил, паришон кишининг узридан афзалдир. Кўпинча, тил билан етказилган жароҳат қилич билан етказилган жароҳатдан оғирроқдир. Кўп сўз иборалар борки, одамларга улар фасоҳатли кўринса-да, Аллоҳ наздида улар номақбулдир, сўзловчини ҳам эшитувчини ҳам мулзам қилур”.

Ўрни келганда сукут сақлашнинг аҳамияти катта эканлиги шарқона қарашларга вобасталиги эътироф этилади. “Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ, сўзлагандим тегди бошимга таёқ, айтилган сўз мис, айтилмагани олтин” каби  мақоллар замирида ҳам ана шу мантиқ мавжуд.

У нутқда сўз қўллашда меъёр зарурлигини, суҳбат таъсирчан бўлиши учун мухтасар бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Чунки узоқ сўзланган нутқ тингловчиларга малол келишини уқтиради. Бу билан у нотиқнинг сўзи тингловчининг кўзида бўлишини, тингловчининг ҳолати ва руҳиятига қараб гап айтиш муваффақият келтиришини айтмоқчи бўлади. “Кўп ортиқча сўзлашув эшитувчини ранжитар” – дейди у юқоридаги китобда.

У етук руҳиятшунос, тилшунос сифатида ҳам масалага чуқур ёндашади. Инсоннинг кўзи ва сўзидаги уйғунлик зоҳиран намоён бўлмаса-да, ботинан англаниши мумкинлиги борасида сўз юритади. Оддий инсонлар сўзлашиш орқали бир-бирини англаши борасида Маҳмуд Кошғарийнинг ушбу битиклари ёдга келади: киши сўзлашу, йилқи йизлашу. Яъни, одамлар бир-бирини сўзлашиб таниганлари сингари, ҳайвонлар бир-бирини ҳидлашиб билишади.

Шундай тоифа инсонлар борки, улар сўзлашиш эмас, балки кўзлашиш орқали бир-бирини уқади. Уларда ички кўз, ўткир қалб кўзи бор. Уларга шунинг учун ҳам ишоратгўй, башоратгўй, кароматгўй дейишади. Булар валийлардир. Инсоннинг ботиний оламини бир қарашдаёқ англаб етиш башорати уларга хос бўлган. Эндиликда, “Олимлар олдида тилингни тий, валий олдида дилингни ҳам” деган нақл замирида теран ҳикмат ётганини уқиб олиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам кароматгўй воизлар сўзни қўллаш бобида ақл ва қалб кўзини ишга солишади. Замахшарий бу борада шундай ёзади, “Кўз ўз соҳибининг қалбида нима борлигини ифода этар: муҳаббатдан нима, нафратдан нима борлигини кўз сўзлайди, оғиз эса сукут сақлайди, бари бир юракда нима кечаётганини очиқ ойдин, зоҳир кўрасан!”

Адиб “тилию-дили тўғри ва ҳақгўй бўлган одамнинг хатою-нуқсони кам бўлур”, — дея илова қилади.

Замахшарий балоғат ва фасоҳат сўзини кўп қўллайди. Бу сўз тушунча ўрнида нотиқ, нутқ, мантиқ масалаларига жуда яқин туради.

Балоға(т) инсоннинг ақлан, руҳан ва жисмонан вояга етиши, шаклланишини, бошқача айтганда, баркамоллигини англатади. Теран тафаккур соҳиби бўлиш, нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлиш чинакам балоғатдир. Фикрни, билимни бошқа бировга етказишдаги нутқий ва хулқий мулойимлик эса фасоҳатдир. Топиб, танлаб сўзни ўз ўрнида қўллай олиш маҳорати фасиҳларга хос бўлган.

Замахшарий оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини чуқур идрок этиш асносида, диний ва дунёвий илмларни чуқур билиш заруратини эътироф этади. Шундагина жоҳилни оқилдан фарқлаш мумкин дегандек бўлади адиб. Нутқий ва ҳулқий маданиятга эга бўлган инсон чинакам маънода балоғатга етган, фасоҳатли ва бўлиғ инсондир. У нутқ ва нотиқлик масалаларига ҳадис мазмунидан келиб чиққан ҳолда ёндошади. Шуларга асосланган ҳолда умумлашма хулосалар қилади.

