Farz va qarz

Ота — она розин жисму жон билдим,

Жисму жон мулкинда шараф шон билдим,

Икки  олам аро мавжуд эканман

Икки жаҳон тожин икковлон билдим.

Дунёга келишга “робитаи воситаи одамиён” бўлган ота-онанинг хизмати, ҳурмати борасида китоблар ҳам, хитоблар ҳам кўп. Инсон зоти борки, ўзини уларнинг борлиги билан бир бутун ва бахтиёр ҳис этади.

G’iybat va hasad

     Оқил ақли ҳисга гирифтор бўлмас,

     Ҳасад қилғон билан тилло хор бўлмас

     Номард ит кабидур, мард буюк дарё

     Дарё ит дамидан ҳеч мурдор бўлмас.

                         Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,

                          Ғийбатлардан узоқ кетолган марддир.

                          Номард тепиб ўтар йиқилганларни,

                          Ожизлар қўлини тутолган марддир.

   Шайтон васвасаси билан инсонга ҳеч тинчлик бермайдиган иккита туйғу борки, улар ҳар иккаласи ҳам одамзотни емириб боради. Унинг тинч ҳаётига қутқу солибгина қолмасдан, балки руҳий хасталикка гирифтор қилишгача бориб етади.

Oila posboni

Токи бор ғайрату мардликдан асар

Аҳли аёлингни қилма дарбадар.

Мева шохи агар девордан ошса

Йўловчилар унга бешак қўл чўзар.

Эр оиланинг қўриқчиси. Унинг шаънининг ҳимоячиси. Оилада ҳар бир аъзонинг ўрни, ўзига хос боғлиқлик жиҳатлари бўлгани каби оила жамиятнинг кичик бир бўлаги, ячейкаси. У гўёки митти мамлакат.

Manfaat va madh

                            Ишонмагил маддоҳ, сўзамолларга,

                            Заррача наф учун сени мадҳ этар.

                            Бир куни муродин ҳосил этмасанг,

                            Икки юздан ортиқ айб санаб кетар.

      Инсонлараро муносабатлар замирида самимият бўлмаса, унинг ўрнини  ҳеч нима боса олмайди. Кулги шунчаки кулги, йиғи шунчаки йиғи бўлса самимият моҳиятини йўқотади. Бошқача айтганда, кулиш учун кулиш, йиғлаш учун йиғлаш бор жойда самимият йўқ.

Muhtojlik-noilojlik

Фироқинг алами жонингга заҳар,

Пастларнинг таънаси ундан ҳам ўтар.

Жабр этар, севгилинг фироқи, лекин,

Нокасга муҳтожлик ундан минг бадтар.

Чидам, тўзим, бардош, тоқат каби маънодош сўзлар инсоннинг иродасини, куч-қудратини, айни пайтда ожиз ва нотавонлигини синовчи мезондир.

Aql va ishq

                                  Агар ақл тутса Ҳоқоний қўлин,

                                  Ишқдан маҳрум бўлсин, йўқотсин йўлин.

                                  Ишқ ўти кўксингда, дўзахдан қўрқма,

                                  Дўзах ўти ишқинг ўтига ўтин.

Umr imorati

Умринг кўпи билан бир-икки нафас,

                                 Нафас эса кичик бир шамолу сас.

                                 Шамолга таянмиш умринг биноси,

                                 Мустаҳкам иморат елга таянмас.

    Бу рубоий Ибн Сино ҳазратларининг табиб сифатидаги шоирона кузатувидир. Нафас тўхтади, жон жасаддан узилди, демак умр тугади. Инсон умри, аслида шу. Тириклик жон, тан, руҳ бирлигидандир. Мирзо Абдулқодир Бедил умрни киприкдаги ёшга қиёс қилади. Уни қачон тушиб кетишини яратувчидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Suyunch va kuyunch

                        Эй кошки, билолсам мен қандай инсон,

                       Оламда не излаб бунча саргардон?

                       Кераклигим бўлса, яшасам хандон,

                       Бўлмаса минг кўздан ёш тўксам нолон.

   Ким учун, нима учун, қандай яшаш азалдан инсоннинг умр муаммоси бўлиб келгани рост. Яшаш учун ейдиганлар, ейиш учун яшайдиганлар ҳам бор. Аслида, кимнинг кимга ва нимага қандай муносабати унинг кимлигини билдиради.

Hayot shami

                             Дунё камарини боғлай олмадим,

                             Айём самарини чоғлай олмадим.

                             Жамшид жоми эдим, синдим минг бўлак,

                             Шамим ўчди, ўзни соғлай олмадим.

   Ушбу рубоий инсон ҳаётида «кеча», «бугун» ва «эрта»нинг ўрни, ҳаётнинг давомийлиги, умрнинг ўткинчилиги ҳақида. Борлиқдаги жамики нарса-ҳодисага пайдо бўлиш, ривожланиш ва тугаш хос.

Yor g’amida

                Мусулмонлар, дилимда уч ғамим бор:

                    Ғарибликдур, асирликдур, ғами ёр.

                    Асирликка, ғарибликка чидармен,

                    Вале ёр ғурбати айлайдур абгор. (Бобо Тоҳир.)

Одамзотга икки туйғу умрбод ҳамроҳ. Бири ғам, иккинчиси шодлик. Ғам доимий ҳамроҳ. Шодлик эса ўгай туйғу.