9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

САНЪАТГА ОШУФТА КЎНГИЛ

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Турли мавзуда  > САНЪАТГА ОШУФТА КЎНГИЛ

САНЪАТГА ОШУФТА КЎНГИЛ

Хоразм ўз бағрида буюк илм­-фан намояндалари, давлат арбоблари, адабиёт ва санъат вакилларини камолга етказиб, инсоният тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб келаётган қадимий ва навқирон диёрдир.

Хоразмнинг азалдан санъат бешиги, санъаткорлар юрти эканлиги  дунёга маълум. Биргина “Хива” ёки “Лазги” сўзи тилга олингандаёқ киши кўз ўнгида асрлар билан бўйлашаётган асл санъат асарлари гавдаланади, қулоғи остида ўлмас мусиқа садолари жаранглаб кетгандай бўлади.

Хоразм санъатининг тури кўп, бироқ биз ҳозир сўз санъати ва бу санъатнинг иқтидорли вакили ‒ таниқли журналист, воиз, сухандон ва бадиий сўз устаси Раҳимбой Жуманиёзов ижодий фаолияти ҳақида мухтасаргина сўз  юритмоқчимиз.

Бу серқирра ижодкорни нафақат республикада, балки бутун Марказий Осиёда ҳам танишади, деса муболаға бўлмайди. Айниқса, ёши улуғроқ телетомошабинлар уни «Aлифбо сабоқлари», “Сирли сандиқ”, ёши кичикроқлар эса “Иқтидор” кўрсатуви орқали жуда яхши билишади, муаллифининг исми шарифи хаёлдан фаромуш бўлганларга ўз даврида машҳур бўлган ушбу кўрсатувлар номини эслатиш кифоя, ҳали­ҳамон кимлигини дарров фаҳмлаб олишади.

Мен ҳам бир пайтлар бу йигит тўғрисида орқаваротдан хўп мароқли гаплар эшитиб, ижодий фаолиятига, айниқса, оташнафас санъаткор Комилжон Отаниёзовга бағишланган ажойиб китобчасига ҳурматим ошиб юрардим­у, лекин ўзи билан учрашиб, бевосита суҳбатлашиш насиб этмаган эди.

Янги аср бошларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг “ВАҚТ­-ВРЕМЯ” газетасида ишларканман, кунлардан бир кун юракнинг мазаси қочиб, госпиталда даволаниб чиқишга тўғри келди. Ярим ойлардан  сўнг хизматга қайтсам, таҳририятга янги ходимлар қабул қилинибди. Булар Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда бир неча нафар ёшлар эди. Бундан астойдил хурсанд бўлдим, чунки Раҳимбойдек тажрибали ва билимдон ижодкор ҳар қандай таҳририят учун қимматли хазина эди.

Маълумки, тарбиявий ишнинг осони йўқ, лекин жазони ижро этиш жойларидаги шахснинг ахлоқий-маънавий, руҳий тарбияси энг мураккаб тарбия туридир, чунки у инсоннинг онги, руҳияти, дунёқараши билан боғлиқ бўлиб, маҳкумда узоқ йиллар давомида нотўғри шаклланиб улгурган салбий  урф­-одатлар йиғиндиси ҳамда ички талаб-эҳтиёжни ижобий томонга буриш, янги ўзанга солишни, бир сўз билан айтганда, қайта тарбиялашни тақозо этади. Бу эса бир ҳафталик машғулот эмас, балки ушбу соҳада узоқ йиллар давомида тўпланган  тажриба  ва  самарали  усуллардан  фойдаланган  ҳолда  сабр-тоқат ва  қунт билан  амалга ошириладиган сермашаққат ишдир. Бу ишни амалга оширишда бизнинг газетамиз Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасалари ходимларига яқиндан  камарбаста бўлиб, умумтарбия ишига маънавий­-ахлоқий тарбияга оид чуқур мазмунли мақолалар, дидактик ҳикоятлар, ҳикматлар, гўзал шеърлар, ғазаллар, бир сўз билан айтганда, ОДОБИЁТ билан муносиб ҳисса қўшарди.

Бироқ мутахассис кадрлар етишмаслиги таҳририят олдидаги жиддий муаммо эди. Русийзабон бош муҳаррирнинг  кўпйиллик тажрибаси  ҳамда  ижодкорлиги туфайли газета рус тилидаги материалларга бир қадар бой бўлса­да, миллий тилли мутахассислар бўлмагани учун бу борада анча орқада эди. Раҳимбой Жуманиёзов, у кишининг шогирдларидан Бекзод Ҳакимов, Нозима, Дилноза каби ёшлар келиши билан  аста­-секин  бу ҳолат ўзгара бориб, ўзбек тилида ҳам чуқур мазмунли мақола ва бадиий ижод намуналари  берила бошлади.

Шу йиллари ЖИЭББ раҳбарияти таркибида ҳам ўзгариш юз бериб, газета таҳририяти фаолиятини назорат қилувчи Тарбиявий ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига ёш, иқтидорли ва ташаббускор зобит А. Каримов тайинланди. Ислом   университетини битирган, қалбан адабиёт ва санъатга яқин, ўзи ҳам ижодий фаолият билан шуғулланувчи бу йигит таҳририят ишини назоратга олиб, тартиб­-интизомни мустаҳкамлаш билан бирга, газета қиёфаси ва мазмунини янгилашга ҳам жиддий киришди. Зобитнинг саъй­-ҳаракати ҳамда бадиий сўз устаси Р.Жуманиёзов тажрибасига таяниб,  тез орада газета ўзгача мазмун касб этди, нашр дизайни  янгиланиб, ўзгача  тус  олди,  саҳифалари сони кўпайиб, янги­-янги рукнлар пайдо бўлди.

