9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ТЎРТ УСТУН ҲИКМАТЛАРИ

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > ТЎРТ УСТУН ҲИКМАТЛАРИ

ТЎРТ УСТУН ҲИКМАТЛАРИ

 

Дебоча

 

Учовлоннинг тимсолий суҳбатига диққат қилинг. Агар мени йўқотсангиз кутубхонадан топасиз, бу китобнинг сўзи. Агар мени йўқотсангиз, ганжина ва хазиналардан топасиз. Бу зару лаълу жавоҳир аталмиш бойлик сўзи. Агар мени йўқотсангиз, ҳеч қаердан топаолмайсиз. Бу ғоят донолик билан айтилган номусу ориятдир. Донолик тинглаш ва англашнинг, ўрганиш ва ўргатишнинг ҳосиласидир. Жаҳолатга қарши маърифат билан кураша олиш ҳисси донолик, оқиллик ва одилликдир. Ор номус ва фахру ифтихор она юртга бўлган меҳру муҳаббат билан боғланади. Ўқиш ва уқиш орқали билиб олишингизга тилакдошмиз.

 

Ўқиш ва уқиш. Бу сўзлар ўзаро мантиқий боғлиқликка эга. Ўқишда шунчаки кўз югуртириш бўлса, уқишда англаш бор. Уқиш синчиклаб, тушуниб, ҳис этиб ўқиш орқали амалга ошади. Бирон асарни ўқиб чиқасиз, у сизга таъсир этади, дилингиздан ўрин олади. Шу аснода ўзингизда ҳам янги фикр ва мулоҳазалар туғилади. Тасдиқ этасиз ёки инкор қиласиз. Бу эса таҳлил демакдир. Таҳлил тадқиққа қўйилган қутлуғ қадам. Шарқ шеъриятининг гўзал намуналари сирасига кирувчи тўртлик ва рубоийлар кўп йиллар мобайнида хаёлимни банд этади. Шу ҳиссиёт сабаб улардан таъсирланиш асносида туғилган баъзи фикрларим билан сизларни ошно этгим келди. Уни «Тўрт устун ҳикматлари» деб атадим. Сабаби дунёнинг моддий асоси тўрт унсурдан иборат бўлса, гўзал шеърнинг маъно қудрати, чуқур мантиғи тўрт сатр, тўрт устундан иборат шеърда намоён бўлади. Шеърнинг зўри тўрт сатр, шоир ўзин тўрт сатрда кўрсатур мазмунидаги фикрни Мақсуд Шайхзода бежиз айтмаган. Шуурим етганича тўрт устундан олган ҳикматларимни сиз билан ўртоқлашишни лозим топдим.

 

              АСЛ ВА НАСЛ

Афсуски, жаҳонда хирадмандларнинг

Фарзандлари бору эмас хирадманд.

Отада одобу билим бўлса ҳам,

Ундан насибасиз қолибдур фарзанд.

Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг шу рубоийси сабаб дилдан кечган туйғулар сизга ҳам бегона бўлмаса керак.

Фарзанд шажаранинг давомийлиги ва наслнинг боқийлигига мезон экани рост. Демакким, у ота-онанинг юзи, маҳалланинг обрўйи, қолаверса, у таълим олган, фаолият кўрсатган масканнинг шарафи ҳамдир.

Рудакий ана шу боғлиқлик нуқтасини тўғри фаҳмлайди. Ўзинг эл-юртда обрў-эътиборга эга бўла туриб, фарзандинг оқибатсиз бўлса, сени эъзозлаш мушкулдир деган ҳикмат адибни безовта этади. Билган, кўрган-кузатган, ҳис этганларидан келиб чиқиб, шу ҳодисага муносабат билдириш Рудакийга хос. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги фарзу қарзларни ҳар иккала томоннинг англамаслиги, амал қилмаслиги ачинарли ҳолдир. Диний, дунёвий илмнинг ҳам мақсад-моҳияти асли шундан. Эл-юртга одобу илмдан ваъз айтиб, ноқобил фарзанд қилмишидан боши хам бўлган ота, аввало, ўзини айбламоғи зарур. Фарзандни таълимий ва тарбиявий меҳридан бенасиб қолдирган ота таҳсинга нолойиқ. Шу ўринда ғарб мутафаккирларидан бирининг «Ўғлига таълим бермаган ота ўғрини боқаётган бўлади» деган гаплари ёдга келади. Ота-она, фарзанд,, маҳалла-кўй боғлиқлиги жамиятнинг мувозанатига алоқадордир. «Маҳалла-ота-онанг», «Қўшнинг тинч-сен тинч», «Бир фарзандга етти ота-она» сингари мақоллар замирида ҳам бир-бировга масъуллик туйғуси мавжуд. Шу маънода Рудакийнинг олис замонлардан ураётган бонги бежиз эмас.

 

                  ИККИ ДУНЁ ОЧҚИЧИ

Шу оддий кўз билан боқмагил,балки,

Билим кўзи билан боққил жаҳонга.

Дунё дарё эрур яхши ишингдан,

Кема ясаб ўтгил, нари томонга.

Дунё «икки эшикли сарой»га қиёс қилинади. Биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетиш масофаси бу умрдир. Кимдир ўша умр манзилида эзгу ва хайрлик ишларни қилишга улгурса, кимдир номақбул юмушлар билан шуғулланиб умргузаронлик этади. Икки дунё сир-асрори ва моҳиятини англаш ишқи бу илмдир. Шунинг учун ҳам «Билим билан маърифатнинг тутқичи, Илм ила икки дунё очқичи» дейилади. Комил инсон уч мезонга таянади.  Булар таълим, тарбия, эзгу амалдир. Инсон камолотини бусиз тасаввур қилиш мушкул. Шу борада бир ривоят ҳам бор.

Аҳли донишлардан бири маслаҳат сўраб келган муридлардан бирига дейди:

-Бу дунёда яхши яшашни истайсанми?

-Ҳа.

-Унда кайфу сафо билан шуғулланавер. Мабодо, у дунёда яхши яшашни                                                     истамайсанми?

-Хоҳлайман.

-Унда тоат-ибодат билан машғул бўл. Балки, икки дунё саодатига ҳам мушарраф бўлишни истарсан?

-Албатта, истайман.

-Ундай ҳолда илм изла, илмдонларнинг суҳбатида бўл,-деб жавоб берибди.

Бундан кўриниб турибдики, икки қирғоқли дунёда илм ва эзгу амаллар қилиб ўтиш шарафдир деган мазмун мавжуд. Бу соҳилдан у соҳилга хайрлик илму амаллар кемасини ясаб ўтишни Рудакий комилликка интилган инсоннинг фаолияти мезони дея таърифлайди.

 

                     УРУШ — УМР ЭГОВИ.

Эй ғофил, ўйлама дунёда сенинг,

Қисматингни халлоқ айлаган уруш.

Ўзи-ку умримиз жуда ҳам қисқа,

Яна қисқартирмоқ бу қандай юмуш?

Одамзот яралибдики, низо, нифоқ, жанжалу урушларга тарих шоҳид. Эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги шиддатли уруш «дам қалам билан, дам қилич билан» бардавом. Машриқу мағрибзаминда эзгулик руҳи Хурмуз (Ахура Мазда), ёвузлик руҳи эса, Аҳриман (Ангра Маню) деб эътироф этилган. Бири тинчликни, иккинчиси урушни қўмсайди. Бирининг дилида бунёдкорлик, иккинчисида бузғунчилик ғоялари мавжуд. Оқил ва жоҳил, бедор ва ғофилнинг фарқи ҳам ана шу ниятларга боғланишида. Ғофил уйқудаги одам. Тириклик мазмуни, бедорлик моҳияти, умр, дунё мазмунидан у бехабар. Дунёга келиш ва кетиш унинг учун фарқсиз. Моддий манфаат ҳиссигина ўйлантиради, холос. Маърифатдан узоқ киши жоҳил. Жаҳолат ботқоғи ғофилнинг ҳам жойи. У ғафлат уйқуси ила банд. Уруш оқибати, замин ва замонга етказиладиган зиёнга у бефарқ. Унинг қалбида меҳр ўрнига қаҳр, муҳаббат ўрнига нафрат, ҳилм ўрнига зуғум ин қурган.

Икки зид қутбнинг яшаш тарзига эътибор қилинг. Бири илму ҳилм билан иш тутса, иккинчиси зулму зуғум билан иш юритади. Ёвузлик ҳомийси қуроли уруш. Бу эса онани боладан, болани отадан жудо қилиш, хонадонларда тўй ўрнига аза туттириш.

Шу пайтгача дунёда ўн беш мингдан ортиқ уруш бўлиб, 5,5 млрд.дан зиёд инсон қурбон бўлган бўлса, ҳаммаси ёвузлик қутбининг касридан. Бобокалонимиз Рудакий ҳазратлари  ўша даврдаёқ, хавотирга тушиб, нидо қилган эканки, асрлар қаъридан келаётган бу садо огоҳликка, ҳушёрликка даъват бўлиб янграётганини англаш қийин эмас.

                ЗАҲР ВА ҚАҲР

Илонни ҳар қанча қилсанг тарбият,

Охир заҳрин сочиб, етказар заҳмат.

Нокас табиати илон кабидир,

Юзин кўрмасликка этгил ҳаракат.

Аслида, наслида ёвузлик бўлса, ундан яхшилик кутиш қийин. Унинг яхшилик ниқобидаги «ҳиммат»и ҳам оғир кечиши ҳақ. Илонсифат ҳаракат, сирингдан, нозик ишларингдан воқиф бўлиш эвазига сени мағлуб этиш нокас нияти. Шуни сездингми ундан узоқлаш деган ўгит Рудакийнинг ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга ўгириш ҳисси билан боғлиқ. Нокас бировни бировга яхшилик қилаётганини кўролмаслиги аниқ. Ҳатто, у бировнинг ўзига қилаётган яхшилигини ҳам кўролмайди. «Нимага биров бировга яхшиликни раво кўриши керак»?-деган жумбоқли савол унга тинчлик бермайди. Чунки, у дунёни фақат ёвузлик қобиғида кўради. Унинг яшаш тарзи шу-яхшиликка ҳам ёмонлик, ёмонликка ҳам ёмонлик.. Унга яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам раво кўрмасдан, ундан узоқлашиш энг тўғри ҳукм эканини уқтиради адиб. Шу тобда бошқа бир шоирнинг ушбу ҳикмати ёдга келади: «Яхшига қилсанг яхшилик ҳам айтадур, ҳам қайтадур, Ёмонга қилсанг яхшилик на айтадур, на қайтадур»

Эзоп ривоятларидан бирида келтирилишича, Зевс тўй қилаётган экан. Ҳамма ҳайвонлар топганларини унга совға қилиб келтиришибди. Илон ҳам гул тишлаган куйи судралиб келибди. Зевс илонни кўриб, унга шундай дебди: мен бошқаларнинг совғасини қабул қиламан, аммо сенинг тишингдаги туҳфани олмайман. Масалдан хулоса шуки, ёмонларнинг яхшилигида ҳам хатар бор.

Рудакий илоннинг заҳри ўз ўрнида дору дармон, шифо бўлиши мумкин, лекин илонсифат нокас заҳри сени тузалмас дардга гирифтор қилиши ҳақлигига ишора қилиб ўтган. Узоқ даврлардан бери тиллардан тилларга ўтиб келаётган «Тошбақа ва чаён» масалидаги «заҳар урмоқ эмиш касби чаённинг» деган ҳикмат ҳам бежиз эмаслиги таъкидланади рубоийда.

 

                               ВАСЛ ИСТАБ

Ҳажринг ғамидан гарчи  бағрим қон,

Лекин бу ғамдан эрурман шодон.

Ҳажри шул бўлса, васли қандай деб,

Ўйлаб чиқаман кечалар ҳайрон.

Рудакий рубоийлари ичида ишқ талқинида битилганлари ҳам кўп. Мумтоз шеъриятда ишқ мавзуидаги битикларда ҳажр ва васл тушунчаси муқим ва муҳим ўрин тутади. Ёрга, ҳаққа етишишнинг машаққат манзилларида ушбу тушунчаларга муносабат адиблар эътиборидан четда қолмайди. Ҳижрон айрилиқ, висол етишувдир. Бу манзиллар чин ошиқ учун ҳеч нимадир. Одатда, ҳажр ғам-уқубат кони, васл эса дармон макони сифатида эътироф этилади. Рудакий талқинида бу ҳолат бошқача кечади. Ҳажрни дармон деб, уқубатни роҳат, изтиробни фароғат деб билишга етишлик чин ошиқликдир. Мана, Рудакийнинг эътирофи. Мақсад манзилига машаққатсиз етиб бўлмас, Риёзат чекмагунча муродлар ҳосил бўлмас. Демак, ёр боис, ҳақ сабаб келган азоб-уқубатлар ҳам аслида, ошиқни тоблаш, уни синов довонларидан сўнггина сийлов манзилгоҳига етиши учун тақозо этилган фарзу қарзлардир. Кимдир, бунинг уддасидан чиқади, кимдир йўқ. Бу висол манзилига етиш жисмоний куч билан эмас, албатта. Унда уч бирлик-жисмоний, ақлий, руҳий куч-қувват уйғун бўлгандагина мақсадга эришилади. Чин сўз, чин амал чинакам ошиқ йўли. Бу эса тўғрилик, ҳидоят манзилидир. Ошиқлик шу маънода ҳодийлик, ҳидоятга бошловчиликдир. Ёниш, куйиш, қоврилиш ошиқ учун одатий ҳол эмас, балки дастуруламал даражасига етадики, бу унга лаззат бахш этади. Кечаю кундуз бедорлик, ҳақ висолига етишиш завқ-шавқи дам ғам билан, дам хуррамлик билан алмашиниб турадики, Рудакий наздида бу чин ошиқлик фалсафасидир.

 

НАФС ТИЗГИНИ

Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,

Ғийбатлардан узоқ кетолган марддир.

Номард тепиб ўтар йиқилганларни,

Ожизлар қўлини тутолган марддир.

Аҳли донишлар мард ва номард, доно ва нодон, оқил ва жоҳил муносабатларининг моҳиятли талқинини эътибордан четда қолдирмаганлар. Хўш, ким марду, ким номард? Рудакий бу муаммони нафс ва ғийбат тушунчаларига муносабат йўсинида ойдинлаштиришга интилади. Ўзгани эмас, балки ўзини енгиш мардликдир. Ўзи билан курашиш, ўз нафсини тийиш, ўздан кўра ўзгага мурувват кўрсатиш, ўз сийратини тозалаш мардлик нишонаси деган мазмун юқоридаги рубоиийда акс этган. Бу ҳақда диний, дунёвий таълимотда кўп ва хўб айтилган. Саҳобалардан бири Муҳаммад пайғамбардан «Бизнинг жиҳодимизга қандай баҳо берасиз?»-деб сўраганида, у «Бу кичкина жиҳод катта жиҳод ҳали олдимизда турибди»-деб жавоб берган эканлар. Саҳоба таажжуб билан дейди: Қанчадан-қанча юртларни исломга киритдик, мусулмонликни тарғиб қилдик, Бу мақсад йўлида қилични ҳам, сўзни ҳам аямадик. Бундан ҳам улуғ жиҳод борми?

-Ҳа, инсоннинг ўзи билан ўзининг кураши, ўзини енгиши, аслида катта жиҳод, — дебди пайғамбар.

Валиюллоҳ шайх Нажмиддин Куброда ҳам шунга монанд рубоийни ўқиймиз. «Бир дев бор ичимда асти пинҳон бўлмас, Бошини эгмак анинг осон бўлмас, Иймон не эканлигин минг англатсамда, Кофир у, ашаддий, ҳеч мусулмон бўлмас».

Ғийбат ва ҳасад ҳам инсонни кемириши, кўнгил биносини емириши муқаррарлиги, бундан узоқ туриш мардликка боис экани уқтирилади. Фақат нокасларгина ғийбат ва ҳасадни қурол қилади. Чунки, унда жисмоний, руҳий ва ақлий куч йўқ. У мардга қарши чиқишга ботинолмайди. Унга ичдан тан берса ҳам, уни кўролмайди, фақат ғийбату ҳасадни дастак қилиб мард билан олишади. Мард майдонда синалар нақли унга бегона. Ҳадиси шарифларда ҳам ғийбатчи ва ҳасадгўйга нафрат билн қаралган.

Ривоятлардан бири шундай: Уламолардан бирига гап ташувчи ғаммоз қўшниси дейди: Кеча Аҳмад баққолнинг зиёфатига болрмаганингиз яхши бўлди.

-Нега?

-Зиёфатда уй эгаси сизнинг шаънингизга ҳақоратомиз сўзлар айтди.

-Нечта киши бор эди?

-Йигирма чоғлик меҳмон бор эди.

-Зиёфатда нима едингизлар?

-Ўзиям саккиз хил таом тортди-ёв. Роса маза қилдик.

-Инсоф керак. Мезбоннинг саккиз хил таоми қорнингга сиғибди-ю, унинг мен ҳақимдаги бир оғиз сўзи сиғмабди-да. Ғийбатдан сақлан. Нонкўрлик қилма!

Уламонинг ушбу ўгити одамлараро низо-нифоқ уруғини сочишга сабаб бўлувчи ғийбатга қарши қаратилгандир. Паҳлавон Маҳмуд худди шу ҳақиқатни марду номард тушунчаси билан боғлайдики, асл одам ундан четда туради демоқчи. «Мард» сўзи форс тилида «эр» деган маънони ифодалайди. Демак, эр ғийбат қилмас, нафсга эрк бермас ва ожизларга кўмакдошдир. Рубоийдаги мазмун ҳам аслида ана шу.

 

                                 ШУКР, ЗИКР, ФИКР

Борига қаноат қил, озод яша,

Эй Рудакий, одил ва обод яша.

Ўзингдан ортиқни кўриб ғам ема,

Сендан ожизлар бор, кўриб шод яша.

«Бировни кўриб фикр қил, бировни кўриб шукур қил, бировни кўриб зикр қил»-деган ҳикмат бор. Шунга монанд Муҳаммад пайғамбар «жим турганим фикр қилганим, тоат-ибодат ва илмим шукур қилганим, сўзлаганим зикр қилганим» деб эътироф этганлар.

Инсон дилида қаноат ҳисси бўлмасса тўкинлик, ризқ-рўз, насиба ҳам бут бўлмаслиги аён. Рудакий ҳаёт тарзига мезон бўлғувчи тушунчаларни шундай эътироф этади: қаноат, озодлик, одиллик, ободлик ва шодлик. Буларнинг инсон ҳаётида ўрни ҳам, қадри ҳам борлиги таъкидланади. Рубоийда «яша» ундовидан олдин «озод», «обод» ва «шод» сўзларини келтирилишига эътибор беринг. Юртнинг озодлиги, шахснинг эркинлиги бўлмаса, эл-юртда одиллик ва ободлик ҳам бўлмайди. Адолат ва фаровонлик бўлмаган жойда шодлик бўлиши мумкинми? Асло йўқ. Мана, Рудакийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари. Бировга бақамти бўлиб яшаш, бош эгик, қарам ҳолда тутқунликда кун кечиришдан кўра, тик туриб ўлиш афзаллиги уқтирилади. Ер ва эл қадрини билиш, кўнгилдаги шукроналик, ўзингга раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўришлик осойишта ва фаровон ҳаётнинг ўлчови деган мазмунни англаш мушкул эмас.

Худди шу мазмун Алишер Навоийда бошқача тарзда ўз тасдиғини топади. Мана у.

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жонига бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Йирик мутасаввуфлардан бири Шақиқ Балхий шогирди Иброҳим Адҳамдан сўрайди.

-Не важ ила умргузаронлик этаяпсан?

-Бўлса еймиз, бўлмаса сабр этамиз,-дейди шогирд.

Устознинг жаҳли чиқди.

-Сенинг бу ишингни бизнинг Хуросоннинг кўппаклари ҳам қилади. Уларга ҳам гўшт, суяк ташласанг, ейди, ғажийди. Йўқса, тилини чиқазиб, думини ликиллатиб тураверади.

-Унда сиз нима қиласиз?-таажжубланиб сўради шогирд.

-Биз бўлса баҳам кўрамиз, бўлмаса ҳам шукур қиламиз. Биз ёниб-куйиб ишлаймиз. Баракатни ҳаракатда деб биламиз. Ўзимга қандай манфаат деб эмас, ўзгага қандай манфаат етди,-деб куюнамиз.

Англашилаяптики, мутасаввуфлар наздида шукроналик ва қаноат тушунчаси янада чуқурроқ маъно касб этган.

 

                                ИШҚ ИЗТИРОБИ

Эй қуёш, йўқ сендек кезгувчи олам,

Менга ҳам йўл кўрсат йўлчиман мен ҳам.

Муҳаббат йўлида кўрдингми бул кун,

Юзи гардсиз, дили дардсиз бир одам.

Абу Али Ибн Сино ҳазратлари табобат оламининг йирик даҳоси бўлса-да, фалсафий мазмундаги етук рубоийлари билан ҳам машҳур ва мақбул. Тангрига, фалакка мурожаат оҳангида битилган шеърлар кўп. У юқоридаги рубоийда жумла оламга нур таратувчи қуёшга қарата мурожаат қилади. Хўш, ошиқ дилидаги истакни тинглайлик-чи? Ҳар кимнинг ўз ватани, киндик қон тўкилган макони бўлак. Лекин, ўша манзилга нур бахш этувчи осмон, офтоб ягона. Ерни баланддан туриб кузатиш борлиқни яққолроқ кузатишга имкон туғилади. Шоир шу маънода ўз дарду қочиримларини қуёш билан боғлашга интилади. Самодан қаралганда, «вайрону обод устина» бир хил нур сочувчи қуёш учун, ерликларга бўлак-бўлак ватан бўлиб кўринган ер ягона. Ошиқ йўлда, у эзгулик, ҳидоят йўлидаги йўлчи. У ўзлигига интилаяпти. Бу ҳаққа восил бўлиш ила интиҳосига етади. Шу йўлга кирган чин ошиқни кўрдингмики, унинг юзида ғубор, дилида дард бўлмасин, дея мурожаат қилади шоир. Қуёш рамзий маънода яратувчининг ўзи, аниқроғи, унинг ҳосиласи. Ҳақ барча бандаларга бир хил назар ташлагандек, қуёш ҳам ҳамма жойга бир хил нур сочади. Лекин қуёш нури ҳамма ерга бир хил сочилса-да, бир жойда майса, бир жойда янтоқ кўкаради, бошқа бир ерда эса ҳеч нима кўкармайди. Демак, муҳаббат, ишқ йўлига кирганлар эса тани, жони ҳар хил бўлса ҳам, уларнинг маслаги, нияти бир-ёр тимсолида ҳақ висолига эришиш. Ана рубоий замирига жо бўлган маъно.

 

                          УМР ИМОРАТИ

Умринг кўпи билан бир-икки нафас,

Нафас эса кичик бир шамолу сас.

Шамолга таянмиш умринг биноси,

Мустаҳкам иморат елга таянмас.

Бу рубоий Ибн Сино ҳазратларининг табиб сифатидаги шоирона кузатувидир. Нафас тўхтади, жон жасаддан узилди, демак умр тугади. Инсон умри, аслида шу. Тириклик жон, тан, руҳ бирлигидандир. Мирзо Абдулқодир Бедил умрни киприкдаги ёшга қиёс қилади. Уни қачон тушиб кетишини яратувчидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Ибн Сино умрнинг ўткинчилиги, нафаснинг тўхташи билан якунига етиши ҳақидаги ҳақиқатни англатмоқчи эмас. Ўлимдан кейинги ҳаётга замин ҳозирланганми? Шуни сўрамоқчи. Умр биноси шамолга таянса, бугун бор эрта йўқ. Шундай экан, ана шу қисқа муддат мобайнида иккинчи умринг учун бугун хизмат қил, ҳиммат қил!  Умр ҳикмати аслида шу. Мана, унинг шеърий тасдиғи.

«Минг йил умр кўргил»,-деди бир оқил,

Таажжуб-ла ҳайрон боқдим мен унга.

Айтишар-ку, «етти ўлчаб бир кесгил»

«Қайси одам кирган эмишдур мингга?»

Донишманд тикилди, ўйчан бир нафас,

Сўнгра сўз қотдилар, маънидан калом.

«Инсон тириклиги жисми биланмас,

Минг йилнинг мезони-қолса яхши ном.

Эзгу ишларингни элинг қилса ёд,

Иккинчи умрдур яшашдан мурод.»

«Умр» ва «иморат» сўзлари аслида, бир ўзакдан ясалган арабча сўзлардир. Шоир шу орқали инсон умрини иморатга қиёс қилмоқда.

Мустаҳкам иморат ҳар қандай шамолу довулларни писанда қилмайди, унга таянмайди. Инсон ҳам ўткинчи ҳойи ҳаваслардан  устун бўлиб, қўлнинг кири бўлган пулга, бойликка ружуъ қўймасдан,  хайрли ишларга камарбаста бўлиши билан мустаҳкам умр иморатини бунёд эта олади дейиш адибнинг муддаосидир.

 

                           БИЛГАНИМ-БИЛМАГАНИМ

Ҳеч бир гап қолмади маълум бўлмаган,

Жуда оз сир қолди мавҳум бўлмаган.

Билимим ҳақида чуқур ўйласам,

Билдимки, ҳеч нарса маълум бўлмаган.

Олам ва одам уни билишга интилиш назарияси қадимдан мавжуд.

Билим бамисоли баланд қояли тоғга монанд. Унга қанча яқинлашсангиз важоҳатли кўрина боради. Ёки чуқур уммонга ўхшаш. Ғаввос бўлиб денгиз қаърига шўнғисангиз, қанчалик чуқур экани, тубсиз уммонлиги аён бўла боради. Билмаслик айб эмас, билишга интилмаслик айб. Бу нақлда ҳикмат кўп. Хўш, кўп нарсани билишга интилсак, барибир кўп нарсани билмасликка амин бўларканмиз, унда билишнинг нима аҳамияти бор, дейилса ҳам кулгили бўлади. Алишер Навоийнинг бир тўртлигида ана шу кинояомиз лутф бор.

