9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

СЎЗ СИНЧИСИ ЁХУД СЎЗГА САДОҚАТ

notiq.uz > Yangiliklar  > СЎЗ СИНЧИСИ ЁХУД СЎЗГА САДОҚАТ

СЎЗ СИНЧИСИ ЁХУД СЎЗГА САДОҚАТ

Ҳаётда ўқиш, ишлаш, умуман айтганда яшаш жараёнида сизга маслаҳатгўй бўлувчи, йўл — йўриқ берувчи инсонлар бўлади. Уларни том маънода устоз дейиш мумкин. Муайян жойда ўқиш ва ишлашда ҳам турли инсонлар билан учрашиш қайсидир маънода ибрат ва сабоқ бўлади.  Улардан нималарнидир ўрганасиз, юриш-туриши, кўринишию кийинишини кузатасиз. Ўзиггизга мақбул томонларини оласиз, уларга  эргашасиз ҳам. Касбига садоқати, оиласига муҳаббати билан сизнинг меҳрингизни ияди. Ана шуларнинг ўзида маънавият ва маърифат тушунчалари уйғунлашади. Гап маърифатпарвар олим, иқтидорли журналист, оилапарвар инсон Султонмурод Олимов ҳақида. Араб алифбосидаги матнларни, қўлёзма китобларни равон ўқийдиган ёш кадрлар керак бўлгани учун ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлагпнимиз заҳоти Ўзбекистон Фанлар академиясининг собиқ А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтига  ишга жойлашдик. Ўша пайтда институт директори академик Матёқуб Қўшжонов марҳум курсдошимиз Ҳабибулло Ўзганбоев билан каминани чорлаб, суҳбат ўтказдилар ва меҳрпарвар, самимий инсон Содир Эркинов раҳбарлик қилаётган «Матншунослик» секторига лаборантликка ишга қабул қилгандилар.  Филология соҳасининг турли йўналишлари бўйича илм қилишни истаганларни бир жойга жамлаш, уларга беминнат кўмак ва маслаҳат бериш бобида раҳматлик Матёқуб Қўшжоновнинг алоҳида хизмати ва ҳимматини айтиб ўтмаслик инсофдан эмас. Ўша пайтлари ишга қабул қилинганларнинг аксарияти ўз фаолиятини мева-сабзавот ёки пахта йиғим теримидан бошлаши одат тусини олган. Бу бизга ҳам бегона бўлмади.Ишга қабул қилинган куннинг эртасигаёқ «Шарқ» жамоа хўжалигига йиғим-терим ишига жалб этилдик. У ерда илк бор танишганларимдан бири Султонмурод ака  Олимов бўлди. Тўғри, бугунги кунда номларини ўз соҳасининг йирик билимдонлари сифатида алоҳида эътироф этишга лойиқ бўлган инсонлар билан бирга ишлаганимдан ғурурланаман. Жамол Камол, Бахтиёр Назаров, Тўра Мирзаев, Иброҳим Ҳаққулов, Зуҳриддин Исомиддинов, Нусратилла Жумаев ва бошқалар. Уларни унвонлари билан айтишга ҳожат йўқ, соҳасининг биринчиларидир улар. Султонмурод аканинг ярим ҳазил, ярим чин гапларида ҳам, ўзаро тортишувларида ҳам катта билим ва малака бор эди. Султонмурод ака бир кун менга сўз қотдилар. — Илмий иш қилмоқчимисиз?  — Ҳа, албатта, шу сизларни изингиздан бориб…- Жуда яхши. Қайси мавзуда?-  Классик адабиёт бўйича?- Достаевскийданми? — Йўғе, ўзимизнинг ўзбек адабиёти тарихидан деб кулган бўлдим.- Достоевский ҳам классик адабиётку, — деб мийиғида кулимсиради. Султонмурод ака билан илк илиқ суҳбат анашундай кечганди. Лекин, ўша мулоқот каминага олим учун зарур бўлган баъзи хусусиятларни уқтиргандек бўлди.Илм қилмоқчи бўлган олим аниқлик, изчиллик ва мантиқийликка асосланган ҳолда сўзлаши, фикр юритиши кераклигини уқдим. Кейинчалик, Ўзбек адабиёти тарихи ва фольклорига мурожаат қилганимда, оғзаки ва ёзма адабиётнинг маҳсули бўлган ўзбек халқ китоблари юзасидан тадқиқот ишлари олиб борганимда ҳам, ана шу аниқлик ва илмий изчиллик доимо диққат-эътиборимда бўлди.