9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

ҲАЁТ УЧУН ЙЎЛЛАНМА, ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ҚЎЛЛАНМА

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Янгиликлар  > ҲАЁТ УЧУН ЙЎЛЛАНМА, ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ҚЎЛЛАНМА

ҲАЁТ УЧУН ЙЎЛЛАНМА, ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ҚЎЛЛАНМА

Халқпарварлик тушунчаси аслида, миллатпарварлик манбаи, ватанпарварлик ифодаси, инсонийлик мезонидан келиб чиқади. Давлатимиз раҳбари илк маротаба президентлик фаолиятини бошлаганидаёқ, ҳақнинг розилигини халқ розилигидан топиш, инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезони эканини эътироф этиш билан  жадал ишга киришгани ёдимизда. «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз» деб номланган Олий мажлис палаталари Қўшма мажлисидаги нутқи давлатимиз раҳбарининг яқинда чоп этилган, етти бўлимдан иборат «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида илгари сурилган ғоялар билан тўйинган, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг етти йўналиши ҳам шу асосда яратилган.

Президентликка номзод сифатида қўйилган шиорнинг ўзида ҳам мақсад аниқ, бу — инсон фаровонлиги, эркинлиги, хавфсизлиги, қадри учун курашишдир. Бунинг рўёби  қонунийлик тамойиллари асосида амалга оширилиши зарурий талаб ва эҳтиёжни тақозо этади. Ушбу миллат сардорининг, узоқни кўзловчи стратегнинг, халқпарвар давлатнинг ислоҳотларидаги илдамлик ва жадаллик нишонидир. Шунинг учун ҳам биринчи йўналиш сифатида «Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этилади, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилиши» дея қайд этилган.

Узоқ даврлар «давлат-жамият-инсон» тамойилига амал қилинганидан воқифмиз. Эндиликда «Давлат — инсон учун» тамойили ташкил этилишини Президент асослаб берди. Бу эса халқпарвар давлат сиёсатининг ва ислоҳотларнинг асосий мезонига айланиши лозимлигини уқтирди. Халқ — қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланишини асослаб берди. Айни пайтда маҳалла жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони бўлишини таъкидлаши чин маънодаги халқпарвар давлатнинг кўзгусидир.

Ҳар қандай қонун ва қарорларнинг моҳияти ва кучи унинг ижросида. Қонун адолат ва ҳақиқатнинг қиличи ва қалқонидир. Президент албатта, бу ақидага собитқадамлик билан ёндашади. Чунки Соҳибқирон Амир Темурнинг Шаҳрисабздаги Оқсарой пештоқига ёздирган битикларни доимо ёдда тутади. «Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдор шиоридир.» Шундай экан, бу жамиятда қонун ва адолат устувор жиноятга жазо муқаррар эканлигини билиш муҳим. Бу ақидаларга ёндашиш ва ижро этишда суд прокуратура ички ишлар органлари ва адвокатура тизими янгича таркибда иш тутиши зарур. Немис файласуфи Имануэл Кантнинг ушбу мулоҳазаси ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг эътиборида ва амалида бўлиши шарт. «Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди». Шу маънода жазони ижро этиш муассасаси қандайдир маънода тарбия ўчоғи бўлиши керак. Жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз кераклигини Президент теран идрок этади ва бу ишга ҳаммани сафарбар қилади. «Судлар тўғрисида»ги кодекснинг қабул қилиниши ҳам бу борадаги пировард мақсад ва вазифалардандир. Қонуннинг ижрочиси борасида фикр юритиш асносида, давлат раҳбарининг ушбу ўгитлари эътиборга молик. «Ҳар бир қонуннинг таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи ижроси бўлиши лозим, қонун қабул қилиндими албатта ҳаётда ўзгариш бўлиши керак». Мана давлат раҳбарининг талаби.

Шу ўринда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ушбу ҳикматини эътироф этишлари ўринли, «Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт». Буни ҳис этган давлатимиз раҳбари суд — ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ҳаётий талаблардан келиб чиқиш зарурлигини уқтиргани ва ушбу ғояни илгари сургани ҳам аниқ. «Судянинг онгида- адолат, тилида-ҳақиқат, дилида-поклик бўлиши керак». Демак, янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим шарти қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш экани ойнадек равшан. Бу эса ўз ўзидан давлат халқчиллигини ва инсон қадр — қимматини устун қўйиш борасидаги фаолиятга мезон бўлади. Ана шу сабаб иккинчи йўналиш айнан бундай номланган. Иккинчи йўналишнинг «Адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти» — дея эътироф этилиши бежиз эмас.