Билимдан лоф урмоқ асли нодонлик,

Нодонлигин билсанг, шу билимдонлик,

Ўз бошингга ўзинг солма ҳайронлик,

Бир йўқ келтиради минглаб осонлик.

Ибн Сино ҳазратларининг номи билан боғланган ушбу ривоят ҳам шу фикрни тасдиқлайди.

Ибн Сино бир жамоада гиёҳлар хосияти ҳақида маъруза қилади. Ҳамма унга ичдан таҳсин ўқийди. Шу тобда Ибн Сино гиёҳларнинг турлари кўплигига, хилма-хиллигига қараб туриб, ўйчан ҳолда «мен билимдонман»-деб юборади. Ҳамма таажжубда қолади. Шивир-шивир бошланади. «Билимдонлигини ҳаммамиз биламиз-ку шуни айтиш жоизмикан» деб бир-бирларига қарашади. Шунда Ибн Сино жамоага юзланиб: «Халойиқ, нимага таажжубдасиз? Мен кўп нарсани ўқиб, ўрганиб туриб шундай хулосага келдим. Билимдонман деганимда, сизлар сўрамадингизлар, ниманинг билимдони эканимни. Мен кўп нарсани билмаслигимнинг билимдониман. Қанча кўп ўргансам, шунча кўп нарсани билмаслигимни билиб бордим.»

Юқоридаги рубоийга шу ривоят ёки ривоятга шу рубоий асос бўлган бўлса ажаб эмас.

     

      СУЮНЧ ВА КУЮНЧ

Эй кошки, билолсам мен қандай инсон,

Оламда не излаб бунча саргардон?

Кераклигим бўлса, яшасам хандон,

Бўлмаса минг кўздан ёш тўксам нолон.

Ким учун, нима учун, қандай яшаш азалдан инсоннинг умр муаммоси бўлиб келгани рост. Яшаш учун ейдиганлар, ейиш учун яшайдиганлар ҳам бор. Аслида, кимнинг кимга ва нимага қандай муносабати унинг кимлигини билдиради. Ибн Сино худди шу сўроқларга жавоб излайди ва юқоридаги рубоийда акс этган ҳукмга келади. Дунёга келиш ва кетиш мантиғини излаш олим, табиб, шоир сифатида Ибн Синога тинчлик бермагани аниқ.

Умр савдоси Алишер Навоийда янада аниқ қўйилади: «Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмамон». Навоийгача бўлган даврда яшаб ўтган адибларнинг айримлари ижодидаги мана бу рубоийларга эътибор беринг. Умар Хайём ёзади: «Биз келдигу дунё кўрдими фойда Кетсак мартабаси ошарми қайда? Ҳеч ким тушунтириб беролмади, Келишим, кетишим сабаби қайда?»

Ҳофиз Шерозийда шундай битик бор: «Ёдингдами, сен туғилғон он? Ҳамма хандон эди, сен эса гирён, Шундоқ яшагинки, сен ўтгандин сўнг, Ҳамма гирён қилсин, сен боргин хандон».

Йирик мутасаввуф Боязид Бастомий ҳазратларини йўқлаб бир киши келади ва эшикни тақиллатади. Эшик очилиб остонада Боязид кўринади.

-Боязидни излаб келдим,-сўради келган киши.

-Ўзим ҳам Боязидни излаяпман, ҳануз тополганим йўқ,-деди Боязид.

Ўзни англаш ва билишга интилиш, хоҳиш-истаклари билан қизиқиш, ўзни тергаш, айблаш сўфийларнинг асл муддаоларидан бўлган.

Мазкур қарашлардаги мазмун Ибн Сино ҳазратларида яхлитлик ва аниқлик касб этади. «Эй кошки, билолсам мен қандай инсон?» дея муаммони  кўндаланг қўяди. Ўзни билишга интилиш муҳим. Одатда, ўзгани билиш, ўзгани айблаш, ўзгадан доғ излаш, ўзгани баҳолашга мойиллик одамзот табиатида мавжуд. У ўзини севади. Ўз айбларини била туриб, бошқани айбситишга интилади. У ўз манфаатлари ва ҳиссиётларининг қули. Шу маънода ўзгани баҳолаш, аслида ўзни баҳолаш демакдир.

Ибн Сино «эл-юртга зарурлигингни ҳис этиб яшаш сенинг бахтинг. Демак, яшашга ҳақлисан, акс ҳолда тириклигинг, сарсону саргардонлигинг мантиқсиз. Ўзинг учунгина эмас, ўзгалар учун яшаш, курашиш ҳаёт мезони»-деган фикрни илгари сураётганини англаш қийин эмас.

 

              ҲАЁТ ШАМИ

Дунё камарини боғлай олмадим,

Айём самарини чоғлай олмадим.

Жамшид жоми эдим, синдим минг бўлак,

Шамим ўчди, ўзни соғлай олмадим.

Ушбу рубоий инсон ҳаётида «кеча», «бугун» ва «эрта»нинг ўрни, ҳаётнинг давомийлиги, умрнинг ўткинчилиги ҳақида. Борлиқдаги жамики нарса-ҳодисага пайдо бўлиш, ривожланиш ва тугаш хос. Бугун ўтказилган кўчат эртага бўй чўзиб шоху новдалар ёзиб улкан дарахт бўлиши, мева бериб, охирул оқибат тўнкага айланиб, ўчоқда қаланиши тайин. Бу тараққиётнинг мавжудлик мезонидир. Биз бўлсак ҳам бўлмасак ҳам ҳаёт давом этаверади.

Ибн Сино бардавом ҳаётни тўхтатиш, дунё камарини боғлашга уриниш, айём самарини чоғлашга интилиш беҳуда, биз бор ёхуд йўқ бўлсак ҳам ҳаётнинг давомли, абадий ва азалийлигини шоирона ташбеҳлар билан уқтиради. Ҳаёт биз учун ўткинчи эмас, балки биз ҳаёт учун ўткинчи. Уни орқага қайтариш, ўз измимизга солишга бўлган ҳаракатимиз асоссиз. Мана, Ибн сино ҳукми. Чинни идиш синса, уни чегалаш мумкин. Лекин аслига қайтариш қийин. Адибнинг «Жамшид жоми эдим, синдим минг бўлак» дейишидаги афсус ва надоматни сезиш мушкул эмас. «Шамим ўчди» деганида умр якунига етаётгани, ўзни соғлаш имконияти йўқлигини таъкидлаш билан омонат дунёдаги ғанимат онларни мазмунли ва шод ўтказишни назарда тутади шоир.

 

                ЁР ҒАМИ

Мусулмонлар, дилимда уч ғамим бор:

Ғарибликдур, асирликдур, ғами ёр.

Асирликка, ғарибликка чидармен,

Вале ёр ғурбати айлайдур абгор. (Бобо Тоҳир.)

Одамзотга икки туйғу умрбод ҳамроҳ. Бири ғам, иккинчиси шодлик. Ғам доимий ҳамроҳ. Шодлик эса ўгай туйғу. У онда-сонда келиб кетади. Ривоятларга қараганда, Аллоҳ таоло Ҳазрати Одам яратилган «тупроққа ўттиз тўққиз йил қайғу ёмғирини ёғдирди, бир йил севинч ёмғирини ёғдирди. Шу боисдан одамзоднинг азалдан севинчидан қайғуси кўп бўлди». (Абдулҳай Абдураҳмонов. Саодатга элтувчи билим. Т., «Мовароуннаҳр» нашриёти, 2002 й. 32-бет.)

Иқтидорли шоир Бобо Тоҳир Урёний эса юқоридаги рубоийсида уч ғамни эътироф этади: ғариблик, асирлик, ёр ғурбати. Демак, киши изтиробининг, ғаму аламларининг хили кўп. Лекин улардан энг оғири, изтироблиси ёр сабаб бўлиб келган ғам. Унга чидаш мушкул. Бирон жойингга шикаст етса, бардош бериш мумкин. Лекин қалб ва руҳ изтиробига тоқат қилиш мушкул. Унинг оғриқи бутун вужудингни чулғаб олади. Ҳар қандай башар бунга тўзим бериши қийин. Баданга етказилган шикаст, оғриқ табибнинг муолажасидан сўнг, маълум муддатдан кейин тузалиб кетиши мумкин. Асл ёрнинг васлига етишиш илинжи боис келган дард бедаводир. Ҳар нарсанинг аслига қайтиши, аслидан чиқиши табиий ҳол. Яратганнинг висоли сўнгги манзил. Унга етишиш учун аввало, ўз аслинга қайтишинг зарурки, ундан сўнггина руҳ малҳами, қалб озиғи, тан давосига имкон топилади. Бу мутасаввуфлар ақидасидан. Ғариб ғурбатда яшовчи. У ғарибликка кўникади. Асир-киши қўлида тутқун. У тутқунлик исканжасига ҳам чидаши мумкин. Лекин ёр ғамига тоқат қилиш мушкул. Чунки, чин ошиқнинг руҳи, қалби, жон-тани ёрга етгандагина ором топади. Акс ҳолда, шоир айтганидай, уни «ёр ғурбати абгор айлайди». Шоир ҳукми шундай. Васл-ошиқ руҳи, қалби, жони учун ором манзилгоҳи. Шифо ҳам, малҳам ҳам аслида, шундан.

 

     ОШИҚЛИК-ОЧЛИК

Ошиқ девоналик, достондан қўрқмас,

Ошиқ кишан, кунда, зиндондан қўрқмас.

Мисоли оч бўри ошиқлар дили,

Оч бўри, алҳазар чўпондан қўрқмас.

Бобо Тоҳир ўзининг рубоийлари билан ишқ мавзуига виқорли ҳайкал қурган адиб десак, муболаға бўлмайди. Ишқ асар урган бўлса, ошиқни кар, кўр, соқов қилғуси. Муҳаббатнинг кўзи кўр, деган нақлда ҳам шунга ишорали маъно бор. Демак бу кўйга кирган ошиқнинг ҳолатини ўзгача тасаввур этиш ҳам қийин. Ошиқ юрагида қўрқув эмас, ҳаяжон бўлади. У мард, қўрқмас. Ақлдан бегона, телбасифат ошиқ етишишдан кўра шу йўлда қурбон бўлишга тайёр. Энди ўлим ҳам уни қўрқитмайди. У бу йўлда тирик қолишдан кўра, ўлишни шарафлироқ билади. Бу ҳикмат унинг ҳаёт тарзига кўчган. Демак, эл-юртнинг таънаю маломатлари, душманлар дашноми, отилган тошлар, қилинган бўҳтонлар унга писанда эмас. У эътиқодда собит. Бу ошиқлик йўли, тўғрилик-ҳақ йўли. Чин ошиқни чин ишқ йўлида синов ҳам, сийлов ҳам кутади. Гап унга қатъий ирода, сабот билан етиб боришда. Хўш, бу қандай довонларки ошиқни  мард, қўрқмаслигига боис бўлди? Эл ичра афсоналик, девоналик, ғарибу асирлик, бари-барига чидам бериш, муҳими мардлик. Бобо Тоҳир ўз рубоийсида ана шу фикрни образли равишда ифода этишни ният қилади. Ишқ йўлига кирган ошиқ нималарга қодир? Мана унинг жавоблари. Уни занжирбанд қилиш, қийнаш мумкин. Унинг қўл — оёқлари кишану кундада, ўзи ер қаърида банди зиндон қилинса-да, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ёр васли ҳақидаги ўй-кечинмалари, ёлқинли, эҳтиросли муҳаббатини жиловлаш мумкин эмас-ку. Шунинг ўзи кифоя. Унинг учун қайтиш йўқ.

Оч бўри ҳеч нарсадан тап тортмайди. У қўйни қўйиб, чўпонга ташланади. Ошиқнинг руҳий ҳолатини шунга қиёс қилиш орқали чин ишқ ва чин ошиқ нимага қодирлигини англатиш шоир мақсадидир.

 

                          ДИЙДАМ УСТИНА

Азизим, кўз хонам бўлсин саройинг,

Кўзимнинг четлари сайр этар жойинг.

Фақат қўрқаманки, қадам босган чоқ,

Киприкдан бўлмасин, озурда пойинг.

Ёр таърифи-тавсифида, унинг гўзаллигини ташбеҳона тимсоллар билан ифода этиш шарқ мумтоз шеъриятининг муҳим аломатларидан бири. Севилган, муҳаббат боғланган маъшуқа еру кўкдаги гўзал рамзларга ўхшатилади. Бу фикрни муболағавий йўсинда, лекин самимий дил изҳори билан Бобо Тоҳир ўзгача ифода этади. Эъзозли, кўнгил билан, сидқидил боғланган маҳбубага нисбатан «азизам» деб мурожаат қилинади одатда. Унга энг мўътабар ошиқ кўзхонаси сарой ўрнида тақдим этилмоқда. Маъшуқа учун ошиқ кўзининг четлари сайр этиш учун жой. Лекин, ошиқ кўнгли хавотирда. Нечунки, қадам босган чоқда киприклар маъшуқанинг оёқларига қадалмасин деб. Халқ термаларида «босган қадамларинг дийдам устина» деган мисра бот-бот  учраб туради. Бобо Тоҳир рубоийсида ҳам шунга ёндош маъно бор. У ошиқ эҳтиросини ярим муболаға, ярим чин оҳангда ифодалайди. Кўзга яқинлик дилга яқинлик. Ботиний кўз, зоҳирий кўз, бошқача айтганда, ақл кўзи, қалб кўзи бор ошиқда. Чор атрофдаги нарса-ҳодисаларни кузатувчи зоҳирий кўз дунё моҳиятини англаш ва ҳис этишга қаратилган ботиний кўз билан алмашинсагина ошиқ ўзига йўл топган бўлади. Ташқи гўзалликдан кўра, ички, яъни маънавий гўзалликни кўра оладиган кўз чин ошиқники. Бу эса маъшуқани қошу кўзи, сарв бўйини томоша қилиш учун эмас, балки англаш учун яралган қалб кўзидир. Бошқа бир шоирнинг шундай тўртлики бор.

Инсонга оғирдир ожиз, сўқирлик,

Унданда оғирдир маънавий кўрлик,

Кўз очиқ бўлса ҳам, онгсиз кўрлар бор,

Кўзи кўрмаса-да, қалби зўрлар бор.

Умри мобайнида ёр  моҳиятини билмаган очиқ кўздан минг бора ожиз кўз афзалдир, деган мазмун орифона ва ошиқона мазмун касб этади. Кўз рамзи ошиқнинг ўзи тимсолидир. Маъшуқани нури дийда устига чорлаётган эканки, кўзни эмас, балки ўзлигини унга бахшида этаётганига ишора бор рубоийда.

 

              БЕДОР ВА БЕМОР

Нечук менга қиё боқмас асл ёр?

Нечук дардимга йўқ, дармону мадор?

Эмиш ёрим ётар ноз уйқуда, ноз,

Нечук уйқудир ҳеч бўлмас бедор?

Ағёрга қиё боқувчи, ошиқ дилин ёқувчи маъшуқага яна талпиниш мантиқлими? Ўзини шамга урувчи парвона куйиб кул бўлишини билмаганидек, ошиқнинг қалби яна изтиробларга солувчи ёр билан. Дардига дармону мадордан кўра, азобга гирифтор этувчи ёр васлига талпинаётган ошиқнинг руҳиятини, табиатини бир қадар тушуниш мумкин. Уйқу ярим ўлимдир. Уйқудаги кишига сўзлаш, унга неларнидир намоён этиш беҳуда. Уни уйғотгандан сўнггина дил розини айтиш жоиз. Ёр ғафлат уйқусидаги ғофил эмас. У ошиқнинг кечинмаларини, ўзи етказаётган изтиробларни билади. Лекин атай шундай қилади. Токи, тобланмаган ошиқ, ёнмаган, риёзат чекмаган кимса чин инсон эмас. У ўзидан кечиб ўзгага, ўзга тимсолидаги ёрга интилсагина мурод ҳосил, ниятлар восил бўлади. «Нечук уйқудир ҳеч бўлмас бедор»  деб ёр ёғида қовурилаётган ошиқ уни уйғоқлигидан бехабар. Ўзини мисоли бепарво, эътиборсиз қилиб кўрсатиш хос унга. Дунё неъматлари ҳар доим ҳам инсон измига бўйсунавермаслигини англатиш бор унда. Яшаш, курашнинг ўз «сир-асрори»  бор. Уни топиш осон кечмайди. «Йўлни эмас йўлини билиш керак» деган нақл ошиқ  учун ёт. У кимлар учундир асқотар, эҳтимол. Ошиқ тўғрилик йўлини танлади. Унинг олдида ўнқир-чўнқир сўқмоқлар,  машаққат довонлари, чиқиб бўлмас чўққилари бор. Ўтдан ҳам, сувдан ҳам кечиб мақсадга етса етди, шу йўлда қурбон бўлса, унга ҳам тайёр.  Ҳиммати, хизмати бўлмаган ошиқнинг ҳикмати ҳам йўқ. «Сулаймон ва чумоли» номли ривоят моҳиятида ҳам шу фикр ётади.  Сулаймон алайҳиссалом барча инсу жин, ҳашароту ҳайвонотни жам бўлиши ҳақида фармон берганда, битта чумоли етиб келмайди. Дарғазаб бўлган Сулаймон тупроқ уюмини тинимсиз ташиётган чумоли ёнига бориб сўрайди.

-Нега келмадинг.

-Улуғ ва қутлуғ ният йўли бандман.

-Нечук юмуш?

-Мана шу тепаликнинг орқа томонида мен кўнгил боғлаган бир чумоли бор. У менга шу тепаликни олиб ташласанг, менга етишасан, деган. Шунинг учун  машваратингга боролмадим.

-Эй чумоли, сенга Нуҳ пайғамбарнинг умри берилган тақдирда ҳам, бу тепаликни мингдан бир қисмини ташиёлмайсан-ку, -деди Сулаймон.

-Менга бунинг аҳамияти йўқ. Майли, шу йўлда мен ўлиб кетай, умрим етгунга қадар бу ишдан тўхтамайман,- деди чумоли. Сулаймон чумолининг ҳимматига ич-ичидан тан берди.

Ошиққа худди шундай ҳиммат зарурлигини таъкидлаш Бобо Тоҳир Урёнийнинг рубоийси замирига жо бўлган.

 

            ВАТАН ВА КАФАН

Ҳумоюнман, баланд тоғлар ватаним,

Сайри олам қилсам, ҳар жой чаманим.

На уйим бор, на куйим бор, на ашё,

Ўлим вақти қанот-парим кафаним.

Парвоз этувчи қуш ўзига доимий қўним изламайди. Бунга ҳожат ҳам йўқ. Сабаби об-ҳавонинг алмашиниши унга имкон ҳам бермайди. Баландлик, юксак манзилларни кўзлаб учувчи қушларга ҳам маълум маънода шу тааллуқли. Қушни инсонга, инсонни қушга ташбеҳ этилиши ҳам бежиз эмас. Қушнинг қўш қаноти бўлмаса, унинг парвози ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг ҳам ўзи англаган, англамаган таянчлари бор. Шоир бежиз ёзмаган.

Инсон умрим, ҳаётим дер, қушлар учқур қанотим дер,

Инсонни ҳам, шунқорни ҳам парвозидан билса бўлар. (Н.Нарзуллаев.)

Юқоридаги рубоиийни тасаввуф илми билан боғлиқлик жиҳатлари бор. Аҳли тасаввуф комиллар ҳашаматли иморат, уй-жой қуришга интилмайди., омонат умр учун бу ҳаракат гумроҳликдир деган фикрни илгари сурадилар. Тасаввуф илмининг йирик билимдонларидан бири «бу дунёда ижарачи сифатида яшанглар, уй эгаси бўлманг, акс ҳолда бу дунёга боғланиб қоласиз, ўлимни, охиратни унутасиз, кетгингиз келмай қолади»-дейди. Бу фикрдан фоний дунёнинг моҳияти йўқ экан деган мазмун англашилмаслиги керак. Чунки, «бу дунё андуҳи нечун? У дунёга бормоқ учун» деган мулоҳаза тасаввуф намояндаларининг ўзларида мавжуд. Улар наздида фоний дунёда ўткинчи нарса-ҳодисалар билан ўралашиб қолмасдан, эзгу ишлар билан машғул бўлиш, эзгулик, яхшиликкина абадият манзилига етаклаши ҳақида фикр бор. Замондош шоираларимиздан бири ёзганидек,

Меҳмонхона экан бу дунё, бир-бир келиб кетгайлар,

Имтиҳон бериб сўнгра,чин дунёга етгайлар. (У.Абдуазимова)

Англашилаяптики, имтиҳонли дунёда киши юзи, кўзи, сўзи, ҳар бир дами, босган қадами билан масъул, Бошқача айтганда, синовда. Демак, фоний дунё- синов олами, боқий дунё-сийлов оламидир. Синов имтиҳон бўлса, сийлов натижадир. Бири сабаб, бири оқибат. Бу оламларнинг, одамларнинг боғланганлигига ишоратдир. Ҳумоюн бахт қуши. Бахт ҳақидаги унинг қараши ўзгача. Чигал оламнинг баъзи мураккабликларини англаб етгандек. Дунёнинг гўзаллигини чаманга қиёс қилади. Сайри олам қилиш кўнглига келса, ҳар жой унинг учун чаман. Муқим жой унинг учун бу дунёга боғланиб қолиш хавфи экани тимсолий шаклда ифодаланади. У на уйи, на куйи борлигидан ғам чекади, унинг вақти чоғ, кўнгли тўқ, чунки ўлим вақти қаноти, пари кафани бўлади. Бу Фаридиддин Аттор билан дарвеш орасида бўлиб ўтган қуйидаги ривоятни эслатади.

Фаридиддин Аттор дўконида хизматкорларга юмуш буюриб ўтирганида, бир дарвеш садақа тиланиб келади. Аттор рўйхушлик бермайди.

-Бор, қай бирингизга бераман? Ҳа демай, яна бирингиз келасиз.

Дарвеш кетмасдан, кўз узмасдан Фаридиддин Атторнинг ҳаракатларини кузатиб турарди.

Аттор: -Нега бақрайиб қолдинг, менга саволинг борми?

Дарвеш: -Сен қандай ўласан?

Аттор: -Бу нима деганинг? Сен қандай ўлсанг, шундай ўламан.

Дарвеш:-Йўқ, сен мендай ўлолмайсан. Менинг эгнимдаги жанда ва елкамга осиғлиқ качкулимдан ўзга ҳеч нарсам йўқ. Сенинг ҳашаматли саройларинг, қатор дўконларинг ва мол-мулкинг бор. Уларни ташлаб кетиш сенга мушкул. Мен эса шу онда ҳам ўлимга тайёрман.

У качкулга бошини қўйган кези жон таслим қилади. Бу ҳолатни кўрган Фаридиддин Аттор дарвешнинг илоҳий муҳаббатини кўриб донг қотиб қолади, дарвешни иззат-икром билан кўмади. Мол-мулкини етим-есирларга, ҳожатмандларга бўлиб беради ва ўзи ҳам шу тариқатга киради.

Шоир қуш тимсоли орқали ўқувчини инсон қисматининг моҳияти ҳақида ўйлашга мажбур этади.

 

      БЕҒУБОРЛИК-ТОЛЕ ЁРЛИК

Истасанг, кўзгудек соф бўлсин юрак,

Дилинг ёмонликдан поклашинг керак.

Ғийбат, ҳаромхўрлик, гина, адоват,

Кибру ҳаво, ҳасад қолмасин андак. (Ҳоқоний Ширвоний.)

Одатда, тилинг ва дилинг, қалбинг ва қиёфанг, сувратинг ва сийратинг бир хил ва соф бўлсин деган ақидани эшитамиз, ўқиймиз. Лекин, ҳаёт яхшига ҳам ёмонга ҳам, дўстга ҳам, ғанимга ҳам жой берган. Қилмишига яраша савобу гуноҳи учун аталган ажри, жазою мукофоти тайинлигини билсак-да, кимдир бизни яхши деса, кимдир ёмон. Демак, кимнингдир манфаатига зид ҳаракат қилсак, биз ёмонлар сирасидан. Уларга манфаат етказсак, биз яхши. Бу баҳолар нисбий. Замин эмас, замонлар одил ҳукм чиқазади.

Ҳоқоний Ширвоний қаламига мансуб юқоридаги тўртлик ҳам ўқувчини мулоҳазаларга чорлайди. Юракнинг софлиги инсон ҳаракати ва қадамини белгиловчи мезон. Соф ният ўзгаларга ўзига қарагандек қарашдир. Ёмонликдан четда бўлиш, яхшилик кори киши ихтиёри бўлгандагина юрак софлиги ҳақида сўз бўлади. Лекин ўзгани кўролмаслик, унга ҳасад назари билан қараш, ғийбат қилиш ҳисси тинчлик  бермайди. Ҳасадгўй ич этин кемиради, ғийбатчи семиради дегшан нақл юради. Бедил ҳасад ва ҳасадгўй таърифида дейди:

Ҳасадгўйлар тўла ичи қоралар,

Доим туҳмат ила покни қоралар,

Шип бурчига оппоқ пахта илиб кўр,

Шамъдондан барча ис шунга ўралар.

Кибру риё гинани, гина адоватни, адоват ғийбатни, ғийбат ҳасадни, ҳасад ҳаромхўрликни, ҳаромхўрлик ошкоро душманликни келтириб чиқаради. Унинг оқибатида муносабатлар замирига путур етади. Ғийбатнинг илдиз отиши кўп хунук оқибатларга боис бўлишини шоир тўғри англайди. Ғийбатчи совуқ муносабатларни юзага келтирар экан, бунинг оқибатида совуқлик ётади. Совуқ сўзлик кишидан яхшилик кутиш ёзда яратгандан қор сўраш билан баробардир. Бошқа бир шоир  айтиб ўтганидек, яхшилик излама совуқ кишидан музлаган чечакнинг ҳиди жуда кам. Ғийбат соф ниятли кишида бўлмаслиги ҳақ. Кишининг ғийбати бировнинг бировга ёғий бўлишига олиб келади. Буюк мутасаввуфлардан бирининг олдига  бировларга гап етказиб, умрини «деди-деди» билан ўтказувчи киши келиб дейди: -Яхшиямки, ўтган куни фалончибойнинг зиёфатига бормадингиз.

-Нега?

-Уйнинг эгаси сизнинг шаънингизга ҳақоратомиз сўзлар айтди.

-Зиёфатда неча киши бор эди?

-Йигирматача меҳмон бор эди.

-Зиёфатда нима едингизлар?

-Ўзиям саккиз хил таом тортилди-ёв.

-Мезбоннинг саккиз хил таоми қорнингга сиғибди-ю, мен ҳақдаги икки оғиз сўзи сиғмабди-да. Тур, кет бундан. Ғийбатчи ва чақимчи рост, расо киши эмасдур, деб танбеҳ беради.

Бу ривоятдан ҳам англашиб турибдики, тоза қалбли инсонларгина яхшилик кони, улар эзгулик донини сочадилар. Ғийбат, ҳасад эса адоватчилар қилмишидан, қидирмиши ўлим билан якун топади. У ҳам ўз ажали билан эмас деган фикр бор унда. Майда жиноят катта жиноятларга йўл очганидек, шоир кибру риё, гина, адоват, ғийбат дилда андаккина ҳам бўлмаслигини, акс ҳолда эрта-индин у ҳам низо ва жанжалларга сабаб бўлишини эслатади, огоҳлантиради.

 

МУҲТОЖЛИК-НОИЛОЖЛИК

Фироқинг алами жонингга заҳар,

Пастларнинг таънаси ундан ҳам ўтар.

Жабр этар, севгилинг фироқи, лекин,

Нокасга муҳтожлик ундан минг бадтар.

Чидам, тўзим, бардош, тоқат каби маънодош сўзлар инсоннинг иродасини, куч-қудратини, айни пайтда ожиз ва нотавонлигини синовчи мезондир. Ҳар нарса-ҳодисада меъёр бор. Зиёди узилиш, бузилиш, урилиш, сурилиш билан тугаганидек, ками ҳам етишмовчилик, тақчиллик билан якун топади. Инсон чидаши, тоқат қилиши мумкин бўлган, мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Ошиқ дили, тани бардошли. Акс ҳолда, у ошиқ бўлмас эди. Обид ҳам худди шундай. Ибодатда ҳар қандай изтиробга чидам берса, у ҳақиқий обид. Обид холиқ учун унга етишиш йўлида ҳар нарсага тайёр. Ошиқ яратувчига ишқ манзили орқали етишиш илинжида. Ҳар иккаласининг изтироблари уйғун. Лекин уларнинг йўли бошқа. Обид у дунё ғамида юради. Ошиқ бу дунё севинч-шодликлари билан у дунё моҳиятини англашга интилади. Ҳар иккаласининг ҳам сувратийлари, яъни, зоҳиран, ботинан тамомила ўзгалари бор. Тилда бошқача, амалда бошқача. Ўзини обид, ошиқ қилиб кўрсатиши мумкин, лекин аслида ўзгача. Бунинг замирида алдаш эмас, алданиш, аниқроғи риё ётади. Ўзини зиё гулшанида кўрсатиб, риё ботқоғига ботади.

Юрт ҳукмдори бир куни дарвешлардан бирини чақириб, юртимизда юзта чин обид бор деб эшитдим. Ушбу юз танга солинган халтачани обидларнинг энг комилига бериб кел,-дейди.

Дарвеш кун ботгандан сўнг хон ҳузурига қайтиб келади ва бериб юборган юз тангани ҳукмдорнинг олдига қўяди.

-Нечук? сўрайди хон.

-Кун бўйи юриб обидлар билан учрашиб, энг комилини топа олмадим.

-Наҳотки, юзта обиддан биронта шу пулга лойиғи топилмаса?

Дарвеш деди: -Чин обид дунё пулига қарамас, уни олдими, демак, у комил обид эмас. Юзта обид ҳам бунга майл билдирди.

Чин ошиқлик ва обидлик синов ва сийлов моҳиятини англаганларга насиб этади. Юқоридаги рубоийга қайтайлик.

Фироқ, айрилиқнинг алам-изтироблари жонга заҳру зарар эканини у билади. Разил, тубан кимсаларнинг қилган таънаю дашномларига ҳам чидаши мумкин. Лекин ундан-да оғири, тоқат қилиб бўлмайдигани бор. Бу — паст кишиларга муҳтожлик. Улар қўлига қараш, қарам бўлиб ночор яшаш. Имкониятинг, иқтидоринг доирасидаги ишни қила билмаслигинг, дейди шоир. Бу эса замондош шоиримизнинг «ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин» деган мазмунидаги ҳикматини эслатади. Бугун қилинган хизмат, ҳиммат эрта-индин миннат ва таъна билан алмашинса, ошиқ учун ундан изтиробли ҳолат йўқ. Кимдир бунга тоқат қилар, парвойи палак яшар, куним ўтаяптику қабилида иш тутар, лекин  ошиқ бу маломатга чидай олмайди. Комиллик ҳам асли шунда. Мана, Ҳоқоний Ширвоний  тўртлиги боис туғилган фикр. Бу аслида шоирнинг ҳукми.

 

                        АҚЛ ВА ИШҚ

Агар ақл тутса Ҳоқоний қўлин,

Ишқдан маҳрум бўлсин, йўқотсин йўлин.

Ишқ ўти кўксингда, дўзахдан қўрқма,

Дўзах ўти ишқинг ўтига ўтин.

Ақл билан иш юритувчи оқил, билим билан иш тутувчига  доно дейишади. Ақлли билан дононинг нима фарқи бор? Ақлли қийин вазиятдан чиқиб кета олади, доно эса умуман оғир вазиятга тушмайди. Машойихлар ана шундай дейишган. Ошиқ ишқ боис боши карахт, тили лол, ўзи беҳол. Оқил ақли сабаб фикри тийрак, ўзи зийрак. Шундай экан ақл билан қилинган иш оқибатли. Юқоридаги рубоийда ишқ оташига таъриф бериш шоирнинг мақсади. Ақлинг бўлса, ишқни четда тут, у сенинг оёқ-қўлингга тушов демоқчими шоир. Ишқдан маҳрум бўлиш бепарволикни келтириб чиқаради-ку. Нега шоир шу йўлни тўғри ҳисоблаяпти? Ундай ҳолда Навоий ҳазратларининг «Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, икки жаҳон демаки жон бўлмасун» деган фикри қаёқда қолади?

Ишқдан маҳрумлик ақлдан бегоналик эканини шоир жуда яхши тушунади. Унинг оташида қовурилганларгина билади уни. Дўзах ўти сени ташқаридан куйдириб кул қилса,. ишқ ўти ичдан куйдириб сил қилади. Ҳоқоний шу йўл билан лутф қилади. Ишқ ўти қудратини англаганларгина шундай ташбеҳ қила олади. Юракингдаги ишқ ўти нори дўзахдан ҳам зиёда. Дўзах ўти сенинг қалбинг оловига ўтин бўлиши мумкин  деган фикрни айтиш билан ақл ва ишқ тушунчалари орасида «хитой девори» йўқлиги эътироф этилади. Ақлли одам яратганга висол ишқи билан яшайди. Дилида ишқи бор одам айни пайтда ақл эгаси ҳамдир. Ишқ ва ақл бир-бирини тақозо этади, ўзаро боғланади, бири бирисиз рўёбга чиқмайди, бирлик, яхлитлик ва мукаммаллик ҳам касб этмайди. Қалбдаги ишқ ўтигина яратганга интилтиради. Унинг алангаси жон-танни қанчалик куйдирса, унинг кучи, тафти шунчалик бўлади. Шоир хулосаси шу: ақл ва ишқ бирлиги комиллик  мезони.

                          ҚАЛБГА ЗИЁРАТ

Муҳтожлик кўйида кўнгилни овла,

Юракка яқину маъқулни овла.

Бир дилча  турмас юз лойхона Каъба

Каъбада нима бор бир дилни овла. (Умар Хайём)

Ҳаёт сўқмоқларию турмуш тўқмоқлари одамзотни икки тоифага ажратиб қўйган. Бири бой, иккинчиси камбағал. Бирида ҳамма нарса етарли, фақат ўлим хавфи бор, холос. Иккинчиси етишмовчиликдан, муҳтожликдан қийналади. Ҳар бири ўз ҳаётига кўникиш ҳосил қилаборади. Бой тинчимаслиги мумкин. Камбағал кўнглида таскин бор. Кўп бўлса кетар, оз бўлса етар тарзида иш қилади у. Нимагадир зор бўлиб яшаганингда ҳам, кўнгилларни шод этишдан четда турма. Умар Хайём ана шу даъват билан рубоийни бошлаган. Бой моддият шоҳи, фақир кўнгилларнинг султони. Ҳадиси шарифдаги кимки дилозордир мусулмон бўлмас мазмунидаги фикр давом эттирилади. Юракка яқин, маъқул ким? У сени ҳар бир дамда, ҳар қадамда тушунадиган ҳамроз дўстинг. Борингни ошириб, йўғингни яшириб, каму кўстингни тўлдириб юрувчи дўст. Дўст қиёфасидаги «дўст»лар ҳам бор. Бири жон дўст, иккинчиси ҳамён дўст. Бойлигинг бор пайтда атрофингда гирди капалак бўлиб, муҳтожлигингда тумтарақай бўлган киши юракка яқин эмас. Улар номаъқул «дўст». Каъба зиёратига бориш, ҳаж тараддуди учун катта тайёргарлик кўрасан-у, у яқинингда эканини билмайсан демоқчи адиб. Каъба-муҳтож кишининг кўнгли. Ана шу ўксик кўнгилга ҳамдардлик юз марталик ҳаж тавофидан ҳам устун эканини қайд этиш адиб мақсади. Шунинг учун ҳам Навоий кимки бир хотири бузуқнинг кўнглини шод айласа, онча борким Каъба вайрон бўлди обод айлагай дейиши билан ҳақ.

Умар Хайём юз лойхона Каъба бир дилча турмас дейиши билан тирик инсон қадри ва дардига ошнолик зарурлигини ҳамма нарсадан устун қўяди. Инсон қалбига зиёрат зиёратларнинг улуғи ва қутлуғи эканига ишорат бор унда.

 

                    ХОТИРЖАМЛИК

Олам бари меҳнат, кунларимиз ғам,

Фалак иши офат, айёми ситам.

Ҳар ён назар солдик, кўп кездик олам,

Бирор кимса йўқдир дили хотиржам.

Инсон эс-ҳушини танибдики, уни узун ва қисқа йўллар, паст- баландликлар, хуллас довонлар кутади. Донишмандлардан бири умр йўлини довонлар оша илгариланма ҳаракатга қиёс қилган. Туғилишдан бошланувчи ҳаётнинг охирги бекати ўлим билан якун топади. Яшаш қарашлар асосидаги курашлардан иборат. Бир қоқиласиз, йиқиласиз, бир тикланасиз. Бировга яхшисиз, бировга  ёмонсиз. Сизга худди шу маънода элнинг эътирофи ҳам, эътирози ҳам тайин. Мана, ҳаётнинг чигал, жумбоқлилиги. Хотиржамлик, саломатлик аслида, улкан бойлик. Лекин у қадрсиздир. Ҳамма ҳам унинг қадрига етавермайди.

Муҳаммад алайҳиссаломдан «уммат бўлганингизда яратгандан нима тилаган бўлардингиз»,- деб сўраганларида, у «тани сиҳатлик ва хотиржамлик» деб жавоб берган эканлар. Инсон ҳаёти давомида ўзига ғамни ҳам, меҳнатни ҳам, кулфатни ҳам сотиб олади. Унинг ҳаёти бамисоли баҳору кузнинг об-ҳавосига ўхшайди. Бир кун иссиқ ёки совуқ, бир кун булутли ёки очиқ. Ёмғирли, қору изғиринли кунлари ҳам йўқ эмас.

Ана шу руҳий ҳолатнинг алмашинишига эътибор қилган шоир нолиш оҳангида мисралар тизимини келтиради. Олам меҳнату заҳматга тўлалиги, кунларнинг кечиши сенинг измингда эмаслигига куюниш ярамайди. Шоирнинг ибратомиз ўгити шу: чидаганга чиқарган буни. Ҳаёт ва мамот масаласи инсон олдида кўндаланг. Яшаш курашдан иборат. Енголсанг, сен қатъиятли, иродалисан демоқчи шоир. Лекин хотиржамлик, ғам-аламдан йироқ бўлишга интилиш ҳам сенинг қўлингда, юриш, туришингда. Сен уни тўғрилашинг мумкин. Тўғрига тўғри, ўғрига ўғри бўлган дунёнинг асл моҳияти ҳам шу. Шоир ўринли эътироф этиб ўтганидай,

Ғурбат излаганга ғурбат бу дунё.

Иззат излаганга иззат бу дунё,

Ким нени изласа, топар бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё.

Оламни кезиб, назар солиб биронта хотиржам одам топа олмадик деган фикрга келаётган шоир инсоннинг ғофиллигини, ғаниматлигини, осийлигини таъкидлайди. Омонат умрни ўткинчи нарсалар ҳақида қайғуриш билан ўтказаётган инсоннинг қимматли дақиқаларига ачиниш, куюниш бор унда. Эндиликда, нолиш афсусланиш оҳанги билан алмашинади. Нима бирламчи-ю, нима иккиламчи эканини билмаслик ғофилликдир дейиш шоирнинг ғоявий нияти. Вақт масофасини йиртиб, чегара билмас ғояни бошқа бир даврда айтаётган шоирнинг бу мисраларига уйғунлиги таажжубди эмас.

Инсон ўтиб борар, узундир йўллар,

Гоҳида қоқилар, гоҳ тақдир қўллар,

Кейнингга разм сол, фикр қил, инсон,

Сендан нима қолар боғларми, чўллар? (Ф.Насрулло.)

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги рубоийда хотиржамлик, руҳи соғломлик инсоннинг уйғониши, ўз-ўзини англаши билан моҳият касб этади деган мазмун бор.

 

                      СИЙРАТИ СУВРАТИДА

Фақат билим билан баландмас одам,

Аҳду вафо билан баланд-паст одам.

Сўзи билан иши бир бўлса агар,

Ҳар нарсадан азиз, муқаддас одам.

Минбарга чиқиб, ваъзхонликлар қилиб, жамоа кўзидан яширин тарзда жоиз бўлмаган ишлар қилувчи воизнинг, адолатдан, ҳақ-ҳуқуқдан сўз очиб қонунга тескари иш этувчи фақиҳ ва қозининг, одоб-ахлоқдан сўзлай туриб, куракда турмайдиган ишларни қилувчи носиҳнинг, дину диёнатдан сўзлаб, ўзи амал қилмаган имомнинг ҳолига вой. У ўз охирати оташига ўтин ҳозирлаётган кимса кабидир. Эски манбаларда илмига амал қилмаган олим устига юк ортилган эшак билан баробардир дейилади. Танга иккала томони-олди ва орти билан бир бутунлик, яхлитлик касб этади. Инсоннинг комиллиги қалбу қиёфаси ва тилу дили бирлигидадир.

Киши ютуқларини кўради, бировлар эътироф этишини истайди, лекин ўз камчилигини ҳар доим ҳам тан олгиси келавермайди. Бу худбинлик ҳиссининг, ўзини севишнинг кўриниши. У дунёни ўз қалб қаричи билан ўлчайди. Ўз ишини тўғри деб билади ва шундан мағрурланади. Машраб ёзганидек,

Олими илмига мағрур, жоҳили исёнга ғарқ,

Кас не билсун рўзи маҳшар кимнинг тоши кам келур.

Мураккаб дунёнинг чигалликлари баъзан ўз эътиқодингга тескари боришга мажбур этиши, дилингдаги сўз ҳамиша тилингга чиқавермаслиги, баъзи ҳолатларда ўз илму амалингга зид иш қилишинг мумкинлигига ишора бор юқоридаги рубоийда. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис қабилидаги нақлларга ҳар доим ҳам амал қилиш номақбуллигини айтмоқчи бўлган шоир эътиқодда собитлик бўлса, киши очлик, муҳтожлик, зулм, ҳатто ўлим олдида ҳам эсанкирамаслигини уқтириш ниятида. Қолаверса, муқаддаслик, эл ичра эъзозу шараф ҳам шунда демоқчи шоир. Ўлмас ғоянинг умри эса танланган йўлдан қайтмас, эътиқодли жамоанинг олдинга интилиши билан боғлиқ. Сийрат ва суврат ҳамда ғоя ва ҳимоя бирлиги бўлмас экан, бари ўткинчидир.      Бир танада иккита одам бор,- деган ибора юради. Бу инсоннинг икки хил ҳолати ва тез ўзгарувчанлиги, ўзи бошқаю сўзи бошқа эканини англатади. Инсонда бир бутунлик, мақсад йўлида собитқадамлик бўлмаса у иккита қарашли одамни, тутуруқсиз кишини эслатади. Тил билан дил, суврат билан сийрат, қалб билан қиёфа, илм билан амал, кўриниш билан уриниш бир сўз билан айтганда, ботиний ва зоҳирий оламидаги номувофиқлик унинг комил эмаслигидан нишондир. У ўз илмига ғурурланиб, инсон қалбига малҳам бўлолмаса, аҳду вафосида турмаса бўш идиш, яроқсиз анжом, кераксиз буюмдан бошқа нарса эмас. «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин»  деган ҳикматли сўзни Умар Хайём шеърий тасдиғини бера олган. Одамийлик ётки, олимлик ҳам бегонадир. Олимлик унинг учун ниқоб. Бу чин маънода олим ҳам эмас деганидир.  Азиз ва муқаддаслик ўзлик ва сўзликнинг бирлигидадир. Олим илмни яшаш мезонига айлантириб олса, яшаши, қараши ўзгача бўлса, бу фожиадир. Навоий ҳазратдари ҳақли эътироф этганидек,  «илмниким воситаи жоҳ этар, ўзини ҳам халқини гумроҳ этар». Жоҳ мансаб демакдир. Илм тирикчилик воситасига айланса, мавқе, мартаба эгаллаш учун бир «зина» бўлса, ундан оғири йўқ.

 

ИШҚ ТАВСИФИДА

Олам сардафтари ишқнинг имлоси,

Ёшлик қасидасин жилва, зиёси.

Эй ишқ оламидан хабарсиз, билгил,

Ишқ эмасми асли ҳаёт маъноси.

Олам дафтарининг боши ҳам якуни ҳам ишқ билан. Оламу одам рангбаранглигига монанд ишқ тушунчасини тушуниш ҳам турлича. Бошқирд адиби Ҳоди Тоқтош «муҳаббат ўзи эски нарса, лекин уни ҳар бир қалб янгитади» деганида ҳақ. У азалий ва абадий хусусият касб этади. Ҳаёт, одамзот мавжуд экан, у моҳиятли ва бардавом.

Шу ўринда ишқ тушунчасига маъно жиҳатидан яқин сўзлар борки, уларнинг айирмаларини англасак, шеъриятда тилга олинадиган ишқ тушунчасини тўлароқ тасаввур этамиз. Булар яхши кўриш, ёқтириш, севиш, муҳаббат ва ҳоказо.

«Севги-инсон табиатининг завқ олган бир нарсасига майл қўйишидир. Бунинг қувватли, шиддатли шакли-ишқ дейилади.» (Абдулҳай Абдураҳмонов. Саодатга элтувчи билим. Т., «Мовароуннаҳр» нашриёти, 2002 й. 614-бет.)

Демак, яхши кўриш, ёқтириш, майл билдириш том маънодаги севги, муҳаббат тушунчаларининг бошланмасидир. Севги тушунчаси инсонларнинг бир-бирига, ватанига бўлган муҳаббатидир. Бир томондан қараганда, «севги» араб тилидаги «муҳаббат» сўзининг туркийча ифодасидир. Маълумки, бошқа тилдан ўзлашган ҳар қандай сўз маъно торайиши ёки кенгайиши билан кириб келади, ўрин олади, истифода этилади. Ҳар қандай тушунчани эса фалсафий, ижтимоий, руҳий, диний, дунёвий назар билан қараш, таърифлаш мумкин. Афлотун эса, уни бошқача таърифлайди: «Севги-бир бутунликка эришишга ташналик ва унга эҳтирос билан интилишдир».

Бу таърифни ҳам тўла бўлмаса-да, инкор этиб бўлмайди. Шуниси аниқки, севгининг «шиддатли шакли» ишқ бўлиб, у фақат яратганга нисбатан қўлланилади. «Ишқ» сўзи луғавий маъносига эга бўлиб, кейинчалик у мажозийлик касб этган. Шу боис адабиётшуносликда ишқни иккига бўлиб ўрганиш мавжуд: ишқи мажозий-инсоннинг инсонга бўлган севгиси, ишқи ҳақиқий- инсоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббати. Ҳақиқий ишққа йўл мажозий ишқ орқали бўлади. Энди «ишқ» сўзига қайтсак. У араб тилидаги «ашқа» калимасидан олинган. «Ашқа» чирмовуққа ўхшаш ўт бўлиб, қайси ўсимликка чирмашса уни қуритмасдан қўймайди.

Шу боис мумтоз адабиётда хусусан, ошиқлик достонларида қаҳрамонлар қисмати ўлим билан тугайди. Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, Ромео ва Жульетталар тақдирини эсланг.

Юқоридаги рубоийда «ишқ оламидан бехабар билгил, ишқ эмасми асли ҳаёт маъноси» деган ундов ҳамда иш бошқа, ишқ бошқа, муҳаббатсиз кимса мисли кесак мазмунидаги чорлов бор. Атоқли шоира Нодирабегимнинг қуйидаги мисралари ҳам ушбу фикр узукига кўз бўлса ажаб эмас.

На гул сайр айла, ва на фикри баҳор эт,

Жаҳондин кеч, хаёли васли ёр эт,

Муҳаббатсиз киши одам эмасдир,

Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт.

Англашилиб турибдики, завқли-шавқли ҳаётнинг ҳам, уқубатли турмушнинг ҳам маъносига мезон соф маънодаги илоҳий ишқдир.

 

         АЖАЛ-БЕМАҲАЛ

Мисоли бир олтин кўза бу дунё,

Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо.

Шунча умрим бор деб керилма асло,

Эгарлоқдир ажал оти доимо.

Бедил ҳазратлари инсон умрини киприкдаги ёшга қиёс қилади. Яратувчидан бўлак ҳеч ким унинг қанча туришию қачон тушиб кетишини билмайди. Ўлим ҳақ. Ажал шаробидан тотиш ҳаммага хос ва мажбур. Лекин, ким, қачон, қаерда, қандай ҳолда? Буниси муаммо.  Баъзиларнинг қилмишига қараб, ўлимни унутган кимсага ўхшатгингиз келади. Кирдикорларига қарасангиз, гўё ўлмайдигандек. Ўтмишни ўйлаш, охират ҳақида қайғуриш умр мазмунини ҳис этиш демакдир. Ўтмишни ўйлаш бугуннинг қадрига етиш бўлса, охиратни ўйлаш бугунги қадамни ростлашдир. Демак, масъуллик туйғуси ҳар дамда, ҳар қадамда бўлиши зарур.

Умар Хайём юқоридаги рубоийда инсон умрини сув тўлдирилган олтин кўзага қиёс қилади. Баъзи пайтда сувидан ичар бўлсангиз, аччиқ, баъзан эса ширин туюлади. Бу инсоннинг қайғули ва шодлик онлари уйғунлигининг қиёси, аслида. Олтин кўзадаги сув-ҳаёт шароби. У лиммо-лим, айни пайтда ўлчоғлик. Ҳар ким ўзига яраша сипқоради. Қанчаси аччиқ, қанчаси ширин бу яратувчининг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Ҳаёт шаробидан тўла бўлган олтин кўзага қараб хурсанд бўлишни, ҳали ичар сувим кўп экан деган фикрни хаёлингдан чиқар. Уни ича олмай қолишинг ҳам мумкин. Мана, хайёмона фалсафа. Дамнинг ғаниматлиги, умрнинг қисқалигига ишора қилиш, огоҳлантириш истаги унда устивор. Ажал оти эгарланган ҳолатда, у сени хоҳлаган пайтда қувиб етади демоқчи шоир. Бу азалий ҳақиқат. Кимдир уни нисбий ҳолатда англаб кимнидир кимга сабабчи қилиб кўрсатади. Ривоятларга қараганда, Азроил парвардигор ҳузурига бориб, нолийди. «Мен Жаброил, Микоил, Исрофиллар сингари юмуш бажаргум келади. Жон олишни менга юклама. Ҳатто, одамлар биор-бирига «сен Азроилсан» деб ҳақоратомиз сўзлашади.»

Шунда парвардигор: Бу ўйни ёдингдан чиқар, сен вазифангни адо этавер.  Ҳеч қачон улар ўлимни сендан кўришмайди, мен уларни бирини бирига сабабчи қилавераман»-дебди. Бундан кўринадики, ҳамма учун маълум кўргилик азалий ҳақиқат-ёруғ дунёдан кўз юмиш. Шундай экан, инсон ўз имконияти ва иқтидори доирасида улуғ ва қутлуғ ишларга ўзини сафарбар этиши лозим. Умар Хайём фикри, зикри, шукри ҳам шу.

 

НИСБИЙЛИК

                                      Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,

Худонинг зотидан очдилар сўзни.

Ҳеч бири билолмай азал сирларин,

Алжираб-валжираб юмдилар кўзни.

Умар Хайёмни ўйлантирган муаммолардан бири ҳаёт фалсафаси. Яралиш ва яратилиш, дунёни англашга интилиш файласуф сифатида унинг эътиборидан четда қолмаган. Ўзигача бўлган аҳли донишларнинг қарашларини ўрганади. Ҳар бирининг ўз қараши, ўз олами борлигига амин бўлади. Улар орасидаги қарама-қаршиликларни ҳам, ўхшалику тафовутларни ҳам кузатади. Билишга интилиш хайрлик, нотўғри хулосага келиш эса айб эканини фаҳмлайди. Билиш аввало, ишониш, иймон келтириш билан боғлиқлигини таъкидлайди. Яратувчи ким, у қандай шаклда, унинг сифатлари борми, куч-қудрат манбаи чегараликми? Олам ва одамнинг яралиш омиллари нималардан иборат? Бу саволлар атрофида мутафаккирлар баҳси чексиз, муросасиз. Бу ҳанузгача давом этади. Умар Хайём ҳаётнинг, оламнинг ўз қонуниятлари борлиги, уни ўзгартиришга инсон ҳаракат қилади, тиришади, лекин уддасидан чиқолмаслигини уқтирмоқчи бўлади. Ўзини донишманд санаганлар бир моҳиятни англагандек бўлади, аммо тубига етолмай ўз умрига нуқта қўяди. Ўлим билан барҳақ топувчи жавобни тирикликдан излашга уриниш гўё мантиқсиздек. Умар Хайём ана шу мезонга таяниб, бугун бормиз, эрта йўқмиз, келиб кетувчи банда англаб етувчи эмас, унга фурсат йўқ қабилида ўз муносабатини билдиради. Яратувчининг зотидан сўз очиб ўзни донишманд деб билганлар сони кўп. Улар азалий ва абадий қудратга эга, боқийлик ва куч-қудрат манбаига айланган холиқнинг 99 сифати, исми атрофида сўз юритишдан нарига ўтолмаганини таъкидлаш билан оламнинг сир-синоатлари, чигал жумбоқлари, мураккабликлари бисёрлиги, билишнинг чексизлигига ишорат бор унда.

Ўз нуқтаи назарини баён этган донишманд фикри ҳар доим ҳам олам ва одам учун асос бўлавермаслиги, улар макон ва замоннинг ҳосиласи экани, мутлоқ ҳақиқат фақат яратганнинг хоҳиш-иродаси биландир деган ҳукм Умар Хайёмга хосдир. «Алжираб-валжираш» Умар Хайём таъбирича, алмашинувчи фасл, эсувчи насим, кўтарилган тўзон, келиб кетувчи боди хазондир.

 

        ФАҚИРЛИК ДАВЛАТИ

Бир бурчакда қотган нонга қаноат,

Истамадим ундан ортиқ ҳашамат.

Жону дилдан харид этдим фақирлик,

Фақирликдан ортиқ кўрмадим давлат.

Одамзот қониқиш ҳисси билан яшашга эҳтиёжманд. Ўзини ҳар жиҳатдан қониқтиришга интилади. Неки эҳтиёжи бўлса, шунга талпинади. Ўзини қийнаш, ўзини ўтга-чўғга солишни доимо эп кўравермайди. Ейиши, ичиши, юриши туриши, хуллас, яшашида қониқиш ҳисси устувор. Лекин ҳар кимнинг қониқишида ўзгача меъёр бор. Бир бурчакда қотган нонга қаноат қилган ҳам, ёғли гўштлардан тайёрланган хилма-хил таомларни истеъмол қилиб қониқмаётган ҳам яшайверади.

Сўфийлар ақидасида ўзгача қараш мавжудлигини Умар Хайём қаламига мансуб юқоридаги рубоий аён этаяпти. Уларда қониқтириш ҳиссидан шукроналик ҳисси устун келади. Бир бурда нон топиб еган қул бойлик ўмариб фойдалана олмаган Қорунлардан юз чандон афзал. Дилдан ғуборни кетказиш, ҳиммат ила умр ўтказиш, эҳтиёжмандлар ишини битказиш сўфийларнинг шиори. Бойлик, «ортиқ ҳашамат» улар учун ана шу. Шунинг учун ҳам фақирликни жону дилдан харид этишни мақбул кўради у. Фақирликдан ортиқ давлат кўрмаган сўфий тинч ухлаш, тинч юришни, тан-сиҳатлик ва хотиржамликни улуғлаб, бойлик боис дилига қўрқув ва ҳадик тушган, ҳузур-ҳаловатини йўқотган кимсага ачиниш ҳисси билан қарайди.

Жалолиддин Румий билан боғлиқ ушбу ҳикмат ҳам шу фикрни тасдиқлайди.  Мавлоно Жалолиддин Румий уйларида ейдиган ҳеч вақо қолмаганини хабар берган аёлларидан қайта-қайта сўрайверибдилар.

-Ҳеч нарса қолмадими?

-Йўқ.

-Оғизга оладиган ҳеч вақо йўқми?

-Йўқ.

-Ҳеч нарса-я?

-Ҳеч нарса.

-Ростданми?!

Ҳазрати Мавлоно Румий шодликларидан юзлари гул-гул ёниб, қўлларини дуога очдилар.

-Аллоҳим сенга ҳамду санолар бўлсинки, уйим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонига ўхшабди.

Ушбу ривоят ҳам Умар Хайём қарашларига уйғун. Танани озиқлантиришдан кўра, қалбнинг озиғи, руҳ малҳами бўлувчи нарсалар муқаддаслиги шоирни безовта қилади.

 

              ИМКОН ВА МАКОН

Қолмади одамзод кирмаган гўша,

Еру кўкда, сувда ҳозир ҳамиша.

О, фақат ёнма-ён турару инсон,

Бир-бирин қалбига киролмай сарсон.

Инсон ақлу идроки, иқтидори билан кашф этилган ихтиролар кўп ва улар турли соҳаларга тааллуқли. Ер ости, ер усти, коинотда, уммонда ва ҳоказо жойларда тадқиқотлар ўтказилиб илмий кузатиш ва кашфиётлар қилинган. Бу тинимсиз ҳаракат ва изланувчанликнинг самараси. Лекин англаш, билиш маъносида айтадиган бўлсак, одамзот одамзотни ҳалигача тўла тушуниб етмаган. Улар бир бирини асрлар оша тадқиқ этади, таҳлил қилади, ҳали ҳануз тугал ҳукмга кела олмайди. Шу боис турли хил мафкуралар, ҳар хил мазҳабу оқимлар орасида зиддиятли муносабатлар мавжуд. Узоққа боришнннг кераги йўқ. Ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романида Мирзо Улуғбек тилидан шундай мазмундаги сўзларни келтиради: “Мен коинот сирларини билсам, фалакиёт илмидан воқиф бўлсам, илми нужум моҳиятини англаб етадиган бўлсам, ер илми нима бўлибди, деб ўйлаб қаттиқ янглишибдурмен. Надоматлар бўлғайким, умримни само сирлари ва тилсимларини кашф этишга қаратибман. Ваҳоланки ер илми, ердагиларни билиш минг карра оғир экан. Ҳатто, ўз жигарбандим, ўз пушти камаримдин бўлғони зурриётим, ўғлим Мирзо Абдулатифнинг қалбини тушунмасдан, унинг қўлида хор зор бўлиб ўлиб кетмоқдаман”. Тарихнинг ана шу воқеотларини ўз қалб призмасидан ўтказган шоир Азим Суюн  ушбу тўртлик орқали оламлар мувозанатидаги ва одамлар муносабатидаги чигаллик, нисбийликка ишора қилаётганини сезиш қийин эмас.

Шунинг учун ҳам, одам ва олам муаммоси даврлар оша ечилмас тугун бўлиб бугуннинг ҳам долзарб муаммосидир. Шоир ана шу ҳақда ўйларкан, ёндош, жондош, қондош ва ҳатто қариндош бўлиб келган кишиларнинг бир бирига ёғий бўлиб, юз кўришмас бўлиб кетиши ҳақида қайғуради. Шу тобда бир қориндан талашиб тушган ака укалар орасидаги зиддиятлар мудҳиш ҳолатларга, мудҳиш фалокатларга олиб боришини кўриб таассуф қиласиз, ачинасиз, куйинасиз. Оналар дилидаги аччиқ аламларини шундай нидо билан ифодалаганларини неча бор эшитгансиз. “Нега бир бирингни кўролмайсиз, уй талашасиз, ер талашасиз, бу ҳаммадан қолади, бизлардан ҳам, сизлардан ҳам, кимга вафо қилган мол мулк? Тор қорнимга сиғгансиз, нега энди кенг оламга сиғмайсизлар, болажонларим?”

“Икки қўшни ер талашар бу ер меники деб, ер айтадир эй нодонлар, иккингиз ҳам меники деб.” Бу битикни азалий ва абадий ҳақиқат эканини ҳеч қачон ёддан чиқазмаслик керак.

Инсон дилига йўл топиш ўзликни англашдан, ўзини эмас ўзга ҳақда кўпроқ қайғуриш ҳиссидан келиб чиқишини шоир қайта уқтираяпти. Навоий ҳазратларининг “менга қилса юз жафо бир қатла фарёд айламон, элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам” деган битиклари бежиз айтилмаган. Ана шундагина инсон инсон қалбидан муқим ва муҳим жой эгаллайди. Худбинлик ва лоқайдлик иллати чуқур илдиз отса, одамзотни тубанлаштиради, ер остига киритади, чиритади. Ўз яқинларингиз, яъни, ота она, ака ука, опа сингил, қон қариндош, қўни қўшниларингиз ва бошқаларнинг ҳам сиз сингари талаб эҳтиёжи, ўй фикрлари, орзу мақсадлари борлигини билиш зарур. Улар билан қадам бақадам ҳамроз ва ҳамроҳ бўлиш илинжи чинакам одамийлик фазилатидир. Инсон ишончини қозониш, унинг эътиборида бўлиш эъзозу эҳтиромли бўлишнинг асоси, ўзга қалбидан жой олишнинг мезони. Инсон қалбидан жой олмаган инсон умрини беҳуда ўтказиб сарсон саргардонликда юрган кимсадир. Унинг манзил макони, шоҳона кошонаси мисли хароба, иймону виждони эса суст, мўртдир. Имкони бор, хоҳиши йўқ. Агар эзгу ишларни амалга ошириш истак хоҳиши, яхшилик қилиш майли дилда ҳукмрон бўлса, унинг инсон дилидан макон топишига имкони бор. У буларни билади, лекин амал қилмайди, унинг ношудлиги ҳам аслида, шунда. Инсон, ишонч, идрок, истак имкон тушунчалари одамзот қалбидаги маконнинг мустаҳкам қўрғонларидир. Энг муқаддас манзилгоҳ бу инсондаги кўнгилгоҳдир. Эзгу манзил — эзгу кўнгил.  Юқоридаги рубоий сизни шу хусусда мушоҳадага чорлайди.

 

                               Икки тандаги бир жон

Менинг дардимга дармон дўстларимдин,

Ҳамиша васлу ҳижрон дўстларимдин.

Агар қассоб келиб пўстимни шилса,

Шунда ҳам ажрамас жон дўстларимдин.

 

Одамлараро муносабат ришталаридан бири дўстлик туйғусидир. Бу тушунча оила, маҳалла, юрт тинчлиги, қолаверса, ҳалқлар орасидаги бирлик ва аҳилликни юзага келтирувчи ҳамда таъмин этувчи кўринмас кучдир. Бу туйғу умумийликдан кўра, хусусийлиги билан ажралиб туради. Ошна-оғайниси кўпнинг дўсти бўлмайди мазмунидаги халқ нақли ҳам шуни тасдиқлайди. Демакки, дўсти кўпнинг аслида, дўсти йўқдир аслида. Улфат, ошна оғайни, ҳариф, ўртоқ, рафиқ, жўра каби атамалардан дўст тушунчаси устунроқ туради.  Чин дўстни умр бўйи излаб уни тополмай ўтганлар ҳам кўп. Меҳру муҳаббатли дўст ҳақиқий дўстдир. У ҳар дамда, ҳар қадамда сени тушунадигани, яъники ёмонингни яшириб, яхшилигингни ошириб юрадиганидир. Сен ҳақингдаги ҳасад ва ғийбатлардан сени ҳам, ўзини ҳам асрай оладигани, ҳар хил ҳолатда сендан хабар олиб турадигани чин дўстдир. Сендан манфаат кўриш илинжида дўстлик ниқобини кийиб олган “дўст”дан душман афзал. У ичингдаги илондир. Қачон чақишини, заҳарлашини билмайсан. Душман йироқда унинг ғарази, нияти аниқ. Лекин барча сир-асрорларингдан воқиф бўлган дўстнинг қачон, қаерда сенга зарар етказишини билмайсан. Тасаввуф илмида эса чин дўст яратганнинг ўзидур, дейилади. Аллоҳни дўст тутиш шариат, тариқат ва маърифат довонларини муҳаббат билан ошиб ўтиш орқали унга меҳр боғлаш йўлидир. Сен билан ҳамқадам инсонга бўлган меҳр аслида, яратганга бўлган меҳрнинг бир ифодасидир. Бу унинг тимсолий кўринишидир, аслида. Шоир ҳақли эътироф этганидек,

Менга дўстлар берди дўстлику ҳикмат,

Танҳолик дардига у танҳо даво.

Оламда бор бўлса неки фароғат,

Аввало, дўстимга кўрурман раво.

Ўзига раво кўрганни дўстига ҳам доим раво кўриш дўстликни мустаҳкамловчи мезондир. Кўпинча, бирон нарсани қўлга киритиш илинжи бўлгандагина дўстдан хабар олиш майли пайдо бўлдими у дўстликнинг омонат эканидан далолат беради. Бир — бири билан қадрдон бўлган икки дўст доим бирга бўлишган. Маълум бир вақтдан кейин иш, рўзғор ташвиши билан бўлиб улар орасидаги борди келди муносабати сийраклашади. Кейинчалик эса, бир бирининг ҳол — аҳволини бошқа бировлардан сўраб биладиган бўлишади. Кунлардан бир куни тонг маҳали дўсти келиб унинг эшигини тақиллатади. Эрталаб ким экан бизни безовта қилаётган деб эшикни очса, ўзининг қадрдон дўсти хомуш, юзи сўлғин ҳолда турибди. Дўстини қучоғига олади. Келган дўсти узр айтиб истиҳола қилиб қадрдонига сўз қотади. “Саҳармардондан сени безовта қилганимнинг боиси бир кишидан юз танга қарздор эдим. Шуни бугун бермасанг бўлмайди, деб туриб олди. Шу сабабли олдингга келишга мажбур бўлдим. Имконинг бщлса ёрдам берсанг”  Дўсти индамасдан ичкарига кириб кетади ва сўраганини олиб чиқиб беради. Бирон ёрдам бўлса, бемалол келиб туришини айтиб хайрлашади. Сўнгра ичкарига кириб ёстиқни қучоқлаганча ётиб кўзлари жиққа ёшга тўлади. Шунда унинг хотини келиб дейди: “Ёш болага ўхшаб йиғлашингизни қаранг, бирон баҳона ўйлаб топиб, пул йўқ эди десангиз бўлардику, пулингизга ачиниб йиғлаб ётгандан кўра”. Эри дарғазаб бўлиб “йиғимнинг сабаби пул учун эмас, эй нодон хотин, қадрдон дўстим  юз тангага муҳтож бўлиб қолгунга қадар ундан хабар олмаганимдандир”, дебди.

Дўст худди шу маънода икки бадандаги бир жондир. Бир-бирига эътиборли бўлиш, ҳолидан хабар олиш, яхши-ёмон кунларда доим ёнида бўлиш фарзи дўстнинг бурчидир. Юқоридаги  рубоий замирига жо бўлган маъно ҳам аслида шудир.

***

 

            ҚАЛБ КЎЗИ

Инкор кўзи-ла қараган кишига

Юсуфнинг юзи ҳам хунук кўринар,

Агар муҳаббат-ла қараса девга

Дев ҳам фариштадек сулув кўринар.

 

Бизни қуршаб олган борлиққа назар ташларканмиз,  нарса ҳодисаларга ё ошкор, ё пинҳоний тарзда муносабат билдирамиз, баҳолаймиз. Бу ё тасдиқ, ё инкор шаклида бўлади. Муносабат кўринишидаги баҳолаш мезони учун андоза йўқ. Ҳар кимнинг табиатига, тийнатига, маънавиятига, диди ва дунёқарашига қараб нарсалар ўз баҳосини олаверади. Баҳолаш замирида кўпинча, холислик ва одиллик тушунчаларидан кўра, манфаат тушунчаси ётади. Ўзгани баҳолаш аслида, ўзингни баҳолаш демакдир. Баҳоланаётган нарса ёки ҳодисанинг ўзингдан кўра, умумжамоа манфаатига хизмати, ҳиссаси қанчалик экани баҳолаш мезони бўлса, адолат ўшанда бўлиши шубҳасиз. Дид ҳар хил. Дид билан диллашиш қийин. Ота она, фарзандлар ва ҳатто, турмуш ўртоғингиз билан ҳам дидингиз бир хил бўлиши мушкул. Муносабатлар замирида самимият бўлса, ғараз ва ҳасад туйғулари сиздан йироқ бўлса, ўзгага ўзингизга эътибор қилгандек қарасангиз, баҳоласангиз ишингизга ҳам, умрингизга ҳам барака ёғилаверади. Демак, баҳолашда, ўлчашда ҳар кимнинг ўзига яраша “қалб қаричи” бор.  Ҳаётда эзгу амалларни қилиб, яхшиликларни ахтариб юрадиганлар ҳам, майда-чуйда ишлардан, икир-чикирлардан ёмон фикрлар изловчилар ҳам  мавжуд. Бировлар нарса-ҳодисаларга баҳо берганда, ижобий томонларига кўпроқ эътибор берса, яна бировлар негатив тарзда унинг салбий томонларини кўришга интилади. Бировнинг гулзордаги гулни кўриб баҳри дили очилса, яна биров гул ўрнига картошка, пиёз экса бўлмайдими, гулни нима қиларкан, уни молга ташласанг, мол емайдику қабилида фикрлаб инкор кўзи билан ёндошади.

Юқоридаги рубоий замиридаги теран маъноларни англаш учун мумтоз шеъриятимизда кўплаб қўлланилган талмеҳ ва тазод санъатларининг хосиятини билиш керак, назаримда. Юсуф пайғамбарнинг номини келтириш орқали талмеҳ санъати ва уни девга қаршилантириш орқали тазод санъати қўлланган. Юсуф алайҳиссаломнинг номини тутиш орқали унинг суврату сийратига дахлдор баъзи жиҳатларни билиб олиш мақсадга мувофиқ.  Юсуф исми сўз маъносида иброний тилида оширилган, кўпайтирилган,  фазилатли, қобилиятли деган маъноларни англатади. Тавротда унинг номи Иосиф деб юритилади. Юсуф алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн биринчи ўғли, Исҳоқ алайҳиссаломнинг невараси, Иброҳим алайҳиссаломнинг эварасидир. Роҳила эса Юсуф алайҳиссаломнинг онасидир. Юсуф ниҳоятда гўзал, келишган йигит бўлиб ўсади. Ривоятларда келтирилишича, тангри таоло кўркни барчага тақсим қилганида, юздан тўқсон тўққизини Момо Ҳаввога, қолган бир улушини яна ўн улушга бўлиб, тўққизини Юсуфга, бир улушини эса қолган одамларга берган экан. Аллоҳ таоло Юсуфни шунчалик чиройли суратда яратган эдики, уни кўрган кимса бир зумда мафтун бўлиб қолишарди. Хабарда айтилишича, Муҳаммад пайғамбарга Меърож тунида шундай ёрлиқ келган: “Эй Муҳаммад, жаннатдаги ҳурларнинг кўркини дунёда икки кишига бердим. Бири онанг Ҳавво, иккинчиси Юсуфи Сиддиқдир.”  Юсуф уйдан чиқса ой куннинг нури қолмас эди. Шунда олам халқи Юсуф ташқарига чиқибди дейишар эди. Ким Юсуфга боқса, кўзгуда кўргандек ўзининг юзини кўрар эди. Қачон таом еса, таом бўғзидан ўтгунча кўриниб турар, қоронғу тун эса ёруғ бўлиб қолар эди. Носириддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий”, Дурбекнинг “Юсуф ва Зулайҳо”, Томас Маннинг “Юсуф ва унинг биродарлари” асарларида келтирилишича, киборларнинг аёлларини Зулайҳо меҳмонга чорлайди ва уларга сабзи тўғрашлари учун ҳар бирига биттадан пичоқ беради. Юсуфга нигоҳи тушган аёллар унинг чиройига маҳлиё бўлиб, сабзи деб гумон қилиб ўз бармоқларини ҳам тўғрашади. Бу воқеага Қуръони каримнинг 12 — “Юсуф” сураси 30 – 50-оятларида ишора қилиб ўтилган. Ҳатто, юртга қаҳатчилик келиб, очарчилик бошланганда Юсуф пайғамбарни бир тепаликка чиқазиб қўйишади. Халқ саф-саф бўлиб, уни кўриб ўтишаркан. Шу йўл билан халқ ўзининг очлигини унутаркан. Хуллас, Юсуф гўзалликнинг тимсолига айланган. Шарқу ғарб адабиётида у кўрк рамзи сифатида қўлланиб келинган. Мана, рубоийда қўлланган Юсуф талмеҳи ҳақида қисқача қайд.

Рубоийда ғоявий мақсадни бўрттириб ифодалаш учун бу санъат анча қўл келган. Кимга ва нимага қандай кўз билан қараш ва қандай қалб қаричи билан ўлчаш масала моҳиятини аниқроқ англашга ва тўғри хулоса чиқаришга замин ҳозирлайди. Инсон холис баҳо бериши, одилона ҳукмга келиши учун ҳалол ва иймонли бўлиши зарур. Одамзотнинг фаолиятида унинг мақбул ва номақбул ҳаракатлари бўлиши, табиий. Демак, унинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари, ютуқ ва нуқсонлари бўлади. Бировга баҳо беришда унинг  фазилатларини эътироф этиб, мақташга, шарафлашга ҳам асос топиш мумкин, айни пайтда унинг иллатларини танқид қилиб, салбий хусусиятларини айтишга ҳам важ топиш мумкин. Демак, қандай кўз билан қарашга кўп нарса боғлиқ. Инкор ёки тасдиқ кўзи билан қараш орқали одамзот ўзининг шахсий ва умумий муносабатларини намоён этади. Юқоридаги рубоийда инкор кўзи қаҳр билан, тасдиқ кўзи меҳр билан уйғунлашувига ишора бор. Юсуфнинг юзи тасдиқ ва меҳр кўзи билан қарашнинг бадиий ифодаси бўлса, девнинг хунуклиги инкор ва қаҳр кўзининг ифодасидир. Бир томонлама қараш хулосанинг тўғрилигига асос бермайди. Демак, атрофлича ёндашиш, ютуқ ва камчиликларни  кўриб чиқиш асносида яхлит фикр айта билиш энг холис ва одил қарашдир. Рубоийда инсоннинг ўзлиги ўзгага бўлган муносабати билан изоҳланиши ҳақидаги ҳақиқат бор.

 

                               Омонат ва ғанимат

 

Мансаб анга мулк берди-ю, дўст-ёрдан айирди,

Аввалги гўзал хислату рухсордин айирди.

Бегона этиб орзу-дилин ишваю ишқдин,

Дастини дароз эттию, дутордан айирди.

 

Кўрмаганнинг кўргани қурсин, кўзини ёғ босиб қолибди каби иборалар қулоққа тез тез чалиниб қолади. Одамзот ўз меҳнати биланми ёки кимларнингдир “муруввати” биланми каттароқ бир мансабга ёки бойликка эга бўлиб қолади. Ҳаётда бундай ҳолатлар кузатилишидан кўз юмиб бўлмайди. Майли, шундай ҳам бўлди дейлик. Одамзотнинг вужудига, табиатига кибру ғурурнинг аралашиши, фахрнинг ўрнини манманлик эгаллаши  ўз навбатида инсонийлик фазилатларининг иллатга айланишинидан далолатдир. Ўша ондаёқ, унинг меҳнатга ҳам, жамоага ҳам муносабати ўзгаради қолади. Ундаги ўзгариш бир пайтлари уни менсимаган, сўзларига қулоқ осмаган, меҳмонга борса тўрдан жой кўрсатмаган айрим одамларга нисбатан дилида сақланиб қолган хусумати ниш ура бошлайди. Оқибатда, сенга кимлигимни кўрсатиб қўяман, соямга салом берасан ҳали, ёқамни танитаман сенга қабилидаги хатти-ҳаракатлар жамоадошлар орасида носоғлом муҳитнинг пайдо бўлишига боис бўлади. Натижада, жамоа орасида ғийбат ва ҳасад урчийди, қолаверса, ўзининг соғлиғига ҳам зиён етади. Жамоадаги муносабатлар иылимига путур етади. Инсон омонат дунёда ғанимат бўлгувчи нарсаларни билмаса, билса ҳам ҳис этмаса ўзига ўзи дард сотиб олган бўлади. Шоира Сайёра Тўйчиева бу борада бежиз ёзмаган.

Бу дунёда не омонат,

Инсонга инсон омонат,

Молу дунё ўткинчидир

Иссиққина жон омонат.

Яшаш учун томинг бўлса,

Яхши деган номинг бўлса,

Яхшиларга ёндошганда,

Бўлмагай армон омонат.

Яхшиликни қарз деб билсанг,

Ҳалолликни фарз деб билсанг,

Бут бўлмаса эътиқодинг

Инсофу иймон омонат.

Инсон умр мазмунига дахлдор жиҳатларга кўпроқ эътибор қилиш зарурлигини билиши зарур. Нима боқий, нима ўткинчилигини билмаслик унинг фожиаси. Кўпинча ўткинчи, яъни фоний дунё инъомларини моҳиятини чуқур билмасликдан ўринсиз хатти ҳаракатларга йўл очилади. Битикларда қайд этилган адабий ва абадий бир ҳақиқат бор. Етти иқлим ҳукмдори Искандарнинг тобутдан қўлини очиқ ҳолда чиқариб қўйишлари ҳақидаги ривоятни эслаш кифоя.

