Қорақалпоғистонлик қадрдонлар билан
Ҳаётнинг маъно, мазмуни аслида, маънавиятга муносабатдан бошланади. Бир ҳафта мобайнида Қорақалпоғистон республикасининг турли туманларида бўлиб «Маънавият фестивали» доирасида қизғин учрашувлар уюштирдик. Ушбу мулоқотлар қайсидир маънода давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан байрамона кайфият улашиш жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлди. Қорақалпоғистонлк қадрдонлар даврасидабўларканмиз, Президентимизнинг «Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак, Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган ўгитларининг ҳаётбахш қудратини яна бир бора ҳис этдик. Тарғиботнинг олдинги кўринишларидан фарқли ўлароқ, таркиб ихчам тарзда тузилгн бўлиб самарадорлик ва натижадорликка қаратилгани билан эътиборга молик бўлганлигини таъкидлаш ўринлидир. Интерфаол услублардан фойдаланган ҳолда аниқ фикр, реал даллиллар билан, бунёдкорлик ишлари, қурилишлар ва халқ тафаккуридаги янгича бурилишлар билан боғлиқ ҳолда ташкил этилгани маърифий тадбирнинг мазмуни ва қийматини янада оширди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тузилган махсус гуруҳ режали жадвал асосида Қорақалпоғистоннинг олис жойларида, овулларда, маданият муассасаларида бўлишди. Иқтидорли олимлардан Нарзулла Жўраев, Шаҳло Аҳророва ва камина бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳот ва сиёсатнинг моҳияти ҳақида тушунча берса, иқтидорли шоирлар Чоршамъ Рўзиев, Рустам Мусурмон, Фароғат Худойқуловалар ўзларининг ўтли ва ҳароратли шеърлари билан кенг жамоатчиликнинг қалбига йўл топган бўлса, таниқли актёрлар Тоҳир Раҳимов, Баҳодир Мамарасулов, Шукуржон Сўпиевлар ўзларининг таъсирчан чиқишлари билан, маҳоратли қўшиқчи санъаткорлардан Бахтиёр Султонов, Ирода Искандарова, Рустам Мирминов, Жасур Аҳмедовлар эса дилбар қўшиқлари билан даврага файз киритди. Тарғиботчиларнинг туманларга бириктирилиши, улар учун яратилган шароитлар ва фаолиятларини мувофиқлаштиришда шу ишга масъул, мутасадди инсонлар Зоҳиджон Тўрақулов, Собиржон Шукуров, Ўткиржон Нурматов, Жасур Бурҳонов ва Элмурод Бегимқуловларнинг хизматлари катта бўлди. Қорақалпоғистонлик қардошлар учрашувларда олимона мулоҳазалар, шеър завқи ва шавқи ҳамда мусиқий санъаткорларнинг чиқишларидан хурсанд бўлишди.Амударё, Кегейли, Шуманай, Қўнғирот, Шимбай, Беруний, Қораўзак, Хўжайли, Элликқалъа сингари туманлардаги учрашувлар унутилмас хотираларга бой бўлди.Айниқса, Амударё туманида бўлганимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қурилган кўприкни бориб кўрдик. Кўприк одатда қирғоқларни қирғоқ билан боғлайди, борди — келдини мустаҳкамлайди.У рамзий маънода элни эл билан, тилни тил билан, дилни дил билан боғлайди. Шубҳасизки, мустақиллигимизнинг мустаҳкамлиги бирдамлик ва бардамлик, аҳиллик ва дўстлик заминига қурилгани рост. Биз бугун бир ҳафталик маърифий сафаримизни маънавий зафаримизга айлантирган ҳолда пойтахтга қайтиб келдик.
Раҳимбой Жуманиёзов Профессор, «МАЪРИФАТ» тарғиботчилар жамияти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси