9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Янгиликлар  > БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР

БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг самарали меҳнат фаолияти, ғайрат-шижоатга тўла, босиб ўтган умр йўлига ҳамма ҳавас қилади. Мамлакатимиз сув илмининг етук билимдони, қатъиятли раҳбар ва бағрикенг устозимиз Исмоил Ҳакимович Жўрабеков ана шундай ҳавас қилгулик инсон ва барча сувчилар учун ҳақиқий ибрат намунасидир.

Исмоил Ҳакимович умр йўлининг қайси манзилига боқманг, унда яратувчанлик, бунёдкорлик, эзгуликни кўрасиз. Ёшлигидан ғайрат-шижоати, тиришқоқлиги, ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турган. 1955 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини аъло баҳоларга битирган. Қайси жамоада ва қайси лавозимда ишламасин, доимо муаммоларни ҳал қилмагунича тиниб-тинчимаслиги, вазиятга реал баҳо бериши, ташаббускор ва ташкилотчилиги, ўта талабчанлиги, етук раҳбарлик салоҳияти билан одамлар меҳрини қозонган.

Ўтган асрнинг олтмишинчи, етмишинчи, саксонинчи йилларида Ўзбекистонда барпо этилган энг йирик ирригация ва мелиорация иншоотлари, ўзлаштирилган массивларнинг барча-барчасида Исмоил Ҳакимовичнинг фаол иштироки ва муносиб ҳиссаси борлигига гувоҳмиз ва бу иншоотлардан ҳозиргача фойдаланиб келмоқдамиз. У қанчадан-қанча қишлоқларга обиҳаёт олиб борди, ерларни яшнатди, шу билан бирга, ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантирмасдан туриб, қишлоқ хўжалигида муваффақият қозониб бўлмаслигини амалда исботлади, қачон, қаерда бўлмасин ҳамиша деҳқону миришкорларни қўллаб-қувватлади ва уларга беғараз кўмакчи бўлди, элу юртнинг дуосини олди. Шунинг учун ҳам бу инсонни халқимиз яхши кўради, ардоқлайди, қаерга бормасин эъзозлаб, иззат-икром кўрсатади.

Ўз даврида Ўзбекистон Мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида самарали ишлади. Айниқса, мустақилликнинг илк йилларида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб муаммолар ва масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама фаоллик кўрсатди.

Исмоил Ҳакимовичга турли даврларда республикамизни бошқарган раҳбарлар билан бирга ишлаш бахти насиб этди. Усмон Юсупов босиб ўтган йўллардан юрди, Шароф Рашидовнинг назарига тушди, мустақилликнинг илк йилларида кечган оғир даврларда Ислом Каримов билан елмака-елка ишлади. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг “яшариб”, фидойилик билан яна қизғин меҳнат жараёнига киришиб кетди. Армонлари, йиллар давомида юрагининг тубида асраб келаётган орзу-ниятлари охирги беш йил ичида ушалди, десам муболаға қилмаган бўламан.

Айнан у кишининг саъй-ҳаракатлари ва Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови билан 2018 йилда Сув хўжалиги вазирлиги янгидан ташкил этилди. Вазир маслаҳатчиси сифатида Исмоил Ҳакимовичнинг ташаббуси билан қисқа вақт ичида сув хўжалиги ходимлари малакасини оширишнинг бутунлай янги тизими яратилди. Вилоятлар сув хўжалиги бошқармаси бошлиғидан тортиб, туман ирригация бўлими, насос станциялари бошқармаси раҳбарлари, сув тежовчи технологиялар бўйича мутахассислар ҳамда гидрометрларгача ҳар йили вегетация мавсуми якунлаганидан сўнг ўқитилмоқда, малака оширмоқда.

Шахсан ўзлари вилоятлардаги йирик сув объектларини бирма-бир кўздан кечириб, камчиликларни бартараф этиш, ишларни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бунинг натижасида сув хўжалиги соҳасида янгича илмий ёндашувларни қўллашни кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Ана шундай инсонга вазир маслаҳатчиси бўлиб ишлаш ва сув хўжалиги ривожига ўзининг бой тажрибаси билан кўмаклашиш имконини яратиб бергани, доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзаёевдан ҳаммамиз миннатдормиз.

