Қўналға тизимида ҳам тилга юксак эътибор
Ерда, сувда, ҳавода ҳукмронлик қилишни истаган инсон ўзининг тилини ва миллатини ҳимоя қилиши ҳам мажбурият бурчи, масъулият ҳиссига дахлдор масаладир. Транспорт тизими, аниқроғи, ҳаво йўллари ва темир йўлларида бу муаммо сифатида келаётгани ҳам сир эмас эди. Февраль ойида Испания ва Истамбул сафарида бўлиб қайтгандик, аэропортлардаги ёзувларнинг ифодаланишидаги миллийликни кўриб ичдан эзилгандек бўлдим. Наҳотки, биз улардан ўрнак ололмаймиз дея ўкингандек бўлди.
Стюардессанинг рус ва инглиз тилларида эълонларни яхши ўқий олиши, ўзбекчани эса зўрға амаллаши таажжубли ва ачинарли эмасми? “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти Ахборот сиёсати масалалари бўйича Бошқарув раиси маслаҳатчиси, Матбуот котиби Лаълихон СОБИРОВАнинг шу хусусдаги фикрлари билан ўртоқлашайлик-чи.
Ўзбекистон аэропортлари Давлат тилида иш юритишнинг янги босқичига кўтарилмоқда
Ҳар бир юртнинг ўз дарвозаси бор!
Узоқ-яқиндан келадиган меҳмонларнинг илк қадам қўядиган манзили ҳам, сайёҳларга “ташриф қоғози” ҳам – шу! Ҳаво кемасидан тушибоқ, Ўзбекистоннинг мусаффо ҳавосидан айни шу ерда нафас олишади, заминимиз тафтини ҳис қилишади, кўрку тароватидан баҳра олишади. Шундай экан, халқаро аэропортларимиз миллий қиёфамизга мос бўлмоғи керак. Унда ўзлигимиз, юзимиз, миллий қадриятларимиз акс этиши шарт! Бунинг энг асосий омили – тил! Давлат тили!
Дунёнинг узоқ бир нуқтасидан келган инсон “Ассалому алайкум, хуш келибсиз” деган ўзбекча лутф билан қарши олинса, қандай яхши?! “Авиация” соҳасига тааллуқли аэропорт, аэродром, аэровокзал, рамп, перрон, дютифри, терминал, нотам, амбулифт, шасси, агент, диспетчер, ВИП, бизнес лаундж, шатлбас, пост деган байналмилал сўзу атамалар қандай бўлса, шундайлигича ҳаётимизга кириб келди. Уларнинг ўзбекча муқобилларини топиш масаласи ҳам кўнгилдагидек кечмади. Халқаро аэропортимизнинг турли нуқталаридаги монитору эълонлар, бурчакларидаги маълумотлар, реклама роликлари асосан байналмилал сўзлар, жумлалар билан тўлиб-тошди. Идоралараро хат алмашув жараёнларида ҳам соҳанинг байналмилал сўзларга бойлиги туфайли кўп ҳолларда деярли давлат тилига эҳтиёж сезилмади.
Мана, энди давлатимиз, ҳукуматимиз тилимизнинг мавқеини юксалтириш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Ўзбек тилининг қаддини баланд, қадрини юксакларга кўтаришга астойдил киришилди. Президентимиз томонидан ўтган йилнинг 21 октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланганида қанчалик қувонган бўлсак, жорий йил 20 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши халқимизни шунчалик хурсанд қилди.
Куни кеча эълон қилинган қонун эса бу соҳада навбатдаги тарихий ҳужжат бўлди. “21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланди.
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тизимига ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчил татбиқ этиб борилаётганини мамнуният билан таъкидлашимиз мумкин. Даставвал Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди. Давлат тили тўғрисидаги қонун ижросидан келиб чиқиб, “Йўл харитаси”, тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Юртимизнинг 11 та халқаро аэропортлари фаолиятида қўллаш учун зарур топшириқ ҳамда тавсиялар юборилди. Ходимларнинг давлат тилида иш юритиши, хизмат кўрсатиши қатъий талаб қилиб қўйилди. Тизимда давлат тилининг тўлиқ қўлланилишини таъминлаш йўлидаги бошланган саъй-ҳаракатлар фақатгина бу эмас.
Хўш, “Uzbekistan Airports” АЖ бу соҳада яна нималарни мақсад қилган? Биринчи навбатда, соҳадаги барча байналмилал сўз-атамалар рўйхатини тузиш, уларни ҳужжатлаштириб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментига муқобилини топиш мақсадида тақдим қилиш асосий масалалардан. Бу борада тизим ходимларининг билим, малака ва кўникмаларини ошириш, таълим жараёнига малакали филолог-педагог, тилшунос олимларни жалб қилиш режалаштирилган. Сайёҳлик ва инвестициявий салоҳияти юқори давлатлар аэропортларидаги тарғибот-ташвиқот, реклама, роликлар, кўргазмали материаллар, хабарномаларда мужассам ўзига хосликни умумлаштириш ва амалиётга киритиш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун мутахассисларни хорижий давлатларга хизмат сафарларига юбориш бўйича таклифлар шакллантирилмоқда. Соҳага доир илмий тадқиқотлар, изланишлар қилиш учун Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси билан, кўникмаларни оширишда эса Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик қилиш истакларимиз бор.
Масаланинг моҳияти ҳам шу, юртимизда аэропортлар тизимини ривожлантириш муҳим саналади, зеро Ўзбекистонга келаётган меҳмонлар ва сайёҳларни, биринчи навбатда, миллий ўзига хослигимизнинг қизиқтириши табиий. Улар, аввало, айнан Ватанимизгагина тааллуқли қирраларни кўришни исташади. Кўча-кўйдаги эълонлар, юртдошларимиз ва меҳмонларга хизмат кўрсатадиган оддий дўконлар пешлавҳаларигача “Open”, “Welcome”, “Exit”, “Мы открылись”, “Добро пожаловать” деган ёзувлар билан тўлиб-тошган бир пайтда чет эл фуқароси ўзини Ўзбекистонда юрганини айнан аэропортга қадам қўйгандаёқ ҳис қилиши зарурлигини, кези келганда, буни халқимиз фахри сифатида кўз-кўз қилиш фурсати етганини эътироф этиш лозим. Кўплаб ривожланган давлатлар хусусан Таиланд, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатларнинг халқаро аэропортларида фақат давлат тилида, қўшимча тарзда эса инглиз ёзувида маълумотлар ҳавола қилинган. Бундан кўринадики, миллий ғурурнинг бошланиш жойи “Юрт дарбозаси” – аэропортлар!
Бинобарин, идоравий ҳужжатлар, иш қоғозларини давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мослаш, расмий веб-сайт, мақолалар, реклама-тарғибот матнлари, биноларимиз ва унга туташ ҳудудлардаги ташқи ҳамда ички ёзувларнинг ҳам шу талабларга мос бўлишига эришиш галдаги устувор вазифалардан.
Хуллас, олдимизда катта ишлар турибди. Уларнинг ижросини пайсалга солишга эса ҳақимиз йўқ. Аэропортлар Ватан дарвозаси экан, бу дарвоза миллатимиз фахри бўлмоғи керак. Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози” эса, аввало, дунёга ўзлигимизни яққол намоён этиб турсин!