Қўлинг очиқ келмиш кетгунг шу ҳолат,

Кетолмас сен ила моли разолат,

Кел эзгулик айла, англа ниҳоят,

Бу ўтар дунёдин фарзандинг қолур,

Ортингдан эзгулик, дур-пандинг қолур.

Ўлчанар не нафни келтирдинг юртга,

Халқ сендан розими боқгайлар ортга,

Ҳаётинг, амалинг тушганда чўтга,

Бу ўтар дунёдин фарзандинг қолур,

Ортингдан эзгулик, дур-пандинг қолур.

 

Келтирилган рубоийда мансаб, пул ва мол-дунёни обрў­-эътибор манбаи деб билганларга пичинг ва кесатиқ бор. Тўғри, одамзотни тўғри йўлдан оздирувчи, ўзлигидан кетказувчи, аслида унинг кимлигини намоён этувчи синов қуроли бўлган ана шу нарсага муносабат орқали кинояомиз фикр айтиш истаги бор шоирда. Бир-биримизга ғанимат ва омонат эканимизнинг азалий ҳақиқатлигини тан олиб англаб етганлар мана бу назмий мушоҳадага эътиборсиз қарамасликлари аниқ.

Эгаси йўқ доимий, икки нарса бор эрур,

Бириси маълум муддат айримларга ёр эрур.

Иккинчиси барчага тўлиқ дахлдор эрур,

Истаса, истамаса барибир тайёр турур.

Бири мансаб курсиси, рўзғорингни қилар бут,

Иккинчисин ёдда тут, лаҳадга элтар тобут.

Инсонлар аро самимийликка йўғрилган муносабатлар замирида омонат ва ғанимат ҳаётнинг қадрига етиш истаги доимо устунлик қилади.

 

 

            Қуллик роҳати

 

Йироқдан қарасам лабинг пурханда,

Озод эдим, тағин бўлибман банда,

Озодликдан ҳар бир банда эрур шод,

Мен шундан шод, сенга бўлибман банда.

 

Дунё неъматлари кишини мафтун этади, ажойиботлари унинг дилини завқ-шавққа тўлдиради, ғаройиботлари эса уни ҳайратга солади. Демак, бу гўзаллик олдида тилимиз лол, ўзимиз ҳангу мангмиз. Бир сўз билан айтганда асирмиз. Ниманики, билмасак у бизга тилсимли, мўъжизавий бўлиб туюлади. Билганимиздан, етишганимиздан, эришганимиздан сўнг у оддий ҳақиқатга айланиб қолаверади. Эртаклардаги учар гиламлар, ойинаи жаҳонлар бугун оддий ҳақиқатга айлангани рост.

Ўн саккиз минг оламни яратгувчисига таҳсину ҳамду сано айтиш бандаликнинг белгиси. Ана шу ўринда қуллик ва озодлик тушунчалари ўрин алмашгандек бўлади, гўё. Сизу биз кўргувчи, билгувчи, ҳис этгувчи, роҳат олгувчи олам гўзалликларини мувозанату мувофиқликда яратган парвардигорга тоату итоат мўминнинг шарафи, орзуси ҳам фарзу қарзидир.  Юқоридаги мисралар муаллифи шоир, полвон ва файласуф  Паҳлавон Маҳмуд қуллик ва озодлик тушунчаларини ўзига хос талқинини бермоқда. Инсон озодликни орзу қилади. Эрк тушунчаси эллар ва дилларга интилиш, куч ва шижоат берувчи илоҳий қудрат. Одамзот ўз саодатини ундан топади. Банданинг бандага мутеълиги ва ундан шафоат тилаши шармандалик баробаридадир. Мададу шафоат яратгандан экани ёддан чиққан куни инсон ўзлигидан узоқлашади. Азозилнинг қулига айланади. Энди бу эрк эмас, руҳ ва жисмнинг қуллиги, тобелигидир. Гарчи юрак кўкрак қафаси ичида бўлса ҳам, одам олам ичра бўлса ҳам руҳ озодлиги тушунчасини идрок этиши керак. Тан тутқунлиги руҳнинг бандилиги эмас, танани бўйсундириш мумкин, руҳни эгиш осон бўлавермайди. Руҳий соғломлик шифоси фикр, дори-дармони эса сўздан. Руҳиятни даволаш биринчи ҳаракат. Чунки, ҳар қандай касаллик руҳиятдан танага кўчади. Танани кимёвий усуллар билан маълум муддат даволагандек бўлишимиз мумкин. Лекин у ҳали, буткул соғайди дегани эмас. Руҳиятнинг иқлимлари ҳам бизни қуршаб олган борлиққа монанд. Тириклик меҳвари ҳам аслида шунда. Эътибор беринг, ҳаётнинг асосида булар туради: ҳўллик, қуруқлик, иссиқлик, совуқлик. Бу мезоннинг бузилиши турли хил иллатларни, касалликларни келтириб чиқаради. Нафақат одамнинг, балки бутун оламнинг, ҳатто, биз истеъмол қиладиган нозу неъматларнинг замирида ҳам ана шу тўрт унсур мавжуд. Бири иссиқлик бўлса, бири совуқлик, бири ҳўллик бўлса, бири қуруқлик. Уларнинг мувозанатида ўзгариш пайдо бўлса, турли табиат ҳодисалари содир бўлиши ҳам шундан. Руҳият инсон танасини бошқаради. Бошқарувчи кучнинг соғломлиги тананинг соғломлигидир. Ана шундагина ундан соғлом фикр чиқади. Худди шундан кейингина соғлом танда соғ ақл бўлади.

Тананинг шунчаки итоатида риё,  руҳ ва қалб итоатида эса зиё бор. Сиртдан қараганда, қуруқ баданнинг ҳаракати, “тоати”  инсоннинг асл кимлигини билдиравермаслиги аён. Тил билан айтилиб, дил билан тасдиқ қилиб имон келтирилмаса, қалбу қиёфатнинг уйғунлиги бўлмаса у ҳеч нима ва ҳеч кимдир.

Инсон руҳининг эҳтиёжи илоҳий ишқ озиғи. Уни ёр образи орқали бадиий изҳорини қила олиш шоирнинг истеъдодига дахлдор. Банданинг тобелиги, мутелиги, тоат-ибодати фақат яратганнинг ўзига бўлиши муҳаққақ. Йироқдан қараганда, олам гўзаллиги сенинг қарашинг ва табассумингга кўчгандек, гўё. Унга маҳлиё бўлиб асирингга айландим. Олдин ўз эрким, ўз ҳаддим бўйича яшардим. Энди, ундай яшаш мумкин эмаслигини сездим. Озодлигим тутқунликка айланди. Банди бўлган банда ўз ихтиёрича иш қила билмаслигини билдим, дейди — лирик қаҳрамон. Озодликда юриш бахтини бандиликка айланганидан у шод. Менинг шодлигим сенга банди бўлганимдандир деган ташбеҳий ифода билан шоир шу ҳақиқатни эътироф этмоқчи. Яъни, азалий ва абадий нисбату моҳиятга эга, доимий алмашиниб турувчи олам гўзалликларини яратган парвардигор инкишофига таҳсин айтиш, бу гўзалликнинг қулига айланиш унга бўлган улуғ ибодатдир. У муҳаббат билан йўғрилгандагина куч ва аҳамият касб этади. Тан, жон, руҳ бирлиги тирикликка нишон. Уларни айри тасаввур этиш қийин. Ана шу уч бирликнинг уйғунлигидаги Аллоҳга бўлган муҳаббат чин муҳаббатдир. Ният ва амал уйғунлиги эса ҳақиқат манзилига элтувчи восита. Кўнгулнинг изтироби қулликнинг роҳатига эврилишида банда ўзининг ожизлиги ва осийлигини ҳис этиши ҳамда қилган гуноҳларидан фориғ бўлиши учун қилган тавба-тазарруси туради. Ҳар бир сўзни  тор ва том маънода тушуниш тушунчасини инкор этиб бўлмайди, албатта. Тасаввуфий назар билан янада чуқурроқ ёндошилса, шоир истеъдодининг қирралари янада равшанлашиб бораверади. Ўз вужудида ҳам ақлий, ҳам жисмоний куч уйғунлашган донишманд шоир ва забардаст паҳлавон адиб тан қудрати билан руҳ қудратининг даражасини яхши идрок этганига  ҳеч қандай шубҳа йўқ.

 

                 БИЛИШ НЕЪМАТИ

Тун иккиқат хотун, не туғар экан?

Замона ҳукмидан не ёғар экан?

Умр аввалида не келди, кўрдик

Кўрармиз, охири не бўлар экан?

Билмаслик айб эмас, билишга интилмаслик айб деган ақида бор. Фанда билиш назариясини гносеология номи билан юритишади. Билим маълумотлар мажмуи, илм эса унинг ҳаракатдаги механизми. Ҳар иккаласи ўзаро боғлиқ. Келиш ва кетиш моҳиятини ўзига жо этган фоний дунёнинг биз билмаган, англамаган жумбоқлари кўп. Шунинг учун ҳам одамзот кўп нарсани билмаслиги билан инсон. “Инсон” сўзининг луғавий маъноси ҳам унутгувчи дегани. Билганларини ҳам аста-секин унутиб бораверади. Суқрот бежизга мен кўп нарсани билмаслигимнинг билимдониман демаган. Шунга монанд равищда Алишер Навоий эса “Билимдан лоф урмоқ, асли нодонлик, нодонлигин билсанг шу билимдонлик, ўз бошингга ўзинг солма ҳайронлик, бир “йўқ” келтиради минглаб осонлик” – дейди. «Инжил»да битилишича, одамзотнинг билишга қизиқиши унинг беҳиштдан қувилишига сабаб бўлган экан. Демак, билишга, илмга интилиш — одамзоднинг азалий хислати. Юнон афсоналаридан бирида билимни одамзотга ёв бўлган маъбудлардан бири ўйлаб топган, билим қайғуни оширади, дейилган. Чунки, илмли одамнинг дунёга даъвоси кўп. Даъвоси кўпни эса одамлар ёқтирмайди. Гўдакнинг даъвоси кам, шу боис ҳам уни ҳамма яхши кўради. Балки, шунинг учун ҳам катталардан кўра, гўдак кўпроқ бахтлироқдир, деб ёзади ўз тадқиқотларидан бирида файласуф олим Виктор Алимасов.

Муҳаммад пайғамбар “умматларимга шундай бир неъмат берилганки, афсуски, у менда йўқ” — деганида, “у нима экан, сизда бўлмай умматларингизда бор” — деб сўрашади. “Бу билмаслик, кўп нарсани унутиш неъмати. Агар сиз мен билган, ҳис этган нарсаларни билганларингизда эди, ёрилиб кетган бўлардингизлар” — деб жавоб қилган экан. Одамзот ақл-идроки, фантазияси билан англаб ета оладиган билим бор ва аксинча уддасидан чиқа олмайдигани ва илоҳиятдан бериладиган билим бор. Бу  ладуний илмдир. Ладун арабча сўз бўлиб, ёнидан, олдидан деган маънони билдиради. Бу илм Аллоҳдагина бор бўлган ва унинг ёнида бўлган илм бўлиб, хоҳлаган кишисига истаган пайтда, истаган жойда берилади. Аллоҳга яқин бўлган кишиларга илоҳий таълимни, яъни парвардигорнинг ўзи иноят қилади. Бу иш ақлнинг далилисиз, нақлнинг шоҳидисиз амалга ошади. У пири муршид таълимотисиз, ўзининг ҳаракатисиз, ғайбдан ҳосил бўлади. Бу илмларнинг чўққиси бўлиб, дили пок, илму амали бир, холис ниятли инсонларга Аллоҳнинг ўзи томонидан берилади. Авлиёларнинг аксариятига бу илм берилган. Тоат-ибодати ва ихлос-эътиқоди билан парвардигорнинг дўстига айланган валиларга бу насиб этган. Валий дегани ҳам “дўст” демакдир. Валий тангри доим кузатиб турадиган, ўзининг ҳифзу ҳимоясига олган зотлардир. Улар илм орқали ҳатто каромат ҳам кўрсата олган. Ҳатто, пайғамбарлар улардаги илму кароматга ҳавас қилиб ўтишган. Шунинг учун ҳам валиларга каромат, пайғамбарларга мўъжиза кўрсатиш иқтидори берилган.  Халқ орасида ўз айби ва феъл — атворини билган валийдир деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Одамни билиш илми ҳақиқат илмидир. Ўзини англаган куни у ҳаққа етишган ҳисобланади. Ўзликдан кечиш, нафсни тийиш ва ҳоказолар ҳақ васлига етишув йўлидаги довон. Мансур Халложнинг “аналҳақ” деганида ҳам ана шу моҳият мавжуд.

Паҳлавон Маҳмуд юқоридаги рубоийда билимнинг ўзи чексиз бўлса ҳам, инсоннинг билиш даражаси чегараланган деган мазмун бор. Тунда кўп нарсани кўриш ва англаш имкони йўқ. Зулматда одамзотнинг кўриш аъзоси ўз вазифасини адо эта олмаслиги аниқ. Атрофдаги нарса-ҳодисалар фақат ёруғликда, кундуз кунигина намоён бўлади. “Тун” образини “икки қат хотин”га қиёс қилинишидаги ташбеҳий ифодада ўзига хос маъно бор. Бу ўринда ҳомиладор аёлнинг ўғилми, қизми ёхуд эгизакми туғиши ҳақида гап кетаётгани йўқ, балки туғилган чақалоқнинг оламга қандай одам бўлиб келаётгани борасида сўз кетаяпти. Тарихда ёвузлиги билан из қолдирганни ҳам, эзгулиги билан ном қозонганларни ҳам она туққан. Маълум бир шароит, тузум ёки тизим сабабми баъзиларининг генида яхшилик, баъзилариникида эса ёмонлик ниш урган. Мозий эса яхши-ёмон тарихий шахсларга ҳам, турли воқеа-ҳодисаларга ҳам гувоҳ. Шоир бошга тушганни кўз кўрар қабилида умр аввалида не-не ҳодисотларни кўрдик, кейингиларини ҳам кўрамиз демоқчи бўлади. Турли ғоя ва мафкуралар, мазҳабу маслаклар ўз ўрнини бошқаси билан алмаштириши, ҳар қандай макину маконда, ҳар қандай замину замонда сизу бизнинг ихтиёримизда ташқарида амал қиладиган инкорни инкор қонунининг борлиги ва унинг тараққиётнинг белгиси эканига ишора бор унда. Рубоийда келажакдан башорат қилиш ўрнига ишоратнинг мавжудлиги адибнинг ғоявий нияти билан узвий алоқадордир.

 

                  МАҚСАД  МАНЗИЛИ

Ошиқлар миллати динлардан жудо,

Мазҳабу миллати биргина худо.

Каъбага боришдан мақсад эрур бир,

Агар борувчилар миқдори юздир.

Авлиё худо эмас, лек худодан жудо эмас. Парвардигор меҳрини қозонган, доимо унинг назарида бўлган валилар борасида ана шу фикр мудом айтилади. Худди шу маънода юқоридаги рубоий муаллифи Баҳоуддин Нақшбандий ўзи ҳам сўзи ибратга айланган сиймолардан биридир.  Қўлингни эт меҳнат бирла банд, дилинг бўлсин ёрингга пайванд дея нақшбандия тариқатига асос солган Баҳоуддин Нақшбандий ҳаёти ва фаолияти давомида олам ва одам муаммосига ўзига хос тарзда ёндошган. Яссавий каби фақирликни, барча мавжудотларга муҳаббат билан қарашни тарғиб қилсада, унинг қараши бошқачароқдир. У Яссавийга хос таркидунёчилик қилиб, хайр-эҳсон ҳисобига зоҳидлик қилишни эмас, балки, фақат ўзининг ҳалол меҳнати билан истиқомат қилишни ёқлайди, оқлайди, ҳақлайди. “Дил ба ёру даст ба кор” шиори одамзотнинг ҳаёт тарҳига, тарзига айланишига дахлдорлиги унинг ғояларининг ҳаётбахшлигидан, некбинлигидан далолат беради. Бухоро яқинидаги Қасри Ҳиндувонда туғилиб вояга етган Баҳоуддин Нақшбандни Бобои Самосий маънавий фарзандликка олган. Тариқат одоби ва илмини Саййид Амир Кулолдан олган. Бир неча йиллар олдин ўтиб кетган Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг руҳи уни тарбият қилган. Кимхоб матоларга нақш бериш касби билан шуғуллангани учун унга “нақшбанд” тахаллуси берилган. Буюк ва суюк авлиёлар таълимотининг таъсирида улғайган сўфийликнинг нақшбандия тариқатига асос солган Баҳоуддин номини нақшбанд нисбати билан боғланишида қандайдир рамзийлик ҳам бўлиши керак. Унинг фалсафий қарашларида ҳаёт гўзалликларидан, дунё неъматларидан фойдаланиш орқали яратганга қалбни боғлаш сингари умидбахш туйғулар мисоли матога солинган нақшинкор безак каби кишида таассурот қолдириши табиий. Бу нақш матонинг  бир икки маротаба ювилиши билан кўчиб кетадиган эмас, балки унга жипсланган. Бу инсоннинг эътиқоддаги собитлиги ва қатъийлигининг тимсолидир. Сафарга отланган кимса йўл тадоригини кўради. Риҳлат ҳам сафар. Унинг ҳам ўз “тадориг”и бор. Боқий дунёга риҳлат қилгунга қадар одамзот ўзининг эзгу амаллари билан умрбоқийлик мазмунига янада руҳ ва мазмун бахш этади. Сафарга отланган мусофирнинг ким бўлишидан, қайси миллат, қайси мазҳабу дин вакили бўлишидан қатъий назар, уларнинг мақсад манзили бир Ҳақ дийдори. Ундаги етти қават нисбати билан бандага берилувчи жаннат ёки жаҳаннамдаги жой Ҳақнинг “инъом”и. Шундай экан, манзилга етиш учун турли йўллар бор текис, равон, ўнқир-чўнқир, эгри-бугри ва ҳоказо. Ким қайси йўлдан боришни афзал билади, бу унинг ўзига, олган сабоғи, одобу ахлоқи, чиқазган ибрату хулосасига боғлиқ. Нурли манзил худди қояга интилаётган альпинистнинг забт этаётган довони, чўққиси янглиғдир. Унга етгач ҳамма нарса равшан кўринади, ойдинлашади. Ҳаёт сўқмоқларини, чорраҳаларини билиб тўғри юриш ва туришнинг ҳам қоидалари бўлгани каби ўз йўриғи, фойдалари ҳам мавжудлигини билган, ҳис этган жамиятнинг толеъи юксак бўлиши муҳаққақ.

Мақсад манзили сари интилаётган одамзотнинг ҳаёт йўлларини эътиқод тимсоллари сифатида оладиган бўлсак, асосан, ушбу катта йўлларнинг мавжудлигини кўриш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, бу йўллар шомонлик, зардуштийлик, иудаизм, сионизм, брахманлик, буддавийлик, шинтоизм, насронийлик ва ислом. Булар шаклан ҳар хил бўлсада, тангрининг буюк қудратини тан олиш ва унга сиғиниш, юкиниш мазмуни билан бир хилдир. Чинакам ошиқ йўлларни эмас, Ҳақнинг дийдорини орзу қилади, туну кун ўйлайди, унга ташна бўлади. Шунинг учун ҳам Жалолиддин Румий “мен етмиш икки мазҳаб билан бирман” деганида дўстлик, аҳиллик ва умуинсоний ғояларни эътироф эта туриб, қайси йўлдан юрмайлик, Яратган парвардигор васлига интилиш фарзу қарзлигини эслатиши бежиз эмас. Нақшбандий ҳазратлари ҳам юқоридаги рубоийда миқдорнинг қанчалиги муҳим эмас, балки чин ошиқликни, эътиқоддаги собитликни уқтиради. Узоқроқ манзилга бориш ниятида бўлган киши қандай транспорт воситасини танлаши унинг ўзига тегишли. Энг муҳими, шу ерга соғ омон етиб борса бўлгани. Умуминсоний ва миллий диний қадриятларга муҳаббат ҳам инсон толейининг порлоқлигига ишорадир. Алишер Навоий  “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, ёр ўлунг бир-бирингизгаки эрур ёрлиғ иш”, дея бонг уриши билан ана шу мулоҳазаларни таъкидлаётгани рост. Дунёнинг моҳияти ва қудрати дўстлик, аҳиллик, илму тафаккур ва бирликдадир. Шу борада сўз кетса, шоирларимиздан бирининг ушбу мисралари ёдга келади. “Мақсад бир бўлмаса жам бўлмагаймиз, жам бўлсак бошимиз хам бўлмагаймиз, ватан бир, ғоя бир, дўстмиз, биродар, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз”.  Том маънода оладиган бўлсак, ер сайёраси – она заминимизнинг бирлиги, борлиги учун аҳиллик ва тинчлик зарур. Бу йўлдаги собитқадамлик ва фидойилик доимо улуғланиб келган.

Баҳоуддин Нақшбанднинг ушбу шеъри асосида ҳам унинг олам ва одамга муҳаббатини, умуминсоний тамойилларга   меҳрини туйиш мумкин.

 

 

                        ЗИЁРАТ ВА ТИЖОРАТ

Ул  ҳаром ҳаришдан йиғди тиллони,

Оғзига қаратди кўп катхудони,

Сўнг жаннат ғамин еб, садақа қилди

Сотиб олмоқ учун энди “худо”ни.

 

Ҳар кимнинг ниятига яраша, деган гап бор. Қалби, мақсади ҳаракатига мос келадиганларда тил ва дил, суврат ва сийрат уйғун бўлади. Акс ҳолда, риё юзага чиқади. Риёкор хўжакўрсинга иш қилади. Унинг шиори, ҳаёт тарзи ичи қалтироқ бўлса ҳам усти ялтироқ бўлсин. Нимаики иш қиладиган бўлса, чин дилдан, астойдил эмас, балки бировларнинг юзи, кўзи учун қилади. Сохта обрў, қуруқ ном қозониш илинжи билан яшайди у. Агар бойиса яна бойигиси, мансабдор бўлса, қандай йўл билан бўлмасин, ўз амалини сақлаб тургиси келади. Оқибат ва охират тушунчаларига ҳам у бефарқ эмас. Уни ҳам ўз қалб қаричи билан ўлчашга, ҳал этишга интилади. Шоир худди шундай тоифадагиларга, одамийликдан, дину диёнатдан сўз очиб, ўзи куракда турмайдиган ишларни қиладиган, ғийбату ҳасад билан умр кўрадиган, одамлар орасида ҳар хил фисқу фасод тарқатадиган, савдо ишида тилёғмалик қилиб тарозидан уриб қоладиганларга нафрат билан қарайди. Тоату ибодат, тақвони ҳам ана шундай ҳаракат замирига қуриш эса гуноҳи кабир эканига ишора қилиш орқали шоир шу хусусда сизу бизни мулоҳазага чорлайди. Чинакам обиднинг тақводорлиги аллоҳ ризолиги учун, чеккан заҳмату меҳнати эл-юрти учун. Жаҳаннам азобидан қўрқиш, жаннат лаззатларидан умидворлик замирида инсоннинг ўзлиги ётади. Ана шу жараёнда у ўз -ўзини кашф этади, ўзгага кимлигини намоён этади. Йирик мутасаввуф Боязид Бистомий ўз муридлари билан йўлда кетаётган бўлади. Бирдан таққа тўхтаб йўл четидаги бир ҳодисотни илоҳий назар билан илғайди. Муридлари сўз қотади: эй пири муршид, сизга нима бўлди, рангингиз оқариб, ўзингиз беҳол бўлдингиз? Боязид Бистомий ҳеч нарса демасдан, йўл чеккасидаги тупроқ тагида ётган кесилган бош суягини қўлига олди. Чангини артиб, уни оҳиста ўпди ва кўзига суртиб яна жойига қўйди. Бу бирон бир қариндошингизмиди, де сўрашди муридлар. “Йўқ, — деди пири муршид, — бу ҳақ йўлида кесилган дарвешнинг муқаддас бошидурки, у фоний дунёнинг лаззатидан ҳам, боқий дунёнинг жаннатидан ҳам воз кечган фақат ҳаққа интилган қаландар эди”.  Бундан кўриниб турибдики, банда тоат-ибодат  қилганида ниманидир тилаш илинжида бўлади. Бир тоифадагилар ўзига, оиласига тани сиҳатлик, бойлик, мансаб, умр, хотиржамлик ва ҳузур-ҳаловат тилайдилар. Иккинчи тоифадагилар эса, жаҳаннам азоби, мункар ­- накир сўроғи, дўзах оловидан қўрқишлари сабабли ибодат қиладилар. Учинчилари эса фақат Ҳақнинг ўзига ошиқ бўлиб, унинг васлига етиш учун бу дунё лаззатию, у дунё жаннатидан ҳам воз кечган ҳолда ибодатга машғул бўладилар. Англашилаяптики, биринчисида тамаъ, иккинчисида қўрқув, учинчисида илоҳий ишқ маъноси бор. Боязид Бистомий кесилган қаландарнинг боши учинчисига мансублиги боис уни эъзозу эҳтиром билан ўпади. Бу билан тамаъ илинжида қилинган ибодатдан кўра, тангрининг ризолигига мушарраф бўлиш учун қилинган ибодат буюк саодат эканлиги таъкидланади. Тан, жон ва руҳи билан парвардигорга талпиниш ҳисси чин ибодат эканини англатиш шоирга тинчлик бермайди. Тили бошқаю, дили бошқаларни мунофиқликка мувофиқ деб билади. Мунофиқ кимсалар аслида дилида иймони йўқ, жону молини сақлаб қолиш учун, диёнатга хиёнат қилишга тайёр, тилида иймон калимасини айтиб, дилида куфрини яшириб юрувчи иккиюзламачилардир. Исломда шубҳа асосида ёки ноаниқ далил билан қатъий ҳукм чиқарилмайди. Зоҳирига қараб ҳукм  қилинади, ботинини эса фақат Аллоҳ билади. Зиёрат нияти билан бориб тижорат мақсади билан қайтганларга ҳам қараб зиёратларингиз қабул, муродларингиз ҳосил, ниятлар восил  бўлсин, деймиз. Кимнинг ҳажи қабул бўлган-бўлмаганини ҳам билувчи ёлғиз тангрининг ўзидир. Баъзи битикларга қараб ҳамма замонларда ҳам эътиқодли ё эътиқодсиз, иймонли ё иймонсизлар бўлганини кўриш мумкин экан. Ҳатто, ислом дини ҳукмрон бўлган бир даврларда ҳам шу ҳолни кузатиш мумкинлигига таажжуб қилади киши. Акс ҳолда, Паҳлавон Маҳмуд ушбу мисраларни битмаган бўлармиди. “Бу ҳожики, аввал эди бир илон, ҳаждан келиб аждар бўлди беамон, ҳарам-парам деса асло алданманг, уйи куйгур ўзи асли беимон.”