Мутолаа, мунозара билан, мушоҳада мулоҳаза билан уйғунлашиб кетадиган суҳбатлардан сўнгра шахмат-шашка ўйинига шўнғиб кетиларди. Одатда, мен Султонмурод ака билан шашка ўйинини хуш кўрардим. Ютишдан оладиган завқ-шавқи, ўзига хос беозор болаларча кулгисидан биз ҳам ҳузурланардик.Шашкада бир гал уларнинг қўли баланд келса, бир гал меники. Ютқизган пайтида сездирмасликка ҳаракат қилсада, ичдаги аламни тахтага тикилган кўзлари ва қовоғи сотиб қўярди. Ўшандай пайтда мен «Ҳар қандай ютуқда ютқизиқ, ютқизиқда ютуқ бор —  Жалолиддин Румий ҳазратларидан,»  — деб қўярдим.»Илм игна билан қудуқ қазиш.»  Бу ҳикматни ҳаммамиз биламиз. Лекин, бунинг тагдор моҳиятини Султонмурод аканинг иш услубида яққол кўриш мумкин. Айниқса, ёш олимлар илмнинг машаққатини, мақола ёзиш заҳматини Султонмурод ака тажрибасидан ўрганишса кони фойда бўларди.Бир куни кабинетига кирсам олдида юзга яқин қирқма қоғозлар (карточкалар) турарди. Булар нима деб сўрасам, битта мавзудаги мақола учун «масаллиқ» дедилар. Кейин билсам битта мақола учун мавзуга дахлдор бўлган бир нечта манбаларни синчиклаб кўриб фактлар йиғар, сўнгра уларни умумлаштириб мақоланинг композицион қурилишига мослаб изчил жойлаштириб чиқар экан. Битта мақола учун шунча фактни тўплаш анча заҳматли иш эмасми, деб сўраганимда, илмнинг машаққати ҳам, олимнинг масъулияти, муҳаббати ҳам шунда деб жавоб берган. Тўғри, тўпланган фактларни саралаб, уларни умумлаштириш сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш учун ҳам анча ҳафсала керак. Мавзу юзасидан билдирилган фикрларни, олимларнинг қарашларини ўрганиб, умумлаштириб янги бир фикрни айтишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Султонмурод ака мутахассислиги нуқтаи назаридан асли, журналист. Лекин, айтиш мумкинки, у журналистларнинг филологи, филологларнинг журналисти. Филолог сифатида теран тадқиқот ишлари олиб бордилар. Мумтоз адабий меросимизни, хусусан, навоийшунос сифатида бир қанча ишларни амалга оширди. Ўзи ҳақида шундай ёзганди: «Гарчи айнан журналистика илк бор қўлимга қалам тутқазган, мактабни битиргунча, яъни 17 ёшга қадар 6 газетада 186 та мақолам ва 1 шеърим босилган бўлса-да, биринчи илмий йўналишим таржимашунослик бўлган. 1976 ‒ 1990 йилларда таржима назарияси ва тарихи бўйича анча тадқиқотлар ёзилди. Жумладан, Навоий асарларининг русча, тожикча ва озарбойжонча таржималарида бадиий санъатларни қайта яратишни ўрганишга бағишланган номзодлик диссертацияси ёқланди (1985).»Раҳматлик устоз Матёқуб Қўшжонов «Илм илм учунми, илмни мураккаблаштириб академизмга йўл қўйгандан кўра, содда, равон халқчил ёзиш керак. Қанийди, илмий мақолани ҳам ҳамма бадиий асарни ўқигандай ўқиса» — дердилар ва ўзи ҳам шунга амал қилардилар. Уруш ва меҳнат фахрийси бўлган устознинг кўриш қобилияти бироз сусайгани сабаб камина уларнинг бир неча йил хос котиби бўлган.Султонмурод аканинг шарафли ишларидан бири Навоий даҳоси ва закосини оммага тушунарли содда қилиб етказишга бел боғлаганидир. 1990 йилдан бевосита навоийшуносликка қўл урган Султонмурод Олимов бу ҳақда ўзлари шундай ёзганди. «Олдинлари Навоий ҳақида ёзилган китоб ва мақолалар кам ўқилар, оммалашмас эди. “Навоий ҳақида шундай ёзиш керакки, ҳамма қизиқиб ўқисин”, ‒ деган шиор билан 1990 йили “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” рисоласи битилди. У 1992 йили 25 минг нусхада чиқди. Омма ўқиди. Жуда машҳур бўлди. Илмий-оммабопроқ, эҳтимол, бир оз жозибалироқ услуб билан ёзиш ҳозиргача ҳам камина учун бир қатъият ҳисобланади. Навоийшуносликда шоир ҳаёти ва ижодига тепадан туриб, яъни илгаридан тайёр қолиплар асосида эмас, ичидан келиб чиқиб ёндашиш лозим. Каминанинг бу борадаги ишларида бошқалардан фарқ изланса,  шу ердан излашга тўғри келади.