9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

Сармоя

Янги лойиҳалар халқ хўжалигининг деярлик барча жабҳаларида, барча соҳаларда, жумладан маданият, адабиёт ва санъатда ҳам, ОАВда ҳам катта моҳият касб этади. Агар у истиқболли режаларга, халқ ҳаётига, бунёдкорлик ишларига эш бўлган тақдирдагина аҳамият касб этишини унутмаслик керак. Долзарб муаммоларни илгари суриш, унинг ечимини соҳа мутасаддилари ҳукмига ҳавола этиш асносида томошабин эътиборини жалб этишга қаратилган қатор кўрсатувлари билан “Маҳалла” телеканали ижодкорлари анча фаол. Ана шундай руҳ ва мазмунда ташкил этилган янги лойиҳа “Сармоя” деб аталибди. Унинг ташаббускори, муаллифи таниқли журналист Рўзибой Қўлдошевдир. У бизни касбдошларимиз Давлатбек Маматқулов, Матлуба Мамадалиевалар билан кўрсатувга таклиф этди. Бошимиз кўкка етди, уни янги лойиҳа билан, истиқболли режа билан табрикладик ва умрини берсин, деб қўйдик. Ушбу ток-шоу тарзида бўлиб, номидан ҳам маълумки, иқтисодий муаммоларга қаратиган. Инсон пул, жамғармага эга бўлиши, ундан қандай фойдаланиши ҳар бир маконда, ҳар бир замонда ўзига хос тарзда кечгани ҳам рост. Ундан оқилона фойдалана олиш ҳуқуқий меъёрларни билиш, амалдаги қонунларга сўзсиз итоат этиш билан изоҳланади. Шунинг учун ҳам кўрсатувга юристлар, иқтисодчилар, молия ва банк тизимида фаолият юритувчилар, ёш тадбиркорлар таклиф этилганди. Кўрсатувда қадрдон дўстим, ўз фанининг билимдони, юридика соҳасининг эътиборли дарғаларидан бири, жонкуяр олим, юридика фанлари номзоди, доцент Бобоқул Тошевни учратганимдан хурсанд бўлибгина қолмай, балки кўрсатув анча салмоқдор ва мазмунли ўтишига ҳам иқрор бўлдим. Айни пайтда кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон пахта саноатида ишлаб нафақага чиққан, мулоҳазакор, тадбиркор, шаҳрихонлик нуроний инсон Абдусалом ҳожи ака билан яқиндан танишувимиз ҳам эътиборга молик бўлди. Адабиёт ва санъатни севадиган бу инсон камина билан кўпдан кўришиш орзусида бўлганликларини айтиб, бизни бир пиёла чойга таклиф этди. Улар билан суҳбатимиз ҳам анча мазмунли кечди. Сўнг кўрсатувни ёзиб олиш вақти яқинлашганидан сўнг студия томонга йўналдик.

Энди кўрсатув мавзуига қайтсак. Банкдан кредит олиш, бизнес планни амалга оширишга интилиш ва олинган кредитдан ўринли фойдалана олиш иш бандлиги масаласига ҳам бевосита дахлдордир. Худди шу маънода, Марказий банк, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фермер хўжаликлари уюшмаси, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионали иштирокчилари уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси мамлакатимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, иш билан таъминлаш масаласига қаратилган.  Мазкур лойиҳа доирасида кўпгина жойларда ташкил этилган ўқув-семинарда тажрибали мутахассислар ёшларни тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан батафсил таништирилмоқда. Бизнес режа тузиш, уни амалга ошириш, банк кредитидан самарали фойдаланиш бўйича машғулотлар ўтказилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Ўқув-семинарда фаол иштирок этган ёшларга банклардан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатларнинг топширилиши айниқса, моҳиятлидир. Бундай йўсинда иш олиб боришнинг уч хил усули бор экан.

1.Бирон-бир яхши мақсадли кредитни олиб, ўша кредит бўйича модель яратиш.

  1. Бошқа мамлакатда тайёрланган моделни сотиб олиш.
  2. Ушбу ҳолат учун идеал ҳисобланган ўз моделини яратиш.

Халқимизда бир мақол бор: уйдаги ҳисоб кўчага тўғри келмайди. Демак, кредит олишдан олдин кўзланган мақсад аниқ бўлиши керак. Уни амалга ошириш учун кучлар етарлими, энг муҳими, қарзни қайтаролмай қарз бўлиш эҳтимоли йўқми? Ана шу муаммоларни бартараф этишга кўзи етганларгина бунинг уддасидан чиқа олади. Ток-шоуда худди шу масалаларга диққат қаратилди. Албатта, бу масалаларни битта кўрсатувда ҳал қилиш мушкул. Кўрсатувнинг кейинги сонларида бунга яна батафсил тўхталиш зарурлигини иштирокчилар ҳис этишди.

No Comments

Leave a Comment