9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

Бир тана аъзосининг изтироби бутун тана азоби

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Турли мавзуда  > Бир тана аъзосининг изтироби бутун тана азоби

Бир тана аъзосининг изтироби бутун тана азоби

Дунёдаги барча ривожланмаган, ривожлана олмаётган давлатларининг давлат бошқарувига хос бўлган бир иллат бор. Бу давлат хизматларини бир жон ва бир тандек кўра олмаслик иллатидир.

Агар халқ бундай кўра олмаса, бу катта муаммо эмас. Чунки халқ сиёсатчи ва сиёсатшунос эмас. Аммо агар давлатнинг раҳбарияти бу нарсани англай олмаса ва амалга тадбиқ этмаса, ундай давлатда ривожланиш бўлмайди. Чунки бу иллат бор жойда адолат бўлмайди, адолат бўлмаган жойда давлатга, раҳбарга содиқлик бўлмайди. Содиқлик бўлмаган жойда миллий манфаатлар, жамоанинг манфаати деган тушунчалар йўқ бўлиб, унинг ўрнига «ўзинг учун ўл етим» деб номланган ўз нафсигагина содиқларнинг тизими юзага келади…

Армия, умуман органлар, махсус хизматларнинг тузилишлари «бир тан ва бир жон» тизимини тушунтиришга яхши мисол бўлади.

Масалан, армияда оддий аскардан тортиб то олий бош қўмондон лавозимигача бўлган унвон ва лавозимлардаги давлат хизматчилари ўзларидан тепадаги раҳбарнинг буйруғини сўзсиз бажариш асосида хизмат қилади. Улар ҳатто буйроқ ўлимга тик бориш буйруғи бўлса ҳам, раҳбарига савол бермайдилар ва уни адо этадилар. Чунки армиянинг бош мақсади давлатнинг мудофааси бўладиган бўлса, тепадаги раҳбар бош мақсаддан келиб чиқиб, ўз қўл остидадиларга буйруқ ва вазифалар берган бўлади. Буйруқнинг бажарилмаслиги мазкур мақсаднинг бажарилмаслигига сабаб бўлиши ва давлатнинг миллий манфаатларига зид бўлиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ўз бошлиғининг буйруғини бажарган аскар ҳеч қачон буйруқни бажаргани учун жавобгар бўлмайди. Масалан, буйруқ асосида бир жойни портлатган ёки бировни отиб ўлдирган аскар ҳеч қачон бу ишни қилганлиги учун жавобгар бўлмайди. Чунки унда буйруқни бажармаслик ҳуқуқи йўқ бўлади. Агар бажарилган буйруқ нотўғри ёки ноқонуний бўлса, бунинг учун буйруқни берган раҳбарият жавоб беради.

Бундан ташқари, ҳарбий бўлимда интизом йўқолса ва оқибатда аскарлар бебошлик қилиб қўйсалар, бунинг учун раҳбарият жавоб беради. Чунки аскарлар раҳбарият ўз ишини қилмаганлиги ёки қила олмаганлиги сабаблигина бебошлик қилган бўладилар. Масалан, бир аскар ўз қуролдошини отиб қўйса, бунда фақат отиб қўйган аскаргина жазоланмайди, балки унга масъул бўлган барча масъуллар жазоланади.

Аскар ёки истаган давлат хизматчиси раҳбарининг буйруғи давлатнинг конституциясига ва давлатнинг миллий манфаатларига зид эканлигига 100% ишончи комил бўлсагина, уни бажармаслиги мумкин. Айтайлик, армияда Генерал аскарларга ўз халқини отишга буйруқ берса ёки душманга давлат сирларини етказиб беришни буюрса, у буни қилмасликка ҳаққи бор. Чунки армия давлатни халқдан ҳимоя қиладиган эмас, балки халқни ва халқ эгалик қилувчи давлатни ташқи душмандан ҳимоя қилувчи хизмат ҳисобланади.

Худди шу гапларни Ички ишлар ходимларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Агар бирон жойда бир милиционер ўзбошимчалик билан фуқароларнинг, журналистларнинг ёки бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қиладиган бўлса, фақатгина милиционер ўзбошимча, унинг раҳбарлари оппоқ фаришта бўлмайди. Ички ишлар хизматлари давлатнинг ҳзр бир бурчагида қонун устуворлигини ва жамоат тартибини таъминловчи хизматлар ҳисобланади. Энг паст лавозимдаги милиционердан то Ички ишлар вазиригача барчаси халқнинг хизматидаги ва бир хил қонун ва қоидаларга бўй сунувчи хизматчилар ҳисобланади.

Агар Фарғонада, Хоразмда, Сурхондарё ёки Тошкентда бир оддий милиционер ёки зобит бир аҳмоқлик қилишга журъат этадиган бўлса, бунга тизимдаги нуқсон ва хатолар шунга имкон берган бўлади. Натижада муаммода унинг юзага келишига сабабчи бўлган ўзбошимча милиционердан тортиб Ички ишлар вазиригача барча айбдор бўлади. Чунки тизим айбдор милиционерни ўз ишини тўғри адо этишини таъминлаб бера олмаган бўлади.