Кўп йиллар Навоий “дунёвий адабиёт вакили” деб келинган. “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ”да унинг диний-тасаввуфий адабиёт вакили экани исботланди. “Фоний Навоийнинг форсий тахаллуси”, ‒ деб келинган эди, бу унинг туркий тахаллуси ҳам экани илмга олиб кирилди. Каминанинг кейинги тадқиқотларида: “Навоий 30 та асар ёзган”, ‒деган хато қараш бутунлай  инкор этилиб, унинг ўзидан 4 минг 585 та асар қолдиргани санаб кўрсатилди.  “Навоий 16 та жанрда ижод қилган”, ‒ деган бирёқлама нуқтайи назар танқид қилиниб, унинг 31 та жанрда ижод қилгани бир-бир келтирилди. “Лисон ут-тайр” шу пайтгача унга доминанта, яъни асос бўлган “Мантиқ ут-тайр”га зид тарзда талқин этиб келинган эди, шоирнинг 6 достони ичида фақат шу салаф (устоз) асарига энг яқини экани тўла далилланди. Мана устознинг иқрори, ўзига нисбатан талаби.Султонмурод Олимов гарчи докторлик диссертациясини 70 ёшга яқинлашган пайтда ҳимоя қилган бўлса ҳам, у шошмади. Илм фақат диссертация, илмий даража ёки унвон учун эмаслигини англади. Илмий, ғоявий қарашлари тўла шаклланиб, янада мағизли бўлган пайтда бу ишни амалга оширди. Оширдигина эмас, илмга рағбати кучли ва фидойи олимлардан анчасига маслаҳат бериб, уларни чорлади ҳам. Жумладан, уларнинг изидан бораётганимиз Равшан Жомонов ва каминага қўнғироқ қилиб, «Илмингизни ўзингиз билан олиб кетмоқчимисизлар, нега пайсалга солиб юрипсизлар» — деб дакки ҳам бердилар. Айни кунларда уларнинг мотивацияси сабаб биз ҳам ҳаракатдамиз. Султонмурод ака аруз вазнини илмий назарий жиҳатдан яхши билимдони сифатида ҳам эътиборга молик. Ҳатто, ўз туйғу ва руҳий кечинмаларини бармоқ ва аруз вазнида ифода этишга қобил шоир ҳамдир.Ёдимда. Бир пайтлари «Ўзбекистон» радиоканали орқали субҳидамда соат 6.00 дан ўн дақиқа «Ғазалхонлик» рукнида туркум эшиттириш бўларди. Ҳафтанинг кунлари муайян актёр, дикторларга бириктирилган бўлиб ўша куни уларнинг овози эфирга қўйиларди. Улар орасида Қодир Махсумов, Мирзоҳид Раҳимов, Ёқуб Аҳмедов, Раҳмат Жумаев, Саидкамол Умаровлар, Фазлиддин Фаёзовлар бор эди.  Ҳафтанинг шанба куни эса каминанинг ижросидаги ғазаллар ҳаво тўлқинларига узатиларди.Аруз вазнидаги мумтоз шеърият намуналарини ўқишнинг, аниқроғи туркий қироатхонликнинг ўз қоидалари, талаблари бор. Шеърий санъатларнинг, арабий, форсий сўз ва ибораларнинг маъносини билишдан ташқари тўғри талаффуз қилишни ҳам эгаллаганларгина мумтоз шеърларни ўқишга тутинади. Ана шу пайтда бу муаммони ҳал этиш учун маслаҳатчи сифатида, Султонмурод Олимов таклиф этилди. Машҳур санъаткорлар ўз соҳасининг устаси бўлгани билан ғазални тушуниш ва ижро этиш анча билимни тақозо этади. Қисқа ва чўзиқ унлиларни кетма-кет такрорланиб келиши, имола санъати, аруз вазннинг рукн ва баҳрларини билиш ва амалда қўллай олиш муҳим. Султонмурод ака ушбу назариянинг билимдони сифатида ҳар бир ғазалхонга йўл қўйган хатоларини тўғрилаш ва тушунган ҳолда тўғри  ўқишни талаб этарди. Ана шундан сўнггина эшиттириш режиссёри Раҳмат Жумаевга маъқул келарди ва овоз оператори Орифжон оҳанрабо тасмага ёзиб оларди. Ушбу жараённи кузатиб, муайян хулосаларга келган Султонмурод ака «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Ғазалдин бу киби завқ олмаган ким..?