Умрни оқар дарёга менгзайдилар. Мен, айнан Исмоил Ҳакимовичнинг умр йўлини оқар сувга ўхшатгим келади. Сув ўз оқими бўйлаб борар экан, ҳар бир манзилга яшиллик, ободлик бағишлайди. Қақраб ётган ерлар ҳам сув бир югуриб ўтганидан сўнг кўркамликка бурканади, сўлиб, ҳолсизланиб қолган ҳайвонот ва наботот олами айнан сувдан куч олади, сув билан қаддини кўтаради.

Исмоил Ҳакимовичнинг умр йўли худди оқар сувдек жўшқин кечди. Баъзи манзиллардан шиддат билан ўтди, улардан ёрқин из, эзгу амаллар қолди. Ҳаётнинг тинч, сокин босиб ўтилган манзиллари ҳам бўлди. Сувнинг йўлини ҳеч нарса, ҳеч ким тўса олмаганидек, яна тўлиб оқди, умр дарёсининг олдинги ўзанига тушиб олди.

Улкан заковат ва салоҳият эгаси, истеъдодли раҳбар ва моҳир ташкилотчи, давлат ва жамоат арбоби Исмоил Ҳакимович кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. 1981 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, 1992 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1994 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 1996 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени, 1998 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони, 2007 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. 2018 йилда Тожикистон Республикасининг “Дўстлик” ордени соҳиби бўлган.

2021 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Моҳир сиёсатчи Исмоил Ҳакимович Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий-ижтимоий ҳамкорликни, қўшни халқлар билан дўстона алоқаларни тиклашга беқиёс ҳисса қўшди. Хусусан, 1990 йилларда Тожикистон Республикасида юзага келган фуқаролар уруши даврида қийинчиликларни бошдан кечираётган қардош тожик халқига инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш, уларни озиқ-овқат билан таъминлашда Исмоил Ҳакимовичнинг саъй-ҳаракатларини тожик биродарларимиз ҳамон миннатдорлик билан эслайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита сайъ-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар тикланди. Йиллар давомида узилиб қолган ришталар яна қарор топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда Тожикистонга илк давлат ташрифидан сўнг бир гуруҳ ҳукумат аъзолари ва фаоллар қўшни республиканинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар қаторида Исмоил Жўрабеков Тожикистон Республикасининг “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди.

Исмоил Ҳакимович билан дилдан суҳбатлашсангиз, қайтадан эътибор ва қадр топгани, орзу-армонлари ушалишига шароит яратиб бергани, ҳолидан доим хабардор бўлиб тургани, бу билан сўнаётган умидларига нур бериб, гўё иккинчи ҳаёт бағишлагани учун Давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдор эканлигини такрор-такрор таъкидлашдан чарчамайди.

Жўшқин фаолияти ва бор салоҳиятини сув хўжалиги ривожига бағишлаган, буни умр мазмуни деб билган Исмоил Ҳакимович, шубҳасиз, катта мактаб яратди. У кишининг шогирдлари бугун республикамизнинг барча ҳудудларида, сув хўжалиги ташкилотларида меҳнат қилмоқда.

Ўзи эса ҳамон эл-юрт ташвиши билан яшайди, улуғ ёшга етганида ҳам илм эгаллашдан заррача чекинмасдан, аксинча, йиллар давомида эгаллаган билимларининг “қаймоғи”ни одамларга улашиш учун интилади.

Исмоил Ҳакимович турмуш ўртоғи раҳматли Сура ая билан бахтли ҳаёт кечирди. Уларнинг бир-бирларига бўлган муносабатига ҳамма ҳавас қиларди. Уч ўғилни жамиятимизга муносиб хизмат қилаётган инсонлар қилиб вояга етказдилар. Ўқитиб, уйли-жойли қилдилар. 8 нафар невара, 10 нафар чевара  кўрдилар.

90 ёш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ана шундай улуғ ёшни қаршилаётган Исмоил Ҳакимович зуваласи пишиқ, меҳнатда тоблангани туфайли ҳали ҳам бардам, тетик. Ҳамон сафда.

Устознинг ҳормай-толмай, шижоат билан ҳали яна узоқ йиллар соҳа ривожига ҳисса қўшиб юришларини Яратгандан сўраб қоламиз.

Шавкат Хамраев,

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

 

No Comments

Leave a Comment