Бировга худо йўлида бир дирҳам бермайдиган, лекин олишни канда қилмайдиган, олганда “бисмилло”, берганда “астағфирилло” дейдиган суратий диндорларни ҳажв остига олиш анъанаси мумтоз адабий меросимизда бор бўлган ҳолат. Бу дунёда пичоғи доимо ёғ устида бўлган, умрини кайфу сафо билан ўтказувчи, дегани деган, егани олдида емагани ортида бўлганлар у дунёнинг ғаму ташвишига тушиб қолади. Одамларнинг кўзича, садақа ва худойилар қилиб жаннат умидида иш тутади. Ҳаром-ҳариш билан йиғилган пул унга насиб этмайди, насиб этгандек бўлсада, баракаси бўлмаслигини улар хаёлига ҳам келтирмайди. Қалбу қиёфатини дастурхон зиёфати билан ёпишга бўлган ҳаракат пуч, хом хаёл. Сувратий ва сийратий бирликкина, чин эътиқодгина Аллоҳ йўлида мақбул ва манзур эканлигини эслатиш рубоий замирига сингдирилган маъно эканлиги эндиликда аён.

 

              Ижод ва ижро

Бизлар қўғирчоғу фалак қуржоқбоз,

Бу сўзим чин сўздир эмасдир мажоз.

Йўқлик сандиғига бир бор кирамиз,

Вужуд палосида ўйнагач бироз.

Инсон табиатидаги яратиш ва ижро этишдан завқ олиш ҳисси ҳам нисбий. Мутлоқ ҳақиқат парвардигорнинг ўзи. Ҳофизнинг “Дунёда ўлимдан бошқаси ёлғон” деб куйлайдиган қўшиғи ҳам бежиз эмас. Ёлғончи дунёнинг “ишвасию ажойиботлари, ғамзасию ғаройиботлари”  одамзотни алдайди, аллалайди,  ўзига ром этади. Ўзининг ғофиллиги боис у кўзни элитади. Мизғиб қолганини билмай қолади. Ижодкорлик яратувчилик, кашф этувчиликдир. Биз ихтиро деб билган нарса аслида, олдиндан ихтиро қилинган, сиз янгилик деган нарса аслида, қачонлардир унутилган эскилик экани ҳам ҳақиқат.  Шоирнинг бу борадаги ушбу битигига эътибор беринг.

Янгилик айлади дилни минг пора

Бир сўз айтмоқлиққа топмадим чора,

Бу дунё азалдан кўҳна, кўҳнадир,

Сен янгилик излаб, бўлма оввора.

Имкониятлари чегараланган инсоннинг “кашфу каромати” ҳам ўзига хос. У митти ихтиролар билан ўзини ўзи овутади, хурсанд қилади. Аслида, унинг ўзи кашфиёт эканлигини, парвардигорнинг илоҳий қудрати, неъмати ҳосиласи экани аён. Бандасига изланиш, интилиш, ижод ва ижро уйғунлигидан завқланиш ҳиссини берган тангри унга билим орқали, илму тафаккур орқали англаш ва ҳайратланиш шавқини ҳам берган. Билишга интилиб, изланиш орқали ўз умр моҳиятини, табиат ва жамият сир-асрорларини  англашга талпиниши ҳам бандага ғайрат­-шижоат, ёниб-куйиб яшаш неъматини инъом этган.

Умар Хайём ўз рубоийсида юқоридаги фикрларни умумлаштира туриб ташбеҳий ифода орқали нимадир демоқчилигини эндиликда билаётган бўлсангиз керак. Инсоннинг овунчоғи ­– табиат ва жамият неъматлари, худди боланинг қўғирчоқ ўйнаб ўз кўнглини шод этиш ҳаракатига ўхшайди. Ёш бола турли хил ўйинчоқларини, қўғирчоқларини ўйнаб,  ўз­-ўзича сўйлаб, уларга ниманидир уқтирган, танбеҳ берган бўлади. Овоз чиқариб тушунар­-тушунмас нималар ҳақдадир сўзлайди. Қўғирчоқлари унинг қўйган ҳолатида жим тураверади. Бирини олиб у ёққа, бирини олиб бу ёққа қўяди. Бола қўғирчоқбозга ўхшаб уни ўзи истаган кўйига солади. Қўғирчоқ унга “итоат” этмасдан иложи йўқ. Аччиқланса синдириб ташлайди. Пешонага ёзилганни кўриш, ижро этиш банданинг иши. Унинг қачон, қаерда, қай ҳолатда ўлиши ҳам яратгандан бошқага аён эмас. Диний ва тасаввуфий таълимот нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, иймоннинг етти асосларидан бири тақдир, қазои қадарга иймон келтириш, яъни ҳар бир нарса-ҳодисотнинг содиротини Аллоҳ хоҳишидан деб билиш ва ишонишдир. Қисмат, яъни бўлажак нарсаларнинг яратилишидан олдин уларнинг қачон, қаерда, қандай пайдо бўлишини азалдан билиб, белгилаб қўйилишидир. Ана шу белгилаб қўйилган нарсаларни тангри белгилаган ва тайин этган шаклда рўй бериши бу “қазойи қадар”дир. Тақдирни азалдан пешонага битиб қўйилган илоҳий тамға деб билиш деярлик барча динларда мавжуд. Парвардигор одамзотга айни пайтда идрок, ирода ва фаолият эркинлигини берган. Демак, одамзот ўзининг фаолиятида содир этадиган яхши ёки ёмон, савоб ва гуноҳ ишларига ўзи жавобгардир. Бу ишларнинг тегишли ажрини бу дунёда, қолганини у дунёда олади. Инсон бошига тушадиган мусибатлар ўлим, касаллик, очлик, муҳтожлик, бахтсизлик, омадсизлик кабилар замирида инсон ақли етмаган илму тилсим, сир-синоатлар борлигини инкор этиб бўлмайди. Демак, тасодиф ва зарурият тушунчалари бир-бирларига қоришиб кетадики, у деганингиз “бу” бу деганингиз “у”га   айланиб кетади. Натижада, ҳеч қандай нарса тасодиф эмас экан, деган хулосага келасиз. Тақдирга ишонган киши ортиқча кулмайди, ортиқча йиғламайди. Сабаби, “тақдир” тушунчасининг луғавий маъноси ўлчовли, ҳисобли демакдир. У ҳар бир нарсанинг ўз меъёри борлигини эслатади. Шунинг учун ҳам Бедил ҳазратлари бу ҳақда шундай демишлар: “Узлуксиз шодлик ҳам келтиради ғам, ҳаддан ортиқ базм мисоли мотам, ҳар нарса меъёрдан ошмаса яхши, ҳаддан ошса, ўтдан баттароқ сув ҳам.” Тақдирга ишонган киши мусибатлардан кўп қайғуга чўкмайди, омаду ютуқларидан эсанкираб ҳам қолмайди. Унга Аллоҳнинг иши, хоҳиши, инояти деб қарайди. Тақдирга бўлган ишонч инсонни саботли, матонатли, қўрқмас қилиб олға чорлайди, мол-дунё ғамидан холи қилибгина қолмасдан, унга тани сиҳатлик ва руҳий хотиржамлик бахш этади. Яхшиликка савоб, ёмонликка жавоб борлигини билган киши айни дам учун куйиб пишмасдан эртани ўйлаши муҳаққақ. Оламда ҳеч иш пала-партиш эмас, маълум бир биз билмаган, ақл-идрокимиз ета билмайдиган қонуниятга қурилган. Бир куни Мусо алайҳиссалом яратганга мурожаат қилади: Эй парвардигор, менга адолатингни кўрсат, деди. Садо келди: Тур тоғига боргин! Бориб кутиб ўтирди. Бир пайт бир отлиқ келди-да, оти ҳам, ўзи ҳам сувсираб шилдираб оқаётган булоқ сувидан ича бошлади. Шу пайт суворий эгилган пайтида қўлтиғидан нимадир тушди, сезмади ва отга миниб равона бўлди.  Кўп ўтмай бир ёш бола булоққа яқинлашди ва сув ичишга тутинди. Кўзи халтачага тушди, қараса ичи тўла тилло тангалар эди. У ёқ бу ёққа аланглади. Сўрай деса, берай деса ҳеч ким йўқ. Халтачани белига қистирди-да сувдан ичиб кўздан ғойиб бўлди. Бироздан сўнг, қўлидаги ҳассаси билан сўқмоқ йўлни пайпаслаганча, бир сўқир киши кела бошлади. Сувнинг шилдираб оқаётгани қулоғига чалинди, булоқ сувидан симириб ичди ва яна йўлга тушди. Кўп ўтмай унинг қаршисидан халтачани тушириб кетган суворий чиқди. “Тўхта! Жонинг керак бўлса, тилло тангалар тўла халтачамни қайтариб бер. Акс ҳолда, чавақлаб ташлайман.”

“Мен бир нобино, кўзи ожиз бўлсам, қанақасига сенинг халтачангни кўришим, топишим, ўғирлашим мумкин. Эсинг жойидами, мен олганим йўқ,” деди. Бу ерда сендан бошқа ҳеч бир жонзот йўқ, бир жойга яширгансан, тўғрисини айт, сен билан пачакилашиб ўтиришга тоқатим йўқ” — деди-да, дарғазаб бўлиб, унинг кўксига ҳанжар урди.

Мусо тилга кирди: эй парвардигор, менга адолатингни кўрсат десам, сен зулмингни кўрсатдингку?!

Садо келди: “Бу адолатим! Суворийнинг отаси бир пайтлари ана у ўспириннинг отасидан қарздор эди. Қарзни узмасдан кўп йиллар давомида уни-буни баҳона қилиб дунёдан ўтди. Берган пулларини қайтариб ололмай бир неча йиллардан сўнг унинг ўзи ҳам дорилбақога риҳлат қилди. Ўша пул эгасига қайтди. Бир пайтлари кўзи сўқир кишининг отаси суворийнинг отасига туҳмат қилиб, беайб майиб қилиб, асоссиз қасосга учратиб ўлдиртирган эди. У ҳам адолатли ҳал бўлди!”

Бу фикр эса илмий манбаларда қайд этилганидек, “Таврот ва Инжилда ёзилишича, киши қилган гуноҳ ишлари учун жазонинг бу дунёда олинмаган қисми келгуси тўрт авлодларидан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин” деган мулоҳазаларга монанд келади. (302-бет)

Яратилган нозу неъматларга муносабат имтиҳон. Шу боис бу дунё синов. Банданинг қандай ўтгани, натижа яратганнинг ўзига аён. Олий ҳакам у. Одамзотга фаолият эркинлигини бериш билан бирга уни назорат қилувчи ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ҳам берган. Ҳис-туйғу хоҳиш оти, ақл-идрок эса жилов, яъни, ўша хоҳиш отининг тизгинидир. Уларга муносабат фаолият мезони. Инсон ўзининг фаолият эркинлиги билан тақдирнинг маълум қисмини ўзгартириши мумкин. Қанчалик қисмини ўзгартира олади, бу тангрининг сиридир. Қисмат қазои қадар, у барчадан ҳаттоки, фаришталардан ҳам сир тутилади. Инсон инон-имконияти доирасидаги ишларни қилади, қилолмаганларини яратганга топширади. Буни исломда таваккул дейишади. Инсон ўз олдига бир мақсадни, катта бир режани қўйди дейлик, у амалга ошмади, бунга ўкиниш, қайғуриш ножоиз. Сабаби барча ишларнинг қандай бўлиши “Лавҳ ул-маҳфуз” китобида, пешонага битилмагани учун амалга ошмаган ҳисобланади. Унинг истиқомат макони – қоқилган “қозиғи”, ейдиган “озиғи” аслида, битилган “ёзиғи”да бўлади. Ёзғитни ўзгартириш илинжи эса бўлар-бўлмасга қуруқ ер депсинишдан бошқа нарса эмас. Борлиқни тартибли қилиб бошқараётган Доно бошқарувчи ҳукми олдида банда ожиз. Баъзи оқим намояндалари фаталистик қарашларга зид ўлароқ, уни тафтиш ва таҳлил қилиш илинжида ҳам бўлишади. Тўғри, Хайёмнинг бошқа бир рубоийсида шуларни ўқиймиз: Азалдан лойимни қорганда Худо, биларди феълимда не бўлур пайдо, ҳукмидан ташқари эмас, гуноҳим, не учун маҳшарда беради жазо?  Одамзотнинг роҳат-фароғатию ҳузур-ҳаловатига, айш-ишратию кайф-сафосига сабаб бўлувчи нарсалар кўп. Ким қайси бирини ўзига маъқул деб билса  қилиши мумкин. Аслида, улар синов чипталари. Унинг савол-жавоблари борлигини инсон ёдда тутиши зарур.

Ана энди рубоий замирига жо бўлган ижод ва ижро тушунчаларига йўл очилади.  Бу тушунчалар тор ва кенг маънода ёндошиш асносида идрок этилса, шоирнинг ғоявий мақсади янада равшан бўлади. Қўғирчоқбоз ва қўғирчоқ тушунчаларида яратувчи ва банда орасидаги ўзига хос ички руҳий боғлиқликка ишора борки, у имкон ва хоҳиш тушунчаларини ўзида мужассам этган. Одамзот баданидаги қоплама тери – “вужуд палоси”, иккинчи бир маъноси ҳам борки палос жаҳон айвонидир. “Йўқлик сандиғи” қоронғи қабр, иккинчи бир маъноси ҳам борки, ким учундир унинг дор ул-фано ва ким учундир дор ул-бақо бўлиб туюлишидир.

Ижодкор парвардигорнинг ўзи, инсоният унинг ижод маҳсули. Ижродаги эркинлик муайян тартиб-тизгин ва қонуниятлар доирасида бўлади. Шунинг учун ҳам машҳур нотиқ Марк Тулий Цицерон “инсон эркин бўлиши учун у қонуннинг қули бўлиши керак”­- деб бежиз айтмаган. Ҳис-туйғу қули бўлишдан кўра, ақл-идрок билан иш тутиш фаолият ва ирода эркинлигига боис, қолаверса, яратганга яқинлик, шукроналик ва қаноатнинг дилдаги муқимлик белгиси ҳамдир.

 

          Келиш-кетиш мантиғи

Ёдингдами, сен туғилғон он?

Ҳамма хандон эди, сен эса гирён,

Шундоқ яшагинки,  сен ўтгандан сўнг

Ҳамма гирён қилсин, сен боргин хандон.

 

Туғилиш ўлимга қўйилган биринчи қадамдир. Қуёш ботиш учун чиқади, одамзот ўлиш учун туғилади. Ҳақ гап. Иккинчи томондан қараладиган бўлса, умрнинг давомийлиги-ю, наслу насаб, яъни шажаранинг бардавомлиги билан изоҳланади. Чақалоқнинг дунёга келиши деярлик барча макину маконда шоду хуррамлик билан нишонланади. Қадимий ривоятлардан бирида бошқача манзаранинг гувоҳи бўламиз. Кунларнинг бирида Муҳаммад пайғамбарнинг гузари Мусо қавмидан тушади. У бу ерда ғайри табиий бир ҳолатни кузатади. Чақалоқ туғилса, ер депсиниб йиғлашиб, юзларини тимдалаб айюҳаннос солишаётганининг гувоҳи бўлади ва таажжубланиб сўрайди.

  • Нега бу даражада ўкинчли, хафа, ғамноксизлар?
  • Ўкинмай бўладими, ахир? У осуда, тинч дунёдан ғам-алам, ўй-ташвиш, азоб-уқубатларга тўла дунёга келганини қандай хурсандчилик билан кутиб олиш мумкин?

Яна бир жойда бир кишининг дунёдан ўтгани боис дафн маросимини кузатади. У ерда марҳумни билган ва унга яқин бўлганларнинг еб-ичиб ўйин-кулги қилаётганларини кўради ва сўрайди.

  • Бир инсон дунёдан ўтганда уни хотирлаб маҳзун ва ғамгин бўлиш ўрнига сизлар аксинча, хурсандчилик қилаяпсизлар?
  • Фоний дунё ташвишлари, уқубатларини ортда қолдириб, ғам-аламлардан холи бўлиб, ўзи келган тинч маконига кетаётган бўлса хурсандчилик қилмай бўладими?

Яна бир жойга борса, одамлар яшайдиган уйларнинг олдларида, ён атрофларида катта-кичик қабрларнинг мавжудлигини кўради ва сўрайди:

  • Бизда қабристон алоҳида жойда бўлади, марҳумлар алоҳида жойга дафн этиладилар, бу не ҳолдир?
  • Булар бегона қабрлар эмас, ўз яқинларимизнинг мозорлари. Улар бизга ибрат манзилгоҳи. Одамзот ҳар хил кайфиятда яшайди, бир кун шод, бир кун ғамгин. Ҳар хил ҳолатда яшайди: бир кун бой, бир кун камбағал. Шундай экан бизда ҳам ғурур, манманлик, ортиқча дабдаба, ҳашаматга мойиллик, кибрланиш кайфиятлари бор. Ана шундай дамларда бу қабрлар бизга ўтганларимизнинг қабрга нима олиб кетганини, балки барча мол-дунёси қолиб кетганини эслатади. У ҳаддимиздан ошиб кетганимизда бизни мувозанатга келтиради. Шукр ва қаноат билан яшашга ўргатади.

Келиш ва кетиш, яъни туғилиш ва ўлиш фалсафаси ҳам билим билан, идрок билан. Ўлимни эслаш ҳам инсоннинг қандай яшашга ўргатади. Нима муҳим ва нима номуҳим эканлигини билдиради. Шунинг учун ҳам тасаввуф таълимоти намояндалари зикрида ўлим тушунчаси алоҳида ўрин тутади. Ўлимни эсламаслик лоқайдлик, кайфу сафо, такаббурлик, очкўзлик, инсофсизлик каби иллатларга йўл очади. Инсонийлик қиёфатидан маҳрум бўлиб тобора тубанлашиб шаҳвоний иллатларга гирифтор бўлади. Ўзлигини тамомила йўқотади. Улар учун ушбу ҳақиқат бегона бўлади: банданинг қисмати – ўлим, қароргоҳи – қабр, тўшаги – тупроқ, суҳбатдоши – Мункар ва Накир, улфати – қурт-қумурсқалар, хосхонаси – ер ости, ваъдалашган жойи – маҳшаргоҳ, сўнгги манзили – жаннат ё дўзах.

Аҳли донишлардан бири биродарига шундай мазмунда мактуб ёзган экан: “Эй биродарим! Ўлимни қанча орзу қилсанг ҳам ўлиб бўлмайдган дунёга кетишдан олдин мана шу дунёда ўлимдан огоҳ бўл! Ким ўлимни англаса, унга бу дунёнинг мусибатлари — ю, машаққатлари арзимас бўлиб қолади.”  Робеъ ибн Хасим ҳовлиларида қабр қаздириб қўйиб, ҳар куни бир неча марта лаҳадга кириб ётиб, шу йўл билан ўлимни ёдда тутар экан. Унинг кўп такрорлайдиган гапи шу экан: агар қалбим бир соат ўлимни унутса, фасод бўлади.

Тўғри қарашлар ҳам ҳар хил. Эпикур шундай дейди: “ўлим биз учун ҳеч нимадир, биз бор жойда ўлим йўқ, ўлим бор жойда эса биз йўқ.”  Ўлимни четлаб ўтиш имкони йўқлигини билганлар ғафлатга тушмаслиги аниқ. Инсон ғофилликдагина ўзига тасалли, таскин беради. Ҳали ўлимга анча вақт бор деган ўй билан умргузаронлик этаверади. Лекин ажал уни ҳар дамда, ҳар қадамда кутиб туришини хаёлига келтиравермайди. Ўзидан ёши анча катта инсонлар борлигини кўради, ҳали менга бор экан деб ич ичидан қувонгандек бўлади. Гўё инсон уларнинг ёшга етиш етмаслигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ундан қочишнинг, бекинишнинг имкони йўқ. Айтишларича, Сулаймон пайғамбарнинг қадрдонларидан бири унинг зиёфатида ҳамсуҳбат бўлиб ўтирарди. Шунда даврада унга ёвқараш қилиб қараб ўтирган совуқ юзли бир кимсани кўрсатиб дейди: Сулаймон, ҳу тўрда ўтирган кимарсага қарагин, ҳеч мени кўздан қочирмайди, тинимсиз мени кузатади, гўё бошқа қиладиган иши йўқдек. Худди мен унинг арпасини хом ўриб қўйгандек. Ким у, ўзи? Танийсанми?

  • Танимадингми уни ҳазрати Азроил-ку?
  • Ундай бўлса, тезликда мени унинг кўзидан йироқ қилгил.

Сулаймон пайғамбар тилсимий йўл билан уни Ҳиндистон томонга узатади. Орадан бир қанча вақтлардан кейин Сулаймон пайғамбар Азроил билан учрашиб қолади. — Бизнинг қадрдонимиз кўринмай кетди, сендан жуда қўрққан экан, ўшанда, — деди.

Шунда Азроил дейди: Менга унинг жонини Ҳиндистонда олиш буюрилган эди. Парвардигордан янглиш бўлиши мумкин эмас деб ҳайрон бўлиб тургандим. Вақти соати яқинлашган бўлсада, у сенинг ёнингда, зиёфатингда ўтирарди. Кейин унинг жонини Ҳиндистонда олдим.

Бундан шу нарса англашилаяптики, ўлим тасодифий эмас, зарурий ҳодиса. Унинг қачон келиши қазойи тақдирга битилган, бандасининг билиши мумкин эмас.

Юқоридаги рубоийда инсоннинг иккинчи умри ҳақида сўз кетяпти. Унинг иккинчи умрни яшаши  жисми тупроққа қоришгандан кейин давом этади. Аниқроғи, дорулбақога риҳлат қилгандан кейин давом этади. Қачонки, у ўзининг эзгу ишлари билан халқ эътибори ва эҳтиромини қозонган бўлса, у ўлимидан кейин ҳам барҳаётлик нашидасини руҳан қабул қилади. Эшитган ва ўқиганларимдан мутаассир бўлиш асносида бир пайтлари ёзганим ушбу қораламани сизга илиндим.

«Минг йил умр кўргил»,-деди бир оқил,

Таажжубла ҳайрон боқдим мен унга.

Айтишар-ку, «етти ўлчаб бир кесгил»

«Қайси одам кирган эмишдур мингга?»

Донишманд тикилди, ўйчан бир нафас,

Сўнгра сўз қотдилар, маънидан калом.

«Инсон тириклиги жисми биланмас,

Минг йилнинг мезони-қолса яхши ном.

Эзгу ишларингни элинг қилса ёд,

Иккинчи умрдур яшашдан мурод.»

Кўп ўйладим, кейин англадим, билдим,

Унинг сўзларида айни ҳақиқат,

Юз бор қуллуқ қилиб ул зотга дедим:

«Сўзингиз, ўзингиз баайни ҳикмат!»

Юқоридаги рубоийда одамзотнинг назарга ёки ҳазарга тушиб яшаши ҳам мумкинлиги, эзгу амаллар, қилинган хайру саховат, инъому эҳсонлар, қурилган мактабу мадрасалар, барпо этилган иншоотлар, элдошларига кўрсатилган беминнат, беғараз ёрдамлар унинг мангуликка муҳрланишига замин яратиши борасидаги ҳақиқат ўз аксини топган.

 

           Фарз ва қарз

 

Ота она розин жисму жон билдим,

Жисму жон мулкинда шараф шон билдим,

Икки  олам аро мавжуд эканман

Икки жаҳон тожин икковлон билдим.

 

Дунёга келишга “робитаи воситаи одамиён” бўлган ота-онанинг хизмати, ҳурмати борасида китоблар ҳам, хитоблар ҳам кўп. Инсон зоти борки, ўзини уларнинг борлиги билан бир бутун ва бахтиёр ҳис этади. Фарзанд камолотида уларнинг тарбияси ва меҳр қўрининг аҳамияти катта. Улар бамисоли қўрғон, хавф-хатардан, балойи қазодан дуолари билан асрагувчи,  офатларни даф этгувчидир.  Шунинг учун ҳам ҳазрат Навоий уларга бўлган эътибор олий даражада бўлишини эътироф этиш асносида ота-онани ою қуёшга ўхшатади.

Бошни фидо айла ато қошиға

Жисмни қил садқа ано қошиға

Тун-кунингга айлагали нур фош

Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Ота-онанинг фарзанди улғайгунга қадар унинг атрофида парвонадек гирдикапалак бўлишини тун ва куннинг безаги ой ва қуёшнинг бирин-кетин айланишига ташбеҳ қилади шоир. Ой ва қуёш ёруғлик манбаи, шунга монанд  ота-она ҳам кўнгил чироғи. Ўз сўзи, меҳри бил дилларни ёритади. Ғамгин дилларга қувонч бахш этади.