номли таҳлилий мақола ҳам эълон қилди. Унда ҳар бир ғазалхоннинг аруз вазни талаби бўйича ижросини таҳлил қилиб берди. Султонмурод Олимов билан боғлиқ яна бир миннатдорчилик изҳоримни билдирмасам бўлмайди. Каминанинг кенг жамоатчиликка танилишига, «жумҳурият муаллими» номи билан машҳур бўлишига иккита асос бўлган. Бири араб — форс алифбосини ўргатишга қаратилган, кўп минг нусхаларда қайта-қайта чоп этилган «Эски ўзбек ёзувиʼʼ деган ўқув қўлланмаси бўлса, иккинчиси ЎзТВ орқали ҳар ҳафта намойиш этиладиган «Алифбо сабоқлари» кўрсатувининг бошловчиси бўлгани. Деярлик ҳар бир хонадонда бор бўлган «Эски ўзбек ёзуви»га муҳаррирлик қилган ҳам Султонмурод Олимовдир.  Араб алифбосининг хусусиятларини, насх ва настаълиқ хат турларининг имловий белгилари ва Эски ўзбек тилиниг тарихий асосларини билган инсонгина бу қўлланмага муҳаррирлик қилиш мумкин эди. Китобнинг оммавийлашиб кетишида ҳам уларнинг хизматлари катта.      Султонмурод ака ва келинойимиз Зиёдахон опанинг иккала фарзанди Фаррух ва Шоҳруҳга ЎзМУнинг Журналистика факультетида сабоқ берганимиз учун устоз дейишади. «Отангиз бизга устоз, биз эса сизга, устоз — шогирд анъанаси ҳаёт ва таррақиёт тажтанаси, деб қўяман. Негадир қизиқ бир ҳолат, санъат ва маданият соҳасида кўплаб машҳур шогирдлари уларнинг хизматига тайёр бўлгани ҳолда, ҳар иккала фарзандларининг тўйларида бошловчилик қилишни менга юклаб ўзини ҳам, мени ҳам хурсанд қилдилар. Бугунги кунда ҳар иккала фарзандлари ҳам етук олим, илмий даражага эга бўлган фан фидойиларидир. Жумладан, кеннойимиз Зиёда Ғаффорова ҳам.Султонмурод Олимов фаолиятида ўзига хос бир ички тартиб, илмий интизом бор. Улар сермаҳсул олим сифатида ҳар ҳафтада камида битта иккита мақоласи чоп этилади. У даврий воқеаларга, жамиятнинг, таълимнинг оғриқли нуқталарига ўз муносабатини билдириб, донишмандона ёндашади. Яна бир ажойиб фазилати шундаки, қаерда бирон хабар ёки мақоласи эълон қилинса, эринмасдан шуни йиғиб, сақлаб келади. Бунинг учун қунт ва ҳафсала керак. Афсуски, кўпгина олимлар бунга қобил эмас, жумладан камина ҳам.Султонмурод Олимов мустақиллик йилларида сиёсат ва қонун, маънавият ва маърифат, миллий ғоя ва мафкура, давлат ва халқ, давлат ва дин, таълим ва тарбия, ўзбек-тожик дўстлиги масалаларида кўпгина маолалр эълон қилди. Шиор шу бўлдики, халқ мафкурасиз яшаши мумкин эмас, давлатни халққа, халқни давлатга меҳрибон қилиш лозим, давлат билан динни бир-бирига дўстлаштирмоқ ‒ зарур, Марказий Осиёда умумтинчликка эришиш учун ўзбек-тожик азалий дўстлигини тобора мустаҳкамлаш ‒ даркорлигини у теран идрок этади.
Бир пайтлари Ўзбекистонда бир муддат Тожикистон билан муносабатлар жуда кескин бир тусга кирганди. Икки давлат ўртасидаги сиёсатда ўзаро маълум келишмовчиликлар юзага келгани билан икки халқ ўртасидаги дўстликка путур етмаслиги кераклигини билгани ҳолда, унинг “Бухоронома” шеърий тўплами чоп этилди. Китобда ўзбек-тожик халқлари бирлиги ва абадий дўстлиги тараннум этилган бир неча шеър ўрин олган. Шулардан бири ‒ “Ҳамсоя” ғазали. У кейинчалик ҳам тожик тилида, ҳам ширу шакар тарзида, яъни икки тилда қўшиқ қилиб куйланди. Тожикистон телевидениесида қайта-қайта эфирга узатилди. Шунингдек, Султонмурод Олимов тожик тилида чоп этиладиган “Овози тожик” газетасининг доимий муаллифларидан биридир.
