9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

Қадр топган инсон азиз

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Янгиликлар  > Қадр топган инсон азиз

Қадр топган инсон азиз

Жамиятнинг ҳам, адабиётнинг ҳам бош мавзуси инсон. Аслида, ижтимоий ҳаёт, тараққиёт ва фаровонликнинг ҳам ўзак муаммоси инсоншунослик ва унинг манфаатлари масаласидир. Худди шу маънода, инсоншунослик ҳам илм, унинг ташвишлари, орзу-умидлари, мақсад-интилишларини билиш, халқ фаровонлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш ҳаракати ана шу илмнинг ибтидосидир. Мутахассислар жамиятда ҳам, адабиётда ҳам инсоннинг чиқити бўлмайди дейишади. Худди бадиий адабиётда катта, кичик ёки ижобий, салбий мураккаб образ бўлмасин,  у адибнинг ғоявий ниятини акслантиришга хизмат қилгани каби, ижтимоий ҳаётда ҳам ҳар бир инсоннинг ўз ўрни, ўз мақоми, ижтимоий-сиёсий, хуқуқий мезонлари бўлади. Гап уни тўғри билиб, тўғри баҳолашда. Давлат раҳбари бир неча йиллар мобайнида синчи сифатида жамиятимизнинг оғриқли нуқталарини билиб, уни моҳир шифокордек ҳис этиб келанлари сир эмас. Бу вазифани тизимли ва изчил равишда иш тутувчи стратег ҳал этиши аниқ.

Шунинг учун ҳам инсоннинг қадри, унинг хавфсизлиги, фаровонлигини бош масала сифатида қўйиш Президентимизнинг сайлов олди ғоя ва мақсадларнинг ифодаси бўлгани бежиз эмас. Инсон қадрини ҳис этиш, унинг қалбини англаш ва эгаллашдан бошланади. Ободликнинг кўнгилдан бошланиши бежиз эмас. Инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш ва эъзозлаш истиқболга ишончи бўлган мамлакатга хос. Мустақил давлатимизнинг моҳияти, шукуҳи айнан инсон сўзи билан боғланиши, унинг манфаатлари, соғломлиги, унинг ўрни, нуфузи, қадри билан чамбарчас боғлиқлиги аён. Йилларга берилган номларнинг ҳам бевосита ва билвосита инсон тушунчасига бориб ҳам  боғланиши бежиз эмас. Инсон қадрини улуғлаган жамият, ўз мамлакатини эъзозлаган ва қадрига етадиган, унинг эртаси учун куюнувчи давлат ҳисобланади. Инсон — жамият — давлат тамойилининг илгари сурилиши ҳам шу фикрнинг ифодасидир.

Янги йилни Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланишида ҳам ана шу ҳақиқат, залворли мақсад бор.

Янги йил табрикларида ҳам айнан аҳолининг саломатлиги, унинг фаровонлиги, таълим — тарбия масалалари, соғлом турмуш тарзи устувор масала экани таъкидланди. Инсоннинг ўзлигини намоён этувчи, ижтимоий тузилмалар муҳим. Улар оила, маҳалла меҳнат жамоаси ва ҳоказо. Маҳалла инсоннинг кимлигини кўрсатувчи кўзгу. У қаерда, қандай лавозимда ишламасин, унинг аслини кўрсатувчи, оила, қўни-қўшниларига муносабатларини билдирувчи, муқаддас даргоҳ десак, хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсон ва маҳалла сўзи бир бутунликни ташкил қилади. Оила ва маҳалла қайғуси бўлмаган инсонда ватан туйғуси бўлишига ишониш қийин. Фуқароларнинг фаоллиги маҳалланинг фаоллиги демакдир. Маҳалла муҳим ижтимоий тузилма, фаол дегани “ма, ол» дегани эмас. Бунинг учун маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан тортиб барча жамоатчилик ташкилоти аъзолари бир тан, бир жон бўлиб, таъбир жоиз бўлса, бир ёқадан бош чиқариб иш тутишлари мақсадга мувофиқ. Фаол маҳалла муаммоларга оқилона ва одилона ечим топиш демакдир. Оилада фаол бўлган инсон, маҳаллада ҳам, жамоа корхонасида ҳам, албатта фаол бўлади. Шунинг учун маҳалланинг фаол бўлиши шу ҳудудда истиқомат қиладиган фаол фуқароларнинг онг-у тафаккури ва дунёқарашига боғлиқ. Қайси жойда маҳалла аъзолари якдилликда, барча муаммоларга ечим топиш бобида жипс бўлса, мақсадларнинг рўёби ва муаммолар ечимини кўрамиз. Чунки, куйлакнинг бичимини бир одам ҳал қилиши мумкин, муаммонинг ечимини эса жамоа ҳал қилади.  Акс ҳолда, муаммолар кетидан муаммолар туғилавериши мумкин. Бу эса маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро, ўзиниг гражданлик позициясини, бурчини, ҳимоя қила олиши, бу унинг ватан ва мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғусини ҳис этишига боғлиқ.

