9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Сўзлар ила сўзлашар

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Сўзлар ила сўзлашар

Сўзлар ила сўзлашар

Давлат бошқарувида ҳам, халқ орасида ҳам алоҳида эътиборга молик санъатлардан бири бу сухандонлик санъатидир. Шунинг учун ҳам унинг шартлари, мезонлари ҳақида қатор манбаларда маълумотлар учрайди.

Улардан бири XI асрда яшаган Амир Унсурулмаолий Кайковуснинг «Қобуснома»сидир. Унда бу санъат табиати билан боғлиқ муҳим мулоҳазалар илгари сурилган. Сухандон сўзининг ўрнини, табиатини тўғри белгилаши лозим. Сўзнинг тўрт нави борлиги, уни қўллайдиганлар ҳам тўрт хил бўлиши таъкидлаб ўтилади. Сўз мартабаси киши билан эмас, киши мартабаси сўз билан экани уқтирилиб, ҳар бир сўзнинг икки юзи бор: «бири хуб, бири зишт»,-дейилади. Хуб – яхши, зишт – ёмон демакдир. Буни билиш факат сўз усталарига эмас, балки ҳамма учун зарурдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати» китобининг «Суҳбат одоби», «Маддоҳлар ва ғазалхонлар зикрида» номли қисмларида эътиборли мулоҳазалар илгари сурган.

Даставвал, «маддоҳ» сўзининг Кошифий қўллаган ва ҳозирги маънолари тафовути ҳақида. «Маддоҳ» мадҳ этувчи демакдир. Аҳли салтанат, аҳли байт таърифида мақтов сўзларни айтиб юриш уларга хос бўлган. «Маддоҳ» ҳозирда бирмунча салбий оттенкали маънони ифодалайди. Бу сўз ҳозирда бирон нарса илинжида таъмагирлик билан ўринсиз мақтовларни ёғдирадиган, тенгсиз таърифу тавсифлар билан нутқ ирод этувчи лаганбардорларни ҳам эслатади. Кошифий мадҳ этишнинг асослари ва хусусиятлари ҳақида сўз юритиб, маддоҳларни тўрт гуруҳга бўлади.

  1. Ўзлари бадеҳатан ижод этувчилар. Улар шеър ёзиш ва етказиш иқтидорига эга бўлишади. Фикр йўсинида лозим бўлган ривояту ҳикоятларни хоҳ назмий, хоҳ насрий тарзда тўқиб, бичиб айтишаверади. Уларда ижод ва ижро бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Уларда даврага мос, хос сўзни топиш ва айтиш қобилияти шаклланган бўлади.
  2. Бошқа шоирларнинг шеър, ҳикоя, бадиҳаларини ижро этиб, халққа фойда етказувчилар. Булар ровийлар дейилган. Буларда ижоддан кўра, ижро маҳорати устунроқ бўлади. Улар маълум фикрни оммага сингдиришда моҳир ижрочи сифатида гавдаланишади.
  3. Маддоҳлик баробарида  бошқа  ишлар  билан  ҳам шуғулланиб халққа фойда етказувчилар. Уларнинг асосий касб-ҳунари бошқа бўлгани билан сўзга, назмга, бадиҳага мойиллиги кучли булади. Давранинг кайфиятини, мавзуни илғаб олган ҳолда сўз айтишга қобил бўлишади.
  4. Ҳар ердан ҳар хил байтларни ёд олган кишилар бўлиб, эшикма-эшик юрадилар. Қасида айтиб, нон йиғадилар ва маддоҳликни гадойлик деб тушунадилар. Уларда таъмагирлик, ялиниш, илтижо оҳанги устувор. Одамларни инсофга чақириш, раҳмини келтириш, ачинтириш йўли билан байтлар айтиб кун кўришади.
  5. Маддоҳлик одоби, сифатлари, ўзига, сўзига ва ўзгага эътибор билан уйғундир. Доимо тақво ва таҳоратда бўлиш, ғаразли ниятда қасд олиш учун маддоҳлик қилмаслик, бойликка берилмаслик, мадҳда ошириб  муболага қилиш  билан шуғулланмаслик маддоҳлик одоби бўлса, маддоҳлик сифатлари эса сидк, сабр, шукр, зуҳд(парҳез), тоат, қаноат, муҳосаба (умр ҳисобини олиш), худо ёдида тафаккурга берилиш, тавозуъ, ихлос, карам, тафаккур, таваккул, кам ейиш, кам ухлаш, шафқатли бўлиш кабилардир.

Юқорида қайд этилган сифатлар билан боғлиқ ҳолда маддоҳлар ҳазар қиладиган сифатлар ҳақида ҳам Кошифий ибратомиз фикрларни билдириб ўтади. Улар сони ўттизта; ғафлат, ғурур, айбжўйлик, риё, майхўрлик, коракўнгиллик, зино, бадахлоқлик, жанжалкашлик, ярамас ва ношойиста сўз айтиш, ваъдани бузиш, масхара, мазах қилиш, ноўрин таъна, ёлғон гапириш, ёлғон қасам ичиш, биродарларни ғийбат қилиш, туҳмат қилиш, гап ташиш, ғаммозлик, ҳасад, маккорлик, одамларни ёмонлаш, бойликка ҳирс қўйиш, зулм, бахиллик, кўп ухлаш, кўп ейиш ва ҳоказо.

Маддоҳларнинг ўзаро муносабатларидаги қоидалар ҳақида тўхталиб, Кошифий уларнинг бир-бири билан дўст бўлишини, ўзаро келишмай иш бошламасликларини, заиф, ожизаларини қаторларидан суриб чиқармасликларини, гумон ва шубҳага йўл қўймасликларини, ҳамма ерда азиз ва муҳтарам бўлишларини уқтириб ўтади. Бундай хусусиятларни яхши билган маддоҳлар уч хил бўлишини таъкидлайди. Биринчиси, равон ва ифодали тарзда шеър ўқийдилар. Иккинчиси, насрий асарлар, мўъжаз гаплар, ибора ва таърифу тавсиф (қасидахонликни) мадҳ билан ифода этадилар. Уларни ғаррахонлар (чиройли ўқийдиганлар) дейишади. Учинчи тоифаси эса мурассаъхон (сўз усталари) деб юритилади. Кошифий тилга олган маддоҳлик санъатининг айрим кўринишлари, сифатлари биз ҳозирда тушунган ва қўллайдиган сухандонлик ва дикторлик санъатларига ҳам яқинлигини илғаш қийин эмас.

Юқоридаги мулоҳазалар дикторлик ва сухандонлик бир-бирига уйғун бир санъатнинг икки босқичидир дейишга асос беради. Дикторлик биринчи босқич бўлиб, нутқий техникани яхши эгаллаш, оҳангдор етказиш бўлса, сухандонлик иккинчи босқич бўлиб, сўзнинг товуш ҳамда маъно томонларини тўла билиш, амалда қўллай олишдир. Дикторлик муайян матн билан иш юритиш бўлса, сухандонлик эркин, ижодий фикр айтиш санъатидир.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.