Иқтисодиётни жамият ҳаётининг танасига қиёс қилган президент иқтисодий ислоҳотларимизнинг ўзак масаласи сифатида, амалий натижадорлик инсон манфаатлари ва яна инсоннинг эҳтиёжини қондириш эканлигини таъкидладилар. Юқорида қайд этилган нутқларида 2030-йилга бориб Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига ишонч билдирдилар. Бунинг муҳим омиллари нималардан иборат эканини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Бу хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан — тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришишдир. Демак, хомашёдан тайёр маҳсулотгача деган тамойил асосида, драйвер соҳаларида кластер тизимини ривожлантириш зарур. 2026-йилгача камбағалликни 2 баробар қисқартиришнинг кўзда тутилгани ҳам эътиборга молик. Бу эса доимий эътиборда бўлган уй — жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратишдир. Арзон уй-жойлар дастури масаласи ҳам муҳим. Сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй — жойлар барпо этилгани ана шу ҳаракатнинг натижасидир. «Янги Ўзбекистон» массивларини бунёд этиш борасидаги «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари изчил тарзда давом эттирилиши мақсадга мувофиқ, шулар назарда тутилган ҳолда учинчи йўналиш мана бундай деб номлангани бежиз эмас: Миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш.

Демак, иқтисодий имкониятларга эга бўлиш иқтисодий сиёсатнинг асосий тамойилларини амалга оширишдир. Бу тамойил ҳар бир фуқаро бой бўлса — давлат бой бўлади, ҳар бир оила фаровон бўлса — мамлакат фаровон бўлади. Шунинг учун ҳам хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш муҳим масалалардандир. Бу эса иқтисодий стратегияда тадбиркорлик учун зарур шарт-шароит яратиш бирламчи вазифа бўлиши аниқ. «Ҳар бир оила тадбиркор» ғояси ҳам ана шу мақсад замирига қурилган.

Бу масалалар бевосита адолатли ижтимоий сиёсатнинг юритилиши билан боғлиқ. Адолатли ижтимоий сиёсат юритилиши, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласига эътибор билан боғлиқ. Табийки, ижтимоий соҳада самарали механизмларни яратишга, тўсиқ бўлгувчи бир қатор тизимли муаммолар ҳам бор. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш кечиктириб бўлмайдиган вазифа экани маълум. Президент таъкидлаганидек, битта ишсиз одам 10 та муаммо дегани. Шундай экан, бу масалага жиддий қараш керак.

 

 

Инсон капитали ривожланиши учун муҳим омил бу таълим — тарбиянинг сифати масаласидир. Шунинг учун ҳам улуғ мақсадларни қутлуғ ниятларни ифодаси бўлган Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳам айнан шунга боғлиқ. Замонавий илм ва тарбия. Келажак бунёдкори бўлган ёшларнинг тақдири юксак малакали муаллим, мураббий, профессор ўқитувчиларнинг, ҳақиқий зиёлиларнинг самарали фаолияти билан боғлиқлиги аниқ. Бу борада Президентимиз қайси соҳа ва жабҳа ходимлари билан учрашмасин, доим талаб этадиган «сифат, самара, натижа» тушунчаларининг моҳиятини очиш ва ўрганиш зарур. Ҳар қандай муаллим тажрибали, коммуникатив компетентлик даражаси юқори, бир сўз билан айтганда, педагогик маҳоратнинг ўзаги ва ўзани бўлган билим ва нотиқлик маҳоратини эгаллаши бугунги кун талабидир. Бунинг учун ўз устида, сўз устида ишлайдиган, билимли нотиқ — педагогларни шакллантириш масаласини кўриб чиқиш керак. Адолатли ижтимоий сиёсатнинг муҳим бўғинларидан яна бири соғлиқни сақлаш масаласидир. Бу ҳам она ва бола саломатлиги масаласига эътиборни қаратишни билдиради. Бу ҳаракат бевосита жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш билан ҳам боғланади. Бу масала бевосита жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалаларига ҳам бориб боғланади. Президент ўз нутқида бу масалаларга ҳам тўхталиб қатор кўрсатмалар берди. Олимпиа ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун спорт мактабларини кўпайтириш, меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб интернатларда яшаётган болаларни билимли ва касб ҳунарли қилиб тарбиялаш учун «Меҳр дафтари» доирасидаги ишларни кўриб чиқиш ва тизимли давом эттиришни ҳам эътироф этди. Ёшларни, айниқса, қизларни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилиятини ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш муҳим масалалардан эканлиги ҳам қайд этилди. Машҳур мутафаккир Аристотелнинг «Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади» деган сўзларини бугун ҳам тадбиқ этиш ва англаш муҳим. Шунинг учун ҳам «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» деган ғоя, мақсад интилишларимизнинг муҳим бўғинидир. Демак, бутун узлуксиз таълим тизимини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган яхлит таълим кодексини ишлаб чиқиш пировард мақсад. Ижтимоий фанларга, маънавиятшуносликка ўгай қараш бор бўлгани эндиликда, бу фанларнинг ҳажми йўналишлари борасида жиддий ўйлаш кераклигини Президент сўзларидан англаб олиш қийин эмас. Бу фикрлар ижтимоий фанлардан фойда йўқ қабилидаги ножўя қарашлар билан юрган мутасаддиларга жавоб ҳамдир.

Илм — фанни инновацион тараққиётнинг асосий эканлигини билиб иш юритиш, олдиндаги мақсадларни амалга оширишга замин ҳозирлайди. Бу эса маънавий — маърифий соҳалардаги ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Маънавиятни жамиятнинг жони ва руҳи сифатида эътироф этган давлат раҳбари Маънавият ва маърифат кенгашининг раиси сифатида доимо бу масалага диққат ва эътибор билан қараб келаётганлиги бежиз эмас. Халқни ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошишида, уларни жипслашишида, биргаликда ҳаракат қилишида маънавият чироғининг ўз ўрни бор. Чунки у инсонлараро ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор каби муҳим фазилатларни шакллантирибгина қолмай, балки улуғ мақсад сари илҳомлантириш, руҳлантиришнинг асосий кучидир. Миллий маънавиятга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан кириб келаётганлиги эътироф этилган. Демак, «Тарбияда танаффус бўлмайди» деган мулоҳазалар нақадар ҳаётбахш ва ўринлидир. Маънавият тарғиботчиси бўлиш катта билимни, нотиқлик маҳоратини, ақлий меҳнатни талаб этиши ҳаммамизга аён. Бу эса дарҳақиқат, «Янги Ўзбекистон маърифатли жамият» концепциясини амалга ошириш зарурлигини англатади. «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили ҳам ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилиши муқаррар. Шу ўринда тарғиботчи, ташвиқот ишлари билан шуғулланувчи мутасаддилар, коммуникатив қобилиятга эга, кенг дунёқараш, билим ва нутқ маданияти,  муомала ва мулоқот санъатини чуқур эгаллаган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Кези келганда шуни ҳам эътироф этиш керакки, тарғиботчилар гуруҳини саралаганда, тарғибот йўриғи ва усулларини онқадар билмаган ва омма онгига ғоявий мақсадни сингдириш механизмини эгалламаган, зиёлилар гуруҳини жалб этилиши ҳам ўринли эмас. Чунки тингловчилар оммасини эътиборини жалб этадиган, мақсадни ғоя ва мафкурани тез, таъсирчан, содда ва равон етказа оладиган тарғиботчиларнинг гуруҳи бошқача айтганда, ораторлар армиясини, нотиқлар гуруҳини ташкил этиш зарур. Акс ҳолда, барча ҳаракатларимиз, мақсадларимиз пучга айланиб сароб бўлиши ҳеч гап эмас. Чунки кимнинг кимга қачон, қаерда, нима ҳақида, қандай қилиб ва қанча гапириши маҳорат масаласидир. Бу эса маънавият ва маърифат кенгаши, маркази ҳузурида маҳорат мактабини очиш ва тажрибали нотиқларни шакллантириш уларнинг малакасини кескин ва тизимли равишда ошириб боришни тақозо қилади. Очиғини айтиш керакки, билим-савияси юқори, ўз фанининг, мавзунинг пухта билимдони бўлган тарғиботчилар, профессор ўқитувчилар мавжуд. Лекин улар ўз фани ва мавзуи бўйича тингловчилар оммасига, ўқувчилар жамоасига гапирганда, уқувсизлиги, маҳорати унчалик эмаслиги сезилиб қолади. Бу ҳолда қош қўяман деб кўз чиқариш қабилида иш бўлмаслиги зарур. Мавзу долзарб ва муҳим бўлиши мумкин лекин уни етказувчи зиёли  тингловчилар аудиториясини зериктириб, бездириб қўйиши олий мақсадга тескари, пропорционал натижа беришини эътибордан соқит қилмаслик керак. Чунки ўқувчи мавзудан, фандан безса, эртага ватандан безади. Ватандан безса, индинга ватангадо бўлади, ватангадо бўлса охирул оқибат кафангадо бўлади. Энди ўйлаб кўрингчи, қутлуғ мақсадимизни амалга оширувчи ҳаракатимиз қандай самара бериши мумкин. Шунинг учун ҳам маҳорат, қобилият, риторик маҳорат коммуникативлик, нутқий компетенция доим муҳимдир. Бу масалалар Президент эътироф этган бешинчи йўналишнинг ўзаги ҳамда ўзани бўлиши муқаррар. Бу йўналиш шундай ном олган: Маънавий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучлар қудратини янада ошириш устувор мақсад бўлиб қолади.

«Армия ва халқ — бир тану бир жондир» деган тамойилнинг моҳияти эътиборга молик. Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими янги асосга ўтказилгани, Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академиясининг ташкил этилгани, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейларининг такомиллаштириши ана шу йўлдаги дадил қадамлардандир.

Бу фикрларни осмондан олиб гапираётганимиз йўқ. Жуда кўплаб ўқувчи ва талабалар турли ёшдаги тингловчилар, «баъзи маърузаларни эшитиб ухлаб қоламиз, тарғиботчилар, ўқитувчилар қизиқарли тарзда диққатимизни жалб этиш асносида маълумот беролмайди», деган фикрлар тез-тез қулоққа чалиниб қолмоқда. Хавфсизлик масаласи ҳам умумбашарий муаммоларга жавоб топиш борасидаги ҳаракат ҳам ниҳоятда муҳим. Глобаллашув даврида шиддатли ўзгаришлар бўлаётган даврда бошқача бўлиши мумкин эмас. Умумбашарий муаммолар сифатида миллат танламас иллатлар, радикализм экстремизм, терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидларни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Бундай муаммоларни ҳал этишда, куч ва имкониятларни бирлашитриш зарурлигини давлатимиз раҳбари БМТ нинг олий минбаридан туриб ҳам таъкидлаган эдилар. Экологик таҳдидлар ҳам авж олаётганлигини билишимиз керак, қумбўронлари, орол денгизининг қуриши булар ҳам биргаликда ҳал этиш, уларни бартараф этиш олдини олиш масаласидаги ҳамкорликка бориб тақалади. Табиийки, бу борада мамлакатимиз БМТ билан мулоқотни ҳамкорликни ривожлантиришга аҳамият бериб келаяпти, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан бу масалаларни ҳал этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг яшил белбоғ дастурининг қабул қилингани, шунингдек, «Бир макон — бир йўл» лойиҳаси бўйича олиб борилган ишлар аниқ дастур ва лойиҳалар билан бойитилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, 2019-йилда Ўзбекистон туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани ҳам ана шу ҳаракатлардаги бирлик ва бирдамликнинг байроғини баланд кўтаришига ишорадир. Олтинчи йўналиш сифатида Президент ўз нутқида айнан шу масалага эътиборни қаратгани ва белгилагани эътиборга молик. Иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси каби  умумбашарий муаммоларга ечим топиш ана шу йўналишнинг моҳиятини ташкил қилади.

Еттинчи йўналиш — Мамлакатимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятлидир.

Ҳаммамизга маълумки, ватан ҳимояси унинг ғоясининг ҳимоясидир. Чунки ғоямиз ҳимоямиздир, бунинг учун жасур ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш айниқса, долзарб вазифадир. Муҳим масалалардан бири сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик, шериклик муносабатларни кучайтириш асосий мақсаддир. Президент ўз нутқида Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун Афғон халқига ёрдам қўлини чўзишни алоҳида эътироф этди. Бу борада Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўптомонлама муносабатларни янги амалий маъно-мазмун билан бойитиш кераклигини давлат раҳбари уқтирар экан, биз дунёга, дунё бизга очиқ бўлиши керак, бугунги ҳаёт бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу деган мулоҳазаларни билдириб ўтдилар. Президент ўз нутқи ниҳоясида вақт тез ўтиб бораётганини ҳар бир соат ҳар бир кундан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади ва Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратларининг «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади» деган гапларни келтирдилар. Айни пайтда ватан тараққиёти, эл-юрт фаровонлиги мамлакат тинчлиги йўлида халқига садоқат билан хизмат қилишни, умрининг маъно -мазмуни деб билишини ҳам таъкидлаб «мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ»- дедилар. Шунингдек, ишонч ва таянч манбаи сифатида ватандошларнинг қўллаб-қувватлаши нуроний отахон ва онахонларнинг дуолари ёшларнинг ишончи катта куч-ғайрат беришини таъкидлаб ўтдилар. Барчани руҳлантирувчи даъваткор ушбу нутқ ва Президентнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби комил ишонч билан айтиш мумкинки, ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма бўлади десак, хато бўлмайди.

Кези келганда айтиш жоизки, муҳтарам Президентимиз ўзи таҳсил олган, маълум муддат фаолият юритган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти республикамизнинг 62 та олий таълим муассасалари 27 та филиаллари билан қатнашган миллий рейтингда биринчи ўринни эгаллагани ҳам ҳаракатларимизни, таълимий жараёнга эътиборимизни чинакам экани ва Президент илгари сураётган сиёсат ва ислоҳотларнинг ҳаётбахш эканлигининг ифодасидир.

РАҲИМБОЙ ЖУМАНИЁЗОВ

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.

No Comments

Leave a Comment