Кеўи келганда, шуни айтиш керакки, маҳаллапарвар мамлакат раҳбарининг янги йил олди ташрифларидан бири Мирзо Улуғбек туманидаги бизлар истиқомат қиладиган «Олимлар» маҳалласига тўғри келди. Уларнинг шу ҳудуддаги IT-ПАРКда бўлишлари, бошқа объектларни кўздан кечириб таклифлар киритишлари, Геология университетининг очилишидаги мулоҳазалари эътиборга молик. Шу ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари ва йўлнинг кенгайтирилиши, қурилишларнинг бари онгу шууримиздаги туб бурилишларнинг нишонасидир. «Олимлар» маҳалласида қарийб 30 йилдан зиёд муддат мобайнида яшаётган бўлсам, ҳозирги ҳолати билан олдингисини қиёслаш қийин. Бир пайтлари айрим олимлар тирикчилик важидан бозорга чиқиб кетганлигини ҳам эслаш ўринлидир. Шавкат Мирзиёев илмнинг қийматини, олимнинг қадрини жойига қўйди. Бир пайтлари Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибида бўлган қисқариб кетган илмий-тадқиқот институтларини янгича кўринишда, замонавий тарзда қайта жонлантирганидан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Бу илдамлик ва шижоат инсонпарварлик, маҳаллапарварликдандир.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси моҳияти инсоннинг хизмати ва ҳурматини жойига қўйиш, мамлакат олдидаги пировард мақсадлар, ривожланиш концепциясидан оғишмасдан илдам интилиш, Учинчи Ренессанснинг тамал тошини қуйиш, ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси сари интилиш билан изоҳлаш ўринлидир. Истайлик-истамайлик, Президент раҳнамолигидаги мамлакатнинг ривожи билан боғлиқ, турли соҳалардаги ислоҳотлар ва олиб борилаётган сиёсат ҳам, беосита ана шу иккита тушунчага — инсоннинг ва маҳалланинг нуфузига тегишлидир. Инсон эҳтиёжи ва манфаатлари учун ҳаракат, унинг қадри учун, оиласи ва маҳалласи манфаатлари учун куйиниш демакдир. Халқининг қалби ва қадри улуғланган, маҳалласи обод бўлган мамлакат истиқболли давлатдир. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили сифатида янги йилни эътироф этишдан мақсад ҳам ана шу улуғ ва маълум ҳақиқатни яна бир карра эслатишдир. Чунки бу ҳаракатларимизнинг мезони, истиқболимизнинг асоси ва ҳаракатлар стратегиясидан, тараққиёт стратегияси томон ташланган одимларимизнинг қутлуғ эканлигининг белгисидир.

Раҳимбой Жуманиёзов,
“ТОШКЕНТ ИРРИГАЦИЯ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ МЕХАНИЗАЦИЯЛАШ МУҲАНДИСЛАРИ ИНСТИТУТИ” миллий тадқиқот университети доценти. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва  “МАЪРИФАТ”  тарғиботчилар жамияти аъзоси

No Comments

Leave a Comment