Жамиятда янги, яъни мустақиллик даври миллий мафкурасини яратиш борасида жиддий кураш олиб борилди ва олиб бориляпти. Жумладан, байрамларга муҳим ғоявий-мафкуравий масала сифатида қаралди.
1992 йили собиқ Халқ таълими вазири газетада журналистларни Матбуот куни билан табриклади. Бунга қарши “Мудроқлик” сарлавҳали мақола ёзилиб, 5 май Ленин тузган партиянинг нашри бўлмиш “Правда”нинг илк сони чиққан кун, буни социализмдан, Лениндан воз кечган мустақил Ўзбекистонда қайси асосга кўра байрам қилиш мумкинлиги жиддий сиёсий-мафкуравий масала сифатида ўртага қўйилди. Бора-бора   27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни сифатида белгиланди.
2004 йилнинг 10 ноябрида матбуотда собиқ Ички ишлар вазирининг Ички ишлар ходимларини касбий байрам билан табриги босилди. Кўп ўтмай, “XXI аср” газетасида Султонмурод Олимовнинг “Инерция” сарлавҳали памфлети босилиб, унда   шўро давлатида Лениннинг Қишки саройни қўриқлаш батальонини тузиш ҳақидаги декрети Совет милицияси куни сифатида нишонлаб келингани, мустақил Ўзбекистонда 14 йилдан бери шу кун ички ишлар ходимлари куни сифатида байрам қилинаётгани қаттиқ қораланди. Масала: “Давлат олдин пайдо бўладими ёхуд унинг ички ишларими?”, “Нега ҳам Россия, ҳам Ўзбекистонда милиция куни айнан 10 ноябрь?”, “Ўзбекистонимиз мустақил бўлган-у, унинг милицияси ҳали ҳамон Россия милициясига бўйсунадими?” тарзида қўйилди. 2005 йилдан бу кун Ўзбекистонда милиция куни сифатида нишонланмади. 2007 йилдан эса 25 октябрь Ўзбекистон ички ишлар ходимлари куни сифатида нишонлана бошлади.
Шунингдек, унинг “Аросат” мақоласида ҳам умумий ўрта таълим мактаблари учун чиқарилган ўқув қўлланмасида шўроча байрамларни нишонлаш тавсия этилгани қораланди.
Бир муддат мамлакатимизда 14 феврални Севишганлар куни сифатида нишонлашга ружу қўйилди. Султонмурод ака бунга қарши телевидение орқали чиқиш қилди, “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида мақола эълон қилди, “14 февраль севишганлар куни эмас!” деган китобча ёзиб, катта ададларда икки карра чоп эттириб, тарқатди. Шукр, бугунги Ўзбекистонимизда бу байрам барҳам топди.
Кўринаяптики, Султонмурод Олимов жонкуяр, фидойи олим ва журналист сифатида кўпгина ижодкор ёшларга ибрат бўла олади.
Бугунги кунда миллат, ватан ва халқ тақдирига бевосита дахлдор бўлган миллий тил,  мафкура, ғоя, ҳамкорлик ва стратегик мақсадлар муҳим моҳият касб этаркан, тарғиботнинг таъсирчан қуроли сўз, тафаккур тушунчаларининг қймати тобора ошиб боради. Ана шундай паллада сўзни маёқ, маърифатни чироқ, ғояни байроқ билган устозларнинг, сўз синчиси бўлган устозларнинг ўрни, нуфузи баланд бўлиши муқаррар. Илм, таълим, муаллим тушунчаларини муқаддас тутган ва қадрлаган давлатимиз раҳбари мамлакат тараққиётини, ватанимиз равнақини уларсиз тасаввур этмасликни уқтиришлари бежиз эмас. Бу эса Султонмурод Олимов сингари устозларнинг теран фикрига, таъсирчан ва ўринли сўзларига ёш авлод доимо эҳтиёж сезаверади.
Етмиш рақами, орзу мақсадларга, умидбахш ғояларга етмиш демакдир. Устознинг 70 ёшлик юбилейлари мунобати билан яна бир карра Навоий ҳазратларининг ушбу битикини келтиришни лозим топдик. «Умидим шул умидингга еткайсен.»

Раҳимбой Жуманиёзов,
профессор, «МАЪРИФАТ» тарғиботчилар жамияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Нотиқлик санъати академияси» НТМ раҳбари

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.