Қушнинг парвози қўш қаноти билан. Инсон камолотида ҳам қўш қанот борки, бу таълим-тарбия берувчи, инсон маънавияти ва маърифатини оширувчи кучлардир. Шу маънода бир қанот ота-она бўлса, иккинчиси таълим берган устозларидир. Ҳар иккала қанот ҳам инсоннинг баркамол бўлиб, мукаммалашиб боришида, комил инсон бўлиб етишувида ўз хизматлари билан алоҳида ўрин тутади. Киши чинакам маънода, улардан олган сабоқларига амал қилса, ножўя қадам ташламаса, ҳаёт довонларидан муваффақият билан ошиб ўтаверади. Акс ҳолда, қоқилади, сурилади. Танбеҳ, маслаҳату насиҳатларнинг моҳияти эса анча кечроқ надоматлар пардасида англашилади. Ирода сустлиги шунга йўл қўяди. Яратганнинг нигоҳидан четда  туриш мумкин эмаслигини унутади. Тавба-тазарру аслида, виждон олдидаги ҳисобот. Ҳаёт қайта берилганида ўз фаолиятини бошқача бошлаши мумкинлиги борасидаги ўкинч у. Инсон қалби бир зумда англашиладиган руҳий ҳодиса эмас. Талаб ва эҳтиёжнинг бир бутунлигидаги мураккаб ижтимоий-руҳий ҳодиса бу кўнгул мулкидир. Уни забт этиш осонликча кўчмайди. Инсон дилини забт этиш улуғ ва қутлуғ иш саналади. Шоирнинг “бир ғариб кўнглини қила олсанг шод, яхшидур ер юзин қилгандан обод” дейиши ҳам бежиз эмас. Инсон дилини шод қилишнинг хайру савоби борасида битилган битиклар орасида Навоийнинг қарашлари ўзига хосдир. Ғазалларидан бирида шоир шундай ёзади.

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, каъба вайрон бўлди обод айлагай.

Руҳан тушкун, афтода ҳолатдаги бир инсонга муҳаббат билан муруваат қўлини чўзиш, унинг кўнглини шод этиш байтуллоҳ зиёратидан ҳам устунгина эмас, балки уни қайтадан қуриб бунёд этишдан ҳам зиёдалиги таъкидланаяпти. Навоий бошқа бир асарида ана шу фикрнинг тасдиғини ривоят шаклида ифода этади. “Насойим ул-муҳаббат”да шуларни ўқиймиз. Исмоил исмли шахс ҳаж нияти билан Шерозга келади ва бир масжидга киради. Масжиддан ҳирқасини ямаб ўтирган бир шайхни кўради. Салом бериб унинг олдига келиб ўтиради ва улар ўртасида шундай савол-жавоб бўлиб ўтади.

Сўрди: — Не ниятинг бор?

Деди: — Ҳаж ниятим бор.

Сўрди: — Онанг бор?

Деди: — Бор.

Деди: — Дарров онанг мулозаматига (хизматига) бор… мен эллик маротаба ҳаж қилганман – бош яланг, оёқ яланг, ёлғиз ҳамроҳсиз. Барча савобни сенга бердим. Сен эса онанг кўнгли шодлигини менга бағишла!

Ота-онани улуғлаш ва шарафлаш зарурлигини бундан зиёда ифода этиш қийин бўлса керак.

Дунёвий таълимотдагина эмас, балки диний таълимотда ҳам бу ҳақда ибратли фикрлар қайд этилган. Аллоҳ розилиги ота-онанинг розилигидан эканини тасдиқловчи ушбу мулоҳазаларга эътибор беринг. Мусҳафи шарифнинг “Ал-Исро” сурасининг 23, 24 -оятларида шулар қайд этилган. “Раббингиз, Унинг ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф…!” дема ва уларни жеркима” Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!  Улар учун меҳрибонлик билан, хорлиқ қанотини паст тут ва (дуода): “Эй раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин”, -деб айт!”

Фарзандларнинг ота – оналарига ҳурмат-эҳтироми улар дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши кераклиги зикр этилади. Уларнинг эзгуликларини ёд этиб, руҳларини шод этиш ниятида ҳақларига дуо ва истиғфорлар айтиш, ғариқи раҳмат, шойистаи жаннатга восил бўлишларини тилаш зарур. Ҳадиси шарифда зикр этилишича, уч хил дуо борки, улар шаксиз қабул қилинади: булар мазлумларнинг, мусофирларнинг ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоларидир. Энг катта гуноҳлардан бири сифатида Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишнинг қайд этилиши ҳам бежиз эмас.

Қачонлардир, қаердадир ўқиганим бор эди. Ота ўз ўғлидан маълум муддатга қарз олиб туради. Фарзанд қачон қайтараркан, деб кутади. Ваъда қилинган муддат ҳам ўтади. Ахийри, фарзанд отасига пулни қайтариб беринг деб кўп қисталанг қилади.  Ноилож қолган ота яна бироз муддат сўрайди. Бетоқат фарзанд эса белгиланган муддат ўтар ўтмай яна қарзни сўрай бошлайди. Ахийри, қозига мурожаат қилади. Ота-боланинг жанжалини ҳал этишга кўзи етмаган қози иложсиз қолиб дейди: пайғамбарнинг ўзига мурожжат қиласиз. Оқилона ва одилона ҳукмни улар чиқазадилар.

Пайғамбар ёнига боришади. Салом-аликдан сўнг улар орасида шундай суҳбат кечади.

  • Нима гап? – деб сўрайди пайғамбар.
  • Отам мендан қарз олган эди, эрта-индин бераман деб мени алдаб юрибди. Шуни қайтариб олиб берсангиз менинг бошқа даъвойим йўқ, — дебди ўғил.
  • Шу гап ростми? — сўради пайғамбар.
  • Ҳа, гапи тўғри, — деб, тилга кирди қартайган ота, — энди пулни қайтариб қарзимни узаман деганди, аммаси қаттиқ дардга чалинди. Уни даволаш учун дори дармонлар олишим зарур эди. Шунинг учун қарзга олган пулларни сарфлашимга тўғри келди.

Вазиятни тўғри фаҳмлаган пайғамбар ноқобил фарзандга қараб дейди: Сенинг ўзинг ва берган пулинг билан отангникисан. Қарз ҳақида отангга иккинчи бор қарз ҳақда сўз очма, дилини ранжитма.

Бир дўстим бўларди, илгари вақти чоғ бўлиб шахсий автомобилини жуда тез, илдам ҳайдарди. “У ёқ-бу ёққа қараб, шошмасдан юрсангчи, фалокат оёқ остида дейишади” — десам ҳам ўз билганидан қолмасди. Бир неча йиллардан кейин у билан кўришиб қолдим. Олдинги важоҳат ва салобатдан асар ҳам йўқ эди. Бир нарса демоқчи бўлса, обдон ўйлаб гапирадиган, машина бошқаришдаям тўрт томонига қараб олиб секин ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Сабабини сўрадим. У хомуш ҳолда шундай деди: бирон сафарга чиқсам, ой бориб омон қайтсин, машина бошқарадиган бўлсам болагинамни хавф-хатардан ўзинг асра худойим деб дуо қилгувчи дуогўйим – ота-онам  эндиликда йўқ. Улар дунёдан ўтишган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг дуолари мени  бало-қазодан, офатлардан асрарди.

Юқоридаги рубоийни ўқиган киши  фарзанднинг ота-она олдидаги фарзу бурчлари ҳақида ўйлайди. Бошидаги бахт қуши ҳам, бошидаги тож ҳам ота онанинг борлиги билан эканини ёдда тутишга интилади. Ана шу масъулият ҳисси ва мажбурият бурчи ҳақида тун кун ўйлашга ва агар ҳаёт бўлса, ота-онасини қадрлашга, ўтган бўлса, изларини тавоф қилишга ундайди.

 

Ғийбат ва ҳасад иллати

 

Оқил ақли ҳисга гирифтор бўлмас,

Ҳасад қилғон билан тилло хор бўлмас

Номард ит кабидур, мард буюк дарё

Дарё ит дамидан ҳеч мурдор бўлмас.

Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,

Ғийбатлардан узоқ кетолган марддир.

Номард тепиб ўтар йиқилганларни,

Ожизлар қўлини тутолган марддир.

 

Шайтон васвасаси билан инсонга ҳеч тинчлик бермайдиган иккита туйғу борки, улар ҳар иккаласи ҳам одамзотни емириб боради. Унинг тинч ҳаётига қутқу солибгина қолмасдан, балки руҳий хасталикка гирифтор қилишгача бориб етади. Булар ҳасад ва ғийбатдир. Паҳлавон Маҳмуд ҳар иккала рубоийси орқали бунга бепарво бўлиш, “ит ҳурар, карвон ўтар” қабилида иш тутиш зарурлигини уқтираркан, бу эса умрнинг узун, ризқу насибанинг бутун, қаднинг мавзун бўлишига ишора қилади. Ақл-идрок эгаси бўлган зот ҳасаду ғийбат учун куйинмайди. Ғийбатчи ва ҳасадгўйнинг аҳволига кулги ва ачиниш билан қарайди, холос. Олтин зангламаслигини, асал айнимаслигини билган киши ҳасадгўй ва ғийбатчининг қилмишига парво ҳам қилмайди. Тўғри, баъзан асабингга тегиб, ғазабингнинг кучайишига уларнинг қилмиши, демишлари сабаб бўлгандек бўлади. Аксари ҳолларда ўзини тутиб олган, иродаси қатъий одам бундай ҳолатларда ўзини йўқотмайди, эсанкирамайди ҳам.

Тарихда кўплаб машҳур инсонларнинг умрига ана шу иллат зомин бўлгани ҳам рост.  Ғийбатчи ғийбат қилиб семиради, ҳасадгўй ҳасад қилиб ич-этини кемиради. Ҳасад ҳам, ғийбат ҳам инсонни кўролмасликдан туғилади. Ўзи эришолмаган нарсаларга бошқаларнинг эришганлиги унга тинчлик бермаслигидан пайдо бўлади.

Ёвузликнинг икки қаноти бўлиб уни бирида ғийбат, иккинчисида ҳасад туради.

Барча ёмон иллатлар шундан урчийди. Келинг, яхшиси бу ҳақдаги диний ва дунёвий таълимотдаги айрим қайдлар билан танишайлик.

Ғийбатнинг ҳақиқий моҳияти Қуръони каримда ҳам баён қилинганини кўришимиз мумкин: “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси,12-оят).  Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, бутунлай ундан жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса, умуман инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланди. Виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.

Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам шубҳасиз даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади: “Расулуллоҳ Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб ажабланиб сўрадилар: “Эй Жаброил алайҳиссалом, булар ким?” Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”, — деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).
Ғаразли кимсалар ўзгаларга озор беришда тилнинг имконияти катта бўлгани учун у билан қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Инсонларнинг обрў-иззатларини сақлаш учун ғийбат ҳаром қилинган. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборатдир. Расулуллоҳ видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда бу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!” (Муттафақун алайҳ). Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир. Ғийбатнинг таърифи ҳақида шундай ҳадис ривоят қилинган: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ: “Ғийбат нима эканлигини биласизлар-ми?” — дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, — деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ: “Ғийбат бир биродарингни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, — дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” — деб сўради. Расулуллоҳ эса: “Унда бор айбни айтган бўлсанг ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, — деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни тўғри бўлса ҳам айтиш жоиз эмас экан. Чунки ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади. Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир киши бошқа биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ айтдилар: “Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади” (Имом Термизий ривояти). Демак, ғийбатчиларни тўхтатиб, биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир.

Ривоятларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ушбу сўзларни ваҳий қилди: “Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда вафот этган бўлса, ўша одам жаннатга энг охири кирувчи кишидир. Кимки ғийбатда давом этиб (тавба қилмасдан) вафот этган бўлса, ўша одам дўзахга биринчи кирувчи кишидир”.

Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ мана шу нарсадан огоҳлантириб шундай деганлар: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).

Ҳазрат Умар: “Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни зикр қилиб гапиришдан сақланинглар, чунки бу дарддир”, — деганлар.

Аллоҳ таоло ўз бандаларига, ўзининг фазли карами орқали жисму-жон ва ҳаёт ато этди. Мана шу  ҳаёт давомида кимнидир бой, кимнидир камбағал, кимнидир маънавий баркамол ва яна кимнидир ақлан заиф қилиб яратган. Бандалар ўзлари учун белгиланган тақдирларига рози бўлишликлари ва Унинг белгилаган тақдирига, раҳматига эътироз билдирмасликлари лозим бўлади.

Моддий, ёки жисмоний томондан ўзимиздан юқори даражада турадиган кишига нисбатан ҳасад қилмаслик лозим. Ҳасад, бу юқорида айтиб ўтганимиздек, бошқаларга берилган фазилатларни кўра олмасликдан келиб чиқади.

Қуръони каримда ҳасадчиларга қарата: «… ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан»-дея марҳамат қилинади.(Фалақ сураси 5-оят)

Ҳасад ҳаттоки, инсонларни ёвузликка, қабиҳ ишлар қилишга олиб келади. Зеро, Парвардигор ўз фазли карами билан бир бандасига кўпроқ насиба берган экан, унга нисбатан ҳасад қилиш, уни кўра олмаслик, қандай қилиб бўлмасин, уни йўқ қилишга ҳаракат қилиш оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Муҳаммад пайғамбар ҳам ўзлариниг жуда кўплаб ҳадиси-шарифларида ҳасаднинг нечоғлик ёмон иллат эканлигини, унинг оқибатлари ёмонлигини таъкидлаб, жуда чиройли тарзда тушунтириб берганлар. Шундай ҳадисларидан бирида:  «Ҳасаддан сақланинглар! Чунки олов ўтини ёндириб тугатгани каби ҳасад яхши амалларни еб тугатади»-деганлар.   (Абу Ҳурайра ривояти)

Инсон ҳаёти давомида жуда кўплаб солиҳ амаллар қилишга ҳаракат қилади ва кези келганда уларни амалга оширади. Бунинг натижасида унинг солиҳ амаллар дафтарига кўплаб ҳасанотлар ёзилади. Аммо шундай фурсат бўладики, инсон бу фурсатларда ўзининг ҳасанотларни сақлаб қолиши ёки уларни зоеъ қилиши ҳам мумкин. Бу қандай фурсат бўлиши мумкин деган савол туғилади, албатта. Бу-ҳасад қилиш фурсати бўлиб, кимки ўзини ҳасад қилишдан тийса, бировларга берилган неъмат олдида ўзига берилган неъматни кам санамасагина Аллоҳ таоло унга неъматларни беради.

Ҳасад тўғрисида келтирилган яна бир бошқа ҳадиси шарифда:

«Аччиқ сабур (алоэ) асални бузгани каби, ҳасад имонни бузади»-дея таъкидланган.

Демак, ҳасадгўй ҳасад орқали ўзининг холу-ҳаётига, давлатига, охиратига зиён заҳмат етказади. Асални қанчалик тотли, ширин эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз ва барчамиз суйиб истеъмол қиламиз. Мана шу биз суйиб истеъмол қилаётган асалга алоэ гулининг баргидан сиқиб олинган сувни аралаштириб истеъмол қилиш тавсия қилинса, бирор кимса буни тажриба учун ҳам истеъмол қилиб кўрмайди. Нима учун? Чунки, асалнинг асл ҳолати йўқолган, унга аччиқ таъмли маҳсулот аралашган. Табиийки, уни истеъмол қилган киши оғир дардга чалинади ёки ундан қандайдир зиён кўради. Қайси инсон ўз умрини завол қилишни ҳоҳлайди?

Ҳар бир касалликни, иллатни шифоси бўлгани каби ҳасаднинг ҳам давоси бор. Бунинг давоси Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида баён қилиб:   «Уч нарса борки, умматим ундан қутулмайди: ҳасад, бадгумонлик ва шумланиш. Сизларга ундан қутилиш йўлини айтайинми? Қачон бир кишидан гумон қилсанг, шу гумонга кўра иш тутма. Қачонки бировга ҳасад қилсанг, зулмга ўтиб кетма. Бирор нарсадан шумлансанг, унга парво қилмай ўтиб кетавер!»-дедилар.  (Абу Яълий ривояти)

Демак, қалбимизда ёвуз куч каби жойлашиб олган ҳасадни дилдан юлиб, Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолатда, унинг берган ва тақсимлаган ризқига шукр қилсак, қилган гуноҳларимизни ўз вақтида тушуниб уларга тавба қилишга ҳаракат қилсак, яратганнинг ўзи бизга мададкор, ҳамиша ишларимизда омад ёр бўлади.

Расулуллоҳ марҳамат қилиб: «Яхшилик-эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, жазоловчи Аллоҳ эса ўлмайди. Хоҳлаган ишни қил, қандай иш қилсанг, жазойинг ҳам шундай бўлади» -деганлар.

Шундай экан, барча ўз ҳаёти давомида эзгу амаллар қилиш, инсонларга ҳушмуомалада бўлиш, бировларга озор бермаслик, ёмон амаллар қилаётган яқинларининг қўлдан келганча тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилса, ораларида келиб чиқаётган турли хил иллатларга барҳам берган бўлди.

Шу нарса англашилаяптики, ғийбат ва ҳасадгўйлик ичиқоралик билан қилинадиган тил ва назар билан амалга ошириладиган иллатдир. Ҳасад ва ғийбат бир танганинг олди ва орқасидир. Рубоийда эса ҳис туйғунинг қули бўлмасдан иш тутган оқил бошига кулфат ёғилмаслиги, олтин ер ости ёки ер устида бўлмасин ўз қиймати ва хосиятини унутмаслигига урғу қилинади. Тилло ер остида бўлса дафина, ер устида бўлса хазиналигича тураверади. Мард инсон кўнгли тор эмас, балки бағрикенг, меҳри дарёлиги билан ажралиб туради. Уни ҳасад қилувчилар гўёки итга монанд, ит дарёдан сув ичгани билан дарё булғанмайди, ифлосланмайди.  Шоир ҳасаднинг, ғийбатнинг жамиятдаги салбий оқибатларини таъкидлар экан, у илдиз отса, ижтимоий ҳаётни издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантиради. Инсоннинг ғийбат ва ҳасад биланмас, балки ҳавас билан яшаши зарурлигини эътироф этгандек бўлади шоир.

 

                              Оила посбони

Токи бор ғайрату мардликдан асар

Аҳли аёлингни қилма дарбадар.

Мева шохи агар девордан ошса

Йўловчилар унга бешак қўл чўзар.

Эр оиланинг қўриқчиси. Унинг шаънининг ҳимоячиси. Оилада ҳар бир аъзонинг ўрни, ўзига хос боғлиқлик жиҳатлари бўлгани каби оила жамиятнинг кичик бир бўлаги, ячейкаси. У гўёки митти мамлакат. Унинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий базиси бор. Ўзига хос сарф-харажатлари бор. Эр буни бажаришда масъул бўларкан, у оиланинг мустаҳкам қўрғонини шу асосда тузади. Шу хусусдаги мулоҳазалар билан ошно бўлинг.

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб — Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)нинг айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят). Демак, эркак кишининг оилага раҳбар бўлиши биринчи навбатда ҳамма аёлларда ҳам топилавермайдиган айрим хусусиятларга мутлақ эга эканлиги сабабидандир.

Кучли ирода, шижоат ва қатъиятлилик, бир сўзлилик, ўз жуфтини ва оиласини рашк қилиб, ўзгалардан қизғаниш, уларни ҳимоя қилиш, оғир ва енгил меҳнатга чидамлилик ва ҳоказолар эркакларга хос хусусиятдир. Шунга биноан, юқоридаги сифатларга эга бўлган эркак кишининг зиммасига оилани моддий жиҳатдан таъминлаш, унга раҳбарлик қилиш мажбурияти юклатилган. Чунки, касб-ҳунар қилиш, хотин ва бола-чақани боқиш учун топиш-тутиш билан шуғулланиш асосан эркакларнинг вазифаси ҳисобланади.

Олий ҳикмат соҳиби бўлмиш Ҳақ субҳонаҳу ва таоло оила истеҳкомининг барқарорлигини сақлаш йўлида ҳусну тадбир қўллаган бўлиб, у аёлларга нисбатан жисман, ақлан ва руҳан кучли бўлган эркак кишини оилага бошлиқ қилиб танлашида ўз ифодасини топган. Дарҳақиқат, эркак киши оила бошлиғи сифатида аёлини, бола-чақани нафақа билан таъминлашни ўзининг бурчи деб билади. Шундай экан, ўзини оила бошлиғи деб ҳис қилган ҳар бир эркак ҳаёти давомида ана шу бурчни адо этиш йўлида саъй-ҳаракат қилиши керак. Оила ҳамда аёл сўзларининг асли арабча бўлиб, унинг маъноси боқиманда, қарам деган маъноларни англатади. Шундан келиб чиқадики, аёл киши ва барча оила аъзолари оила бошлиғи бўлмиш эрнинг боқимандаси, унинг қўлига қарам кишилардир. Бас, шундай экан, эркак кишининг яна бир энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар:

“Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб урингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз” (Имом Муслим ривояти).

Дарвоқе, аёллар эрларини ранжитмаслик учун бегона эркакларни ўзларига яқинлаштирмасалар-у, ҳамиятсиз эркаклар эса ўз аёлларини мардикорчилик қилиб юришларига бепарво бўлишлари эркаклик шаънига тўғри келмайдиган ҳолатдир.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини пул топиб келиш учун кўча-кўйга ҳайдаб қўйиб, мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилмоқдалар. Ҳолбуки, мардикорлик қилиш эркакларга хос иш бўлиб, ҳеч бир замонда, ҳатто очарчилик ва уруш вақтларида ҳам аёллар мардикорчиликка чиқмаганлар. Чунки, у давр эркакларининг ғурури кучли бўлган, қолаверса, улар ўз аҳли аёлларини ўзгаларнинг назаридан қизғанишар эди. Ҳозирги кунда эса, махсус аёллар мардикор бозорининг пайдо бўлиши ачинарли ҳолатдир. Ориятли аёллар эса уйдаги гап-сўз кўчага чиқмасин, бола-чақа оч қолмасин, деб эркаклар қиладиган оғир ишларни ҳам қилишга мажбур бўлаётгани дилни оғритади. Айрим ҳамиятсиз эркаклар уялмай нетмай, сурбетларча хотинлари топганини еб-ичиб ўтиришлари ҳақида ёзиш ноқулай.

Инсон табиатида қизғаниш, рашк туйғуси бор. Унинг йўқолиши меҳр оқибатнинг орадан кўтарилишига боис бўлади. Оила шаънини, ўз ҳамиятини ҳимоя қилиш йигитлик бурчини ҳис этиш, мажбурият бурчини англаш демакдир. Шундай экан эътиборли бўлиш, бир бирига масъуллик туйғуси оила қўрғонининг мустаҳкамлигини белгилайди. Ғайрату мардлиги бор бўлган инсон фидойилигу ҳимояга қодир бўлади. Оиланинг барча эҳтиёжларини, талабу тақозоларини қондиришга мажбурлигини тўла билади ва амал қилади. Инсон ўз аёлини дарбадар қиладиган бўлса, унга кўз олайтирувчилар пайдо бўлиши аниқ.  Мева шохи девордан ошаркан, унга ўтган кетган бир бор суқланиб қўйиши тайин. Шунинг учун ҳам шоир ташбеҳона шаклда ғайрат ва мардликнинг моҳиятини аҳли аёлни дарбадар этмаслик оила қўрғонини сақлаш, мустаҳкамлашга боғлар экан, айни пайтда ўз оиласи ва маҳалласининг қўриқчиси бўлолмаган инсон ҳеч қачон ўз халқи ва юртининг ҳимоячиси ҳам бўлолмаслигига ишора қилгандек бўлади.

Эҳтиёт чораси кўрилмаган тақдирда кўп нарсани бой бериб қўйиш мумкинлигига тарих гувоҳ. Сезгирлик, огоҳлик ва зийраклик, ҳушёрлик ҳар бир ҳолатда, ҳар дамда, ҳар қададамда зарур эканлигини бугунги кескин ривожланиш палласида, глобал муаммолар устида бош қотирилаётган пайтда, халқлар ўртасидаги  ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнда ҳам кўриш, англаш мумкин. Майда, энг кичик, аҳамиятсиз бўлиб кўринган салбий нарса-ҳодиса кейинчалик катта воқеаларга сабабчи бўлиши мумкинлигини доимо ёдда тутиш давр талаби. Шундай экан, жамиятнинг қиёфатини белгиловчи мезон маҳаллалар, оилаларнинг ҳар томонлама соғломлиги борасидаги ҳаракатимизда. Оилалар мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам эканки, демак, мамлакатда мустаҳкамлик барқарор бўлиши, бунга эришиш учун фидойилик, саъйи ҳаракат ҳар биримизнинг қалб амримизда, зиммамизда бўлиши зарурлигини унутмаслик керак. Юртнинг озодлиги, оилаларнинг мустаҳкамлиги ва шодлиги турмуш ободлигига дахлдордир. Бу мантиқий боғлиқлик эса оқилона ва одилона сиёсатимиз самараси эканлигидандир.

Юқоридаги рубоийни мутолаа қилган киши ана шундай мантиқий мушоҳадага ўзини чоғлаши ва ўзгани чорлаши табиийдир.

 

Манфаат ва мадҳ

Ишонмагил маддоҳ, сўзамолларга,

Заррача наф учун сени мадҳ этар.

Бир куни муродин ҳосил этмасанг,

Икки юздан ортиқ айб санаб кетар.

