9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

Эски аробанинг янги хизмати

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Архив  > Эски аробанинг янги хизмати

Эски аробанинг янги хизмати

Ҳар қандай жамиятда ва табиатда ҳам амал қиладиган фалсафанинг ўз қонун ва тушунчалари бор бўлган. Булардан бири инкорни инкор қонунидир. 1000 йилдан зиёд муддат мобайнида ўз вазифасини ўтаб келган ҳозирда ҳам қисман ўрнига эга бўлган шеърий ўлчов аруз ҳақида гап кетса, шу фикр хаёлимдан кечади. Шеърий вазнлардан саналган аруз вазни имкониятлари  борасида турли қарама-қарши фикрлар олдин ҳам мавжуд бўлган. Эмишки, аруз эски вазн, у ўз вазифасини адо этиб бўлган, шоирлар унда ўз ғоявий ниятларини акс эттириши қийин, ифода имкониятлари чекланган шеърий ўлчов у ва ҳоказо. Бундай фикр билан юрганлар сўзига қулоқ тутсангиз, табийки, Чустий, Ҳабибийлар ҳам, бугунги кунда айрим шеърларини худди шу вазнда ёзиб сизу бизнинг ишончимизни қозонган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Эркин Самандар, Эркин Мадраҳимовларнинг ҳам дили оғрийди.

Ундай ҳолда, шарқ шеърияти мулкининг султонлари Низомий, Деҳлавий, Шерозий, Жомий, Навоий, Огаҳийлар қандай қилиб улкан ва ўлмас назм дурдоналарини битиб қолдирганлар? Назаримизда, ҳар бир вазн ўзининг ифодавий хусусиятлари, оҳангдорлигию мусиқийлиги, вазн тузилиши билан ўз ўрнига, моҳиятига эга. Гап фикрни қайси вазнда бўлмасин, қандай шаклда қандай қилиб ифода эта олиш иқтидорида.

Орамизда мумтоз меросимизга катта ихлос билан қараган, арабий имлодаги битикларни, хусусан, Навоий ва Бобурларни асл нусхада ўқиб идрок эта оладиган, шарқ шеърий дурдоналарига етарлича шарҳ бера оладиган, уларга эргашиб ўзлариям машқлар қилиб яхши ва янги девонлар туза олган илмли адибларимиз бор. Уларнинг аксарияти олий ўқув юртларида сабоқ берадилар, шогирдларига илм сирларини ўргатиб келадилар. Шулардан бири Султон Мирзо Раҳимовдир. Кўп йиллардан бери воқеликка, мустақил давлатимиз эришаётган ютуқларга арузий нигоҳ билан қараб қатор ғазаллар битган, машҳур шоирларимизга тахмис ва тазминлар боғлаб келаётган педагог дўстимиз, манбашунос олим, филология фанлари номзоди у.

“Тонг табассуми”, “Шифо маскани илҳомлари” каби шеърий тўпламлари унинг ана шу иқтидорининг ҳосиласи. Баъзан дилкаш, баъзан тажанг, баъзан маҳзун, баъзан масрур юрадиган мураккаб табиатли инсон. Йўтали кўп, чўтали йўқ шахс. Ҳар йили бир маротаба муолажа олиб чиқади. Ўша онда ҳам ўн-ўн бешта ғазални қоғоз юзига тушириб қўйишни канда қилмайди. Ўринсиз ханда ҳам қилмайди. Ҳаммага яхшиликни раво кўради, шифоталабларга даво кўради, қалби дилгир наво суяди.

Мана, қўлимизда унинг янги девони. Уни “Ишқ аро мастоналар” деб номлаган. Номланишиданоқ, машрабона руҳ ва оҳангни сезиш қийин эмас. Мумтоз меросга ихлоси юқори бўлгани боис девон тарзида тузилган. Ғазаллар, мухаммас, маснавий ва рубоийлар.

Юрт гўзаллигини тараннум этиш, унинг тарихи билан ғурурланиш, жаҳон фани ва маданиятига тамал тошини қўйган ўтмиш аждодларимиз билан фахрланиш, халқ хизматига камарбаста ўтган фидойи инсонларга бахшиёна шеърлар, истиқлол берган неъматларга шукроналик туйғуси унинг девонидан қизил ип бўлиб ўтади.

Одатда, мумтоз шеърият талабига мувофиқ девонлар ҳамд ва наът билан бошланади. У эса тангрининг инъоми, яратганнинг назари тушган жаннатмонанд юртимизнинг гўзалликларини фахр билан тилга олишдан бошлайди.

Келажак эгаси – ёшларимиз бор,

Ҳар бир эзгу ишда бошларимиз бор,

Ҳасадгўйга отгудек тошларимиз бор,

Рустами достондур соҳиб гулшаним.

 

Мустақиллик ели эсар, яйрар дил,

Кўплар етти, кўплар етган эмас бил,

Бу олий неъматга доим шукур қил,

Нурафшондур юртим – олий гулшаним.

Истиқлол неъмати, эрк қуёши табиатни ҳам, жамиятни ҳам жонлантириши тайин. Давлатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Султон Мирзонинг ижоди авж пардаларга чиқди. Бу фуқаролик бурчини дилдан туйиш, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан дахлдордир.

No Comments

Leave a Comment