Ҳатто, Замахшарийнинг шогирдларидан бирига, аниқроғи, Абул Муайядга “Ахтабу Хваразм” нисбати берилган, унга яъни, “Хоразмнинг сўзга чечан нотиғи” деган лақабнинг берилганининг ўзиёқ, Замахшарийнинг воизлик  санъати борасидаги хизматлари катта бўлганини англатади. Унга “хорезмский харизматик” дейишларини истардим. Чунки, дағал, қўпол ёки мулойим ва қаҳри қаттиқ ёки меҳрибон инсон қалбига ҳам осон йўл топа олиш салоҳияти нутқ ва хулқ орқали эканини Замахшарий билган ва амалда қўллай олган зоти шарифдир. Унинг бир оғиз гапидан ҳам буни англаш қийин эмас. У иккинчи бор Маккага отланаётган пайтида “нега яна Каъба сафарини ихтиёр айладингиз?” — деб сўраганларга “қалб хотиржамлиги, дил поклиги ва ибодат лаззатини фақат Маккадагина ҳис қилиш мумкин”, — деб жавоб берган. Тани сиҳатлик ва хотиржамлик, кўнгил тозалиги ва илм ибодати чинакам маънода инсон комиллигининг мезони эканини Замахшарий теран ҳис этган. У ҳадис, фиқҳ, қироат илми бўйича ҳам машҳур бўлгани бу фикрнинг тасдиғидир.

Хулоса шуки, Маҳмуд Замахшарий наздида нутқ маданияти ва воизлик маҳоратини таъминловчи мезонлар қуйидагилардир:

  1. Нутқ хоҳ оғзаки ёки хоҳ ёзма шаклда бўлсин, эшитувчига аниқ, тўғри, равон ва осон етиб бориши;
  2. Тил ва нутқ қурилиши белгиланган андозаларга мувофиқ бўлиши;
  3. Нутқ таркиби мантиқий изчилликка қурилиши;
  4. Нутқнинг мухтасар бўлиши нотиқнинг мўътабар бўлишига асос экани;
  5. Тилнинг қудратли қурол, мафкура, маслак манбаи экани;
  6. Ширинсуханлик орқали мақсадга етишиш, муаммо ечими муомала бичими билан экани;
  7. Нутқ жараёнида сўзловчининг зийрак ва эҳтиёткор бўлиши;
  8. Инсоннинг сўзлиги унинг ўзлигининг кўзгуси экани;
  9. Ҳар қандай ваъз қоидалари воиз фойдалари экани;
  10. Нутқнинг сезги, ҳис-туйғу ва онгу тафаккурдан кейин туғилиши;

Мангуликка муҳрланган мутафаккирларнинг фикрлари асрлар, даврлар ўтса ҳам қиймати пасаймайди. Бугунги кунда ҳам адибнинг тилшунослик ва унинг муҳим таркибий қисмлари фразеология, лексикология, семасиология, лексикография сингари бўлимларига дахлдор мулоҳазалари ўз кучини йўқотган эмас.

 

Раҳимбой Жуманиёзов. Филология фанлари номзоди, ЎзДСМИ “Саҳна нутқи” кафедрасининг доценти, “Антик дунё” Халқаро илмий академиясининг академиги

 

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

 

  1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: “Маънавият”. 2008.
  2. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: “Ўзбекистон”. 2011
  3. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: “Ўзбекистон”. 2015
  4. Абу–л Қосим Маҳмуд аз–Замахшарий. Нозик иборалар. –Т.: “Камалак”.1992
  5. Маҳмуд аз–Замахшарий. –Т.: “Тафаккур” нашриёти. 2011
  6. Ишмуҳаммедов Р., Абдуқодиров А., Пардаев А.Таълимда инновацион технологиялар. – Тошкент,
  7. Jumanov I. Badiiy so’z mahorati. –T., 2015.
  8. Иномхўжев С. Бадиий ўқиш асослари. –Т.: Ўқитувчи, 1973.
  9. Жуманиёзов. Р. Таълим, тарбия, тафаккур, тараққиёт. – Т., 2015 й.
  10. Жуманиёзов. Р. Тошкентдан гапирамиз. Т.: Ўзбекистон, 2016 й.
  11. Жуманиёзов. Р. Дил – қулф, тил – калит. Т.: Ўзбекистон, 2016 й.
  12. http://www notiq.uz Муаллифнинг шахсий сайти.

 

 

 

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.