Инсонлараро муносабатлар замирида самимият бўлмаса, унинг ўрнини  ҳеч нима боса олмайди. Кулги шунчаки кулги, йиғи шунчаки йиғи бўлса самимият моҳиятини йўқотади. Бошқача айтганда, кулиш учун кулиш, йиғлаш учун йиғлаш бор жойда самимият йўқ. Астойдил, чин дилдан қилинган ҳаракатда самимият бўлиши муқаррар. Самимияти бўлмаган инсон учун қурол мақтов ва мадҳ. Муайян манфаат учун, бирон моддий нарса ёки амалга эришиш учун қўлланиладиган мақтов маддоҳнинг, аниқроғи лаганбардорнинг иш услуби, яшаш тарзи. Мақтовнинг айтилиши ва қабул қилинишининг нозик томонларини илғаш ҳам идрок ва фаросат биландир.  Унинг замирида, турли мақсад билан айтилишида муайян бир манфаат ётади. Мақтов асосли бўлсагина, самимият пардасига ўралган бўлади. Асоссиз мақтов эса тилёғмалик деб белгиланади. Асоссиз мақтов мақтаганни ҳам, мақталганни ҳам ерга уради. Юзига лой чаплайди, аслида. Мутафаккир Абул Фарождан мақтов борасида сўралганида у “сендан ҳеч қандай мурувват кўрмаган кишининг мақтови энг мақбул ва холис мақтовдир” деб жавоб берган экан.  Англашилаяптики, мақтов нолойиқ бўлса, бу хушомадликни келтириб чиқариши табиийдир. Мақтовнинг ўринли бўлиши баҳолаш ва баҳоланиш ҳамдир. Ўринсиз мақталиб, мадҳ қилингандан кўра, танбеҳни, танқидни тўғри қабул қилиш инсон ҳаётида аҳамиятлидир. Мақтовни ёқтириш инсон табиатида бор. Мақтов ёғдек ёқади ибораси беҳуда айтилмаган. Мақтовда холислик ва самимийлик бўлсагина у моҳиятли бўлади.  Йирик файласуфлар ҳар қандай мақтовларга бефарқ қарашган. Уларнинг наздида, мадҳ ва мақтовнинг замирида қандайдир хавф борлигини билгандек, ҳатто ундан чўчиганлари ҳам бор. Суқротнинг шогирди дея донг қозонган Антисфен дабдабали ҳаётдан, ҳашаматли саройлардан кўра, қашшоқликни афзал билган. Бир куни у эгнига дарвешлар тўрвасини ташлаб, қаландарлар таёғини ушлаб кетаётган пайтда унга шундай дейишади.

“Антисфен, сени одамлар мақташаяпти.”

У эса бир чўчиб тушадида дейди:

“мен уларга нима гуноҳ қилдим экан.”

Мақтов замирида нимадир борлигидан хавфсираш улар закосининг, теран тафаккурининг моясидир. Адам Смит ўз суҳбатларидан бирида шуларни қайд этганди: “ғоят иродасиз, ғоят калтафаҳм одамгина ўзи сазовор бўлмаган мақтовлардан ҳузурланиши мумкин.” Шундай экан, ўринли ва ўринсиз мақтовлар замирида инсонлараро муносабат меъёри бўлади. Инсон ўзининг шарафланишга, тарафланишга арзигулик эканини ҳис этмас экан катта йўқотишга дучор бўлади. Кўкларга кўтариб мақташ, шахсга сиғиниш оқибатлари таъсирида шундай бир худбинлик сиёсати ҳукмрон бўлган пайтларни эсланг. Ўша вақтларда, ҳатто, мумтоз меросимизнинг асл дурдоналарини чоп этиш ҳам тақиқлаб қўйилди ва асоссиз танқидга учради. Назарда тутаётганимиз ўтган асрнинг эллигинчи йиллари ўрталарида халқ оғзаки ижодиётининг ноёб намунаси “Алпомиш” достонига қарши бўлган хуруж ва “тазйиқ”ларни эслаш кифоя.

Ҳар қандай манфаат сабаб айтилган мадҳ, мақтов пуч ёнғоққа, бамисоли пуфакка ўхшайди. Шайх Муслиҳиддин Саъдий юқоридаги рубоийсида худди шундай  хулқ-атворли одамларни тилга олади. Сиздан доимий манфаат кўриб юрадиган кимсалар атрофингизда гирдикапалак бўлишади. Ўз эҳтиёжу талабларини қондиришади,  кўзлаган нарсаларига эришишади ҳам. Сизнинг панангизда юриб фойда кўради, ими-жимида ишларини битказиб ҳам олади. Бундай тоифа одамлар сизнинг имконият доирангизни жуда яхши билишади, қўлингиз қаерга етишини ҳам, кимларга гапингизнинг таъсир этишини ҳам барча-барчасини обдон билишади. Соянгизга салом бериб “дум” бўлиб юришга ҳам тайёр улар. Шу боис ҳам ёнингиздан жилишмайди. Сизнинг сўзингиз улар учун кони фойда. Ҳар қаерда юрса алқаб, мақтаб юришади. Қилмаган ишларингизни қилди деб, билмаганларингизни билди деб осмони фалакка кўтаришади. Сиздан нафъ кўраётгани учун буни ўзининг бурчи деб билади. Агар уларнинг кимлигини билмоқчи бўлсангиз, мурувват қўлингизни чўзмасдан бир синаб кўринг-чи. Дарҳол тўнини тескари кийиб олиб, олдин қилган яхшиликларингизни ҳам тезда унутади. Фақат бугина эмас, сиз ҳақингизда турли хил бўҳтонлар ёғдириб, номингизни  булғаш пайига тушишади. Айбу нуқсонларингизни бўяб-бежаб ёйишдан ҳам тойишмайди. Ҳар бир даврда ўзига хос ниқоб кийиб олувчи бундай кимсалар турли макину маконда, турли замину замонда мавжуд бўлиши ҳақида шоирнинг олис асрлардан бонг уриши бежиз эмас.

 

Давоми бор.

 

Қачон мардлик қилибдур асли номард,

Фиғону нола қўпмас дилки бедард

Совуқ тандирда бўлмас шуълаи нур

Деган эрди Фаридун  ўғли Жўмард.

 

Тўғрилик бўлсайди фалакнинг иши

Ёқтирган бўларди уни ҳар киши

Дунёнинг ишида бўлса адолат

Бўлмасди донолар кўнглин оғриши.

 

 

 

 

Biz hammani tilshunos qilmoqchi emasmiz. Ona tilida emin-erkin gapira olishni, mustaqil fikrlashni shakllantira olsak, shuning o’zi kifoya. Grammatik qoidalarni yodlatish, chuqurlashtirish o‘quvchini fandan bezdiradi, uzoqlashtiradi. Ona tilga mehr uyg‘otishda bu yo‘ldan borish o‘zini oqlamaydi, nazarimizda. Iqtidorli jurnalist Yigitali Mahmudov aynan shu xususda filologiya fanlari doktori Baxtiyor Mengliyev bilan suhbatlashgan. Diqqat bilan mutolaa etarsiz degan ilinjdamiz.

Bunday ona til ta’limi o‘zimizni aldashdan boshqa narsa emas!

Tilshunos olim Baxtiyor Mengliyev bilan suhbat

Ijtimoiy hayotdagi muammolarning yechimi oldimizga yangi-yangi muammolarni qo‘yadi. Aslida taraqqiyotning mohiyati ham, mantig‘i ham mana shunda. Bu – jamiyat taraqqiyotida muhim rol o‘ynaydigan ta’lim sohasiga ham birday tegishli. Ayniqsa, milliylikning ifodasi bo‘lgan ona tili ta’limida ko‘zga yaqqol tashlanadi. Bu boradagi muammolar va ularning yechimiga doir fikrlarini bilish maqsadida sohaning yirik mutaxassisi, professor Baxtiyor Mengliyevni suhbatga tortdik. Albatta, ustozning fikrlarida bahstalab o‘rinlar ham yo‘q emas. Shuning uchun takliflarni Kun.uz o‘quvchilari e’tiboriga havola etishni ma’qul topdik.

– Hozirgi kunda ona tili ta’limidagi muammolar nimalarda ko‘rinadi?

– Hammamiz maktabda fizika, kimyo, matematika, biologiya predmetlarini o‘qiganmiz. Ulardan qoyillatib besh baho olganmiz. Ammo ko‘p hollarda oddiygina elektr chirog‘i patronini o‘rnatishni ham, daraxtni payvand qilishni ham, yulduzlarga qarab vaqtni aniqlashni ham, jarohatga qanday malham qo‘yishni ham, biror narsaning hajmini hisoblashni ham eplay olmaymiz. Hatto oddiygina isitish tizimidagi suvning aylanma harakatini ham tushunmaymiz. Nega? Chunki biz olgan ta’lim hayotdan uzilib qolgan. Hamma ham fizik, matematik, biolog bo‘lavermaydi-ku! Shuning uchun o‘quvchida hayotiy kompetensiya birinchi o‘ringa chiqishi lozim edi.

Endi o‘zimizning «Ona tili»mizga kelaylik. Ona tili ta’limining ahvoli qanday? Boshi ham, adog‘i ham yo‘q, buning ustiga darslikdan darslikka o‘tish, sinfdan sinfga ko‘chish bilan o‘zgarib turadigan son-sanoqsiz ilmiy (lingvistik) qoidalarni yodlatamiz. Matnning, berilgan gaplarning avra-astarini chiqarib, ipidan ignasigacha tahlil qildiramiz. Biroq bu «bilim»lar og‘zaki va yozma nutqimizga qay darajada ta’sir qilishi haqida o‘ylab ham ko‘rmaymiz.

Bolalarimizning nutqi qanday? Tutiladi, duduqlanadi. «Anaqa», «haligi», «nima desamikin», «o‘sha-de» kabilarni har ikki so‘z orasida go‘yo «bog‘lama» sifatida qo‘llaydi va bundan hijolat ham bo‘lmaydi. Arizani qoyillatib yozib, fikrini lo‘nda va aniq tushuntirib bera olmaydi. Davralarda mikrofon tutqazib qolishsa qochib, ta’ziyalarda marhumning yaqinlariga «bandalik» ifodasidan boshqa biror so‘zni yolchitib aytolmaydi.

Biz, o‘qituvchilar esa unli tovushning til oldi va til orqaligi, lablangan-lablanmaganligi, quyi keng, o‘rta keng, yuqori torligi, til undoshning lab-lab, lab-tish, til oldi, til yoni, til o‘rta, til orqa tovushining yaqin til orqa, chuqur til orqaligi haqidagi bilim shaxsning tildan foydalanish malakasini qanday va qanchalik ta’minlashi haqida o‘ylab ham ko‘rmaymiz.

Ona tili predmeti to‘la-to‘kis tilshunoslik faniga aylanib bo‘ldi. O‘qituvchi ham, o‘quvchi ham, ota-onalar ham ona tili ta’limi deganda tilshunoslik qoidalarini yodlash va ularga doir mashq va topshiriqlarni bajarishdan boshqa narsani tasavvur qila olmaydigan bo‘lib qoldi. Birinchi planda turishi kerak bo‘lgan og‘zaki va yozma nutq bo‘yicha savodxonlik, nutq va muloqot madaniyati, boy so‘z zaxirasi, notiqlik eng oxirgi o‘rinlarga tushib ketdi.

O‘quvchilarning qo‘lida o‘quv lug‘atlarining yo‘qligi, hatto tuzuk-quruq imlo lug‘atining mavjud emasligi, ona tili darslarida lug‘at daftarlari yuritilmasligi – buning inkor qilib bo‘lmaydigan dalili. Hatto insho yozishni o‘rgatadigan texnologiya ham, manba ham yo‘q. Har qanday o‘qituvchi insho mavzusini berish, shablon reja tuzish va epigraf tanlashdan boshqa tavsiya bera olmaydi. O‘quvchilarda matn yaratish ko‘nikma va malakasi mutlaqo shakllanmasdan qolayapti. Ayrim iqtidorli bolalar o‘qigan matnlariga taqlid qilib, mustaqil ravishda yozma nutqlarini takomillashtiradilar, xolos.

Bunday ona tili ta’limini bolalarni, o‘zimizni, jamiyatni aldashdan boshqa narsa emas! Uni tubdan isloh qilmas ekanmiz, bu aldov yana ko‘p yillar davom etadi.

– Bu borada yutuqlar ham bormi? Balki, sohaga ijobiy nigoh ham tashlash kerakdir?

– Albatta. Mustaqillik yillarida ona tili ta’limi tizimida ayrim jihatlardan katta yutuqlarga erishildi. Fidoyi ustozlarimiz, ta’lim jonkuyarlari professorlar Hamid Ne’matov, Abduhamid Nurmonov, Nizomiddin Mahmudov, Ra’no Sayfullayeva, Askar G‘ulomov, Muhammadjon Qodirov, Muhabbat Abduraimova va boshqalarning vatanparvarlik, millatparvarlik hissi bilan yo‘g‘rilgan mashaqqatli mehnatlari, milliy til rivoji va ona tili ta’limi uchun fidoyiliklari natijasida:

– ta’lim oluvchilarda milliy tafakkur va dunyoqarashni, mustaqil mantiqiy, ijodiy tafakkur sohibini tarbiyalashga qaratilgan ta’lim maqsadi ishlab chiqildi;

– milliy tilimizning o‘ziga xos qurilishi talqinini o‘z ichiga olgan ta’lim mazmuni yo‘lga qo‘yildi;

– tafakkur salohiyatini rivojlantirishning eng samarador ta’lim usuli joriy etildi.

Ta’lim maqsadi yangilandi. Sobiq tuzum davrida ona tili ta’limida ta’lim maqsadi masalasi kun tartibiga qo‘yilmagan. «Mustaqil va ijodiy tafakkur sohibini yetishtirish, ularda fikr mahsulini nutq sharoitiga mos ravishda og‘zaki va yozma shakllarda to‘g‘ri, ravon va lo‘nda ifodalash malakalarini shakllantirish» tarzida umumlashtirilgan ta’lim maqsadi bizning ona tilimiz ta’limidan boshqa milliy tillar ta’limida uchramaydi, desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Bu ta’lim oluvchilarda milliy ong va qadriyatlarni rivojlantirishda misli ko‘rilmagan darajada katta ahamiyat kasb etadi. Ta’lim maqsadi o‘quv dasturlari va u asosdagi zamonaviy ona tili darsliklarida chorak asr davomida o‘z ifodasini topib kelmoqda.

Ta’lim mazmuni tubdan o‘zgardi. Umuman olganda, o‘zbek tili ham, sobiq ittifoq hududidagi barcha milliy tillar talqinida bo‘lgani kabi aksar hollarda, ayniqsa, uning fonetik va grammatik tizimi rus tili qoliplari asosida ishlab chiqilgan bo‘lib, agar talqinlar tegishli tillardan keltirilgan dalillardan xalos qilinsa, ular go‘yo rus tili talqinlarining o‘zi bo‘lib qolaverar edi. Mustaqillik sharofati bilan o‘zbek tilshunoslari o‘zbek tilining sof turkona tabiatini ilmiy tavsiflashda, tilimiz ta’limida ham ushbu tamoyilga tayanib ish ko‘rdilar. Natijada ona tili ta’limi mazmuni qisqa muddat ichida g‘ayrimilliy unsurlardan to‘la-to‘kis xalos etildi. Istiqlolgacha bu faqat orzu qilinadigan, ushalmas bir narsa edi.

Ta’lim usuli ham yangilandi. «Labbaygo‘y», «doim tayyor», ijrochi shaxs reproduktiv va retroskopik ta’lim usuli bilan yetishtiriladi. Buning zararli oqibatlarini ilmiy asoslab berishgan mazkur ta’lim fidoyilari mustaqil mantiqiy, ijodiy va obrazli tafakkur sohibini tayyorlashning yagona usuli bo‘lgan kognitiv-pragmatik metodni ona tili ta’limi jarayoniga tatbiq etishdi.

Ta’bir joiz bo‘lsa, ta’lim samaradorligini to‘la ma’noda ta’minlash omili bo‘lgan bu uch ajralmas uzvning yaxlitlikda ona (o‘zbek) tili ta’limiga joriy etilishini to‘la ma’noda inqilobiy hodisa, ma’naviy jasoratning yorqin namunasi deyish mumkin. Ona tili va ta’lim fidoyilarining bu xizmatlari, shubhasiz, yuksak ehtiromga loyiq.

– Biz ona tili ta’limida siz aytgan ayanchli ahvolga qanday kelib qoldik? Bunga nimalar ta’sir qildi?

– Ma’lumki, XIX asrning keyingi yarmida Yevropa va G‘arbda sanoatlashuv davri boshlandi. Sanoqli kishilar ishlaydigan kichik sexlar, artellar, ustaxonalar, do‘kon-dastgohlar, kichik manifakturalar o‘rnini katta-katta, zamonaviy zavod va fabrikalar egallay boshladi. Ularda mamlakatning turli burchaklaridan kelgan, har xil shevada gapiradigan ming-minglab ishchilar ishlashar, tabiiyki, ularning o‘zaro muloqotlarida, zamonaviy texnika bilan «tillasha» olishlarida, albatta, muammolar mavjud edi. Mehnat unumdorligiga erishish uchun ishchilar savodli bo‘lishlari, loyihalarni o‘qiy olishlari, dastgohlarning texnik yo‘riqnomalaridan foydalana bilishlari, zarur hollarda texnik ta’lim ola bilishlari kerak edi. Shu tariqa, sanoat, ishlab chiqarishning shiddatli yuksalishi milliy tillarning adabiy me’yorlarini ishlab chiqish, yagona adabiy tilni shakllantirish va uning ta’limini tashkil etish zaruratini kun tartibiga qo‘ydi.

Bu holat O‘zbekistonimiz uchun ham begona emas edi. O‘tgan asrning ilk choragida hali hozirgi o‘zbek adabiy tili (aslida tili emas, balki nutqi) shakllanmagan, me’yorlari ishlab chiqilmagan, busiz esa na ta’limni, na ish yuritishni yo‘lga qo‘yib bo‘lar edi.

Adabiy til taraqqiyot uchun suv va havodek zaruratga aylandi. Ma’lumki, adabiy til umumxalq tilining me’yorlashtirilgan ko‘rinishi bo‘lib, bu me’yorlar orfoepik (talaffuz), orfografik (imlo) va grammatik (gap qurilishi) hamda uslubiy (so‘z tanlash va qo‘llash) turlarni o‘z ichiga oladi. Adabiy til ilmiy asoslangan me’yorlardan iborat bo‘ladi. Shuning uchun ilk boshlang‘ich sinflar tashkil etilib, o‘quvchilarga adabiy tilning zarur qoidalari singdirila boshlagan. Ya’ni, harf va tovushlar, undosh tovushning turlari va o‘zgarishi, imlosi, bo‘g‘in va urg‘u, so‘z ma’nolari, so‘z turkumlari, shakl yasovchi qo‘shimchalar va ularning imlosi, gap bo‘laklari, sodda va qo‘shma gap, tinish belgilari, talaffuz va imlo qoidalari, til birliklarining uslubiy xususiyatlari kabilar. Adabiy nutqqa o‘rgatish uchun shuning o‘zi, uning ta’limi uchun boshlang‘ich sinf yetarli edi. Bu bilimlar to‘la ma’nodagi ZARUR VA IShLAYDIGAN BILIM edi.

Keyinchalik yetti yillik ta’limga o‘tildi. Ana shu vaqtdan adabiy til ta’limidagi zaruratning an’anaga aylanishi yuz bera boshladi. Yuqori to‘rt (4–7) sinf uchun yangi talab va maqsad qo‘yilmasdan, o‘ziga xos ta’lim mazmuni ishlab chiqilmasdan, boshlang‘ich sinflar uchun belgilangan zaruriy bilimlar nozarurlari bilan chuqurlashtirilaverdi. Ta’limdagi miqdor o‘zgarishlari natijasida sifat o‘zgarishlari yuz bera boshladi – adabiy til ta’limida tilshunoslikning nazariy asoslari ko‘proq o‘rin egallay boshladi. Adabiy nutq ta’limi lingvistik bilimlar soyasida qola boshladi. O‘n, keyinchalik o‘n bir, bora-bora o‘n ikki yillik o‘rta ta’limga o‘tilgach, ona tili ta’limi o‘zining asl maqsadidan chekinib, asosan tilshunoslikka aylanib qoldi.

– Ona tili ta’limida nimalarni boy berdik, darsliklarimiz qay ahvolda?

– Ta’limda o‘qituvchi og‘ir tilshunoslik bilimlarini, ya’ni tushuncha va qoidalarni o‘quvchiga yetkazishga, uning bilimiga aylantirishga urinar ekan, faqat maktab ta’limi uchun xos bo‘lgan asosiy vazifa – o‘quvchida to‘g‘ri talaffuz, imlo, uslub, so‘z san’ati (yangi so‘zlarni o‘zlashtirish, so‘zlarni tanlash, so‘zlarni to‘g‘ri qo‘llash)ga doir ko‘nikma va malakalarni shakllantirish, ko‘nikmani malakaga, malakani odatga aylantirish muammosiga o‘z-o‘zidan keyingi darajali masala sifatida qaraydigan bo‘lib qoldi. Joriy darsliklarimiz tubdan yangilanishi kerak. Chunki:

birinchidan, eng a’lochi o‘quvchi ham shaxsning so‘z boyligini ko‘rsatuvchi, o‘zi o‘qiyotgan, hatto maktab dasturiga kiritilgan badiiy asarlardagi junbushga kelmoq, chapdast, rutubat, jarohat, yara, ohanrabo, habib, hassos, quralay, g‘avvos, tunamoq kabi minglab so‘zlarning ma’nolarini tushunmay o‘tib ketaveradi. Chunki ona tili ta’limi – so‘z ta’limi bo‘lmay qolgan;

ikkinchidan, o‘quvchilarning yangi so‘zlarni egallashi, so‘z boyligini oshirib borishi zarurati shu darajada kamayib ketganki, hatto ona tilidan lug‘at daftari yuritilmaydi;

uchinchidan, ona tili mashg‘ulotlarida lug‘atlar bilan ishlashga yo‘naltiradigan mashq va topshiriqlar deyarli yo‘q;

to‘rtinchidan, o‘quvchilarning yosh xususiyatlariga mos, o‘zbek tilining har bir davrdagi xususiyatlarini o‘zida aks ettiradigan va tasdiqlangan o‘quv lug‘atlari chop etilmagan;

beshinchidan, maktab darsliklarining ilovasida egallanishi, o‘zlashtirilishi lozim bo‘lgan so‘zlarning emas, balki lingvistik terminlar lug‘atlarining ilova qilib kelinayotganligi ham ona tili mashg‘ulotlarining tilshunoslik darslariga aylanib qolganligini ko‘rsatadi.

So‘z, ibora, maqol, matallar, ularning qo‘llanishi, imlosi kabi masalalar maktab ona tili ta’limi mazmunining asosi, o‘zagini tashkil etishi lozim.

– Mavjud muammolarni yechish uchun qanday taklif va tavsiyalaringiz bor?

– Ona tili ta’limi o‘quvchini so‘z saltanatiga olib kirishi kerak. Buning uchun til va adabiyot fanlari integratsiyasi masalasini mutlaqo qayta ko‘rib chiqish lozim.

Ma’lumki, 8-sinf adabiyot darslarida, asosan, mumtoz adiblarimiz ijodi o‘rganiladi. Demak, shunga muvofiq ravishda, bu sinfda ona tili darslari «Ona tili. Mumtoz so‘z» deya nomlanib, o‘quvchilar mumtoz matnlar mazmunini o‘rganishlari, tahlil qilishlari, so‘zlarning zohiriy, botiniy, ramziy ma’nolarini o‘rganishlari, lug‘atlar bilan ishlashlari, ma’no «mag‘iz»larini chaqishlari zarur. Bu quyidagi jihatlari bilan e’tiborga molik bo‘ladi:

birinchidan, o‘quvchilar mumtoz adabiyotga ongli ravishda oshno bo‘ladilar;

ikkinchidan, ularning so‘z zaxirasi, demakki, nutqi muttasil boyib boradi;

uchinchidan, o‘quvchilarning savodxonligi avtomatik ravishda oshib boradi;

to‘rtinchidan, mumtoz so‘zlar ma’nosidagi ma’rifat, ma’naviyat, qadriyatlarimiz avlodlar ongiga singib boradi;

beshinchidan, o‘quvchilarimizda mantiqiy, obrazli, assotsiativ fikrlash, tafakkur yuksalib boradi.

Aytilganidek, 5-sinfdan boshlab har bir sinfda to‘g‘ri, ravon va boy nutqning asosiy vositasi bo‘lgan so‘zning turli qirralariga alohida e’tibor qaratiladi. Masalan, «Ona tili. So‘z mulkiga sayohat» (5-sinf), «Ona tili. So‘z sehri» (6-sinf), «Ona tili. Fasohat» (7-sinf), «Ona tili. Madaniy nutq» (9-sinf) kabi.

O‘quv lug‘atlari zarurligi haqida ko‘p gapirib va yozib kelinmoqda. O‘quv lug‘atlari yaratilmas, o‘quvchilarning stolida ona tilidan uning yoshiga mos ko‘plab o‘quv lug‘atlari turmas, buning uchun o‘quv leksikografiyasi nazariy va amaliy soha sifatida tizimli yo‘lga qo‘yilmas ekan, ona tili ta’limi o‘zining haqiqiy mohiyatidan begonaligicha qolaveradi.

Mamlakatimizda o‘quv lug‘atchiligi sohasi eng oqsoq sohalardan. Uning yetarli darajada shakllanmaganligi – lug‘atlarni tayyorlash va nashr qilish bilan bog‘liq ilmiy va moliyalashtirish tizimi yaratilmaganligi bilan bog‘liq.

Ona tili ta’limidagi farzandlarimizning bilimli, yuksak ma’naviyatli, mustaqil fikr, tafakkur sohiblari bo‘lib voyaga yetishiga to‘sqinlik qilayotgan muammolar haqidagi bu fikr va takliflarimizga ularning yechimiga bevosita yoki bilvosita daxldor soha mutasaddilari, mutaxassislari, umuman, ta’lim fidoyilari befarq bo‘lishmaydi

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.