Раҳимбой Жуманиёзов ана шу рукнлардан ўзбек мумтоз адабиётининг  рубоий жанридаги гўзал шеърлар таҳлилига  бағишланган “Тўрт устун ҳикматлари” рукнини тайёрлаш ва ўқувчига содда тилда талқин этиш масъулиятини ўз зиммасига олди ва бир неча йил давомида бу вазифани сидқидилдан адо этди. Натижада газетхонлар Абу Абдуллоҳ Рудакий, Паҳлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём, Жалолиддин Румий, улуғ Навоий, Абдуқодир Бедил сингари машҳур шоирлар ижодининг гултожи ҳисобланмиш гўзал рубоийлари сатрларига яширинган маънолар хазинасидан баҳраманд бўлдилар.

Р.Жуманиёзов туркум чиқишлардан ташқари, ўткир мавзудаги публицистик мақолалари билан  ҳам газета фаолиятида ўзига хос из қолдирди. Газета махсус мухбири сифатида ижодкор республиканинг турли   вилоятларидан қизиқарли репортажлар ёзиб келарди. Баъзан эса иккаламиз Тошкент вилоятидаги  муассасаларга  бориб, маҳкумлар ҳаётидан ахлоқий­-тарбиявий мазмунда мақолалар тайёрлар эдик. Шулардан Олмалиқ, Товоқсой,  Зангиота,  Назарбекдаги  жазони ижро этиш муассасаларидан  тайёрлаган долзарб мақолаларимиз ҳамон эсимда.

Маълумки, маҳкум ‒ яримкўнгил киши, шу ярмини ҳам доим очавермайди, унинг кўнглига йўл топиш суҳбатдошдан улкан маҳорат ва тажриба талаб қилади. Раҳимбой ўзининг ажойиб суҳбатдошлиги, сўз бойлигининг дарёлиги, киши кўнглини чуқур ҳис қила олиши, ҳар бир каломини аниқ мақсадга йўналтириш маҳоратига эгалиги сингари ажойиб фазилатлари туфайли бундай ишларга осонлик билан эришар ва “Йилдирим” тахаллуси остида инсон қалбининг энг нозик нуқталаригача етиб борувчи таҳлилий­-тарбиявий мақолалар тайёрларди. Таъкидлаш лозимки, ҳақиқатан ҳам, бу адабий тахаллус унинг серғайрат, завқ­-шавқли, шижоатли, қувноқ, мустақил, баъзан андак қизиққон, темирни иссиғида босишни кўзловчи табиатига жуда ҳамоҳанг эди.

Ўрни келганида яна шуни айтиб ўтишни истардимки, русларнинг  “человек с юмором” деган ибораси ҳам  Раҳимбойга тўла мос бўлиб, у табиатан ҳазил­-мутойибага мойил, бош суққан даврасида кулги улашиб юрадиган хушчақчақ инсон. Баъзан  ҳазил­-ҳузуллари очиқдан­-очиқ бўлмай, тагдор гаплар остида бекиниб келгани боис коса тагидаги ним косани бирданига англаш  осон бўлавермайди. Шунинг билан бирга, ўта ҳозиржавобки, сўзларни қофиялаб қўллашини эшитиб, бу кишининг топқирлиги билан сўз бойлигига ҳар қандай сўзамол ҳам тан бермай иложи йўқ.

Раҳимбой дўстимиз чуқур мушоҳада соҳиби бўлгани сингари, жуда зийрак кузатувчи ҳамдир. Баъзан унинг айрим дўст­-биродарлар табиатига хос қилиғ-у фазилатларига қилган тақлидини кўриб, бениҳоя ўхшашлигидан ёқа тутганимизни билмай қолардик…

Мен бу ўринда Раҳимбой Жуманиёзовнинг сухандонлиги, бошловчилик маҳорати, воизлиги, нуктадон олимлиги-ю моҳир хаттотлиги, продюссерлиги-ю кичик роллар ижрочиси каби қатор ажойиб сифатларини санаб ўтирмадим. Менимча, шу айтилган фазилатларнинг ўзи ҳам оламчадир. Лекин қаҳрамонимиз бу эришган ва эришаётган ютуқлари билан, Раҳимбойчасига айтганда, қаноатланадиган эмас, қанотланадиган ижодкорлар тоифасидан бўлгани сабаб, доим ижодда, доим изланишда.

Тақдир тақозоси билан шу пайтгача Раҳимбойнинг таваллуд кунида иштирок этиш насиб этмади, сабаби камина ҳам 1 июль санасида дунёга келганмиз. Юртга келган синов боис бу йилги юбилей тадбири ҳам савол остида, шунинг учун мен ўзим ва барча “ВАҚТ”чилар номидан ҳамкасбим, ҳамюртим ва қадрдоним Раҳимбой Жуманиёзовни ушбу мақола орқали яқинлашиб келаётган таваллуд айёми билан самимий муборакбод этаман ва унга мустаҳкам сиҳат­-саломатлик, ижодий баркамоллик, оилавий бахт­-саодат ва тотувлик тилайман.

No Comments

Leave a Comment