9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

АБАДИЯТ АДИБИГА БАҒИШЛАНДИ

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Янгиликлар  > АБАДИЯТ АДИБИГА БАҒИШЛАНДИ

АБАДИЯТ АДИБИГА БАҒИШЛАНДИ

  Республикамизнинг турли таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллигини нишонлаш бўйича маърифий — маънавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ватани ва халқига меҳри устувор бўлган адибнинг номи йилларгагина эмас асрларга, даврларга муҳрланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4906-сонли Қарори ҳам шоирга бўлган юксак эътиборнинг намунасидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги “Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” 502-сонли Қарорига мувофиқ мазкур хиёбонда Абдулла Ориповга ҳайкал ўрнатилди.

Бу Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган адибга ҳурмат ва эҳтиромнинг нишонасидир.

Бугун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилаётган Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган хотира тадбири, иккита китоб тақдимоти ҳам ана шу туйғунинг эътирофидир.

Тадбирда академиклар Акмал Саидов, Қаландар Ходжаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, иқтидорли шоир Ғайрат Мажидлар иштирок этдилар.

Хотира тадбирини институт биринчи проректори Баҳодир Суюнович Мирзаев ўзларининг кириш сўзлари билан очиб бердилар. Сўнгра иштирокчилар дастур бўйича адиб хотираси билан боғлиқ мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

Институтимиз профессори Ҳожиакбар Ҳамидовнинг шоирнинг иккита шеъри асосида тайёрлаган қўшиғи барчага бирдек маъқул келди. Магистрант, Президент стипендиати соҳиби, Институтимиз Ижодкор ёшлар клубининг раиси Дилмурод Акбаров, ТИҚХММИ Интерхаус академик лицейи иқтидорли ўқувчиси Фарзона Сафароваларнинг чиқишлари кейинги галги тадбирга қолдирилди. Айни пайтда шоир ижодидаги ижтимоий — фалсафий қарашлар юзасидан профессор Қиёмиддин Назаровнинг мулоҳазалари тадбирга якун ясади. Бундай йўсиндаги тадбирлар йил бўйи давом этиши муқаррар. Навбатдаги шоир номи билан боғлиқ ёшлар боғининг очилиш тадбири 25 март кунига белгиланди. Ҳаммани кутиб қоламиз.

Шу куни соат 15.00да барча проректор Рўзимурот Чориев бошчилигида «Адиблар хиёбони»га ташриф буюриб улуғ шоир Абдулла Орипов ҳайкали пойида тўпланишди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликдаги хотира тадбирининг иккинчи қисми бошланди. Ёзувчи, шоир, рассом, актёр ва драматурглар ва шоирнинг рафиқаси ва фарзандлари жамулжам бўлишди. Институтимизнинг талаба қизлари шоир шеърлари юзасидан шеърхонликни бошлаб юборишди. Кейин эса даврага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, журналист Ашурали Жўраев, адибнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа опа Мустафоева, Ўзбекистон Республикаси ИИБ қоровул қўшинлари ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлари бўйича ўринбосари, майор Шуҳрат Саидов, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмонлар адиб билан боғлиқ таассуротларини ўртоқлашдилар. Институт профессори Ҳожиакбар Ҳамидовнинг шоир шеърлари билан айтиладиган дилбар қўшиқлари янгради.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ва илова қилиш керакки, бугунги кунда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодини тарғиб қилиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Булар қуйидагилардир.

  1. Адиблар хиёбонидаги Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов сиймоси акс этган ҳайкал қошида режа асосида профессор-ўқитувчилар талабаларнинг 30 дан ортиқ ташрифлари, гуруҳлар кесимида 100 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди.
  2. Адиб ижодига бағишланган 20 дан ортиқ онлайн вебинарлар ташкил этилди. Жумладан, 2020 йилнинг июнь ойида институт томонидан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга бағишланган “УЛУҒ ХАЛҚ ҚУДРАТИ ЖЎШ УРГАН ЗАМОННИ КУЙЛАГАН ШОИР” мавзусида республика миқёсида онлайн — форум ўтказилди. Мазкур форумга 500 дан зиёд маданият ва фан арбоблари, шоирлар, олимлар, илм-фан намоёндалари иштирок этди.
  3. Шунингдек, институтда адибнинг оила аъзолари билан яқин алоқалар йўлга қўйилган. Институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар адиб хонадонига ташрифларни амалга ошириб келмоқдалар.
  4. Институт томонидан адиб ижодидаги энг сара шеърлар жамланган “Ўзбекистон Ватаним маним” номли тўплам 2000 нусхада чоп этилиб институт жамоаси ҳамда талабаларга тарқатилди.
  5. Шоир ижодини янада оммалаштириш ва тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида http://abdullaoripov.tiiame.uz/ сайти ҳамда телеграмм ижтимоий тармоғида https://t.me/tiiame_abdulla_oripov канали ташкил этилди.
  6. Адиб ижодининг таҳлили ва тадқиқига қаратилган «Тафаккур томчилари» номли 50 га яқин туркум кўрсатувлар мунтазам равишда YOUTUBE канали орқали намойиш қилиб борилмоқда.
  7. Ушбу ойда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини институтимизда кенг нишонлаш режалаштирилган. Юбилей доирасида келаётган ҳафтада институтда Абдулла Орипов музейини ишга тушириш ҳамда институт ҳудудида адиб номидаги Ёшлар боғини ишга тушириш режалаштирилган. Шу билан бирга, адибга атаб ҳужжатли фильм яратиш ишлари ҳам ниҳоясига етди. Яқин кунларда мазкур фильм ҳам эътиборларингизга ҳавола этилади.
  8. Шунингдек, адабиёт ва шеъриятга қизиқувчи талаба-ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда институтда Абдулла Орипов номидаги стипендия жорий этилиб, кўкрак нишони таъсис этилди.

Институт матбуот хизмати

No Comments

Leave a Comment