9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Twitter

 

Эгизак полвонлар

Notiqlik san'ati - Rahimboy Jumaniyozov rasmiy sayti > Архив  > Эгизак полвонлар

Эгизак полвонлар

Қўшкўпир туманида “Охдарбанд” деган қишлоқ борлигини болалигимдан эшитаман. Ўзим қўшни қишлоқда Хосиёнда туғилганман. Охдарбанд (ҳозирги “Иттифоқ”жамоа хўжалиги)да яшовчи кекса авлод вакиллари яқин йилларгача форс тилида гаплашишган. Чунки, улар асли эронийлар бўлиб тақдир ва тарих тақозоси билан шу ерга келиб қолишган. Ёшлар эса деярлик форс тилини унутишган. Феруз шоҳ ва генерал губернатор ҳисобланмиш Кауфман билан қулларни озод этиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан кейин эроний, рус, уйғур ва туркман қуллари ўз юртларига қайта бошлашган. Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида сақланаётган Хоразм тарихига доир манбалардан бирида ўқигандим. Ундаги маълумотга кўра, эронийларнинг аксарияти ўз юртига қайтаётганда, йўллари туркман қишлоқлари орқали тушади. Улар йўл сўрашганда, буларнинг келишларини пойлаб ётган қароқчилардан бири ўзининг хуфийлари писиб ётган қишлоқ томон буришади ва ҳужумга ўтишади. Уларнинг мол мулки ва тақинчоқларини талашади, кўпчилигини ярадор қилишади. Талондан омон қолганларнинг аксарияти ана шу қишлоқда турғун бўлиб қолганликлари ҳақидаги маълумот ўша манбадан ўрин олган. Уларнинг ҳозирда бу қишлоқда яшаётган авлодлари эл-юртимизга бир оила фарзандлари каби сидқидил хизмат қилиб келишмоқда. Улардан донғи кетган олимлар, врачлар, санъаткорлар, педагоглар, фермерлар, қўйингки, эл-юртимиз учун манфаатли барча касб-ҳунар эгалари чиққанлиги маълум.

Булар орасида иккита эгизак педагог-полвоннинг номи айниқса, тилларда достон бўлган. Ўқувчилик пайтларимизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган авлод уларни танишарди, ҳурмат билан тилга олишарди. Мен уларнинг Ҳасан-Ҳусай устозларнинг ҳаётликларида бир неча бор суҳбатларида бўлганман. Касб нуқтаи назаридан математик, ўқитувчи бўлса ҳам уларнинг қизиқиши, хоббиси кенгқамровли эди. Адабиёт ва санъатни қадрлар, мусиқани севар, яхши кўрган машғулотларидан бири эса кураш тушиш, полвонлик бўлган. Ўша пайтлари улар ўзига хос усул билан номдор полвонларнинг ҳам курагини ерга тегизганликлари ҳақида маълумотлар бор. Вилоят математиклари орасида ўз фанининг билимдони сифатида алоҳида ўринга, мавқега эга бўлишган. Уларнинг фарзандлари физика ва математика фанлари номзоди, Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг доценти Олим Раҳматуллаев бўлса, яна бирлари кўп йиллар мобайнида солиқ тизимида ишлаган, самимий инсон Икром Раҳматуллаевдир. Уларнинг невараларидан ҳам бугунги кунда она заминимиз, ватанимиз учун зарур бўлган ёшлар етишиб чиқмоқдаки, бу эса раҳматуллаевлар сулоласи учун ғурур ва шарафдир.

Энди икки оғиз сўз эгизак полвонлар ҳақида. Кураги ер искамаган бир номдор полвон бўларди. Номи ёдимда йўқ. (топганимда сайтга қайта қўярман) унча-мунча курашчини писанд қилмайдиган, билагига ишонган забардаст полвон бир куни тўйга чақирилади. Унча-мунча полвоннинг у билан курашга тушишга юраги бетламасди. У полвон ўтирганида, Ҳасан­Ҳусан полвонлар тикка турса бўйлари тенг кўринаркан. Бўйлари бир мунча паст бўлса­-да, чапдаст ва тезкорлиги билан ажралиб турадиган эгизак полвонлардан бири “нима бўлса бўлди”, — деб майдонга тушади. Тезкорлик билан ҳаракатлар қилиб, номдор полвонни роса чарчатади, ўзи ҳам бир мунча чарчайди. Иккаласи ҳам нафас ростлаш учун қурга кириб кетишади.  Шу пайт кимдир маслаҳат беради, “иккалангиз бир-бирингиз ўхшайсиз, мен тўнни тескари тутиб тураман кийимни алмаштириб олинг, алмашиб тушасиз”. Ниҳоят Ҳасан ўрнига Ҳусан, Ҳусан ўрнига Ҳасан маслаҳат берган кишининг илтимосига биноан алмашишади. Чапдастлик ва чаққонлик билан номдор полвоннинг оёғини осмонга кўтариб бир зарб билан ерга уради. Одамларнинг “Ҳалол, ҳалол! — деган ҳайқириқлари янграйди. Қадрдон дўстим Илгизар Собировнинг ҳикоя қилишича, йиқилган полвон русчалаб “это не тот” дермиш. Шунда одамлар: “Нима, унга ўхшамайдими?” — деб сўрашса, “Йўқ, бу унинг ўзи, лекин кучни қаердан олди экан?” — дермиш. Уларнинг фаолиятида бир мартагина рўй берган бу ҳолат тиллардан-тилларга ўтиб, миш-миш шаклида тарқалган, уларнинг машҳур бўлишларига боис бўлган. Айниқса, ҳаммани лол қолдириб, уларни тенгсиз кучга эга эканликларини билдирган воқеа Сотим полвон билан олишувда содир бўлган. Бу полвоннинг бўйи 2 метру 20 сантиметр, вазни эса 120 килограмм экан. Бир тўйда улар чапдастлик ва чаққонлигини, устомонлигини тўла ишга солиб бу номдор полвоннинг оёғини осмондан келтиришибди. Йиқилган курашга тўймас қабилида у полвон тўй даврасига, хонадон аҳлига қараб, «Тан оламан йиқилганимни, лекин илтимос, рухсат беринглар, яна бир бор шу билан курашга тушай,» — деб зорланибди. Ҳамма кулиб: «Биз рози, биз розимиз!» -деб ҳайқиришибди. Шу пайтгача йиқилмаган, мағлубият нималигини билмаган Сотим полвоннинг ғазаби қайнаб, жазаваси тутиб майдонни яна гир-гир айлана бошлабди. Ёқа ушлашиб бошланган кураш узоқ давом этмабди. Сотим полвон яна гурс этиб йиқилибди, индамасдан бошини хам этганча. уст-бошини чангини артиб секин даврадан чиқиб кетган экан.

Улар ҳақида ўйласам, Саъдий Шерозийнинг ушбу битиги ёдимга келаверади:

Ёд дори вақти зодани ту ҳама хандон буданд тў гирён,

Ончунон зики, вақти мурдани тў  ҳама гирён шаванд ту хандон.

Мазмуни:Ёдингдами сен туғилган он,

Ҳамма хандон эди, сен эса гирён.

Шундоқ яшагинки, сен ўтгандан сўнг,

Ҳамма гирён қилсин, сен боргин хандон.

Улар ўз фазилатлари, ибратомуз, мазмунли умрлари билан барча яқинлари қалбига ғурур, кўзига нур, турмушига сурур бахш этган зоти шарифлар эдилар. Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

No Comments

Leave a Comment