9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

Гендер тенглигини таъминлаш дунё минбаридан таъкидланди

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Турли мавзуда  > Гендер тенглигини таъминлаш дунё минбаридан таъкидланди

Гендер тенглигини таъминлаш дунё минбаридан таъкидланди

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети

Ихтисослаштирилган филиали доценти,

юридик фанлар номзоди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Тадбир ташкилот тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтди. Бунга жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият сабаб бўлди.

Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Шавкат Мирзиёев чиқиши давомида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди. Хусусан, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини кўрсатиб берди.

Президент нутқидаги устувор йўналишлардан бири-бу гендер масаласига бағишланди. Давлатимиз раҳбари “биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”, деб мамлакатимизда хотин-қизлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишларни назарда тутди.

Гендер тенглик — самарали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг омили. Шу боис  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Дунё ҳамжамияти хотин-қизларнинг инсоният тараққиётида ўрнини тўғри англаган ҳолда халқаро механизмларни яратишга ҳам ҳаракат қилмоқда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциянинг қабул қилингани фикримизнинг далилидир.

Мазкур конвенция хотин қизлар ва эркакларнинг амалдаги тенглигига эришиш, хотин қизлар томонидан ўз ҳуқуқларидан ҳақиқий фойдаланиш масалаларига боғлиқ бўлган муаммоларни аниқ-равшан белгилаган асосий ҳужжатдир. Конвенцияда белгиланган муаммолар кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Унда турли шаклда намоён бўладиган камситишларга барҳам бериш муаммоларининг долзарблиги аниқлаб берилиши билан бирга, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли инсон сифатида мавқеини ошириш, унинг   сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари, эркак билан тенг ҳуқуқлиги,  оналик лаёқати билан боғлиқ муҳим қоидалар акс эттирилган.

Хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишининг қонунчилик асосларини яратилгани, оналик ва болалик билан боғлиқ давлат сиёсати юритилаётгани, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини кучайтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан институционал тизими бу вакиллик ҳокимиятидир. Вакиллик  ҳокимиятининг   барча  даражадаги   депутатлари  вазифаси  иқтисодий  ўсишни  инсон   тараққиёти   билан   боғлаш,  уларнинг   узвийлигини таъминлашдан  иборат.  Бу  барча  поғоналарда  қонунлар  ва   норматив- ҳуқуқий ҳужжатларни   такомиллаштириш,  уларнинг   амалга   оширилишини  аниқ мониторинг  қилиш   ва   халқаро- ҳуқуқий   актларнинг   имплементациясини назорат  қилишни   талаб  этади.  Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг парламентдаги аъзолиги кейинги йилларда 2 баробарга ортгани халқаро минбардан таъкидлангани бежизга эмас.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизнинг 49 фоизини хотин-қизлар, уларнинг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ташкил этар экан, албатта бу йўналишда алоҳида давлат сиёсати олиб боришга тўғри келмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишлар олиб борилди.

Халқаро доирада гендер масалаларига қандай эътибор қаратилаётганига назар ташласак, дунёда гендер тенглигини таъминлашда ҳалигача қатор муаммолар борлиги кўзга ташланади. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра ҳар 10 ишловчи эркак кишига 6 та ишловчи аёл тўғри келар экан. 2019 йилнинг 24 сентябри куни ўз ишини бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида ҳам ташкилотнинг аёллар қаноти гендер тенглик, мамлакатларнинг барқарор тараққиётига эришиш йўлида аёллар учун ҳам муносаби ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланиши масалаларини бежизга ёритмади. Бош Ассамблея сессияси давомида 192 нафар нутқ сўзлаган арбобларнинг атиги 17 таси хотин-қизлар эканлиги ҳам алоҳида танқид остига олинди.

Ўзбекистон хотин-қизлар масалаларига оид халқаро мажбуриятларини виждонан бажаришга ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз томонидан “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясининг аъзоси сифатида миллий қонунчиликка унинг нормаларини уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда бу борада муҳим қадамлар қўйилди. 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда аёлларни жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишни тақиқланишига алоҳида урғу берилган. Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда эса оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган эди.

Бугунги кунда мамалакатимизда гендер тенглик бўйича институционал асослар ҳам кенгайтирилмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Фақатгина 2019 йилда жойларда 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган 1454 нафар хотин-қизнинг уй-жой учун бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилди ҳамда ушбу мақсадларга 25 млрд. 194 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, бундай тоифадаги 13 мингдан зиёд аёлларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Бандлик дастурига мувофиқ 250 мингдан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди. Сиёсий ва ҳуқуқий билимли, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 6 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

No Comments

Leave a Comment