Бундан ҳам ёмони, кўпинча аҳмоқликни қилган «ўзбошимча милиционер» ўз бошлиғининг буйруғини бажарган бўлади, лекин бўлар иш бўлгач, унинг ўзи айбдор қилиниб, унга нисбатан чора кўрилиб, ишни ёпиб юборилади. Ваҳоланки, «ўзбошимча милиционер»да буйруқни бажармаслик ҳуқуқи йўқ бўлган бўлади. Бундай ҳолатда, раҳбар масъулиятни ўзидан соқит қилиши шармандалик, номардлик ва ўз касбига, касбдошига ҳамда давлатга нисбатан ҳиёнат ҳисобланади.

Бундай мисолларни ҳокимликлар, вазирликлар ва бошқа давлат ташкилотларида ҳам кўплаб учратишимиз мумкин. Дейлик бирон вилоятда бир тадбиркорнинг, журналистнинг ёки оддий фуқаронинг ҳуқуқлари пой-мол қилинди. Вазият оммага ошкор бўлгач, ҳокимият ўз айбини яширишга имкони қолмагач, одатда ҳокимнинг бирон ўринбосари айбдор эканлиги эълон қилинади, яъни у «қурбон қилинади». Ваҳоланки, қурбон қилинган ҳоким ўринбосари ҳокимнинг буйруғини бажарган ёки ҳокимнинг қаноти остида кўнглига келган ишни қилиб юрган бўлади. Шундай бўлгач, бундай вазиятда ҳоким ўринбосари эмас, балки қонун бузилишига йўл қўйиб берган ҳоким жавобгар бўлиши керак бўлади. Ёки уларнинг иккаласи ҳам жавобгар бўлишлари керак бўлади.

Бундай ўйинларни абадий ўйнаб, буйруқни бериб, агар муаммо чиқиб қолсаса буйруқни бажарган ҳодимни «қурбон қилиб», қутулиб қолиб юравериш мумкин. Аммо бу нарса давлат бошқарувида катта хато ҳисобланади. Чунки бундай хиёнаткорона бошқарувда аскарлар (нафақат аскарлар, балки барча соҳалардаги давлат хизматчилари) ҳеч қачон ўз раҳбарлариига ва ўз давлатларига содиқ бўлмайдилар. Тўғрироғи, бўла олмайдилар. Оқибатда улар «бошлари кесилиб кетгунча» имкон қадар бойлик тўплаб қолишга ва раҳбарлари уларни қурбон қилиб юбормасидан олдин тизимдан чиқиб кетишга интиладилар…

… Давлат хизматларини бир бутун организм деб қараш керак. Унинг боши, бўйни, қўл ва оёқлари, кўз, бурун ва оғизлари бор деб тасаввур қилиш керак. Бу организмдаги ҳар бир аъзонинг ўз роли ва вазифалари бор бўлиб, улар бор йўғи ижрочилар, яъни буйруқни бажарувчилар ҳисобланади. Аъзоларнинг барчаларига буйруқ ва вазифаларни «БОШ», тўғрироғи бошнинг ичидаги мия бўлиб беради ва жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олади.

Агар мия оёққа буйруқни бериб туриб, оёқ қўлга тушганида, «Менинг хабарим йўқ, бу оёқнинг ўзи аҳмоқ, мумкинмас жойга юриб кетибди» деб масъулиятни ўзидан соқит қиладиган бўлса, у барча аъзоларнинг ишончини йўқотади. Бундай бошқарувда кўз ўз билганини, оёқ ўз билганини, қулоқ ўз билганини қила бошлайди.

Аъзолари ўзига ишонмайдиган ва бўй сунмайдиган «тана» касал тана бўлиб, у ҳеч қачон соғлом ҳаёт кечирмайди. Натижада бирон муаммо чиқиб қолганида барча аъзолар айбни бир-бирларига тўнкаб қутулишнинг пайида бўладилар. Улар билмайдиларки, бир аъзо етишмаса, бутун тана азоб чекади.

Агар аксинча «МИЯ» ҳокимлар, вазирлар ва бошқа раҳбарлар ўз ҳодимларини, ўз ўринбосарларини айбдор қилиб қутуладиган тизимни рағбатлантирмасдан, ҳар бир айб учун аввало масъул раҳбар жавоб берадиган тизимни яратса, бу давлат учун ҳам, унинг ўз бошқаруви учун ҳам фойдали бўлади. Натижада ривожлана олмаётган давлат ривожланиб, «мия»нинг ўзи ҳам бироз халоват топади. Бир организм бўлиб яшайдиган давлат соғлом ва унинг умри узун бўлади.

Дониёр Рўзметов, Франция

No Comments

Leave a Comment